"Ўзбектрансгаз" ширкати қиш мавсумида газ таъминотини яхшиламоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Ўзбектрансгаз давлат газ таъминоти ширкати қишнинг совуқ кунларида аҳолини газ билан таъминлашни яхшилаш чораларини кўрмоқда, деб хабар беради Ўзбекистон телевидениеси.

3 февралда Ўзбекистон канали томонидан эфирга узатилган "Тараққиёт дастури" кўрсатувида айтилишича, Ўзтрансгаз бутун мамлакат бўйлаб 163 минг хонадонга газ бериш яхшилаган. Табиий газ қувурлари ўтмаган ёки табиий газ даражаси паст бўлган ҳудудларда истеъмолчиларга сиқиштирилган газ етказилди, дейилади давлат телевидениеси кўрсатувида.

"Ўзтрансгаз" мутахассиси Рахматулла Манноновнинг айтишича, " 22 га яқин хизмат кўрсатиш марказлари, газ баллонларини тўлдирадиган уч станция, ва газ баллонларини аҳолига етказиш учун 130 транспорт воситаси, сиқиштирилган газни ташувчи махсус 10 та техника сотиб олинган.

"Шу пайтгача 84 минг 300 тонна сиқиштирилган газ аҳолига етказилган. Бу 2012 йилдан кўра 40 минг тонна кўп деганидир", дейди мулозим. "Шунингдек, одамларнинг шароитини яхшилаш учун 554 минг газ баллонлар уйларига берилган".

Ушбу хабарлар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида қаттиқ совуқ сақланиб турган ва аҳолининг газ ва электр энергия танқислигидан норозилиги ошиб бориши манзарасида билдирилмоқда.

Ўзбекистоннинг баъзи ҳудудларида шу кунларда ҳавонинг ҳарорати -28 даражагача тушиб кетган.

Мамлакат ичкарисида газ билан таъминлаш муаммолари

Рус тилида юритиладиган Uzmetronom.com сайти бундан олдинроқ Ўзбекистондаги кўп туманлар табиий газ танқислигидан қийналаётганини ёзган.

"Ўнлаб давлат ширкатлари, мамлакат аҳолиси ҳар йили куз-қиш мавсумида табиий газдан узиб қўйилади", дейди Узметроном. Сайтнинг таъкидлашича, мамлакат ичкарисида энергия ресурсларининг кучли танқислиги мавжудлигига қарамасдан, табиий газ экспорти, биринчи навбатда Хитойга ошиб бормоқда.

"Ўзбек халқи Хитойга кетаётган газ туфайли тезак ёқишга мажбур бўлиб қолади", дейилади мақолада.

2013 10 ноябрда Ferghana.ru агентлигида Самарқанд шаҳрининг 100 га яқин фуқароси уч кун газ ва свет берилмаганига қарши катта йўлни тўсиб қўйганидан хабар берганди.

"Тошкент хақиқати" газетининг хабар қилишича, 20 ноябрда Тошкент вилоят прокуратураси Юқори Чирчиқ туман газ бошқармаси, "Тошкентгазтаъминот", ва "Тошкентэлектртармоқлари"ига нисбатан аҳолига бериладиган газ ва электр таъминотини ноқонуний узиб қўйгани борасида жиноий иш очган.

Бу ҳуқуқ тартибот идораларининг адолатсизликка қарши одатий муносабати ҳисобланиши керак бўлса ҳам, аслида газ ва электр муаммосининг ҳаддан ташқари ёмонлашгани, танқидий мақолаларнинг кўпайгани ва аҳолининг норозилиги прокуратуранинг давлат идорасига нисбатан жиноий иш очишга мажбур қилган, телевидение орқали кўрсатувда ҳам давлат гўё халқ учун қайғураётганини билдириб қўйиш, дейиш мумкин.

Одамлар президент қизидан ёрдам сўрашмоқда

Умуман олганда, аҳоли муаммолари ҳал бўлишига кўп ҳам ишонмайди. Шу боисдан уйларини иситиш ва ёритиш чораларини ўзи кўришга ўрганган. Бироқ баъзи одамлар ҳукуматдан эмас, президент қизидан ёрдам сўрашмоқда

Ўзбекистоннинг бир қанча туманларидан фуқаролар Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова билан боғланиб, унинг Твиттер саҳифасида муаммоларини ечишга ёрдам сўрашган.

Жумладан, Фарғонанинг Яйпан шаҳрилик киши газ ва чироқ йўқлигини айтган. "Шаҳарда электр энергияси деярли йўқ. Чироқ кунига бир соат берилади. Улар бизнинг устимиздан кулишмоқдами? Мен табиий газ муаммосини эсламаяпман ҳам. Охирги марта қачон берилгани тўғриси эсимда ҳам йўқ", деб ёзади Shohruxmirzo исмли фойдаланувчи Гулнора Каримовага.

Аҳолининг Гулнора Каримовага мурожаати ҳам унга азбаройи ишонганларидан эмас, балки муаммоларини ҳукуматга айтиб қолиш учун пайдо бўлган имкондан фойдаланиш деб қараш мумкин. Шунингдек, бундан буён ҳукумат билан онлайн мулоқот қилиш мумкинлиги айтилди. Унинг қандай самара бериши ҳам мавҳум.

Газ экспорти

2012 августида Ўзбекистон Хитойга Ўрта Осиё-Хитой газ қувури орқали сиғими йилига 30 миллиард кубометрни ташкил қилган газ экспортини бошлади.

Uzmetronom.com нинг хабарига кўра, ушбу газ қувури аслида 25 миллиард кубометр Туркман гази ва 5 миллиард Ўзбек газини ташишга мўлжалланган.

12news.uzнинг ёзишича , мамлакатда 2012 йил августида экспорт қилинган газнинг нархи 700 минг долларга тенг. Ўрта Осиёдан оладиган газини Оврўпога экспорт қиладиган Россиядан фарқли Хитой ўз ички эҳтиёжлари учун Ўзбек газини сотиб олмоқда, дейилади унда.

Расмий хабарларга қаралса, Ўзбекистон йилига 60 миллиард кубометр табиий газ ишлаб чиқаради.

2013 йилда Ўзбекистон Россияга 6 миллион кубометр газ етказиб берган, деб ёзади Россия матбуоти. Икки ҳукумат ўртасидаги шартнома бўйича Ўзбекистон Россияга бир йилда 7, 5 миллиард кубометр газ етказиши керак.

Бу мавзуда батафсилроқ