Шаҳодат Улуғ. Жайҳун эпкинлари - роман. 3-қисм

Шаҳодат Улуғ (Улуғова) – 1970 йилда Нурота шаҳрида туғилган.

Ўрта мактабни тамомлагач, ТошДУ журналистика факультетида таҳсил олган.

Бир неча насрий китоблар муаллифи.

Ёзувчининг эътиборингизга ҳавола этаётганимиз – Хоразмшоҳлар салтанати тарихидан, улуғ саркарда Жалолиддин Мангубердининг жасоратларга тўлуғ ҳаётидан ҳикоя этувчи романи адабиёт ихлосмандлари томонидан илиқ қарши олинмоқда.

Азиз муштарий, жозибали услубда битилган ушбу асарни Сизга ҳам соғиндик, уни мутолаа қилиш баробарида Сиз ҳам юртимизнинг шавкатли ўтмишига яна бир карра ошно бўлинг.

30. Жамолиддин Фарруҳ

Жалолиддин оромхонадан чиқиб, саломхонага ўтди. Муаззам кошона поёнида икки букилиб турган ташдор:

- Хайрли тонглар бўлсин, шаҳаншоҳим! – дея уни қарши олди.

- Илло хайрли келсин.

Атроф сокин, кошонанинг ичи тобора ёришиб бораётир эди. Ташдор енгил қадам олиб, меҳробда ҳали ҳам мил-мил зиё таратаётган шамни пуфлаб ўчирди. Унинг ҳаракатларини кузатиб турган султон тахтга бориб ўтирди, сўнг нигоҳини токчаларга бурди. Қуббасимон ўйилган токчаларда Ироқу Ажам ҳамда Эрондан келтирилган нақшинкор кўзалар ҳашам учун териб қўйилган эди.

Ташдор қолган шамларни ҳам бир-бир ўчириб чиққач, Султон қаршисида қуллиқда бош эгди.

Сарой аёнлари орасида султонга чексиз садоқати билан танилган қанғли аслли хос навкарлардан ҳисобланган Жамолиддин Фарруҳ Жалолиддин билан кўп сафарларда бирга бўлган, жуъратли ва уддабурро эди. Жамолиддин ташдор ҳукмдорнинг энг яқин мулозимларидан бўлиб, унга ўнлаб ғуломлар ажратилган эди. Султоннинг ички ҳаётига боғлиқ барча масалаларни фақат у ечар эди.

- Нонушта киритилсин!

- Амрларига мунтазирман.

Жамолиддин Фаррух ортига тисарилди.

Султон саломхонадан емакхонага ўтмоқ учун ўрнидан қўзғалди, шунда мулозими ҳали ҳам кошона поёнида тек қотиб турганига кўзи тушди.

- Жамолиддин Фаррух, бу не суврат?! – сўради у.

Муҳим бир нимани гапирмоқ илинжида, бироқ баён этмоқ учун куч топа билмай қийналаётган ташдорни кўрган Султон унга қараб амр этди:

- Жамолиддин, санга айтдим, не ҳол?! Яқинлаш. Не ҳижолатчилик бўлса, андишаланмай дарҳол англат...

- Шаҳаншоҳим, Сизни бир нимадан огоҳ этмоқ ниятидаман, аммо буни қай йўсинда англатмоқни билмай турибман.

- Андишаланмай барчасини дарҳол англат! - фармон берди яна Жалолиддин.

- Шаҳаншоҳим, Сиз онҳазратларига суиқасд уюштирмоқ пайидалар!

- Суиқасд?

- Ҳа. Алар сизни заҳарламоқ пайидалар.

Султон юриб келиб унинг ёнида тўхтади.

- Буни исбот этувчи далилинг борму?!

- Содиқ қулингиз Мавлонқули буни ўз қулоғи ила эшитиб, кўзлари ила кўрмиш. – Ташдор ютуниб, яна давом қилди.- Ул Чоғир Ғарибонга оғу ва халтача тўла тилла тутганини кўрмиш, Султоним. Агар рухсат этсангиз, бул мудҳиш воқеадин ҳожиб ул-кабир - Хонберди Сарухонни воқиф этсам.

Ҳожиб ул-кабир саройдаги маросимлар ва таомланиш масалаларига масъул шахс эди.

- Сокин, - деди унга уқтириб Султон, - ҳозирча бу ҳолдан кимса хабар топмасин!

- Тушундим, султоним. Илло барчасини англадим, буюринг, шаҳаншоҳим.

- Нонушта олиб кирсинлар.- Амр этди Хоразмшоҳ.

Жамолиддин ташқарига чиқиб:

- Оғалар! Шаҳаншоҳимиз нонушта истайдилар!- деди.

31. Оғули нонушта

Султон ҳузурига нонушта учун турфа егуликлар олиб кирган жориялар қўли қўлига тегмай, зумда шоҳона дастурхон ҳозирладилар. Дастурхон тузалгач, улар султон қаршисида қуллиқда тизилдилар.

- Cизлар бўшсизлар! - Амр этди шаҳаншоҳ жорияларига. Улар бирин-кетин чиқиб кетгач, Хоразмшоҳ ташдорига қараб:

- Жамолиддин! - деди.

- Қулоғим Сизда, шаҳаншоҳ!

- Сан қол!

Хоразмшоҳ дастурхон четига бориб ўтирди. У таомларга разм солиб чиққач, қўйнидан жимитдек шиша чиқариб, ташдорга узатди.

Жамолиддин шишадаги суюқликни таомга қуйди. Бироқ таомда бирор ўзгариш кўрмади. Сўнг бир томчидан яна бошқа таомларга ҳам қуйиб чиқди. Ниҳоят, каклик қовурдоғи зумда рангини ўзгартириб, аввал кўкиш, сўнг қора тусга кирди ва бирдан бужмайиб қолди. Оғу каклик қовурмаси ҳамда коса тўла узум шарбатига қўшилгани шундай аён бўлди.

- Бу ишга бош қўшганлар дарҳол аниқлансин! Аммо эсингда бўлсин, ташдор, ҳозирча кимса бундан хабар топмасин!

- Уқдим, шаҳаншоҳ!

Жамолиддин чиқиб кетди. У эшик ёнида юрагини ҳовучлаб турган Мавлонқулининг ёнига етиб келди-да, қулоғига эниб, нималарнидир шипшиди.

Мавлонқули енгил нафас олиб:

- Шукурлар бўлсин! – дея дуо этди.

Жамолиддин ҳам мамнунлигини яширмади ва сўнгра кимса эшитмаслиги учун унга тағин нималарнидир уқтириб тайинлади.

- Уқдим! - деди Мавлонқули унга жавобан.

32. Хиёнаткорлар

Мавлонқули кенг ва узун йўлак бўйлаб тўғрига қараб йўл солди. Кошона йўлагининг поёнига етиб келгач, бироз тин олиб, сўнг сўлга бурилди. Пича юргач, асосий йўлакнинг поёнида кўкрагини кериб, бир ёнига шамшир, бир ёнига ханжар таққан Чоғирга кўзи тушди. Мавлонқули хотиржам қиёфада бирор сўз қотмасдан унинг ёнидан ўтиб кетди.

Кошонада яна бир йўлак бор; бу йўлакда фақат ички хос навкарлар юради. Ўша йўлак уни емак ҳозирланадиган бўлманинг эшик оғаси Ғарибон ёнига етаклади.

- Манга қара, Ғарибон, санга бир таклифим бордир. - дея пичирлади Мавлонқули.

- Не таклиф эмиш?

- Бу кун ўтгач, ўрнингга тунги қўриқчи келгач, маълум бўшсан. Бир жойга бормайликми?

- Асло бўлмас!

- Англадим, лекин бир пасга. - Мавлонқули шундай деган кўйи уни дафъатан деворга қадади ва бўғзига чангалини солиб бўға бошлади. Ғарибоннинг овози буткул чиқмай қолди.

- Пис илон, сасингни чиқарма! Йўқса тил тортмай, жаҳаннамга равона бўлурсан!

- Уқдим, аммо қўйиб юбор!

- Қўйиб юборишни сандан сўрамасмен! Овозингни чиқарма, дедим!

- Англадим!

- Ҳали барчасини англаганингча йўқ!

- Томоғимни бўшат. - Бўғиқ овоз чиқарди у.

Билаги йўғон Мавлонқули унинг жиғилдонини бўшатмай тайинлади.

- Илон, пис дедим санга. Айтганимни бажарасан!

- Англадим.

Мавлонқули уни сўнгги бор яна қистовга олиб бўғди.

- Менинг кетимдан сасингни чиқармай юрасан.

- Англадим. Илло барчасини англадим.

Улар ним қоронғу йўлакдан ўтиб, мармар тошлар билан кўтарилган яширин пиллапояга етишди. Икковлон тепага кўтарилди. Ниҳоят емак тайёрланадиган бўлма ортда қолиб, султон Жалолиддин жойлашган кошонага яширин йўллар орқали етиб келишди. Бир ёнига қилич, бир ёнига ханжар осган хос навкарлар ортда қолиб, кўзланган ошёна ёнида тўхташди. Эшик ёнида муҳим саналган икки хос навкар бор эди. Уларнинг бири қиличини қинидан чиқариб:

- Омондир, оғам?- дея cўроққа тутди.

Мавлонқули ёнида турган Ғарибонни имо-ишорада кўрсатиб деди:

- Ташдор Жамоллиддин Фаррух амрларига кўра.

- Англадим!

Мавлонқули хиёнаткорни судраб бўлма ичига итарди. Ғарибон тепки зарбидан қақшаб ингранди, сўнг нақ Жамолиддиннинг оёқлари тагида ўрмалаб қолди.

Ташдор унга қараб ўшқирди.

- Тур ўрнингдан!

Ғарибон жонсарак ҳолда ўрнидан туриб, олазарак алфозда Жамолиддинга қаради, бироқ ўзига нафрат билан қадалган кўзлар зарбига дуч келиб, хиёнаткор нигоҳларини олиб қочди. Жон ташвиши қутқу солиб, у қалтираган кўйи ортига тисарилди.

- Яқинлаш дейман!

Ғарибон ҳоли хароб кимса сингари дағ-дағ титраганча Жамолиддин Фаррухга яқин келди. Қаҳр ва ғазаб ичида турган ташдор икки қўлини унинг бўғзига олиб борди. Бўғилиб, жон талвасасида қолган Ғарибон хириллай бошлади.

- Бир қошиқ...

Аммо гапи охирлай деганда овози ўчди.

Ташдор унинг томоғини бироз бўшатди ва зарда билан:

- Сан кимсан?

- Ман, ман...

- Сан кимсан шаҳаншоҳнинг жонига қасд этгани, харомзода?!

- Буни ман истамагандим...

- Сан истамаган бўлсанг, унда таомга ким оғу қўшди?

У талмовсираб бир нималар деб минғиллади, бироқ унинг гапи тушуниб бўлмас мужмал эди.

- Санинг ҳаддинггами тушди бул ифлос юмуш?

- ...

- Ким ёрдам этди санга?

- Оғалардан Чоғир!

- Яна?

- Бошқасидан хабарим йўқ!

- Бошчинг ким?

- Хабарим йўқ.

Жамолиддин Фаррух унинг бўғзидан қўлини олиб:

- Оғалар! –дея чақирди қаҳрини ичига сиғдира олмай.

Эшик нарида шай турган оғалар шошиб ичкарига киришди.

- Келтиринг шу ерга Чоғир деганларини!

- Амр этганингиздек!

Оғалар қай йўсинда шитоб ичида кирган бўлса, яна ўша яшин тезлигида ташқарига чиқиб кетишди. Фурсат ўтиб улар Чоғирни судраб келтиришди. Ғазаб отида экани бутун важоҳатидан билиниб турган Жамолиддин унга ўшқирди:

- Яқинлаш!

Чоғир икки қўли қуллиқда эгилиб, аро йўлда тўхтади.

- Яқинлаш деяпман,- тағин амр этди унга Жамолиддин.

Бу гал Чоғир чорасиз алфозда Жамолиддин ёнига келди.

- Сўйладикларига кўра,- ташдор ижирғаниб, нигоҳлари билан Ғарибонни кўрсатиб гапирди, - дедикларига кўра, Султон Жалолиддин онҳазратларининг таомига оғу қўшмоқни сан бурюмишсан?!

- Оғам, бул эътироф ёлғондур!

- Ёлғон?

- Илло ёлғон эътирофдур!

- Ростингни сўйла, вале кўриб турибман, қоши-кўзинг айри ўйнаюр санинг.

- Ташдор оғам, инонинг, манинг бир қабоҳатим йўқдур!

Жамолиддин деворга таяниб турган Ғарибоннинг ёнида келди-да, кутилмаганда унинг юзига мушт туширди ва бўғзига чангал солди.

- Сўйладикларини эшитдингму?

- Илло сўйладиклари ёлғондур!

- Дедикларингни исбот этувчи далилинг борму?

- Бор, бордур оғам!

- Дарҳол, ростингни англат унда. Йўқса тил тортмай адо бўлурсан.

- Ул манга заҳар билан бул олтин тўла халтачани тутиб, сўнг эътироф этмиш: “Бул заҳар билинтирмай таъсир қилажак, яъни истеъмолчи шул заҳоти ўлмагай, таомга ким қўшгани асло билинмагай, ойлар ўтиб таъсир этажак бул оғу”, дея мани инонтирмиш.

- Унинг сўйладиклари чиндир. Мен буни кўзларим ила кўрганман.- Ғарибоннинг айтганларини чеккада турган Мавлонқули тасдиқлади.

Ҳасрат ичида талмовсираган Чоғирнинг буткул дами ичига қайтиб кетган эди.

Жамолиддин қўлидаги халтачага ишора қилиб:

- Айтмабмидим, қоши-кўзинг айри ўйнаюр санинг деб, тағин сўйладиклари ёлғондур де? - дея ўшқирди унга.

Кўзига ўз ажали кўриниб, дами буткул ичига қайтиб кетган Ғарибон ўзининг ҳалокатига сабабчи бўларак ваҳмли ўйинга аралашганини дафъатан англаб етган каби дағ-дағ титрар эди.

- Хато этдим.- хириллаган товушда эътироф эта олди у.

Ташдор энди Чоғирни қийин-қистовга олишда давом этарди.

- Сенинг ҳаддинггами тушди шаҳаншоҳни заҳарламоқ?!

- Илло менда ихтиёр йўқдур.

- Надир вазият? Англат.

- Раҳм этинг, - илтижо ичида ялинди у. Кимга жон ширин эмас. Бироқ у билаги йўғон Жамолиддин Фаррух қўлида яна қистовга олинди.

- Сенинг жонингни қияман.

- Бир қошиқ қонимдан кечинг!

- Юрагингни қўпораман! Илло ўз валинеъматига хиёнат қилганнинг ҳоли харобдур.

- Бир қошиқ қонимдан кечинг, на бўлур! Ўла ўлгунча хизматингизда бўлгайман.-Ёлворди у талваса ичида.

- Сенинг жонинг азозил қўлидадир!

Шу гапларни айтган Жамолиддин уни тағин икки қўли билан беомон бўғди. Ҳолсиз титрай-тирай бўшашиб қолган Чоғир буткул жон таслим қилгулик ҳолга келди.

- Англат! Сени ким ёллади? Айтмасанг жонингни олурман!

Жамолиддин уни баттар сиқувга олди.

- Англатаман, илло англатаман!

- Сен кимсан, султоннинг жонига қасд қилгани?

- Қасд этган мен эмас, Бука Паҳлавон...

- Тағин ким?

- Хумортегин, Қутлуғхон.

Жамолиддин сўнгги шиддатли зарби билан уни беомон бўғди. Хоин жон таслим этди.

- Оғалар!- дея чақирди ташдор ва нигоҳлари билан деворга суяниб сўнг шилқиллаб қулаган Чоғирни кўрсатиб деди: - Олиб кетинг шуни кўзимдан!

Жон таслим этган хоин ер қучоқлаб пажмурда ётарди.

Ошёна тўрида, ички яширин эшик тирқишидан буларни кузатиб турган султон Жалолиддин нарига қараб йўналди. Ичкаридан яна овоз эшитилди. Бу Ғарибоннинг “Раҳм этинг оғам, бир қошиқ қонимдан кечинг на бўлар, раҳм этинг!“ - дея талваса ичидаги илтижоси эди.

Султон Жалолиддин ошёнадан чиқди, сўнг кенг бўлма орқали кошонага ўтиб, тўрида жойлашган тахтга бориб чўкди.

- Сасингни чиқарма, сани юрагингни қўпориб, жонингни қийгум!- Ғарибонга қараб ўшқирган ташдорнинг овози султонинг қулоқлари остида муаллақ қотди.

Қора ва қуюқ булутлар булашиб, ложувард осмон юзига яна соя ташлади.

Қисқа фурсат ичида Манкбурни етмиш минг лашкар йиғиб, уларни Гурганж ҳимоясига ҳозирлаган, аммо сўнгги Хоразмшоҳ фитна қурбонига айланмоғи хоинларнинг режасида бор эди. Суиқасд устига яна фитна қўзиган нокаслар ғимирлаб қолишганди... Бу фитна бошида хиёнаткор каслар - Бука Паҳлавон, Хумортакин ва Қутлуғхон турар эди.

Дорулсалтана сўнгги вориси Жалолиддин Манкбурнини шу тариқа маҳв этишни режалаган Хумортакин Жанд нойибининг оғабегиси Қутлуғхон ҳамкорлигида хиёнат кўчасига кирганди. Хумортакин Гурганжда уя қурган кўп сонли қипчоқий зодагонлар ва сарбозларига таяниб, Султон Жалолиддин билан шу тариқа рақобатга киришган эди...

Минг икки юз йигирма биринчи йилнинг айни қаҳратон қиши қиличини қайраб турарди. Энди Гурганжда қолиш чунон таҳликали эканини англаган султон алам ичида Хоразмни тарк этди.

Турконнинг иниси хиёнаткор Хумортакин ўзини Мовароуннаҳр султони деб эълон қилди.

33. Сукутга чўмган орол

Қаҳратон қишнинг бу галги найранги бошқача эди. Кимсасиз оролчада худди бахтиқаро Хоразмшоҳнинг ўзи сингари кунлардир, ойлардир қуёшнинг ҳам юзи кулмади. Ашур ада ороли музлаган ўлик сукут ичра тош қотган эди.

Ҳазор денгизида адашган бу етим оролча олислардан киши кўзига гўё сув бетида қалқиб турган тошбақа косаси каби кўринар эди. Оролчада тошдан бино қилинган қўрғон қад кўтарган. Ушбу мўъжаз қўрғон зимистону ўлик сукунат ичида гўё мусофирлари Муҳаммад Хоразмшоҳ ва Жалойир Ўзлоққа ўхшаб, матлубу унут хотирасини мозийга - уммон бағрига кўмиб, мудҳиш ўйлар ичида мудраб ётарди.

Мана неча кундирки, қаҳратон қиш асов довуллари-ю, исёнкор дўллари билан оролчага ваҳм ва қутқу солади. Шарқдан эсган шамоллар эса дарбадар тўлқинларга туртки бўлиб, тиним билмай шовуллайди.

Туйқус яна довул бошланди. Кун пешинга қараб оғар маҳал бўрон тўхтаб, атроф сукутга чўмди, бироқ ҳавонинг авзойи ҳали ҳам бузуқ эди. Дайди шамол тағин қўзғалиб, кетидан тўлиб кетган булут ёмғирларини ёғдирди. Чақмоқ чақиб, момоқалдироқ гулдураги оламни тутди ва оролча яна зулмат ичида қолиб кетди. Уч кун тинимсиз ёққан ёмғирдан сўнг ҳориб қолган осмон оғир уҳ тортиб, тунги ором оғушига кетди. Шу тариқа тунга хотима ясалиб, яна тонг отган эди...

Нурли кунлар яна оролчани сўроқлаб келди... Баайни чошгоҳ маҳали хонанишин дамлардан безган Хоразмшоҳ қўрғон атрофида кезинди. Шунда аста чайқалган қуёш хаста-шикаста нурларини битталаб жўнатди. Бора-бора қуёш нурлари жилоланиб, атрофни илиқ ва хуш ёқувчи офтоби билан обдон сийлади.

Бу замин жаннат боғларининг кони эди аслида. Чаккаларига сусанбил чечаклари таққан қизлар булоқдан кўзаларига сув тўлдириб, ошёнлари томон йўналади. Осойишта ва уйғун бир пайтда туйқус борлиқни қиёмат қўптириб, ёғийлар бостириб кирди. Борлиқни жаҳаннам ўтида ёндирган ғанимлар чиндан ҳаддидан ошган эди.

Юрт харобага айланди, обод шаҳарларнинг эса кули кўкка совурилди. Аммо бу ўлкада ёғийлар оёғи етмаган бир ажойиб гўша бор эди. Бу мўъжаз маскан жаннат ҳилқатларига тўла эди. Малоиклар ўша гўшани чангалига маҳкам тутган кўйи олиб қочибди. Йўқса, бойлик ва гўзалликка ўч дарбадар ғанимлар замин гулларини узиб, атрофга ўт қўйиб, кулини кўкка совуриши тайин эди-да.

Фаришталар ақл бовар этмас юксакликлар сари йўналибди. Қуруқлигу уммонни қуйида қолдириб учаётган маҳал қайсидир фариштанинг қўлидан бир сиқим тупроқ сув юзасига тўкилибди. Мана энди жаннатнинг бир сиқим тупроғи уммон бетида барқ урибди. Кейин сув бетидаги бу мўъжизабахш оламни одамлар оролча деб атайдиган бўлишибди.

Хоразмшоҳ бу ажойиб ва сўлим, алалхусус, ёғийлар қиличидан омон қолган оролча ичида дарбадар кезинар экан, афсонада ўзига жудаям таниш бир манзарани илғай бошлади.

34. Ўзлоқнинг туҳфаси

Тўлқинлари муамбар таралиб, оролчанинг соҳилу сийнасига тиним билмай урилаётган бу зам-зама сув жилолари унга Жайҳун мавжларини эслатди. Бу ҳам таниш, ҳам дилига жуда яқин бир жило эди.

Хоразмшоҳ ортига - қўрғонга қараб йўналди. У ўзи жойлашган ошёна тўридаги токчадан удни олиб, яна тўлқинлар ҳузурига қайтди. Бу ажойиб чолғу мусофир Хоразмшоҳнинг қадрдон сирдошига айланиб улгурган, кўнгли Ҳазор денгизи каби тўлиб-тошган маҳаллар шоҳ удни чалиб овунар эди. Чолғу чиндан мунгли кунларига шаҳодату шоҳид бўлган ягона сирдоши эди.

Орадан қанча ойлар ўтди, ўшанда у қароли Жалойир Ўзлоқ билан шу сув бетидаги қуруқликда қўним топганди. Аммо ойлар ўтиб, уларнинг емак заҳираси бўшаб қолди. Шунда Жалойир қайиққа чиқди-да, эшкак эшиб, олислар томон йўналди. Чошгоҳда жўнаган қарол эртаси куни тушлик пайти Хоразмшоҳ ҳузурига емак жамғариб қайтганди.

У озуқалар орасида олмахон терисига ўралган бир нимани олиб, Хоразмшоҳга узатди. Бу уд дарахтидан ясалган бир чолғу эди. Ўзлоқ буни кечаги кун Қазвинлик савдогардан сотиб олганди.

Бир пайтлар Мовароуннаҳрда давру даврон сурган Хоразмшоҳ салтанат ташвишларидан безган кезларида албатта уд чалар эди. Ундан таралгучи куй ҳали ҳам Ўзлоқнинг ёдидан кўтарилгани йўқ, ҳали ҳамон қулоқлари остида муаллақ жаранглаб турарди.

Алоуддин Муҳаммаднинг вужудини ажиб илиқлик ўраб олди. Матлуби унут хотираси яна кўнгил даричасини оҳиста чертиб, қайта ҳожасини сўроқлаб келганди. Мана, орадан яна қанча ойлар ўтди...

Хоразмшоҳ чолғуни қўлида тутганча сувлари офтобнинг зариф нурларида жилоланаётган соҳил лабига келиб тўхтади. У чўнқайиб, ер тишлаб қолган одамнинг ҳолатини эслатувчи улкан ва қизғиш қоятош устига чиқди-да, сўнг чолғуни авайлаб кўксига босган кўйи ўрнашиб ўтирди.

Шоҳ чолғуни оҳиста силади. Шунда ҳашам бериб ясалган уд ўзидан ажиб бир ҳид таратди. Султон ҳузурланиб, қониб нафас олар экан, бармоқларини чолғунинг ҳийла катта косасига олиб борди, сўнг ўн икки дона қовурғасимон тахтачаларини эринмай санаб чиқди, улар орасида ўрнашиб қолган ғуборга кўзи тушди. Бу чолғунинг анчадан буён чалинмаганидан далолат эди.

Кўпдан унут бўлган бир куч, бир инжа оҳанг вужудига қайтаётганидан шоҳ мамнун бўлди. Бунда бетакрор бир мутаносиб уйғунлик бор эди: чолғу кўпдан чалинмаган, Хоразмшоҳ эса чиндан уд чалмоқни кўпдан соғинганди. Уднинг қовурғалари орасига чўккан ғуборни пуфлаб, сўнг енги билан артиб чиқди. Нафис торлар ичида “чертасанми” деган каби мезроб турарди. Хоразмшоҳ мезробни қўлига олди. Атроф ҳам сокин, ҳам осойишта; нилий осмон гумбази ҳам мусаффо, ҳам қуёш унга қараб жилва қиларди. Мана, Ҳазор денгизининг сувлари таралиб, тўлқинлари мавжланиб, Ашур ада оролчасига тиним билмай урилиб, сўнг ортига қайтмоқда. Ҳув нарида, тепаликда тошқўрғон савлат тўкиб турибди. Кўкда эса оқчорлоқлар бир лаҳза қанот қоқмай инжа куйга сомеъ бўлмоқда эди гўё.

35. Хоразмшоҳ ноласи

Оролча оралаб зариф бир куй, инжа бир садо оҳиста-аста таралиб, сўнг олисларга қараб юксалди. У чалган оҳанрабо куй бепоён баҳри Ҳазорнинг сўлим оролчасига жўнатилган бир сийлов эди.

Жалойир Ўзлоқ қўрғон девори оша пастга эниб қаради ва ажойиб манзарага кўзи тушди. Тепадан соҳил бўйи ва жимирлаган сув қуёш нурларида биллур шиша каби ярақлаб кўзини қамаштирди. Ана, денгиз сувлари таралиб-таралиб, мавжланиб-мавжланиб, Ашур ада оролчасини майин биллур тиллари билан силаб, алқаб ўтмоқда. Сув юзасидаги бу мўъжаз қуруқликда эса севикли ҳаёт ҳали ҳам давом этмоқда эди. Пастликда-чи? Пастликда эса муамбар тўлқинлари қуёшнинг зариф нурларида тобора жилоланаётган зилол сув жўшиб оқади. Улкан ҳарсанг тош устида ўрнашиб ўтирган Хоразмшоҳ чолғуга кўнгил қўйиб, берилиб чалади. Оҳанрабо куй ва ажойиб манзарага сомеъ бўлган Ўзлоқ тош деворга суяниб қолди. Жон томирига инжа оҳанг жилоси қуйилиб оқди. Саждага бош қўйган маҳал инсон қалби нақадар сокин бўлса, Хоразмшоҳ турган мўъжаз оролча ҳам шу қадар осойишта эди бу дам. Ана, жуда олислардан елиб-шошиб келган майин ва дилтортар эпкинлар Хоразмшоҳ юзини силаб ўтмоқда. Мана, пойида сув ҳам куйга ҳамоҳанг жўр бўлиб, мавжланиб оқмоқда, қоятошни тиллари билан ялаб, сийпаб ўтаётир. Ана, неча кунлардан буён хомуш тортган қуёш яна кўкда чирой кўрсатиб, боз-қайта зариф нурларини жўнатаётир. Олисларда эса бир гала денгиз қушлари Хоразмшоҳ томон учиб келаётир.

Шоҳ эса ҳамон мароқ билан куй чалар эди. Ва, эҳтимол, ўзи чалаётган куйнинг оқимида ўзи-да оқар эди. Бунда барчаси уйғун эди: ҳам сув зилол, ҳам само беғубор, ҳам борлиқ ғоят фусункор. Оҳанрабо куй эса шаксиз бетакрор эди.

Ниҳоят Хоразмшоҳ тўлқинлар мавжига қараб, жарангли ва жозибали товушда куйлай бошлади:

Жудодирман мулкимдин,

Руҳ жудо бўлур тандин,

Оташида ёндим ман,

Ёнди рўзи қиёмат,

Сен тўлқин огоҳ бундин,

Қирғоғингдин оғасен,

Дард бўлиб қайғу бўлиб

Кўз ёшларим соғасен...

Шаҳаншоҳ мафтункор ва бағоят ширали овоз билан куйлар экан, унинг бу хониши Ўзлоқни хушёр торттирди; унинг эти жимирлаб, аллақандай жозиба кўзлари ичига қуйилди-ю, кейин бу жило бутун вужуди аро томирлари ичида қон янглиғ қўшилиб оқди.

Биллур сув ёбонида

Дилпорамни келтирдинг,

Қушларнинг қанотида

Садпорамни келтирдинг,

Фақат сен огоҳ бундин

Қирғоғингдин оғасен,

дард бўлиб қайғу бўлиб

Кўз ёшларим соғасен...

Елкали ва басавлат Хоразмшоҳ хиёл эгилиб тор чертар эди. Ёниқ кўзларининг қорачиғида ҳеч аримас мунг қотиб қолганди. Куй ичига сингиб таралаётган ўша кўзларидаги мунг унинг кўнгил оҳи бўлиб, энди бу тилидан самога қараб уча бошлади. Бу хазин хониш, бу маҳзун ҳол Ўзлоқ кўнглида вайронкор кечинмалар қўзғади.

Жигарпорам дилбандим

Ноласини келтирдинг,

Хон Султоним кўз ёшин

Жоласини келтирдинг,

Фақат сен огоҳ бундин

Қирғоғингдин оғасен,

Дард бўлиб қайғу бўлиб

Кўз ёшларим соғасен...

У чалган куй қайғуга тўлиқ экани рост эди, ноласида эса алам ва ситам мужассам эди. Хоразмшоҳ чолғуга кўнгил қўйиб, оҳисталик билан чертар экан, ундан таралаётган оҳанрабо куй олов тиллари билан сувларни ялаб, сўнг уммон қаърига сингиб борарди.

Ғанимига чидаган

Бардошини келтирдинг,

Мўғулга фарёд қилган

Талошини келтирдинг,

Фақат сен огоҳ бундин

Қирғоғингдин оғасен,

Дард бўлиб қайғу бўлиб

Кўз ёшларим соғасен...

36. Таҳликали сукут

Ашур ада соҳилига урилиб, атрофга таралаётган тўлқинлар Хоразмшоҳга жигарпора қизининг узун сочлари-ю, аламли кўз ёшларини олиб келгани рост эди. Ложувард осмон сокин, борлиқ осойишта; мана, қуёш нурлари билан борлиқни сийламоқда. Аммо... аммо бу сийлов, бу ёрлиқ кимсасиз оролда паноҳ топган бу икки дарбадарга асло татимас эди.

Ана, ҳув нарида қароли қўрғондан эниб, шошганча соҳил томон чопиб келаётир. Мана, Ҳоразмшоҳ савқитабиий ҳолда ортига – у томон қайрилиб қаради. Шоҳнинг юзига мудҳиш бир хотира кўланка ташлаган, кўзларининг қорачиғида эса бир мунг мангуга қотган эди. Хоразмшоҳ чуқур тин олиб, оғир уф тортди. Унинг кулфати мислсиз эди. Бу Хоразмшоҳ ҳалокати эди. Шоҳнинг айни пайтдаги сийрату суврати Ўзлоқ кўнглида яна қайта вайронкор кечинма қўзғади. Кўрдики, қизғиш ва улкан қоятош устида ботмон-даҳсар ўйга чўмиб ўтирган ҳожасининг қайғуси чиндан мислсиз. Англадики, бу қайғу чиндан аритиб бўлмас офат эди.

Ўзлоқ оролча буталари орасидан қуён овлаб, таом ҳозирламоққа киришди. Ўчоққа пуф-пуфлаб қалаган ўт тобора алангаланди. Сўнг олов тиллари қуруқ ёғочни ялаб, ўчоқ ичини оташига ғарқ қилди.

Жалойир Ўзлоқ ҳожасига қуён кабоби тортиқ этди. Аммо Хоразмшоҳ туз татимади. Унинг дарди аримас эди. Унинг қайғуси мислсиз эди. Шаҳаншоҳнинг қони жўш уриб, жони титради. Бу титроқ уни жунбушга келтирди. Кунлар, ойлар шу йўсин азоб комига кўмилиб сукут ичида яшади. Бу таҳликали сукут эди.Шоҳ юкунди-овунди, аммо юзи асло кулмади.

Ўзлоқ тулки териси тўшалган ўриндиққа жипс ўрнашиб ўтирди-да, кеча ўзи силлиқлаб ишлов берган оғочни яна қўлига олди. Оғоч ичини ковак қилиб ўя бошлади.

У ғаров найчанинг устки томонини тилиб, кесиб очди ва бармоқлари ёрдамида босиб очиладиган тешикчалар ўйиб чиқди. Сўнг буломоннинг орқа томонидан яна бир тешикча очди...

Далли хаёллари уни узоқларга олиб қочганди. У буломончи уста Шерзоднинг ўртанчи ўғли эди. Мана қирқ йилки Хоразмшоҳ ҳузурида хизматда. Бу орада қанча сувлар оқиб ўтди. Саройда чин дилдан меҳнат қилди; ҳам ночор оиласини боқди, ҳам Хоразмшоҳнинг инончини қозонди. Сўнг хоснавкарлари қаторида унинг энг содиқ қулига айланди. Шоҳнинг ҳам қувончли, ҳам қайғули кунларида доим ёнида бўлди. Аммо, сўнгги кунларда юрагини бир армон беаёв эзди: у Ватанидан айри тушди ва кимсасиз оролчада уммон кўнгли музлаб, қотди.

Қўл чўзганди, осмон жуда олис, ер эса чунон қаттиқ чиқди.

Хиёнаткор ўй ва зулмкор оғриқ шоҳнинг вужудини қақшатди. Қоронғу кўнглида ой мунғайиб ботган, кўзидаги қуёши мутлоқ сўник эди унинг. У жондор терили ёпинчиқни устига тортиб, сукут ичида жим ва хомуш ётарди. Кўзлари эса шифтга қадалганди. У хаста одам сингари ўрнидан оғир қўзғалиб, ташқарига чиқди.

Қоронғу кўнглида ой мунғайиб ботган, тонг отган чоғ эди. Султон ғира-шира саҳарда секин юриб, қўрғон атрофида шунчаки кезинди. Қирғоқ бўйига етиб келгач, ёнидаги ҳарсангга суяниб, пастга чўкди.

У оролчага тикилган кўйи нола қилди:

Жудодирман мулкимдин,

Руҳ жудо бўлур тандин,

Оташида ёндим ман,

Ёнди рўзи қиёмат,

Сен тўлқин огоҳ бундин,

Қирғоғингдин оғасен,

Дард бўлиб қайғу бўлиб

Кўз ёшларим соғасен...

Биллур сув ёбонида

Дилпорамни келтирдинг,

Қушларнинг қанотида

Садпорамни келтирдинг,

Фақат сен огоҳ бундин

Қирғоғингдин оғасен,

дард бўлиб қайғу бўлиб

Кўз ёшларим соғасен...

Жигарпорам дилбандим

Ноласини келтирдинг,

Хон Султоним кўз ёшин

Жоласини келтирдинг,

Фақат сен огоҳ бундин

Қирғоғингдин оғасен,

Дард бўлиб қайғу бўлиб

Кўз ёшларим соғасен...

Ғанимига чидаган

Бардошини келтирдинг,

Мўғулга фарёд қилган

Талошини келтирдинг,

Фақат сен огоҳ бундин

Қирғоғингдин оғасен,

Дард бўлиб қайғу бўлиб

Кўз ёшларим соғасен...

37. Мовароуннаҳр хаёли

У ноладан тўхтаб, тиниб қолди. Унинг кулфати мислсиз эди. Бу Хоразмшоҳ ҳалокати эди аслида. У гўё яшашдан тўхтаб қолган мақсадсиз инсон каби кўкка тикилиб узоқ турди... Туйқус осмон равоғи ёлқинланиб, жигарбандлари Жалолиддин Манкбурни, Қутбиддин Ўзлоқшоҳ, Ғиёсиддин, Оқшоҳ, Рукниддин, Гурсанжти, Ҳуршоҳ ва танҳо қизи Хон Султоннинг рангин сувратлари намоён бўлди… Дилбандларининг сувратларига интиқ кўз тиккан Хоразмшоҳ нигоҳида бу гал Мовароуннаҳр суврати чизилди.

Мовароуннаҳр! Мовароуннаҳр!

Ахир Мовароуннаҳр унинг орзуси эди.

Ер эса ўз ўқидан чиқиб кетганди. Аслида унинг назарида ер ўпирилиб, қиёмат қўпган, осийлар эса жаҳаннам занжирида судралиб борар эди...

Мовароуннаҳр!

Ахир Мовароуннаҳр унинг орзуси эди...

Хоразмшоҳнинг шу орзуга интиқ боққан қорачиғи бир қўрғошин нуқта янглиғ қотиб қолганди. Султон жаҳаннам гулханида ёнмоқда эди.

Мовароуннаҳр! Мовароуннаҳр!

Мовароуннаҳр унинг хаёли эди. Шу орзуни, шу хаёлни у ўзи билан бирга олиб кетганди...

Туйқус ҳаёт тўхтаб қолди.

Шоҳ жаҳаннам оташида беомон қовурилиб, ҳарсанг тошга суянган ҳолида тош қотиб қолганди.

У шундай аянчли ўлим топганди.

38. Улуғ Хоразмшоҳ заволи

– Хайрли тонглар бўлсин, шоҳим! – деди Жалойир Ўзлоқ қуллиқда бош эгиб.

Хоразмшоҳ эса ҳамон кўзларини осмон равоғига қадаган кўйи жим эди.

- Хайрли тонглар бўлсин, шоҳим! – Ўзлоқ ҳожасига яна хайрли кун тилаб, таъзим бажо келтирди.

Ҳожасининг “Хайрдир! Омондир... қани яқинлаш, Ўзлоқ!”- дейишини кутган қарол сукут ичида Хоразмшоҳдан бир таскин кутмоқда эди.

Аммо шаҳаншоҳдан садо чиқмади, шунда Ўзлоқ бошини ҳиёл кўтариб, ҳарсанг тошга суянган ҳожасига қийриҳон назар ташлади. Кўрдики, шоҳнинг нигоҳлари қотиб қолган, англадики, жонсиз жасаддан ҳеч садо чиқмас! Аммо қарол умидсиз умидлардан умидвор эди.

– Шоҳим, мени эшитяпсизми, шоҳим! – у Хоразмшоҳнинг шундоқ ёнига келиб, унга томон эниб, йилларки қулоғига қуйилган ҳожасининг залворли, аммо айни пайтда бир меҳр яширин овозини эшитишни чунон истади. – Шаҳаншоҳим! Мени эшитяпсизми, шаҳаншоҳим? - Ҳожасидан садо чиқмагач, синчиклаб, чексиз хавотир ичида тикилиб қаради ва қўрқиб кетди.

Ё Раббим! Султоннинг қорачиғидаги сукут мангуга қотиб қолган эди.

Шоҳнинг қорачиғи нақ пешонасига битиб, нафас олмоқдан тўхтаб қолганди. Кўзлари очиқ эди. Ўзлоқ унинг чап кўксига эниб, қаърига қулоқ тутди. Илло юрак Хоразмшоҳ кўксини тепмоқда, аммо ўтмиш зарбларининг элас-элас бу эпкинлари чунон заиф, чунон суст эди. Шундай, битта-битта ва оҳиста жон томирдан жони узилаётир эди унинг. Тириклик оби ҳаёти шоҳ томирида мутлоқ тўхтаётир эди.

- Шаҳаншоҳим, қўрқитманг мени! - Бояқиш олазарак боқди, аммо унга далда бўлгувчи бирор зоғ атрофида йўқ эди. Ўзлоқ ҳўнграб юборди. У оташ ўтида беомон қовурилди.

- Шаҳаншоҳим нафас олинг, мени қўрқитманг!

Аммо шоҳдан ҳамон садо чиқмади. Шунда у нола қилди:

- Парвардигоро! Ё Худо! Уни тириклик оби ҳаётидан жудо қилма, на бўлар, ёрдам эт. Уни қўри, ҳифзи ҳимоянгга ол. Мени ёлғиз ташлама. Мени ёлғиз ташлама!

39. Мотам қўйнида

Ўзлоқнинг қайғуси мислсиз эди. Хоразмшоҳ ҳалокати - унинг ҳалокати эди. Аммо, аммо ўлим қаршисида барча баробардир: шоҳ ҳам, гадо ҳам ўлим ташрифи олдида бош эгиб, ожиз қолади.

Ўзлоқ мотам ичида қолди. Ҳатто Ашур ада оролчаси-да мотам ичида эди, тўлқинлари эса мусофири Хоразмшоҳни йўқлаб, соллана йиғлаб оқмоқда эди. Бир умр шоҳнинг хизматини қилган Жалойир Ўзлоқнинг кўзларидан потраб чиққан аламли ёшлар орол соҳилларини ялаган сувларга қўшилиб оқди. Соҳил лабида муттасил дайдиган денгиз қушлари–да Ўзлоқнинг хароб ҳолидан хабардор эди.

Минг икки юз йигирма биринчи мелодийнинг зимистонида улуғ салтанат –Мовароуннаҳр султони Муҳаммад Хоразмшоҳ дорилфанодан дорилбақога рихлат этди. Унинг бу тақлид заволига ёлғиз шоҳид бўлган Жалойир Ўзлоқ кимсасиз оролда, мотам ичида қолди. Кейинчалик у Султон Жалолиддин ҳузурига келиб, бу ҳақда гувоҳлик берди:

– Жонсиз жасадни қучоқлаб қолдим. Мени ёлғиз ташламанг, дея нидо этдим. Аммо жавоб олмадим. Сўнг ноилож шаҳаншоҳни тупроққа топширдим. Оролчага кўмдим. “Бу ерга шоҳлар шоҳи кўмилган” деган битикни қолдирдим. – дейди куюниб. – Мотам ичида беаёв ёндим, Хоразмшоҳ Султон Муҳаммад ибн Текишни чорасиз, ўзи кийиб юрган кийимида дафн этдим.- дея хотималайди.

40. Илк тўқнашув

Тобистон чилласи ўз кучини кўрсатди. Офтоб Мовароуннаҳр даштларини забтига олган, жазирама кунларда жанг қилавериб, буткул ҳолдан тойган қўшинларга ҳордиқ керак эди. Гармсел олов селини юборгач, даштда юриб бўлмай қолди. Чингизхон қўшинларига бирор фурсат дам бермоққа жазм этди.

Мўғуллар айни шу жазирама кунларда Қашқа ва Сурхон воҳасини ишғол этган эди. Энди Чингизхон Балх орқали Буюк Хоразмшоҳлар бош кенти – Гурганжни ишғол қилишни режалаган эди. У Гурганжни бир ҳамла билан эгаллаш чора-тадбирларини ишлаб чиқди. Шунга кўра барча кучлар бўлажак савашга ҳозир этиб қўйилди.

Мовароуннаҳр Валиаҳди султон Жалолиддин инилари билан Хоразм денгизидан ўтиб, Жайҳун орқали Гурганжга келгач, зудлик билан етмиш минг лашкар йиғгани Чингиз қулоғига етиб борган эди... Туркон Хотун қавмидан бўлган сипоҳсолар Бука Паҳлавон, Жанд ноибининг лашкарбошиси Қутлуғхон ва уларга муттасил хамиртуруш бўлган Хумортакин Мовароуннаҳр валиаҳдига қарши фитна қўзғагач, Султон Жалолиддин Гурганжни тарк этган эди.

Турконнинг укаси Хумортакин ўзини Мовароуннаҳр султони, деб эълон қилди ва бу бехосият мужда Чингизхонни беҳад суюнтирди. Бу унинг учун айни муддао эди. Аммо султон Муҳаммаднинг ўғиллари етарли куч тўплагани Чингиз дилини бениҳоя хира қилди. Чингизхон зудлик билан ўғиллари Жўжи, Чиғатой ва Ўқтой бошчилигидаги катта черикни сафарбар этиб, Хоразм сари йўллади. Аммо у эҳтиёткор ва ҳийлакор эди. Чингизхон Мовароуннаҳр шаҳзодалари муҳораба маҳали Хуросоннинг беҳудуд сарҳадларига чекиниши мумкинлигини назарда тутиб, Хоразм чўлларининг жанубий ҳудудларига ўз қўшинларини пистирмага қўйди.

Гурганжда фитна қурбонига айланмаслик учун Нисога қараб йўл олган Султон Жалолиддин Темур Малик ҳамкорлигида ёғийнинг пистирмага қўйилган айни шу ҳисобсиз лашкарига тўқнаш келди.

Жанг чиндан беомон кечди, ёғий кучи султон Жалолиддин лашкарларидан бир қанча зиёд эди, айни таҳликали савашда бу уларга жуда қўл келди.

Ҳавонинг ҳам авзойи бузуқ эди, бироқ пешинга бориб, куннинг чиройи очилди. Қуёш қийрихон тушиб, атрофни илитди. Пистирмага қўйилган лашкарлар Нисо шаҳри томон чекинаётган Жалолиддин қўшинини ёйлардан ўққа тута бошлади. Бир дафъа саросимага тушган султон лашкарлари тезда ўзини ўнглаб олди.

Аммо мўғулларнинг сиқуви тобора авжига чиқа бошлади. Бу гал улар манжаниқлардан ўт отишди. Ҳужум шиддатли эди. Атрофни қиёмат қўпди. Талотўп саваш рўйи заминни ларзага солди.

- Бир муддат ортга чекингаймиз.- Буйруқ берди султон.

Лашкарлар ортига тобора эниб, чекина бошлади. Аммо бу мажбурий ҳол узоқ давом этмади. Ҳукмдор лашкарларига қарата ҳайқирди:

- Энди аларнинг ҳамласини қайтариб, сўнг ҳужумга ўтгаймиз. Илло бул шундай ҳужум бўлсинким, қадамларимиз зарбидан ғанимларимиз титрасин! Шундай ҳужум бўлсинким, токи бизга тузоқ қўйган ғаним ер тишлаб, қон қақшаб қолсин. Ва биз, илло ғолиб бўлғаймиз. Бул ғолиблик ушбу савашга тугал хотима ва келгуси жангу жадалда музаффарият туғини қучмоқликни тажалли этсин...

- Омин!

- Олға!

- Олға! – Атрофни султон навкарларининг ҳайқириқлари тутиб кетди.

От устида лашкарларини зафар қучмоққа чорлаган султон кўкка сапчиётган қарчиғайнинг тизгинини қуйига қараб тортди. Бу турткини англаган от аввалига кишнаб, сўнг туёқларини ерга тарсиллатиб урди. Султон тағин унга белги жўнатди. От юввош тортмоғи учун тизгинни яна бир бор тортиб, оёқлари билан биқинига ниқтади. Қарчиғай сўнгги бор кўкка сапчиб, алҳол юввош тортди.

Сутон яна лашкарларига қараб ҳайқирди:

- Буюк Моваронуннаҳр учун олға! – Султон тилидан учган бу жанговар ҳайқириқ лашкарларига жўнатилган фармон эди.

- Олға! Буюк Мовароуннаҳр учун олға!- Яна лашкарлар ҳайқириғи оламни тутди.

- Энди улар устига ҳамлага ўтгаймиз!

41. Аёвсиз жанг

Атрофда отилган ёй ўқлари шамол каби изғирди. Мўғуллар яна манжаниқлардан олов пуркади.

Икки томон талотўпи оламни тутди.

Султон лашкарларига амр этди.

- Энди олдинга қараб олға! Олға!

- Оғалар, олға! Мовароуннаҳр учун олға! - Чорлов янграб, саваш майдонида барча сергак тортди. Ноғоралар чалинди.

Бу – қонли ва муттасил савашга бир ишорат эди. Бу – музаффарият туғини сарбаланд кўтариб, ғолиб чимоқликка бир даъват эди.

Султон Жалолиддин бошчилигидаги туркий лашкарлар ноғора садолари ва жанговар ҳайқириқлари билан олдинга қараб йўналдилар. Иккиёқлама камонлардан отилган ўқлар ҳавода изғиб, кўпларни жувонмарг этди. Тўплардан отилган олов эса кўпларнинг ёстиғини қуритди...

Султон лашкарлари тобора олдинга қараб силжир экан, ҳайқириғу шиддат билан отилган ўқлардан ёғий саросимага тушди. Мўғуллар бу қонли савашга дош бера олмай, дуч келган тарафга тумтарақай қоча бошлади.

Султон лашкарлари Нисо шаҳрига етиб келишгач, қалъа ичида паноҳ топишди. Аммо қурбонлар ва яраланганлар саноқсиз эди.

- Ярадорлар ҳужраларга зудлик билан жойлаштирилсин. Нисодаги жамики ҳакимлар чақирилиб, зудлик билан аларга ёрдам кўрсатилсин.

Жалолиддин берган амр барчани оёққа турғазди.

Яраланган ва қурбон бўлган лашкарларни кўрган султон мусибат уяси ичида қолган каби ҳис этди ўзини. ”Ғамга ботмоқ фурсати эмас, оёққа тур, Жалолиддин! Ёвқур қиличингни ишга сол, аларнинг таъқибини қарчиғай чангалларинг билан енг, аларни ер билан яксон эт!”, ичидан отилиб чиққан бу чорлов уни сергаклантирди.

Зўрға ҳужра эшигига етган Содиқ суянган ҳолида, ичкарига киришга қурби етмай ҳолсиз йиқилди. Унинг кетидан яна бир ярадор ерга қулади.

Қоронғу тушиб қолган, йўлакда қўлларида чироқ кўтарган навкарлар кўринди. Улар кенг ва қоронғу қўрғон йўлагининг ҳар ерига ёруғ бўлсин учун чироқларни қўйиб чиқишди.

Ҳакимлар ярадор аскарларни кўтариб, ҳужрага олиб ўтишди.

Ҳужра тўрида беҳол ётган Содиқ оғриқ азобидан ингранди. Ҳаким унга малҳам қўйган чоғ оғриққа дош бера олмай, ётган жойида тўлғонди.

- Оғам, вазмин бўл, вазмин! – далда берди ҳаким унга.- Оғриқ ўтиб кетгай, илло тезда оёққа тургайсан!

Ҳаким бошқа беморнинг ёнига ўтди. У аввал уч навкарнинг камон ёйи тешиб ўтган ярадор оёғини тозалаб, кейин малҳам қўйди. Оғриқ азобига дош бера олмаган беморларнинг оҳ-воҳи ҳужрани тутиб кетди.

Бошқа бир навкарнинг аҳволи жуда оғир эди. Чап кўксига ханжар қадалган Шодиёрнинг танидан тинимсиз қон оқарди.

Кўкрагига қўлини олиб борган ярадор, кўксидан чиқаётган қонни кўриб, умидсиз ва ҳолсиз бошини қуйи ташлади.

Уни ҳужрага қўлтиқлаб киритган лашкар оғаларнинг бири устидаги кийимини ечиб, беморнинг бошига ёстиқ қилиб қўйди. Шодиёр унга бир фурсат нолон алфозда тикилиб турди-да, кейин яна оғриқ азобидан ингранди.

Каримқул чўмичда сув олиб келди. Бемор сувдан ичиб бўлгач, ҳолсизликдан яна инграниб базўр сўзлади:

- Мен ўламан!

- Ундай дема, сен яшаб кетурсан. Илло, ожиз ғамлардан қутулурсан. - Далда берди Каримқул.

Шодиёр оташ ўтида тўлғониб, яна озурда сўйланди:

- Каримқул, мен ў-ўламан!

- Иним, яхши ният қил! Оллоҳим ожиз бандаларини ҳифзи ҳимоясига олгувчидир!.. Ўзидан бошқага эҳтиёжимиз йўқдир.

Шодиёр талваса ичида калима қайтарди. Сўнгги нафас олинган эди. Жони узилар чоғ оғзидан бир қултум қон кийими оша қуйига оқиб тушди...

- Ҳақнинг раҳматига қовушсин!

Бу ғариб манзарани эшик тирқишидан кузатиб турган Жалолиддин юзига фотиҳа тортди. Қурбонлар саноқсиз, ярадорлар ундан-да зиёд эди. Аммо эртанги жанг учун қолганлар куч йиғмоғи даркор эди.

42. Дастлабки ғалаба

Кечаги савашда тумтарақай бўлиб, ҳар ёнга тўзғиган мўғуллар қоронғу тун зулматида бир фурсат ором олиб, кейин яна жамланишди. Тонг отиб қуёш чиқишини кутган ёғийлар ғимирлаб қолганди.

Қуёш чиқар томонда деворлари харсангтошлар билан кўтарилган Нисо қалъаси мустаҳкам қўрғон эди. Аммо ҳисобсиз отилаётган тўплар зарби қалъа деворларини титратди, манжаниқларда олов сели пуркаётган ғанимлар тош қалъани қўпормоққа қасд этгандек тиним билмасди. Ниҳоят, мўғуллар бироз тинчиб қолишди. Кейин маълум бўлдики, улар навбатдаги ҳамлага тадорик кўра бошлашганди: улар ҳали қуримаган терак новдаларига темир тишлар ўрнатиб, катта араваларга ортишди. Сўнг ходаларни араваларга арқон билан жипс боғлаб, улкан дарвозага қарата ҳужумга шай қилиб қўйишди.

- Аларнинг устига қиздирилган ёғ қуйиб, сўнгра ўт қўйилсин! - Амр этди султон.

Буйруқни кутиб турган лашкарбоши зудлик билан амрни бажармоққа киришди.

Мўғуллар ҳозирланган араваларни шиддат билан итариб, қалъа дарвозаси томон яқинлаша бошлади.

Мана, қалъа дарвозасини бир зарби билан қўпормоққа қасд этган мўғуллар манзил томон етиб келишди. Дарбоза қўпорилишига бир баҳя қолган чоғ уларнинг устига қиздирилган ёғ қуйилди. Сўнг олов ёқилиб, пастга ташланди. Мўғуллар жаҳаннам оловида куйиб, ортига чекинмоқдан ўзга чора топа олишмади. Олатасир қий-чув, ҳасратли оҳ–воҳ оламни тутиб кетди. Жон талвасасида беомон тўзғиган ғанимлар ортига қараб қоча бошлади.

- Дарбозалар очилиб, ёппасига ҳамлага ўтилсин! – Амр этди яна саркарда.

- Олға! Олдинга олға! – Ҳайқирди шоввозлар.

Султон лашкарлари қалъа дарвозасидан чиқиб, оламни бузгулик ҳайқириқлари билан тобора орқага чекинаётган душман устига ҳужумга ўтишди. Улар ёввойи мўғулий галаларни шаҳар ташқарисига қадар қувиб боришди. Ялангликка етган чоғ султон лашкарлари бу савашга якун ясади; улар душманнинг ўнг ва сўл қанотини ёриб чиқишгач, мўғуллар батамом яксон этилди. Бу беомон савашда султон Жалолиддин шаксиз ғалаба қозонди.

От чоптириб, бағри қонаб ётган ялангликни ортда қолдирган ёвқур саркарда гужумзор ёнида тўхтади. У сўнгги бор ортига боқди; ҳув нарида савашда жон берган навкарлар ер қучоқлаб ётарди. Бу уруш тамойилидир - кимдир ер тишлаб қолади, кимдир баралла овозда зафар қучади. Саркарда Жалолиддин ортига - шаҳидларга қадалган нигоҳини тўғрига бурди. Унинг кўз ўнгида босилажак ва чунон адоқсиз йўл турар эди.

Зафар қучган ҳукмдор лашкарлари қуршовида Нишопурга қараб йўл солди.

43. Арслонлар ичидаги шер

Музаффарий лашкарлари қуршовида йўлга чиққан бу саркарда – ёвқур Жалолиддин, буюк Хоразмшоҳлар дорулсалтанасининг еттинчи султони яловбардор ҳукмдор Абдул Музаффар Манкбурни эди. Мовароуннаҳр султони Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ ҳамда туркманлардан бўлган Ойчечак Султонбегимнинг тўнғич фарзанди-аржуманди Жалолиддин Манкбурни эди... Унинг Исломий тўлиқ исми Жалал ад Дунйа ва-д Дин Абдул Музаффар Манкбурни ибн Муҳаммаддир. Юзида манк, яъни холи билан туғилган шаҳзодага туркий исм раво кўрилди. Унга Манкбурни номи берилди.

Жалолиддин сарой тамойилларига кўра шаҳзодалар тарбияси билан шуғулланувчи хос мураббийлар қўлида олий мақомда тарбия кўриб, савод чиқарди. Қачонки Манкбурни тўққиз ёшга тўлганида дин аҳкомлари, риёзиёт, Қуръон тафсири ҳамда Ҳадиси шарифни мукаммал ўрганди. Барча исломий ва дунёвий билимлар ҳамда ҳарб санъати сирларини мукаммал эгаллаб, вояга етган шаҳзодани бузруквори султон Муҳаммад Ҳоразмшоҳ Ғазна, Бомиён, Ғур, Буст, Такинобод, Заминдовар ва Ҳиндистон қадар ёйилган сарҳадсиз ҳудудларга ҳоким этиб тайинлади.

Отасининг ҳарб юришларида иштироқ этган шаҳзода, жанг майдонида ўз маҳоратини оширди. Саваш чоғида шер ҳамласини қўллаб, шоқоллар рақсини батамом енгган Жалолиддин муаррих Насафий назмида “Муҳаммад Хоразмшоҳ арслонлари ичидаги шер” деган таърифга мушарраф бўлди.

Шоқоллар зарбини даф этиб, шер каби ғанимини енгган Жалолиддин муҳораба майдонида ёғий қалбига мислсиз ғулу солиб, қудратли зарби билан уларни йўқлик қаърига улоқтира оларди. У муаррих Насафий таъбирича, чиндан Муҳаммад Хоразмшоҳ арслонлари ичидаги шер эди.

* * *

Тун устидан қора чиммат ечиб олингач, ойдин кун тажалли этилди. Бу тонг жуда эрта уйғонган шаҳзода бугунги ҳарб машғулотини Жайҳун этагида ўтказмоқни мўлжаллаган эди. Шунга кўра Соҳибжаҳон Элдегиз саройда уни кутиб турарди.

Мовароуннаҳр узра қаҳрли қиш поёнига етиб, кўклам нимжон оёқ ташлади. Хуш ёқувчи биллур томчилари билан алафларни сийлаган найсон тезда тиниб, кўкда қуёш чирой кўрсатди. Борлиқ уйғониб, Жайҳун қайирида куртак ёриб чиққан ниҳоллар баҳор елларида инжа чайқалади. Тепалик тўшида эса жийдазор ястанган, улар кўклам келган эса-да, ҳали қиш уйқусида мудроқ ётарди. Туфроқ ёриб, бош кўтарган майсалар қуёшнинг зариф жилосида ажиб товланади... Кўпдан бундай сўлим баҳорни соғинган Жалолиддин кўклам ҳавосидан симириб, Жайҳун томон от чоптириб ўтди. Унинг кетидан ҳарб санъатининг уста-пири Элдегиз ва хос навкарлар от суришди.

Суворийлар дарё қайиридаги бутазорларни ортда қолдириб, сўқмоқ йўлга чиқишди. Бу сўқмоқ суворийларни соҳил лабига етаклади. Шаҳзода эгардан тушиб, тизгинни навкарга тутди.

Шундоқ пойида, қирғоққа урилиб, сўнг таралиб ортга қайтаётган тўлқинлар мавжи унинг кўзларини қамаштирди.

Шамс нурларига чўмилган шаҳзода, рўпарасида ерга жипс қотган улкан ҳарсангтош устига бир ҳатлаб чиқди, сўнг яна нигоҳларини шаффоф сувлар мавжига қадади. Тўлқинлар қимир-қимир мавжланиб, қирғоққа урилган чоғ шаҳзода юрагида чексиз бир завқ-иштиёқ ҳис этди. Кўнглида ажиб руҳий ғалаён қўзғалди.

Зам-зама, муздек ҳузурбахш ҳовур шаҳзоданинг юз-кўзини чайиб ўтди. У ҳарсангтош устидан қуйига сакради, сўнг ҳув нарида от тизгинини тутиб турган навкарнинг ёнига келди. Торғил от эгасига белги бериб, тумшуғини кўтариб кишнади, сўнг кўкка сапчиди. От сурган шаҳзода бир доира ҳосил қилиб, ўзини кутиб турган Элдегиз қаршисида тўхтади.

- Шаҳзодам! - Элдегиз Жалолиддинга лутф ичида сўзлади. - Ихтиёр этсангиз машғулотни бошласак!

Жалолиддин тавозеда бош эгиб:

- Маъқул! - деди.

- Букун чапдастликда куч синашгаймиз!

-Уқдим!

- Қани, унда ялангликка ўтгаймиз.

Улар майсалар сабза уриб чиққан ялангликка етиб тўхташди.

Қиличини қинидан чиқарган шаҳзода рўпарасида турган устозига таъзим қилиб, машғулотга киришди. Кесгир шамшир қуёш жилоларида кўзни қамаштириб, дами ҳаво оқимини кесди.

- Шаҳзодам сўлдан, сўлдан ҳаракат қилинг.

- Уқдим.

- Қиличбоз ҳам ўнг қўлида, ҳам чап дастида қилич ўйнатмоқни билмоғи даркордур!

Чап қўлида қилич тутган шаҳзода рақибини мўлжалга олиб яқинлашди. Аммо Элдегиз қўлидаги шамшир нақ мўлжалига бориб тегди. Рақиб зарби тезда унинг шамширини қайирди.

Сўнг қиличбозлар яна қилич қайратиб, саваш майдонида кезинишди.

- Аввал мўлжалга олинг. Мўлжалга олинг, шаҳзодам!

Уста ортига тисарилди. Жалолиддин Элдегиз томон эниб ҳаракат қилди.

- Тўғри ва айни вақтида олинган мўлжал саваш майдонида муҳим омил бўлгай.- уқтирди уста қиличбоз.

Чап дастида қилич тутган шаҳзода дафъатан Элдегизнинг қиличини қайириб, қуйига эгди, аммо ўзини ўнглаб олган устоз қиличини яна ҳавода ўйнатди. Жалолиддин сўнгги шиддатли зарби билан рақиб қиличининг дамини кесиб, қайирди.

- Аъло! – Олқишлади устоз.- Энди ҳамлага ўтгайсиз.

Ўз вақтида мўлжалга олиб, ҳаракат қилган шаҳзода ўзи томон йўналтирилган шамшир дамини сўнгги зарби билан қайирди, энди ҳужумга ўтмоғи даркор эди. Айни бу чоғ рўпарасида қалқон кўтарган Элдегиз шаҳзоданинг нақ кўксига қилич тирамоқ пайига тушди. Жалолиддин қилич зарбини қайтарди.

- Офарин!- Олқишлади уста.

Сўнг яна қиличлар ҳавода ўйнади. Жалолиддин рақибини мўлжалга олиб, ҳужумга ўтди.

- Бале, бале шаҳзодам! Мўлжал айни вақтида олинди!

Бу гал қиличбоз шамширини Элдегизнинг нақ кўксига тиради. Уста тишларини тишларига қўйди. Шунда унинг жағи бўртиб чиқиб, пешонаси тиришди. Юзидаги ажинлари қуюқлашиб, ўзини ҳимоя қилмоққа куч топа билмади. Сўнг кўзларида саноқсиз юлдузчалар чақнаб чиқди ва у чорасиз ерга қулади. Кўрдики, шогирдининг билагида ёшлик шижоати қайнаб тошаётир. Англадики, бу билаги йўғон қиличбоз бу ҳамласини энди чинакам савашда қўлласа арзирди.

Рақиб қиличини қайириб, шиддатли кучи билан нарига улоқтирган шаҳзода нафасини ростлади. Элдегизнинг бўш қўллари эса ҳавони сермалар эди.

- Офарин! Шаҳзодам, олқишларим сизгадир. Шогирд устани енгмиш! Илло бу ҳамлани энди ҳарб юришларида қўллагайсиз! Қиличингиз мудом кесгир, зарбингиз шиддатли бўлсин!

- Омин!

Жалолиддин қуёш жилоларида тобланган кесгир қиличи учига бармоқларини олиб борди. Бу чоғ қалбида муқаддас туйғу юксалди. Бу боболари бунёд этган Она Ватанига сўнгсиз муҳаббат, бурч туйғуси эди. У қиличини қинига солиб, қирғоқ бўйига йўналди. Соҳил лабига етиб келган шаҳзода енг шимариб, қўлини оқаётган сувга солди. Муздек сув оқими унинг ҳозиргина қилич тутган қайноқ қўлларига хуш ёқди. У покиза ихлос билан юз-кўзини Жайҳун сувларига чайди. Сўнг ортига қайтиб, ўзига қуллиқда бош эгиб турган хос навкарига қарата буюрди:

- От келтирилсин!

Шаҳзода Жайҳун қайирининг сўл этагига қараб от сурди. Бир муддат тизгинни ҳоли қўйиб, қўлларини ёйганча от чоптирди. Сўнг ўзига тикилиб қолган уста Элдегиз томон қайрилиб ҳайқирди ва шу ҳолда қулочини озод ёйиб, олисларга қараб от суриб кетди. Бу унинг қайтмаслигидан далолат эди.

Жайҳун этагида уни кузатиб қолган Элдегизнинг қулоғи остида тизгинсиз, қулочларини ёйиб от сурган Жалолиддиннинг озод ҳайқириғи муаллақ қотди:

“Алҳамдулиллоҳ! Аллоҳ, Аллоҳ!”

Жалолиддин айни балоғатга етиб, ҳарб санъатини пухта ва мукаммал ўзлаштирган эди. Энди бу маҳоратини ҳарб юришларида, жангу мужодалаларда қўлламоғи даркор эди.

Давоми бор

Бу мавзуда батафсилроқ