Би-би-сига айтаман: "Кун совуқлигидан мол ўғрилари кўпаяпти"

Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудудида совуқ заптига олар экан, шусиз ҳам йил бўйи газ ва чироқ йўқлигидан қийналган одамлар сабр-косалари тўлганини айтиб Би-би-сига мактуб ёзганлар.

"Бугун Наманган шаҳри сибириё ўлкасинга ўхшайди. Ҳамма жойда свет, газ таъминоти 30% га хам етмайди. Ёз бўйи ҳеч қаерни таъмирламасдан, ҳукуматни қишки мавсум хақидаги қарорини бажармаган Бекхўжаев ҳазратлари ва горгаз, горсвет бошлиқлари энди ҳам жим. Уйлардан кўчадаги ҳарорат иссиқ. Вилоят ҳокими бепарво. Горсет дарвозасига милиция наряди ташланган. Қариялар, "соғлом авлодлар" ҳаммаси ўпка касал", деб ёзади Намангандан Бандаи ожиз.

Қашқадарёнинг Косон тумани Шербек қишлоғидан Зиёвуддин : "Косонда свет йўқ. Ҳамма ёқ зимистон. 24 соатда 2 соат чироқ беради. Бу қачонгача давом этади? Ёрдам беринглар!"- дейди ўз хатида.

Тошкентлик Эгамбердиев Собир ҳам "Gaz qo'q, svet yo'q? shunga chora ko'ringla", деб мурожаат қилган.

Самарқандлик муштариймизга кўра, ҳавонинг ҳарорати –20 даражагача тушиб кетган. "Йўллар музлаб ётибди. Шаҳар расмийлари йўлларни тозалашни ташкил қилишни ўйлаб ҳам кўришмаяпти. Кимга қийин, оддий халққа қийин".

"Бизда ҳам совуқ. Газ бору, ток суткасига икки соат берилмоқда. Мактаблар ёпилган", деб хат йўллаган сурхондарёлик Ўктам Би-би-си билан суҳбатда бугунги кундаги аҳвол ҳақида гапириб берди.

"Одамлар қарзларидан қутулиш учун газ трубаларини кестириб ташлашди. Гази йўқлар ўтин, тезак ёқишяпти. Мевали дарахтларини кесиб ташлашяпти. Об-ҳаво маълумотида 5-10 даража совуқ деяпти. Лекин анча совуқ. Сувлар ичкарида музлаб қоляпти. Ҳамма ёқ қор, қушлар ташқарида музлаб қоляпти. Овқат қидириб уйга кириб келяпти майналар. Кун совуқлигидан ўғри кўпайди. Ҳеч ким кўчага чиқмайди деб ўғрилар молларни ўғирлаб кетишяпти. Нархлар ошган. Ойлик бермаяпти. Деразаларга клёнка уриб ташлаганман. Ҳамма бир уйга тиқилиб олиб яшаяпти...", дейди у.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бу мавзуда батафсилроқ