Сочи 2014: ‘Бу – Ўзбекистон, Тожикистон эмас, шарҳловчи узр сўрасин’

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

2014 йилги Сочи Қишки Олимпиада Ўйинларининг расмий очилиш маросими чоғида россиялик шарҳловчининг йўл қўйган хатоси ўзбекистонлик кўплаб интернет фойдаланувчилари орасида ана шундай муносабатга сабаб бўлмоқда.

Телеканалнинг етакчи шарҳловчиси, деб кўрилган Дмитрий Губерниевнинг Олимпия Ўйинлари каби глобал спорт тадбирини шарҳлаш жараёнида Ўзбекистонни Тожикистонга адаштириб юборгани шу оннинг ўзидаёқ аксарият ижтимоий мулоқот тармоқларида ўз аксини топади.

Мазкур ҳолат кўплаб ўзбекистонликларнинг таажжуб тўла твитлари, онлайн флешмоб ва петицияларига сабаб бўлар экан, Дмитрий Губерниев эфир орқали узр сўрашга тайёрлигини билдирган. Шарҳловчи бу ҳақда ўтган тун ўзининг Твиттердаги аккаунтида билдирди.

Энг аввало Твиттерда ўзбекистонлик интернет фойдаланувчиларининг тушунмовчилик, таажжуб, киноят ва ҳақоратомуз мазмундаги твитлари ёғилиб кетади.

Уларнинг орасида Дмитрий Губерниев йўл қўйган хатоси учун ўзбекистонликлар, ўзбекистонлик спортчилардан узр сўрашини таъкидлаётган твитлар ҳам озмунча эмас.

Фото муаллифлик ҳуқуқи vv
Image caption Facebook тармоғидаги “Дмитрий Губерниевга қарши флешмоб” саҳифасидан олинди

Очилиш маросими давом этаётган вақтнинг ўзидаёқ Facebook ижтимоий мулоқот тармоғида “Дмитрий Губерниевга қарши флешмоб” саҳифаси ташкил этилади.

Янги саҳифа қарийб бир соатнинг ичида мингга яқин обуначига эга бўлган бўлса, ҳозирга келиб, уларнинг сони тўрт мингдан ортиб кетганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Ушбу саҳифада қолдирилаётган изоҳлар эса, ҳозирга келиб, миллатчилик руҳидаги фикрлар тусини ҳам олган.

Кўплаб ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари Дмитрий Губерниевга ўз муносабатларини тролл-суратлар орқали билдиришга тушиб кетишган.

Улар танлаётган қиёфалар орасида Бэтмендан тортиб, собиқ Шўролар Иттифоқининг мустабид раҳбари Иосиф Сталингача бор.

Россиялик спорт шарҳловчисининг жонли эфир чоғидаги хатоси, ўз ўрнида, Change.org веб саҳифасида “Д. В. Губерниев Ўзбекистон Республикаси терма жамоаси спортчиларидан расман узр сўраши керак” номи остида петиция очилишига ҳам сабаб бўлган.

Image caption Facebook тармоғидаги “Дмитрий Губерниевга қарши флешмоб” саҳифасидан олинди

Ўйинларининг расмий очилиш маросимидан тун ўтиб, унга онлайн имзо чекканларнинг сони қарийб етти юзга етганини кўриш мумкин.

Айни ўринда шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, бу - илк собиқ Шўро давлати мезбонлик қилаётган Қишки Олимпиада Ўйинларидир.

Тошкентдан таниқли спорт шарҳловчиси Аброр Имомхўжаев юз берган воқеага муносабат билдираркан, бунинг “россиялик шарҳловчи томонидан йўл қўйилган қўпол хато бўлгани, айни ўринда миллий мавзуга берилиш хато бўлиши”ни таъкидлайди.

“Менимча, бу каби тадбирни шарҳлаётган шарҳловчи ҳар бир делегацияни ўрганиши керак, мана, фалон давлат ҳайъати чиқиб келаяпти, улар неча кишидан иборат, шу кунгача қандай ютуқларни қўлга киритишган, қанақа спорт турларида қатнашади...Улар ҳар бир спорт делегациясига худди шундай таъриф бериши керак”, - дейди суҳбатдошимиз.

Ўзбекистонлик спорт шарҳловчиси россиялик ҳамкасбининг хатосини, “бутунбошли битта мамлакат, халққа нисбатан ҳурматсизлик”, деб билиши, шу сабабдан ҳам, унинг “расмий равишда ўз телеканали орқали узр сўраши лозимлиги”ни таъкидлайди.

“Буни сиёсий нарса, у-буга аралаштириш шартмасдир, бу – унинг уқувсизлиги оқибатида келиб чиққан. Лекин бу – жудаям қўпол хато ҳисобланади. Айтмоқчиманки, у мақбул бир пайтда бутун ўзбекистонликлардан узр сўраши керак”.

Ҳозир олинаётган хабарларга кўра, россиялик спорт шарҳловчиси Дмитрий Губирниев ҳозирча ўз веб саҳифаси орқали “Сочи Қишки Олимпиада Ўйинларининг очилиш маросими чоғида қилган хатоси учун узр сўраган. Бундан буёғига диққатлироқ бўлишга ҳаракат қилиши”ни айтган.

Айни ўринда шуни ҳам эслатиб ўтиш жоиз, Ўйинларнинг расмий очилиш тантаналарида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ҳам иштирок этаётганди.

Бу мавзуда батафсилроқ