Биометрик паспорти йўқ ўзбекистонлик четга чиқарилмайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Ҳукумат янги қарорни 6 февралда қабул қилгани хабар берилмоқда.

Ўзбекистондаги веб-сайтларнинг хабар қилишича, мамлакат ҳукумати 2014 йилнинг 1 июлидан биометрик паспорти бўлмаган Ўзбекистон фуқароларининг хорижга чиқишини тақиқлаган қарорни қабул қилган.

Интернет саҳифалари Вазирлар Маҳкамасининг шу мазмундаги қарори 6 феврал куни қабул қилингани ҳақида хабар тарқатмоқдалар.

Бироқ ҳукумат қарорининг матни матбуотда эълон қилинмаган.

Ўзбек веб-сайтлари қарорнинг номи "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари ҳақида" деб номлангани тўғрисида хабар тарқатганлар.

Айтилишича, Ўзбекистон ҳукумати бундай қарорга паспорт тизимини янада такомиллаштириш, мамлакат фуқароларининг чегаралардаги паспорт назоратидан ўтишларини осонлаштириш мақсадини кўзлаган.

Кимки авиа ёки темир йўл чиптаси сотиб олмоқчи бўлса, 1 июлдан кейин биометрик паспорти бўлмаган фуқарога чипта сотилмайди.

Ўзбекистонда биометрик паспорт тизимига ўтишга 2009 йилда қарор қилинган.

Ўшанда Президент Ислом Каримовнинг ўзбекистонликларга биометрик паспорт беришни кўзда тутган фармони эълон қилинган.

Бу фармонда янги паспортларни тарқатишни 2011 йилда бошлаш ва 2015 йил охиригача якунлаш назарда тутилган.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин СССР паспортини Ўзбекистон паспортига алмаштириш кампаниясида кузатилгани каби биометрик паспортга ўтиш жараёнини ҳам тезлаштиришга ҳаракат қилиш кузатилмоқда.

Бундан олдин биометрик паспорти бўлмаган абитуриентларнинг ҳужжатлари ўқув юртлари қабул комиссиялари томонидан қабул қилинмаслиги ҳақида гап-сўзлар тарқалган, натижада жуда кўп сондаги хоҳловчилар ички ишлар идораларининг паспорт бўлимларига мурожаат қилгандилар.

Паспорт идоралари ҳар бир паспорт соҳибининг бармоқ изларини олиш ва бошқа биометрик маълумотларини ўз ичига олган микросхемаларни тайёрлаб, паспорт беришдек жараёнга жисмонан улгурмай қолдилар.

Шундан кейин бу амалларни мажбуран тезлаштирмасликка қарор қилинган эди.

Бу мавзуда батафсилроқ