Ҳукумат нуқтаи назарига тўғри келмайдиган телеканаллар ёпилиши керакми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Россиядаги мустақил “Дождь” телеканали транслациясидан мамлакатдаги йирик операторлар бирин кетин бош тортмоқда. “Триколор ТВ” сунъий йўлдош йирик операторининг “Дождь” транслацияни тўхтатиш ҳақидаги қарори телеканални оғир аҳволга солиб қўйган.

Оператор ушбу қарорини телеканал кўрсатаётган материаллар таҳририят сиёсатига тўғри келмаслиги билан изоҳлаган.

"Дождь" телеканали атрофида баҳслар Ленинград қамали бекор қилинишининг 70 йиллиги арафасида томошабинларга "Юз минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун Ленинградни топшириш керак эдим?"деган савол билан мурожаат қилгани орқасидан қизиди.

Оқибатда канал раҳбарияти нотўғри савол қўйилгани учун кечирим сўраб, саволни сайтдан олиб ташлашига тўғри келди.

Қатор оммавий ахборот воситаларида канал ушбу савол билан уруш ветеранларини ҳақорат қилганликда айбловлар янгради. Россия Президенти Путининг матбуот котиби "Дождь" ахлоқий қизил чизиқдан ўтганини билдирганди.

Таниш ҳолат

Ўзбекистонда ҳам ҳукумат нуқтаи назарига тўғри келмайдиган телеканаллар фаолияти тўхтатилганига 10 йилдан ошаяпти.

Транслацияни чеклаш қарори телеканалдаги дастурлар таҳририят сиёсатига тўғри келмаслиги билан изоҳланмоқда.

Ўзбекистондаги мустақил телеканаллар бу каби жараённи 10 йиллар олдин бошидан кечирган. Ўзининг кескин чиқишлари билан эл орасида анча машҳур бўлган Ангрен ва Хоразмдаги хусусий телеканаллар ҳукумат томонидан босимларга учраган. Хоразмдаги Эй-Эл-Си мустақил телеканали бош муҳаррири Қудрат Бобожон телеканал ёпилишига 5 та асосий сабаб кўрсатилганини айтади.

“Телеканалимиздаги журналистларнинг фикри, нуқтаи назари ҳукумат нуқтаи назаридан фарқли эканлиги айтилган. Бу жуда ҳам жиддий айбнома. Яъни Ўзбекистон ҳукумати ўзгача фикрга тоқатсизлигини мана шу бандда кўрсатган. Яъни бизда бериладиган янгиликлар айрим вақтлари Ўзбекистон ҳукумати нуқтаи назарига қарама қарши келгани Эй-Эл-Сига қўйилган асосий айбномалардан бири эди”.

Шу каби сабаблар билан ҳукумат Хоразмдаги Эй-Эл-Си телеканали фаолиятини 1999 йилнинг ноябр ойида тўхтатиб қўйди.

Кейинчалик Ўзбекистондан бошқа халқаро медия қатори мустақил телерадио компанияларни қўллаб қувватловчи Интернюьс ташкилотининг лицензиси узайтирилмади. Ташкилот ҳам фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди.

Самарқандлик исми ўзгартирилган суҳбатдошимиз Самаржон 2013 йили Ўзбекистонда Фирдавс Абдуҳолиқовга тегишли каналлар ёпила бошлаши ортидан шаҳардаги СТВ мустақил канали фаолияти тўхтаганини айтади.

“Хусусий телеканаллар Самарқандда ўтган йилнинг кузидан бери йўқ. Қолганлари давлатники. Давлатники бўлганидан кейин давлат олдига қўйган вазифаларни, яъни тарғиботни маромига етказиб бажаришаяпти. Мана бу соҳани танқид қиласан, деса танқид қилаяпти. Мақтайсан, деса мақтаяпти. Давлат телеканали ўз вазифасини ортиғи билан бажараяпти”.

Суҳбатдошимиз шаҳарда хусусий телеканал фоалият юритган вақти бироз қизиқарли ва баҳс мунозара бўлганини таъкидлайди.

“Хусусий канал бўлган вақтда, ҳеч бўлмаса баҳс мунозаралар бўлиб турарди. Ёки шаҳарга алоқадор янгиликлар тезкорлик билан чиқарди”.

Бироқ ушбу мустақил телеканалда ҳам сўз эркинлиги ва долзарб муаммоларни кўтариб чиқишда чекловлар бўлганлиги томошабинга сезилиб турган. Давлат ва жамият ўртасида воситачи бўлиш вазифасини кутилганидек бажара олмаган.

Кузатувчилар Ўзбекистонда мустақил телеканалларнинг фаолиятига эҳтиёж катта эканлигини таъкидлашади. Одамларда муқобил ахборотга бўлган истак матбуот давлат назоратига олинган мамлакатда янада кучли бўлишини айтишади.

Қозоғистонда мустақил телеканалга бўлган эҳтиёжнинг маълум қисми спутник орқали эфирга узатилувчи К+ телеканали орқали қондирилади.

Бироқ Ўзбекистонга мўлжалланган ва ўзбек тилида бу каби лойиҳалар деярли йўқ ҳисоби.

Швецияда бошпана топган ва ўзининг видеоблогини юритувчи журналист Қудрат Бобожон хориждан туриб телелойиҳалар яратишнинг қийинчиликлари ҳақида гапиради.

“Ўзбекистондан журналистик классик шаклда репортажлар қилиш лойиҳаси бор эди. Лекин Ўзбекистондаги шароитдан келиб чиқиб уни маъқул кўрмадим. Ўзбекистондан видео олмоқчи бўлсак, манбааларимизни хавф остига қўйган бўламиз. Лекин уни бошқача қилиш мумкин. Менинг блогим шаклида оладиган бўлсак, Ўзбекистон ташқарисида бўлган битта шахс ўзини ошкор қилиш орқали фикрларини бериши мумкин. Буни фуқаролик ташаббуси деб қабул қилиш керак”.

Маҳаллий янгиликларни эмин эркин ёритувчи мустақил телеканаллар фаолияти тўхтатиларкан, ўзбекистондаги аҳоли янгиликка бўлган эҳтиёжини ўзи қондиришга ҳаракат қилаяпти.

Мобил ускуналарининг ривожланиши ортидан энди деярли ҳар бир телефон фойдаланувчисининг қўлида видеога олиш имконияти бор телефонларни ҳам кўриш мумкин.

Заправкалардаги ёнғин, машина портлаши каби фавқулотда ҳодисалар бу каби ускуналар орқали зудлик билан интернетга чиқиб кетмоқда ва ватсап каби дастурлар орқали қўлма қўл кўрилмоқда.

Кузатувчилар бу каби журналистика ҳозир Ўзбекистондаги ахборотга бўлган эҳтиёжни қондира олмаётган бўлса-да, унинг келажаги порлоқлигини тахмин қилишади.

Бу мавзуда батафсилроқ