Жаҳон Банки Ўзбекистонга 40 миллион доллар ўтказди

Image caption Фермерлар экин майдонларига нима экишни ўзлари ҳал қилмайди.

Жаҳон Банки Ўзбекистон билан қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, фермер ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун 40 миллион доллар ёрдам ўтказишга келишган.

Жаҳон Банки матбуот хизматига кўра, ажратилган маблағлар қишлоқ хўжалигининг молиявий ва экологик барқарорлигини таъминлаш, фермер хўжаликларининг маҳсулот ишлаб чиқаришини оширишга қаратилади.

"Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодининг муҳим қисми ҳисобланади, дейди Жаҳон Банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Сураж Кумар.- Қўшимча маблағ асосан фермерлар етиштираётган маҳсулотлар турини кўпайтиришни қўллаб қувватлайди".

Жаҳон Банки ажратган маблағ шунингдек қишлоқ хўжалиги техникаларини, маҳсулотларни қайта ишлаш, қадоқлаш учун воситалар сотиб олиш, боғдорчилик, паррандачилик, чорвачиликка йўналтирилиши айтилган.

Ўзбекистон Жаҳон Банки билан 1992 йилдан буён ҳамкорлик қилади. Жаҳон Банки мамлакатда иқтисодий ислоҳотлар, инфраструктура ва ижтимоий секторларни ривожлантиришга ёрдам кўрсатиб келади.

Олдинги йиллари Жаҳон Банки молиявий ёрдам лойиҳаси доирасида Ўзбекистон сув тизимини яхшилаш, хусусан Фарғона водийсида сув заҳираларини бошқариш, тупроқларнинг заҳини кетказиш ва шу йўл билан ҳосилдорликни оширишга 60 миллион доллар ўтказган эди.

Ўзбекистон ҳукумати фермерлардан асосан пахта ва буғдойни талаб қилади.

Пахтага ва буғдой экишга мўлжалланган фермер хўжаликларига экин майдонларининг асосий қисми ажратилган.

Ўзбекистонда фермер хўжаликлари давлатнинг қаттиқ назорати остида фаолият юритади.

Шу боисдан, бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказувчи кўплаб фермерлар қўшимча ер берилмагани туфайли ишларини ташлаб, Россия ва Қозоғистонга иш излаб кетишга мажбур бўлганлар.

Жаҳон банки ва халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга ажратилган ёрдам уларга қанчалик етиб боради?

Жаҳон банки Ўзбекистонга бераётган маблағи чиндан ҳам ўз мақсадига сарфланаётгани ва кўзланган йўналишда аниқ бир самара бераётганига ишонч ҳосил қилиш мақсадида бир муддат кредит беришни тўхтатган ҳам эди.

Би-би-си ўзбекистонлик собиқ фермер Маъмуржон Азимовдан бундай ёрдамлардан фермер ташкилотлари манфаатдор бўладими?- деб сўради.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди