Ўзбекистон ҳукумати эркин матбуотдан қўрқади

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption "Марказий Осиёда матбуот эркинлиги вазияти абгор"

Журналистларни ҳимоя қилиш Қўмитасининг “ Матбуотга ҳужум” деб номланган 2013 йилги ҳисоботида матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият ўта оғир бўлган давлатлардаги вазият ҳақида сўз боради.

Цензура, матбуотни чеклашга доир қонунлар, ҳукумат томонидан тазйиқлар ва қамоққа ташлаш ҳолатлари ҳақида сўз борган бу ҳисоботга кўра, Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистондаги ҳолат хавотирланарли даражада абгордир.

Журналистлар учун хатарли давлатлар қаторида Россия, Белоруссия, Украина, Тожикистон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбайжон бор.

Журналистларни Ҳимоя Қилиш қўмитасининг ҳисоботи аввалида Президент Каримовнинг одатдаги ёлғонларидан бирига эътибор қаратади.

Ҳар гал журналистларни жасурликка даъват қилар ва уларнинг муаммоларини ҳал қилиш ваъдаларини берар экан, Каримов ҳеч қачон уларнинг уддасидан чиқишга ҳаракат қилмаган...

Ҳукуматни танқид қиладиган журналистлар йилларки таъқиб ва тазйиқлар остида қолар экан, Ўзбекистонда эркин матбуот ўлдирилди. Бу мамлакатда нималар бўлаётгани ҳақида асосан миш-мишлар ва ёки дипломатик ёзишмаларнинг матбуотга сизиб чиқишидан англашилади.

Шунингдек, Каримовнинг саломатлиги ҳақидаги хабарлар ҳам ана шу йўл билан оммага ошкор бўлди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи b
Image caption Муҳаммад Бекжон 14 йилдан бери қамоқда

Ўтган йил охирига келиб Ўзбекистонда камида тўрт нафар журналист қамоқда қолаётган эди.

Улар Ўзбекистон зиндонларида кенг қўлланиладиган қийноқлардан бенасиб қолмаганлари эҳтимолдан холи эмас, деб ёзилади қўмита ҳисоботида.

Журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва коррупция ҳақида ёзганлари учун тазйиқ остига олинади.

Айримлар ватанни ташлаб чиқадилар. Улар орасида сиртдан етти йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган Надежда Отаева ҳам бор.

Журналист Сергей Наумов тўқиб чиқарилган айблов билан қамоққа ташланган эди.

Бундан атиги бир кун аввал, қўмита ҳисоботида ёзилишича, Ўзбекистонлик мулозим БМТнинг Инсон ҳуқуқлари Кенгашига мамлакатда ҳеч ким ҳукуматни танқид қилгани учун қамоққа ташланмаслиги ва инсон ҳуқуқлари ҳурмат этилиши ҳақида гапирган эди.

Эндиликда бу мулозимнинг даъволарини текшириш жуда ҳам мушкул бир масалага айланди.

Ўзбекистон мулозимларининг қаршиликларига ишора этар экан, Халқаро Қизил Хоч жамияти расман мамлакат қамоқхоналарига сафарларини тўхтатаётганини маълум қилди.

Ҳозирда 14 йилдан бери мухолифатнинг «Эрк» газетаси муҳаррири Муҳаммад Бекжон ва шу газета журналисти Юсуф Рўзимуродов ҳам қамоқда ўтиришибди.

Икковлон дунё бўйлаб энг узоқ қамоқ жазосини ўтаётган журналист саналади.

Қамоқдаги журналистлар қаторида Хайрулло Ҳамидов, Дилмурод Саййид ва Солижон Абдураҳмоновлар ҳам бор.

Бу мавзуда батафсилроқ