Президент Каримовнинг Чехияга сафари 'кечиктирилди'

Image caption Жаноб Каримовнинг сафари ўзбек томонининг истагига биноан кечиктирилган

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Чехияга режаланган сафари "кечиктирилган".

Бу ҳақда Би-би-сига Чехия Президентининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Хинек Кмоничек (Hynek Kmonicek) маълум қилди.

Жаноб Кмоничекнинг айтишича, сафарни кечиктиришни ўзбек томони илтимос қилган.

Унга кўра, бу Президент Каримов ташрифи кун тартибидаги ўзгариш билан боғлиқ.

Чехия вакили ташрифнинг "бекор қилинмагани"ни урғулади.

Чехия Президенти сўзчисининг айтишича, 21 февралда бошланиши кутилган ташриф давомида икки томонлама алоқаларга доир 10 та ҳужжат имзоланиши кутилганди.

"Бу ҳужжатларнинг ҳар бирини имзолаш учун белгиланган вақт ўзбек томонининг иш тартибига тўғри келмаган", деб айтди жаноб Кмоничек.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, ташриф давомида Чехия бош вазири Президент Каримовга расмий зиёфат бериши режаланган эди.

Аммо шу кунлари бош вазир Прагада бўлмайди.

"Шу боис ўзбек томони сафарни кейинроққа суриш маъқул эканини билдирди", - деб айтди Чехия Президентининг вакили.

У Президент Каримовнинг ташрифи қачон амалга ошиши ҳозирча номаълум эканини айтди.

Аввалроқ бир гуруҳ халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Президент Милош Земанга мурожаат йўлаб, уни "ўз мамлакатида авторитар тузум ўрнатган" Президент Каримов билан учрашувдан воз кечишга чақиришганди.

Жаноб Земан ҳуқуқ фаолларининг мурожаатини кескин бир шаклда рад этган.

Чехия Президенти Ўзбекистон раҳбарини Чехиянинг аввалги президенти Вацлав Клаус таклиф этганини айтиб, ўтмишдошининг таклифномасини ҳурмат қилишини айтган.

Милош Земан Президент Каримовнинг Вашингтон ва Брюсселга сафарлари бу каби норозиликка сабаб бўлмаганини таъкидлаб, ҳуқуқ фаолларини "кўпроқ маълумотга эга бўлиш ва иккиюзламачилик қилмаслик" ка чақирган.