Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Рубл ва танганинг ортидан ўзбек сўми ҳам қадрсизланадими?

Россияда рублнинг қиймати кескин тушиб кетган.

Бугунги тушиш январ ойидан бошланган ва евро ҳамда долларга нисбатан кузатилаётган рекорд тушишдир.

Жума куни Москва биржасида бир евро қарийб 48 ярим рубл, бир АҚШ доллари эса 35 рублдан кўпроққа сотилган.

Кўпгина иқтисодчилар рублнинг тушишини жаҳон бозоридаги макроиқтисодий шароитлар билан боғлашмоқда.

Ўтган ҳафта Россия бошчилигидаги Божхона Иттифоқи аъзоси бўлган Қозоғистон тангаси 20 фоизга қадрсизланган эди.

Президент Назарбоев қозоқ ҳукуматига хорижий сармояларни жалб қилиш юзасидан шошилинч чоралар кўришга буйруқ берган.

Айни пайтда ҳар икки давлат марказий банклари миллий валюта қурбини ушлаб туриш учун етарли заҳираларга эга эканликларини айтишмоқда.

Сўнгги йилларда меҳнат муҳожирлари Россиядан уйларига юборган пуллар ўзбек сўмини бутунлай барбод бўлишдан асраб қолгани айтилади.

Жума кунги тушишдан сўнг меҳнат муҳожирлари Россиядан уйларига юборадиган маблағлар камида 10 фоизга, Қозоғистондан юбориладиган пуллар эса 20 фоизга қадрсизланади.

Ўзбекистон ҳукумати қаттиқ пул-кредит сиёсатини юритиб келади.

АҚШ долларининг Ўзбекистон Марказий банки белгилаган расмий курси билан қора бозор курси ўртасидаги фарқ 30 фоизга тенг.

Аммо иқтисодчилар ҳукумат сўмнинг қурбини сунъий равишда дастаклаётгани, у доллар ёки рублнинг ҳақиқий қийматини акс эттирмаслигини айтадилар.

Сўнгги пайтларда худди Қозоғистондаги каби девалвация жараёнини ўтказиш таклифлари ҳам эшитила бошлаган.

Рубл ва танганинг қадрсизланиши, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари уйларига юборадиган пуллар оқимининг камайиб кетиши ўзбек сўмига қандай таъсир кўрсатади?

Би-би-си тошкентлик иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусайинов билан суҳбатлашган.