Шаҳодат Улуғ. Жайҳун эпкинлари - роман. 4-қисм

Шаҳодат Улуғ (Улуғова) – 1970 йилда Нурота шаҳрида туғилган.

Ўрта мактабни тамомлагач, ТошДУ журналистика факультетида таҳсил олган.

Бир неча насрий китоблар муаллифи.

Ёзувчининг эътиборингизга ҳавола этаётганимиз – Хоразмшоҳлар салтанати тарихидан, улуғ саркарда Жалолиддин Мангубердининг жасоратларга тўлуғ ҳаётидан ҳикоя этувчи романи адабиёт ихлосмандлари томонидан илиқ қарши олинмоқда.

Азиз муштарий, жозибали услубда битилган ушбу асарни Сизга ҳам соғиндик, уни мутолаа қилиш баробарида Сиз ҳам юртимизнинг шавкатли ўтмишига яна бир карра ошно бўлинг.

44. Муҳим тилов

Кенг ва муаззам кошонага қуёш нурлари сирғалиб тушган чоғ эшик оғасининг қалқони ярқираб кетди. Ўктам қадам эшитилди. Хоснавкар дафъатан сергак тортди. - Шаҳзодам! – Эшик оғаси бошини эгиб, - қадамларига ҳасанотлар бўлсин! - деди тавозе ичида. Жалолиддин мамнун бош силкиб: - Тилагим шаҳаншоҳимизни кўрмоқдир! - деди. - Англадим, шаҳзодам! - Эшик оғаси таъзим қилиб, кейин кошона эшигини очиб, ичкарига кирди. Тахтда ўтирган Хоразмшоҳ ичкарига кирган хос навкарга қаради. - Онҳазратим! - Таъзим қилди эшик оғаси. - Яқинлаш! Навкар яқинлашиб, қуйи эгилган бошини бироз кўтариб сўзланди: - Шаҳаншоҳим! - Cўзла! - Шаҳзода Жалолиддин ҳузурингизга кирмоқ тилагидадир! - Чорла, кирсин! Қуллиқда боши эгик хоснавкар ортига тисарилиб, ташқарига чиқди. Фурсат ўтиб, ичкарига шаҳзода Жалолиддин кирди. У шаҳаншоҳ бузруквори ёнига тавозе ичида қуллиқ қилиб тўхтади, сўнг тиз чўкиб, қиблагоҳининг этагидан ўпди: - Онҳазрат қиблагоҳим! - Шаҳзодам, марҳабо, хуш келдинг! - Хоразмшоҳ ёнидаги ўриндиққа ишорат этиб ўғлига деди,- қани, марҳабо! - Қуллиқ, шаҳаншоҳим! Бироз қуллиқда чекинган шаҳзода, ўриндиққа бориб ўтирди. - Омонмисан, шаҳзодам?!- Ҳол-аҳвол сўраган бўлиб савол қотди султон. - Иншаоллоҳ, омонман!- Миннатдор оҳангда жавоб қайтарди у. Сўнг ўнг қўлини тиззасига олиб бориб, индамай қолди. - Ҳоли ўйингдин англадимки, ниманидир гапирмоқ илинжидасан, аммо сўзламоққа журъат топмаётирсан.- Хоразмшоҳ унга теран нигоҳларини қадади. Шаҳзода шаҳаншоҳга деди: - Бир масалада шаҳзода ўғлингиз сизнинг дуойи йўлловингизни истаб, ҳузурингизга бош уриб кирмиш! - Дуоларим сенгадир! - Қуллиқ. - Аммо не тиловлигин билмаётирман! - Маълумингиз, Еттисув Гўрхон қўлинда парокандадир. Эрта-индин сиз зоти олийнинг лашкарлари у ёнга қўшин тортиш ниятиндадир! - Маълум! - Бул мужодалада шаҳзода ўғлингиз ҳам иштироқ этмоқ ниятинда ҳукми олийнинг фармонига шайдир. Хоразмшоҳнинг аввал тепа кўтарилган қошлари чимирилиб, сўнг ўртасига қуюқ чизиқ тортилди. Унинг бу ҳоли шаҳзода тиловини ўйлаб кўрмоқликка бир ишорат эди. Султон тахтдан пастга тушди. Жалолиддин ўтирган жойидан туриб, бузрукворига қуллиқда бош эгди. Хоразмшоҳ ўғлининг кўркам елкасига қўлини олиб борар экан, билагига куч, тафаккурига ақл инганига ишонч ҳосил қилди. Кейин ўзига боқиб турган фарзандига қараб айтди: - Шаҳзодам, бул бир муҳим тиловдир! - На қарорингиз бўлса, амр этинг, шаҳаншоҳим! - Қани, синов майдонига марҳабо унда! Шаҳзоданинг шодликдан кўзлари чақин чақди. - Буюринг, шаҳаншоҳ! - Чорбоғ майдонига ўтгаймиз! Чорбоғга ўтилгач, баҳодирлар орасида ўзаро курашлар авжига чиқди ва Хоразмшоҳнинг дилини яйратиб, Жалолиддин барча рақибларини енгиб, шаҳаншоҳнинг чинакам вориси эканини бузруквори кўз ўнгида тўкис исботлади.

45. “Кимдан қўрқурсан?!“

Орадан икки кун ўтгач, Хоразмшоҳ ҳузурига шаҳзодаларни чорлади. Шунда шаҳзодалар унинг қабулига биттадан киритилди. - Шаҳзодам Жалолиддин! - Хоразмшоҳнинг овози жаранглаб, шифтларга урилиб қайтди. - Буюринг, шаҳаншоҳим! Хоразмшоҳ тахтдан тушиб, қуйига одимлади. У баайни отаси шавкатли Текиш нигоҳлари муҳрланган теран кўзларини шаҳзодага тикиб, ёнидаги қиличини тўғирлаганча савол қотди: - Cаваш майдонида кимдан қўрқурсан! - Оллоҳдан қўрқурман! - Офарин! - Қуллиқ, шаҳаншоҳим! Хоразмшоҳ бармоғидаги сариқ лаъл кўзли узукни чиқариб, аржумандига тутди. Шаҳзода шоҳ қаршисида тиз чўкиб, унинг этагини ўпди. Сўнг ўрнидан туриб, шавкатли падарининг теран боққучи кўзларига ғурурланиб қаради. Хоразмшоҳ тутқазган узук Жалолиддин бармоғида ярқираб, кўзни қамаштирди. - Шараф туйдим, шаҳаншоҳ! - У ғурурланиб боз қайта Хоразмшоҳдан азмойиш олди, сўнг бироз ортига чекиниб, – Мамнунмен, миннатдормен! - деди. - Шаҳзодам, рухсат сенга! Сўнг қолган шаҳзодалар бирин-кетин султон ҳузурида ҳозир бўлди. - Шаҳзодам Қутбиддин Ўзлоқшоҳ! - Чорловингизга кўра ҳузурингизда ҳозирмен, Шаҳаншоҳим! Хоразмшоҳ тахти равонда виқор билан ўтирар экан, фарзандига савол назари билан боқди. - Яқинлаш. - Амр этганингиздек. - Ўзлоқшоҳ, сенга саволим бордур! Ўзлоқшоҳ қуйи эгилган бошини хиёл кўтариб, нигоҳларини падарига қадади. - Савол этинг, Шаҳаншоҳим! - Cен кимдан қўрқурсан?! - Оғам Жалолиддиндан! Эндиги гал шоҳнинг ҳузурига шаҳзода Ғиёсиддин Пиршоҳ киритилди. - Шаҳзодам Пиршоҳ! - Амрингизга мунтазирман, Шаҳаншоҳ! - Шаҳзодам, айт, сан-да кимдан қўрқурсан! - Оғам Жалолиддиндан! Сўнг шоҳ ҳузурига Оқшоҳ, Рукниддин, Гурсанжти, Ҳуршоҳ киритилди. Шаҳзодаларнинг барчаси Хоразмшоҳнинг “Кимдан қўрқурсан?”, деган саволига “Оғам Жалолиддиндан” деган жавоб қайтарди.

46. Ёрқин хабар тарқалди

Ҳисобсиз қўшин Еттисув томон йўналди. Еттисув учун бошланган жанг беаёв кечди. Ўшанда Жалолиддин муҳораба майдонида мислсиз жасорат кўрсатиб, музаффарият байроғини қучиб қайтди. Сўнг Хуросонда кўтарилган бошбошдоқликни бартараф этмоқ учун Афғон заминига йўл олди. Хуросонда осойишта ҳаёт ўрнатилгач, Жалолиддин тағин Мовароуннаҳрга қайтди. Мужодала майдонида баайни шер ҳамласини қўллаган Жалолиддин ғанимлари кўнглига таҳлика ва қутқу солиб, жангга шиддат ила беомон кириши тилларда достон бўлди. Манкбурни ташқаридан саломхонага сирғалиб тушган бир тутам зариф зиёга нигоҳини қадади. У ўрнидан туриб, кошонани бир айланиб чиқди. Атроф осойишта, фақат сарой маҳрамлари ўз юмушлари билан тинмай куймаланар эди. * * * Нишопур янги кунга юз тутган, бу муборак жума кундузи эди. Султон Жалолиддин қудратга келган кун эди бу кун! Ёрқин хабар тарқалди. Сарой аъёнлари ҳамда Хуронсон беклари, амиру нойиблари Мовароуннаҳр Султони Жалолиддин Манкбурнига содиқ хизмат этмоқ учун унинг ҳузурида ҳозир эди. Жарчи ширали ва бағоят мафтункор овозда жар солди: - Диққатли бўлинг, Султон Жалал ад Дунйа ва-Дин Абдул Музаффар Манкбурни ибн Муҳаммад онҳазратлари! Жарчи навкарнинг ширали овози саройни тутиб кетди. Барча ҳушёр тортиб, қуллиқда тек қотишди. Султон Жалолиддин Манкбурни Хоразмшоҳ қадамлари зарбидан сарой ларзага келди. Султон шамшод қаддига ярашиқли, хоразмшоҳларга хос виқор билан тахтга бориб ўтирди. Жарчининг жарангдор овози тағин янгради: - Шаҳаншоҳим, бутун Мовароуннаҳр ҳамда жумлайи Хуросон, Эрон Сиз зоти олийларини муборакбод этиб, Сизга содиқ хизмат этмоқ учун қасамёд этмоққа шайдур! Султон “маъқул” маъносида бош чайқади. Жарчи яна жар солди: - Шайхул Ислом Абдул Жаъфар Муҳаммад ҳазратлари! Шайхул Ислом Яратган Эгамга ҳамд-сано ўқиб, сўнг Султонни муборакбод этди. Тахтдан пастга тушиб, қуйига қараб йўналган шаҳаншоҳ Шайхул Ислом қаршисида тўхтаб, унинг муборак қўлини юзига суртди. Кейин дуойи саломлар ичида яна тахтга бориб ўтирди. Муборак жума кундузи қилинган дуолар ижобат бўлгуси онлар яқинлашмоқда эди. Шайхул Ислом хутбада Султон Жалолиддин Хоразмшоҳ номини ўқиб эшиттирди. Вазири аъзам Султоннинг этагини ўпиб онт ичди: - Қодир Оллоҳга онтким, сўнгги томчи қоним қолгунга қадар аҳдимга содиқ қолиб, Сиз зоти олий ва Мовароуннаҳр учун хизмат қилмоққа қасамёд этурман! Сўнг бирин-кетин сарой аъёнлари, амирлар, ҳокимлар, Хуросон беклари Хоразмшоҳ Жалолиддин қаршисида тиз чўкиб, буюк Мовароуннаҳр учун содиқ хизмат қилмоққа қасамёд этишди. Султон сарой аъёнлари ва барча вилоят ҳокимларини бирдамликка даъват этиб, оташин нутқ сўзлади: - Аҳли Мовароуннаҳр ва жумлаи Хуросону Эрон! Тингланг, букун бутун Мовароуннаҳр таҳлика ичинда. Ва бунда биз музаффарлик туғини сарбаланд кўтариб, ғолиб чиқмоқликни тажалли этишини Қодир Эгамдан ўтиниб сўраймиз. - Омин! – шафоату қўллов сўради аъёнлар. Хоразмшоҳ матлаи саодат билан нутқида давом этди: - Модомики бутун мамлакат ҳалокат ёқасида экан, бирлашиб мўғул таҳликасини бартараф этгаймиз ва зафар қучгаймиз. Қиличимиз кесгир бўлсин, қадамимиз залвори эса ғанимлар кўнглига қутқу, таҳлика солсин! Бизким Мовароуннаҳрнинг асл ворислари Ватан учун курашиб, Ватан учун жон тикайлик! Бу саваш майдонида не-не жўмард баҳодирлар юрт учун жон фидо қилмаган? Не-не мард паҳлавонлар қон тўкиб шаҳид бўлмаган? Бу жангу жадал тамойилидур, кимдир саваш майдонида ҳалок бўлар, аммо Ватан учун ҳалок бўлмоқлик йигит учун шарафдир! Қурбонлар хотираси илло авлодлар қалбида мангу яшаяжак, шаҳидлар номи шараф билан албат тилга олинажак! Султон даъвати барчани тўлқинлантирди. Она Ватан туйғуси, юрт озодлиги, қадр-қиммат ва шаънини ҳимоя қилмоқ ҳисси билан ёнган мовароуннаҳрликлар чиндан қўзғолган эди. Ҳукмдор бир ой ичида анча куч тўплашга муваффақ бўлди. Ҳирот волийси – Аминал Мулк ўн минг лашкари билан келиб унга қўшилди. Вилоят ҳокимлари ва амирлари кун сайин саркарда Жалолиддин сафини тўлдириб борди.

47. Қайғули хабар

Эшик туйқус очилгач, Султон ортига бурилиб қаради. - Шаҳаншоҳим! - Эшик оғаси яқинлашиб, султонга тавозе билан бош эгди. - Cўзла. - Ҳузурингизга олис йўл босиб, Жалойир Ўзлоқ келмишдир! - Жалойир Ўзлоқ?! - Шундоқ, шаҳаншоҳим! - Дарҳол чорла, кирсин! - Амр этганингиздек онҳазратим! - Эшик оғаси ортига тисарилиб, ташқари чиқди. Фурсат ўтиб, ичкарига Ўзлоқ кирди. - Шаҳаншоҳим! - Жалойир Ўзлоқ ҳазратлари! Султон юриб бориб Жалойир Ўзлоқ қаршисида тўхтади. Аммо қуллиқда турган Ўзлоқ бошини кўтармай, ҳамон тек қотиб турар эди. Султоннинг нечундир кўнгли бузилди. Бир умр отасининг хизматида бўлган бу закий, аҳли дониш инсон Жалолиддин учун чиндан дилга яқин, қадрли кимсага айланган эди. Хоразмшоҳ уни қучоқлаб: - Бошингизни кўтаринг.- деди. Ўзлоқ эгик бошини кўтарди. Юзи сўлғин, нигоҳи эса вазмин, кўзларининг шишаси ёшдан намланган эди. Султоннинг тағин кўнгли бузилди. Ўзлоқ ҳасратли сўзланди: - Кўнглимда бир гудук бордур. Ичим-ичимга сиғмайдур! - Омондир? Хайрдир? - Хайрдан дарак йўқдур! Маъзур тутгайсиз шаҳаншоҳ онҳазратлари, сизга совуқ хабар келтирдим. Манкбурнининг шундоғам ғаш бўлган кўнгли баттар ғашланиб сўради: - Қандоқ хабар эмиш? - Шаҳаншоҳимиз Султон Алоуддин Муҳаммад ибн Текиш онҳазратлари Ҳақнинг муборак исмини тилида ва дилида ёд этиб, пок руҳлари Хўжа Роббимнинг чексиз раҳматига қовушмишдир, илло! Совуқ хабар Манкбурнини ларзага солди. У ғафлат ичида сўради: - Қачон? - Олти юз ўн еттинчи йил, шаввол ойининг ўнинчи, муборак жума кунинда. Бу чиндан мелодий 1220 йил декабрининг 10-жума кунида содир бўлган эди.

Хоразмшоҳ юриб бориб, кошона поёнида тўхтади. Унинг аҳволи танг эди. Тобора синиқиб кетаётган юзига назар солган Жалойир ҳали ҳам турган жойида тек қотган эди. Энди унинг кўнгли бузилди. Султоннинг юзи қум сингари тусини йўқотди. Унинг нигоҳлари кошона ичида дарбадар кезинарди. Ўртага бир мудҳиш парда тортилган эди, султоннинг кўзлари шу парда ортидан нарига алам ва ситам ичида ҳасрат-ла боқиб турарди гўё. Жалойир ўзи келтирган мудҳиш хабар сўнгги Хоразмшоҳнинг ҳувиллаб ётган дарбадар қалбига нақадар шафқатсиз таъсир этганини ўз кўзлари билан кўрди. Жалолиддиннинг кулфати мислсиз эди. - Жалойир ҳазратлари. - Буюринг, шаҳаншоҳим. - Бузрукворимнинг жасади қаерга кўмилди? - Ашур ада оролчасига, шаҳаншоҳим. – Ўзлоқ оғриниб ютунди. У пешонасида униб чиққан терларни сидириб артди. Кейин ғам ичида яна сўзланди. - Ҳасратда қолдим. Аммо бу Ҳақнинг ҳаёт ўлчови эди. Жонсиз жасадни қучоқлаб қолдим. Мени ёлғиз ташламанг, дея нидо этдим. Аммо жавоб олмадим. Сўнг ноилож шаҳаншоҳни тупроққа топширдим. Оролчага кўмдим. “Бу ерга шоҳлар шоҳи кўмилган” деган битикни қолдирдим. Мотам ичида беаёв ёндим, Хоразмшоҳ Султон Муҳаммад ибн Текишни чорасиз, ўзи кийиб юрган кийимида дафн этдим.- дея хотималади у. Султоннинг мушти беомон тугулди. Тишларини тишларига қўйган чоғ унинг жағи бўртиб чиқди. Кеча ўзини дунёга устун билган Муҳаммад Хоразмшоҳнинг бу тақлид ғариб заволи ўғли Жалолиддинни мислсиз ғусса комига улоқтирганди.

Нишопур саройидан от суриб чиққан Султон хос лашкарлари қуршовида эди. Аҳли Нушопур султонга таъзимда бош эгиб, ортда қолди. Олдинда эса яна бир туман оломон тек қотиб, шаҳаншоҳга тавозеда эгилишди. Кимлардир девор оша, яна кимлардир эшик тирқишидан мўралаб, яна бировлар султон ва унинг навкарларига қуллуқ қилган ҳолида ортда қолиб кетишди.

48. Чингизхоннинг ҳийласи

Шомон Турфон “Турфон денгиз” лақабини олган. Бу афсунгар сеҳр-жодуни қўзғашда устаси фаранг шайтон малайларидан эди. У Чингиз чорловига кўра хон ҳузурига етиб келганди. Жоду китобини варақламоқ билан машғул бўлган шомонга хон қисиқ кўзларини қадаб амр этди: - Cеҳр-жодуингни ишга сол, Турфон! Магар Жалолиддин кучини қирқиб берсанг, дастурхонинг зардан, еган таоминг олтиндан бўлгай. Умр бўйи роҳат-фароғатда яшагайсан! Турфон денгиз жоду сеҳрини қўзғаб, ўрнидан турди. Унга яланғоч, фақат уят жойлари латта билан тўсилган, кўзлари сузик мўғулий аёл кумуш табоқда қуён суягини тутди. Турфон табоқни ўтда айлантириб афсун ўқиди. Сўнг тиз чўкиб, табоқни Чингизхонга узатди. Хон ўтирган ерида қўзғалмасдан суякларни олови кўкка ўрлаётган гулханга ташлади. Суяклар оловда чарсиллаб куйди. Атрофда ачимсиқ куйинди иси анқиди. Дуддан нафас олган хон ижирғаниб бурнини жийирди, сўнг тобора алангаланаётган гулханга тик қараган кўйи гўё бўлғуси саваш майдонини кўз ўнгида тасаввур этиб, бор овозида “хо-хо”лаб кулди. Олов атрофида шомонлар шайтон куйини чалиб, рақс тушишди. Улар қулочларини озод ёйиб, “ҳув-ҳув”лаганча афсун қўшиғини айтдилар. Бўйнига қора, катта-катта шода қаҳрабо мунчоқ таққан Турфон яна олдинга чиқди. Бошидаги темир қалпоғига қўнғироқлар осиб, жаранг чиқараётган жодугар бу гал тош косадаги тузни оловга сочди. Сўнг гулхан теграсида айланиб, яна муттасил афсун ўқигач, бу гал оловга сув сепди. Кейин тағин афсун ўқиди...

Афсунлар жазавасига саҳна бўлган ялангликни тарк этган Хон ўтов томон йўналди. Кетидан қуллиқда бош эгиб кирган сипоҳга амр этди: - Олиб киринглар! Фурсат ўтгач, ўтовга хуфя кирди. - Улуғ хон, амрингизга кўра... - Cўйла... - Жалолиддин Қандаҳорга отланмиш. Чингиз бошини қимирлатди: танқайган пучуқ бурнининг катаклари очилиб-ёпилиб, чуқур нафас олди. - Аъло!- Мамнун илжайди хон. - Ҳузурингизга Ялавоч тавсия этмиш Шайбонни олиб келдим. Чингиз “тўхтаб тур” деган ишорада ўнг қўлини кўтарди. Бу хуфя маълумот йиғишда устаси фаранг айғоқчи эди, у хиёнаткор кўзлари билан хонга тикилиб, унинг ишоратини уқиб, тек қотди. Сўнг икки қўлини кўксига қўйиб: - Ишоратингизни уқдим, ҳукмдор.- деган кўйи ортига тисарилиб, эшик ёнида тўхтади-да, яна бир бор қуллиқда эгилгач, ташқарига чиқиб кетди. - Зудлик билан Жалолиддин кетидан ҳисобсиз лашкарни жўнатгайсан! - Совуқ нигоҳларини ўғли Тўлийхонга қадаб буюрди хон. У юриб бориб, эшик поёнида тўхтади, кейин ортига қайтиб, ўтов ичини айланиб чиқди. Ниҳоят, Тўлийхон қаршисида тўхтаб, яна уқтирди: - Ялавоч тавсияси ҳали бизга кўп асқотгай. Анга қўз-қулоқ бўлинг. Ул бандайи шайтон Жалолиддин лашкарларига қора ажал уруғини сочгай! Ва Манкбурни лашкарлари бу ажал ўтида беомон қовурилгай! Тўлийхон отасиники каби танқайган бурнини жийирди. Хон аталмиш отасидан у ҳар не кутса-да, бу разилликни кутмаган эди. Ахир бу хатарнок қора ажал ўзларини ҳам заҳарлаши, ўзларини ҳам ўлим тўшагига михлаши мумкин-ку! Хуфялари унга яқин кунларда Дажла соҳилларида қора ажал тарқаганини етказишган, ўлат билан хасталанган кемирувчилар ўзларидан ажал уруғини сочиб, кўпларнинг ёстиғини қуритганди. Куни кеча Чингиз фармонига кўра Дажла бандаргоҳидан сопол идишга қамалган каламуш келтирган хуяфлар бугун хон ҳузурида ўзларини қандай ажал кутаётганидан бехабар қолишди. Орадан икки кун ўтди. Сипоҳ олиб кирган хабар унга қамчи саваламоқ фурсати етганига бир туртки бўлди. Хон ҳузурида турган сипоҳ нигоҳини Чингизга қадади. - Cўзла! - Шайбон иситма оташида куймоқда. Чингизнинг кўзга ташланар-ташланмас сийрак, малла қошлари учиб, лаби кибр-ла буришди. - Яъни? - Боши оғриб, аъзойи бадани қақшаётганидан шикоят этмиш. Хон “хо-хо“лаб сохтакор кулди, кейин сипоҳга қараб: - Аъло!-деди. - Қўлтиғи шишиб, яраси йиринг бойлаганини ўз кўзларим ила кўрдим! – деди яна сипоҳ. - Дарҳол бул таҳликали муждани Жалолиддинга жўнатгайсизлар! Ул мохов қора ажал уруғини энди Манкбурни ҳузурига бориб сочгай! Бу амрдан сипоҳлар оёққа турди.

49. Қора ажал уруғи

Афғон этагида жойлашган Қандаҳор бу кун таҳликадан ҳоли, сукунат оғушида уйғонди. Бу чиндан ҳукмдорнинг Нисо таҳликасидан кейин сокин ва осойиш кечган кунларидан бири эди. Аммо шаҳаншоҳнинг осойиш кўнглини бир совуқ хабар вайрон қилганди. Эшик оғаси султонга ҳожиб ул-кабир - Хонберди Сарухон кирмоқ учун изн сўраётганини билдирди. Сарухон Манкбурнига хос навкарлардан бири вабога чалингани ҳақида хабар етказди.

Ўшанда навкар шеригининг ҳолсизланаётганини кўриб: - Оғам, иситманг борга ўхшайдур, бетобмисан ?- дея ҳол сўради. Навкар шеригига боши оғриб, аъзойи бадани қақшаётганидан шикоят этди: - Cўрама! Бошим лўқиллаб оғриётир, магар аъзойи баданим қакшаб кетаётганини тасаввур эта билмассен. Оғриқ азобидан мижжа қоқмай, тонг отгунга қадар қақшаб чиқдим. - деди зорланиб. У сўл қўлини ўнг қўлтиғига олиб борди. Беморнинг оғриқ азобида елкалари баттар қисилиб, юзидаги ажинлари қуюқлашди. - Бу кун тонгда қўлтиғим остида шиш пайдо бўлмишдир, қўлимни кўтарсам, зирқираб оғрийди, кўтармасам, яраси баттар ачишади!.. Азоб ичида қолдим. Аввалига бу қандай кулфат экани ҳеч кимсанинг хаёлига-да келмади. Аслида бу қора ажал аломатлари эди. Бемор зудлик билан сарой шифохонасига жўнатилди. Кун пешинга қараб оғди, аммо оғриқ азобидан ҳаловат нелигини унутган хаста навкар буткул ҳолдан тойган эди. У иситма оташида куйиб, нажот истаб тинмай ингранар эди. Исломни қабул қилган яҳудий ҳаким бемор қошига етиб келди. Хаста эса ётоқда ҳали ҳам ҳолсизланиб ётар, азбаройи иситма оташи кучлилигидан ҳолсираб, пешонасида униб чиқаётган терларини зўрға сидириб гапирди: - Аъзойи баданим зирқираб кетаётир! - Иситма қачондан чиқмиш? - Кеча шомда бошланмиш, ҳаким ҳазратлари! - Ҳим. Тағин не ҳол юз бермиш? Бемор сўл қўлини ўнг қўлтиғига олиб бориб зорланди. - Қўлтиғимда бир шиш бордур! Ҳаким ёрдамчиларига беморнинг кийимини ечишга буюрди. Кўрдики, чиндан беморнинг қўлтиғи шишган, баъзи қабариқ шишлар ярага айланиб, усти йирингли потос бойлаган эди. Ҳаким бунда ўзи хавотир ичида шубҳа қилган хасталикнинг бошқа аломатларини ҳам кўрди: хусусан, беморнинг сони қорайиб, оёқларида қора доғлар пайдо бўлганди. Бу шаксиз ўлат аломатлари эди. - Дарҳол анинг чоралари кўрилсун! Бошқаларда ҳам бул аломат борму-йўқлиги аниқлансун. Хасталик билан оғриган бемор шаҳардан чекка бўлган кимсасиз гўшага олиб борилсун! Токи бу ўлат бошқаларга юқмасин. Хоразмшоҳ хасталикка чалинган кимса то ўлимига қадар қора ажал офатидан қутула олмаслигини билар эди. Зотан, бу хасталикнинг олдини олиш чоралари кўрилмаса, ажал уруғи кўпнинг ёстиғини қуритиши тайин эди...

50. Шаҳзоданинг ўғирланиши

Жалолиддин кетидан қувиб, Қандаҳорга етиб келган мўғуллар қалъа атрофини гўё ўлжасига қутқу солган оч қузғунлар каби ўраб олишди. Қандаҳор қамал ичида қолди. Ва бу қамал беаёв кечди. Силлиқ тош йўлакда туйқус тойиниб кетган Сафартош зўрға мувозанатини сақлаб қолди. У барча ором олар маҳал, шериги Сорлочин билан тил бириктириб, яширин йўллар орқали шаҳзода Салоҳиддинни ўғирлаб, ташқарига олиб чиқиб кетган эди. Ўғирланган шаҳзода ва хуфялар сарбозлар қуршовида зудлик билан Чингиз ҳузурига жўнатилди. Тунда заҳарланган жориялар тонгда ҳушига келгач, сарой оғасини машъум воқеадан хабардор этишди. Қалъа ичидагилар асирга тушиш нақадар аянчли эканини англаб етган, бунинг устига шаҳзода Салоҳиддининг ғойиб бўлиши барчани довдиратиб қўйди. Ошёна ичида дарбадар кезинган волида Ойчечак азбаройи нима қиларини билмай, меҳроб қаршисида тўхтади. Унинг ақли шошган эди. Волида қалтираган бармоқлари билан шашқатор ёшларини сидирди. Ичкарига юрак ҳовучлаб кирган бекачи маликага қуллуқ қилиб, тавозе билан бош эгди. У паст овозда маликадан изн сўради: - Волидам, Элтўриқ ҳузурингизга кирмоқ учун изн сўрамоқда. - Дарҳол кирсин! - Ойчечакбегим тоқатсизланиб ўрнидан турди. Эшик очилиб, волида Ойчечак ортига бурилиб қаради. Элтўриқнинг қораси кўринди. - Маликам! - Cўзла! - Барчаси маълум бўлмиш! Шаҳзода Салоҳиддин эшик оғалари Ҳолидпошшо ва Тархон томонидан ўғирланмиш! Аларга Сафартош ва Сорлочин кўмакда бўлган. Ойчечак Султонбегим титради. Сўнг қалтироқ қўлларини оғриқли пешонасига олиб бориб, “Эй воҳлар бўлсин!” дея нидо этди. - Ул хиёнаткорларни дарҳол ҳузуримга чорланг! - Ул сотқинлар изсиз йўқолмишлар! - Қайга изсиз йўқолмишлар?! - Ғойиб бўлмишлар! - Бекалар-чи? - Тунда ҳар иккиси ҳам заҳарланмишлар! - Ўғирланмиш, бекачилар заҳарланмиш! - Зарда қилди малика. Элтўриқ тили кесилиб, жимиб қолди. Унга нигоҳларини қадаб турган малика тағин зардали овозда бақирди: - Cен қай юмуш ила машғулсан?! - Бир қошиқ қонимдан кечинг, маликам! - Шаҳзодамни қўримоқ сенинг зиммангдамасму эди? - Менинг, менинг зиммамдадур! Қўрий билмадим! Бир қошиқ қонимдан кечинг. - Cасингни кес! Бир қошиқ қонинг асло кечилмагай! Элтўриқ малика қаршисига келиб тиз чўкди. У нажот истаб нола қилди: - Маликам, менинг бир қабоҳатим йўқдур. Магар бошимга оғир нимарса текканини билурман, бошқа воқеадин хабарим йўқдур! Ҳушимга келсам, эшик ёпиқ. Ичкарига мўраласам, бекачининг ҳар иккиси оғанаб ётмишдур! Шаҳзодам, шаҳзодам дея чақирган кўйи ғафлатда қолиб кетдим. Нола қилдим! Аммо шаҳзодадан дарак бўлмади. Шаҳзода Салоҳиддин ўғирланмишдур! Менинг ул шарҳриёрга бир қабоҳатим йўқдур! - Тек тур, сасингни кес, дейман. Сенинг юрагингни қўпортиргум! Ойчечак эшик оғаларини чақирди: - Оғалар! Эшик нарида шай турган оғалар ичкарига киришди. Малика уларга қараб амр этди: - Олиб кетинг! – у жирканган каби ижирғаниб, нигоҳлари билан Элтўриқни кўрсатди. Олиб кетинг шуни кўзимдан! - дея буйруқ берди.

Ташқарида эса беаёв жанг кечмоқда эди. Бу саваш майдони эди: бу уруш майдони шуни тақозо қилади - кимдир ер тишлайди, кимдир зафар қучади. Мужодала якуни қандай хотима топишини ҳеч кимса олдиндан белгилаб бера олмасди. Султон қоронғу зулмат тунни бедор ўтказган, зотан атрофида содир бўлаётган воқеалар уни уйғоқликка мубтало этганди. Шуҳратпараст момоси Чингизхонга калака бўлди! Cинглиси аччиқ қисматга гирифтор этилди! Қаттол қўлида жони қонаган шаҳзода иниларининг қонли заволи уни баттар сиқувга олди. Бузруквори Хоарзмшоҳ ҳалокати-чи? Сўнг жигарбанди Салоҳиддиннинг ғойиб кетиши... ўғирланиши... Буларнинг барчаси унинг кўнглида даҳшат ва ваҳшат шамолини қўзғади. Аммо бу кўргуликлар кечмиш ҳодисанинг кўнгилда яширин кечган акси эди, холос! “Cуриндим, аммо йиқилмадим!” - деди султон ўзига-ўзи. “Йўқ, йиқилдинг!” - ногаҳоний овоз Султон қулоқлари остида муаллақ қотиб, муттасил янграб турди. “Йўқ, - дея наъра этди у. - Суриндим, аммо кучли бўлиб оёққа қалқдим. Йиқилдим, аммо қудратли бўлиб ўрнимдан турдим. Мен давомий Ануштегиний, мен хонадони хоразмшоҳларнинг еттинчи вакили Жалолиддин Манкбурни, ёвни шаксиз енгажам! Қирғий чангалим ила ёвни бўғажам!” У меҳроб қаршисида тўхтади. “Ёғийни қирғий чангалим ила янчиб ташлажам! Сўнг озод ўлажам! Эшит, тебранаётган дунё, қалқиган олам! Ёвни Хоразмшоҳ қирғий чангалим бирла янчиб ташлажам, сўнг ҳайқириб озод ўлажам!” - Оғалар! - чақирди Хоразмшоҳ. Зулмат чимматига ўралган қаролиғ кечада, бир қўлида қилич, бир қўлида қалқон тутиб бедор турган оғалар ичкарига жонсарак киришди. - Барча оёққа турсин! Ва дарҳол ҳузуримда ҳозир бўлишсин!

51. Бойўғлининг ҳасратли ноласи

Тун иккинчи ярмига қараб оғар маҳал бойўғлининг ҳасратли ноласи эшитилди. Хоснавкар бойўғли тилида тиним билмай нола қиларди. Бу ҳарбий ҳушёрликка чорлов чақириғи эди. Лашкарбошилар, беклар, амирлар ва жамики сарой аъёнлари султоннинг ҳузурида ҳозир бўлишди. Тун зулматида султон ҳузури шамлар ёғдусида заъфарон эди. - Душманнинг ҳамласи кучимизни асло қирқолмагай! Жонимиз шул ожиз вужуд ичра омонат қамалгандир! Ва биз барчамиз бир кун ўлгаймиз, вале озод руҳимиз илло Ҳақнинг раҳматига қовушгай! Ўлсак - қурбон ўлайлик! Ватан учун қон тўкайлик! Жиҳод! – дея ҳайқирди у. - Жиҳод! - жўр бўлди жамики сарой дастури. Бу субҳи содиқ жангнинг учинчи тонги эди. Атрофда тўзғиган мўғулларнинг ола-тасири оламни тутиб, яна улар қузғун каби қалъани ўраб олишди. - Бир зарбимиз ила даф қилгаймиз! Жиҳод! Жиҳод! Жиҳод! - дея ҳайқирди саркарда. - Жиҳод! - шамширни озод кўтарган сарбозлар ҳайқириғи Хуросон заминини титратди. Шер наъраси мўғул шоқолларини ҳушёр тортирди. Улкан темир дарвозалар очилиб, саркарда Жалолиддин бошлиқ отлиқ лашкарлар қўлларида олов тутиб, ташқарига отилди. Саркарда ва унинг сарбозлари шер каби ўкириб, ёғийлар устига беомон ташланди. Султоннинг чап қанотида турган Аминалмулк сарбозлари тўзон каби душман устига ҳужумга ўтди. Ўнг қанотда эса Соҳиби Жайиш уларни қувватлаб турди. Саваш майдони султон лашкарлари ҳайқириқларига тўлиб кетди. Мўғуллар саросима ичида ортига чекина бошлади. Ҳал қилувчи онлар яқинлашганди. Жалолиддиннинг сўнгги шиддатли зарбига дош бера олмаган мўғуллар буткул тор-мор этилди. Жалолиддин ва қайнотаси Аминалмулк иштирокидаги Қандаҳор қамали шу тариқа якун топди. Жалолиддин чиндан Муҳаммад Хоразмшоҳ арслонлари ичидаги шер эди. Бу шер ҳамласи шоқоллар рақсини бир зарбда даф этиб, уларни ортга улоқтириб ташлаган эди. Шу тариқа осмон денгизида бир чароғон ҳарб юлдузи чарақлаб чиқди.

52. Зўраки мактуб

Иттифоқо, ўғирланган шаҳзода Чингиз ҳузурига олиб келинди. Аммо унинг кетидан хуфялари хонга тағин шум хабар етказишди. Султон Жалолиддин Қандаҳор қамалидан омон чиқиб, мўғуллар галасини тутдек тўкмиш эди. Жалолиддиннинг Қандаҳордаги ғалабаси хонни бениҳоя дарғазаб этди. Манкбурнининг бу жасорати Жўжининг попугини пасайтириб қўйган, у ичида “Мовароуннаҳр бундан бадтар бўлар эди. Жалолиддинсиз ботқоқ ичига тамом ботиб, афтодаҳол қолар эди. Аммо Жалолиддин, аммо у ҳар қадамда мўғул оёқларига тушов солмоқдадир”, дея ижирғанди. Бу гал у ҳарир пардалар билан ўралиб, нурга чўмилган бир муаззам ўтовни ихтиёр этди. Жунун асосига таянган Жўжи кейинги пайтларда кўнгли нимани тусаса, шуни қилишга одатланган эди. Мана, у қўлларида зарҳал патнис тутиб, турфа ширинликлар олиб кирган Хон Султондан кўз узмай, унга суқ тикилиб қолди. Заифа ширинликларни дастурхонга тортиқ этди. Кетар маҳал Жўжи унинг нозик билагидан тутди ва ўзига қарата тортиб, деди: - Ман билан бирга қол! Хон Султон қайтиб дастурхон атрофига чўкди. Улар бирга таомланишди. Жўжи ожизанинг нозик бармоқларини дағал қўллари билан силаб, қисиқ кўзларига суртди. Дастурхон тўла ширинликларга кўз югуртириб, ичидан офтобда хўб тобланиб пишган узум бандидан бир дона узиб, Хон Султоннинг ёқут лабига олиб борди. Узумдан тотинган Хон Султоннинг инжа киприклари кўтарилди. Аччиқ қисматига кўниккан Хон Султон емак билан машғул экан, Жўжининг ботинида кечаётган ҳолдан мутлоқ бехабар қолди. Жўжи қовурдоқни еб бўлгач, ёғли қўлларини артиб, Хон Султонга қаради. - Cулув, мудом роҳатда яшамоқни истасанг, менинг дедикларимга қулоқ ос! Хон Султоннинг кўзлари мўғулга қадалди. Жўжи эса тағин гапида давом этди: - Магар оғанг Жалолиддинга мактуб битиб, ани бизим бирлан ҳамкорликка кўндирсанг, шаҳзода Салоҳиддинга асло озор етмагай. Сенинг эса давлатинг зиёда бўлгай! Хон Султон Жўжининг дедикларини азоб ичида тинглади. Хоразмшоҳлар ҳалокати камлик қилдими? Кутилмаган таклиф энди уни омон қўйсинми? У сукут ичида қолди. Бу таҳликали сукут эди. Хон Султоннинг бу ҳоли Жўжини дағазаб этди: - Надин бу ҳолинг хазин? - Cўйладикларингизни...- у бошқа гапирмоққа ўзида журъат топа билмай, яна жимиб қолди. - Сўйладикларимда не? Хон Султон чорасиз, овоз чиқармай уҳ тортиб, чуқур нафас олди. Жўжи шаҳзода Салоҳиддин ҳамда Хон Султон хоразмшоҳлар хонадони учун қадрли эканини биларди. У салтанат айни инқироз ёқасида турган таҳликали сонияларда фитна ўйинини бошлаган эди. Хонбаччанинг разил ниятда ўйланган режаси Жалолиддин эркига мутлоқ тўғри келмаса-да, барибир у аллақандай илинждан умидвор эди. Қанчадан-қанча обод шаҳарлар хароб бўлди. Улкан салтанат ҳалокат ёқасига етиб келганди. Жалолиддин-чи? Қачон уни таслим этади? Мутлоқ ғолиблик нашъидасини қачон суради? Қачон? Илинжу умиди не унинг асли? Ё, отасидан сўнг буюк дорулсалтанат барпо этиб, жумлаи жаҳон алқаган буюк Искандар Зулқарнайнга тенглашишмиди? Бу чоғ ботинида ёлқинланаётган кўнгил тўлғамаларини у ҳали тоғу тошларга ўйиб ёздиражак. Бу ёзиқларни у шу заифанинг нозик ва инжа бармоқлари ила ёздиражак! Ё Раб! Шуҳрат ва шаҳват уни қай ҳолга солмиш? У икки уммон ишқига ғарқ бўлган йиртқичга айланиб қолмадими? - Хўш? - чақчайган нигоҳини Хон Султонга қадаган Жўжи саволига жавоб кутиб, ижирғанди. - Шаҳзода Салоҳиддин! - Хон Султон мунг тўла кўзини Жўжига қадаб, - бул дилгирлик мени қайғуга солмиш! - деди оғриниб. - Шаҳзода меним таъминотим остида бўлгай. Сен эса мактуб бит, магар оғанг Жалолиддин бизим шартимизга кўнса, шаҳзоданинг бирор тукига ҳам зарар етмагай. Илло, Жалолиддин биз бирлан ҳамкор бўлса, кенг Хуросон тағин анинг ҳукминда бўлғай, санинг эса кўзингдан нам, дилингдан ғам кетгай. Бошинг асло хам бўлмагай. Хон Султон ногаҳон титраб, кўзини бир нуқтага қадаган кўйида узоқ турди. - Хўш? - бетоқат жавоб кутди хонбачча. Ниҳоят, Хон Султоннинг бармоқлари қалам тутди.

53. Муҳораба тадориги

Ануштегинийлар давомчиси Жалолиддин бу бир фитна ўйини эканини англаб етганди. Бу ошкора разил ўйин Жўжи учун ғалабалик нашидасини суришнинг ягона йўли эди, холос. Ва шу йўсинда Жўжи ёғий деб атагани - хоразмшоҳларнинг ўз қуролини ўзларига қарши ишлатмоқ учун макр майдонида шайтон нағмасини чалиш билан машғул эди. Жалолиддин беҳудуд даштлари бузрук қуёш нурларидан тавоб олган юрт - Хуросон томон тобора олдинга силжиди. Кунни жанговар ҳушёрлик билан бошлаган Элдегиз хос лашкарларни бир чизиққа тизиб чиққанди. Маҳоратини оширмоқ учун ҳарб машғулоти билан банд бўлган лашкарларнинг ола-тасири бутун даштни ларзага солди. Ҳалаж қабиласи сардори Сайфуддин Иғроқ, Балх волийси Аъзам Малик, яна бир туман афғонлар етакчиси Музаффар Малик ҳамда қарлуқлар сардори Ҳасан Қарлуқ Жалолиддин атрофида бирлашди. Уларнинг ҳар бирида ўттиз минг лашкар бор эди. Хуросоннинг нақ қовурғасида жойлашган Валиён бу кун ҳузур нелигини унутди. - Қалъа жангга шай турсин! Бу барчага жўнатилган фармон эди. Султон Жалолиддин ҳарб салоҳияти ва маҳоратини ошириб, шахсан ўзи ҳарбий машғулотларга раҳнамолик қилди. Саркарда бўлажак жанг бошланишида пиёдаларга дам бериб, асп юриш қилган шатранжбоз каби ноёб ҳарб усулини қўллади.

54. Навбатдаги машварат

У Қандаҳор ғалабасидан сўнг лашкарбошиларини тўртинчи бор ҳарбий машваратга чақирди. - Бу гал ёғий кўзи қонга тўлгани аниқдир. Жангу жадал тинкамизни қуритгани ҳам рост! Аммо Ватан учун жон фидо қилмоқ, шаънини қўримоқ йигит учун шарафдур! – у теран боққучи кўзларини лашкарбошиларига қадади. Барча сукут ичида эди. - Аларнинг ҳужумини ёппасига бир ҳамла бирлан муҳосара этиб, даф қилгаймиз.- Бу қатъият билан айтилган қарор, жанговар буйруқ эди аслида. Султон лашкарлари орасида темирдек қаттиқ ва мустаҳкам интизом ўрнатди. Қўмондон қўшинни беш қисмга бўлди. - Қўшин беш поғонага бўлиниб ҳаракат қилғай! Ҳарос - махсус қисмдир, - таъкид этди саркарда. Ўртага ҳўкиз терисига чизилган ҳарб харитаси ёзилган эди. Барча харитага кўз тикиб, султонинг дедикларига қулоқ осганди. Хоразмшоҳ харитага яқинлашди, у шамширининг учи билан бир нуқтани нуқиб, гапида давом қилди: - Йигирма минг нафар сара лашкар бул нуқтада жойлашгай, алар энг илғор қурол-аслаҳа - манжаниқ, найза ва камонлар билан таъминлангай. Саркарда харитадан ўмганини кўтарди. У қиличини қинига солмай, қўлида тутган кўйи лашкарбошисига буюрди: - Қандаҳор жангидин сўнг қўлга киритилган манжаниқлар ҳам Ҳарос - махсус қисм ихтиёрига топширилсун! - Уқдим, шаҳаншоҳим!- лашкарбоши Элдегиз Хоразмшоҳга бошини қуйи эгиб, таъзим бажо келтирди. Султон ерга ёзилган харитани бир айланиб чиққач, яна атрофдагиларга юзланди: - Аванғор – бул илғор қисм - муҳим қисм саналур! - Уқдим, онҳазратлари! - Аъло! – деди Cултон миннатдор оҳангда Элдегизга қараб, кейин гапида давом этди,-алар қўшинларни тўлдириб, қувватлаб тургай. Манғулой – қўшиннинг марказ қисми ҳисобланиб, бу қисм йигирма минг қўшиндан иборат эди. - Маълумингиз, Манғулой марказ қисм ҳисоблангуси! - Шундоқдур. - Султон фикрини тасдиқлади атрофидагилар. - Бул қисмни бошқармоқ учун янги саркор тайин этмоқ жоиздур! У лашкарбошиларига қаради.Улар сукут сақлаб туришар, аммо бу сукутларида “Ким тайин этилур?“ деган савол яширин эди. Кимсадан сас чиқмагач, Султон юриб бориб Элдегизнинг ёнида тўхтади. - Оғабеги! - Буюринг, онҳазратим! Амрингизга мунтазир қулингиз сизни тинглагай! - деди. - Бул масалада сенинг фикринг менинг учун муҳимдур! - Маъқул кўрсангиз, шаҳаншоҳим, Аминалмулкни тавсия этгум! Султон атрофдаги лашкарбошиларига савол назари билан боқди. - Маъқул! - Оғабегининг тавсиясини маъқуллади қолганлар. Чиндан бу лойиқ тавсия эди. Аминалмулк ҳарб санъатини мукаммал билган баҳодир, мард кимса эди. - Маъқул! - Cултон яна харита ёнида тўхтаб, барчага қарата деди: - Заҳирадаги йигирма минг сарбоз “манғулой”га қўшилгай! Аминалмулк! - Амрингизга мунтазирман, шаҳаншоҳим! - Ҳушёр бўлгайсан! - Фикрингизни уқдим, шаҳаншоҳим! - Илло, саваш майдонида мўғулларнинг сўл томонидан ҳамлага ўтиб, кейин Ҳаросга қўшилгайсизлар! - Уқдим, илло дедикларингиз қулоғимга қўрғошин мисол ўрнашмиш! Султон тағин қиличини харитага олиб борди. У шамшир учини бу гал қизил чизиқлар билан белгиланган қисмга нуқиди: - Тўртинчи қисм пиёдалардан ташкил топгандир. Алар манғулойга қўшилиб, қалъа атрофидан қувилган ёғийларга қарши ҳужумга ўтмоғи даркордур!.. Султон ўмганини харитадан кўтариб, кейин Музаффар Маликни даъват этди: - Музаффар Малик! - Буюринг, шаҳаншоҳим! - Аларға сен сардор бўлгайсан! - Онҳазратим, шараф туйдим! Cултон миннатдор бош силкиди. Бешинчи қисми Хос лашкар, деб аталди. Султон Жалолиддиннинг шахсан ўзи ушбу қисмга қўмондонлик қилмоқни зиммасига олди. Шаҳаншоҳ лашкарбошиларига яна амр этди: - Мудофаада собит туринг! Ёғий ҳужуми даф этилиб, аларнинг кучи буткул қирқилгач, қалъа атрофидан қувилган мўғулларга ёппасига ҳамлага ўтгаймиз. - Мўғулларнинг ҳарбий маҳоратидан хабардор бўлган султон тағин лашкарбоши ва сарбозларига уқтирди: - Атайлаб чекинаётган мўғулларнинг ҳийласига ҳушёр бўлгайсизлар. Ўнг томондан Ҳарос, сўл томондан Аминалмулк, яъни аванғор ташланурлар. Кейин Манғулой, кейин пиёдалар... Ғанимлар қалъа атрофидан қувилгач, пистирмага туширилур. Якунида маним қўшиним -Хос лашкар ҳамлага ўтгай.

55

Кечаги савашда тумтарақай бўлиб, ҳар ёнга тўзғиган мўғуллар қоронғу тун зулматида бир фурсат ором олиб, кейин яна жамланишди. Тонг отиб қуёш чиқишини кутган ёғийлар ғимирлаб қолганди. Қуёш чиқар томонда деворлари тош териб кўтарилган Нисо қалъаси мустаҳкам қалъа эди. Аммо ҳисобсиз отилаётган тўплар зарби қалъа деворларини титратди. Лашкарлар ёғий ўзларига қарата отаётган тўплар зарбини беомон қайтариб туришди, лекин манжаниқларда олов селини пуркаётган ғанимлар тўпи тош қалъани қўпормоққа қасд этгандек тиним билмасди. Ниҳоят мўғуллар бироз тинчиб қолишди. Кейин маълум бўлди: улар ҳали қуримаган терак новдаларига ўткир темир тишлар ўрнатиб, катта араваларга ортишди. Кейин ходаларни араваларга арқон билан жипс боғлаб, улкан дарвозага қарата ҳужумга шай қилиб қўйишди. - Аларнинг устига қиздирилган ёғ, сўнгра ўт қўйилсин! - Амр этди султон. Буйруқни кутиб турган лашкарбоши зудлик билан амрни бажармоққа киришди. Мўғуллар ҳозирланган араваларни шиддат билан итариб, қалъа дарвозаси томон яқинлаша бошлади. Мана, қалъа дарвозасини бир зарби билан қўпормоққа қасд этган мўғуллар манзил томон етиб келишди. Дарбоза қўпорилишига бир баҳя қолган чоғ уларнинг устига қиздирилган ёғ қуйилди. Сўнг олов ёқилиб, пастга ташланди. Мўғуллар жаҳаннам оловида куйиб, ортига чекина бошлади. Олатасир қий-чув, ҳасратли оҳ–воҳ оламни тутиб кетди. Жон талвасасида беомон тўзғиган ғанимлар ортига қараб қоча бошлади.

56

- Дарбозалар очилиб, ёппасига ҳамлага ўтилсин! – Амр этди саркарда. - Олға! Олдинга олға! – Ҳайқирди шоввозлар. Султон лашкарлари қалъа дарвозасидан чиқиб, оламни бузгулик ҳайқириқлари билан тобора орқага чекинаётган душманнинг устига ҳужумга ўтишди. Улар ёввойи мўғулий галаларини шаҳар ташқарисига қадар қувиб боришди. Ялангликка етган чоғ султон лашкарлари бу савашга якун ясади; улар душманнинг ўнг ва сўл қанотини ёриб чиқишгач, мўғуллар батамом яксон этилди. Бу беомон савашда султон Жалолиддин шаксиз ғалаба қозонди.

57

От чоптириб, бағри қонаб ётган ялангликни ортда қолдирган ёвқур саркарда гужумзор ёнида тўхтади. У сўнгги бор ортига боқди; ҳув нарида савашда жон берган лашкарлар ер қучоқлаб ётарди. Бу уруш тамойилидир - кимдир ер тишлаб қолади, кимдир баралла овозда зафар қучади. Саркарда Жалолиддин ортига - шаҳидларга қадаган нигоҳини тўғрига бурди. Унинг кўз ўнггида босилажак ва чунон адоқсиз йўл турар эди. Зафар қучган ҳукмдор Жалолиддин лашкарлари қуршовида Нишопурга қараб йўл олди. У – ёвқур Жалолиддин, буюк Хоразмшоҳлар дорулсалтанасининг еттинчи султони яловбардор ҳукмдор Абдул Музаффар Манкбурни эди. Мовароуннаҳр султони Алоуддин Муҳаммад Хоразмшоҳ, ҳамда туркманлардан бўлган Ойчечак Султонбегимнинг тўнғич фарзанди-аржуманди Жалолиддин Манкбурни эди... Исломий тўлиқ исми Жалал ад Дунйа ва-д Дин Абдул Музаффар Манкбурни ибн Муҳаммаддир. Юзида манк, яъни холи билан туғилган шаҳзодага туркий исм раво кўрилди. Унга Манкбурни номи берилди. Жалолиддин сарой тамойилларига кўра шаҳзодалар тарбияси билан шуғулланувчи хос мураббийлар қўлида олий мақомда тарбия кўриб, савод чиқарди. Қачонки Манкбурни тўққиз ёшга тўлганида дин, риёзиёт, Қуръон тафсири ҳамда Ҳадиси шарифни мукаммал ўрганди. Барча исломий ва дунёвий билимлар, ҳамда ҳарб санъати сирларини мукаммал эгаллаб, вояга етган шаҳзодани бузруквори султон Муҳаммад Ҳоразмшоҳ Ғазна, Бомиён, Ғур, Буст, Такинобод, Заминдовар ва Ҳиндистон қадар ёйилган сарҳадсиз ҳудудларга ҳоким этиб тайинлади. Отасининг ҳарб юришларида иштироқ этган шаҳзода, жанг майдонида ўз маҳоратини оширди. Саваш чоғида шер ҳамласини қўллаб, шоқоллар рақсини батамом енгган Жалолиддин муаррих Насафий назмида “Муҳаммад Хоразмшоҳ арслонлари ичидаги шер” деган номни олди. Шоқоллар зарбини даф этиб, шер каби ғанимини енгган Жалолиддин муҳораба майдонида ёғий қалбига мислсиз ғулу солиб, қудратли зарби билан уларни йўқлик қаърига улоқтира оларди. У муаррих Насафий таъбирича, чиндан Муҳаммад Хоразмшоҳ арслонлари ичидаги шер эди.

58

Тун устидан қора чиммат ечиб олингач, ойдин кун тажалли этилди. Бу тонг жуда эрта уйғонган шаҳзода бугунги ҳарб машғулотини Жайҳун этагида ўтказмоқни мўлжаллаган эди. Шунга кўра Соҳибжаҳон Элдегиз саройда уни кутиб турарди. Мовароуннаҳр узра қаҳрли қиш поёнига етиб, кўклам нимжон оёқ ташлади. Хуш ёқувчи биллур томчилари билан алафларни сийлаган найсон тезда тиниб, кўкда қуёш чирой кўрсатди. Борлиқ уйғониб, Жайҳун қайирида куртак ёриб чиққан ниҳоллар баҳор елларида инжа чайқалади. Тепалик тўшида эса жийдазор ястанган, улар кўклам келган эса-да, ҳали қиш уйқусида мудроқ ётарди. Туфроқ ёриб, бош кўтарган майсалар қуёшнинг зариф жилосида ажиб товланади... Кўпдан бундай сўлим баҳорни соғинган Жалолиддин кўклам ҳавосидан симириб, Жайҳун томон от чоптириб ўтди. Унинг кетидан ҳарб санъатининг уста-пири Элдегиз ва хос навкарлар от суришди. Суворийлар дарё қайиридаги бутазорларни ортда қолдириб, сўқмоқ йўлга чиқишди. Бу сўқмоқ суворийларни соҳил лабига етаклади. Шаҳзода эгардан тушиб, отининг тизгинини навкарга тутди. Шундоқ пойида, қирғоққа урилиб, сўнг таралиб ортга қайтаётган тўлқинлар мавжи унинг кўзларини қамаштирди.

Шамс нурларига чўмилган шаҳзода, рўпарасида ерга жипс қотган улкан ҳарсанг тош устига бир ҳатлаб чиқди, сўнг яна нигоҳларини шаффоф сувлар мавжига қадади. Тўлқинлар қимир-қимир мавжланиб, қирғоққа урилган чоғ шаҳзода юрагида чексиз бир завқ-иштиёқ ҳис этди. Кўнглида ажиб руҳий ғалаён қўзғалди. Зам-зама, муздек ҳузурбахш ҳовур шаҳзоданинг юз-кўзини чайиб ўтди. У ҳарсанг тош устидан қуйига сакраб тушди, сўнг ҳув нарида от тизгинини тутиб турган хос навкарнинг ёнига етиб келди. Торғил от эгасига белги бериб, тумшуғини кўтариб кишнади, сўнг кўкка сапчиди. От сурган шаҳзода бир доира ҳосил қилиб, ўзини кутиб турган Элдегиз қаршисида тўхтади. - Шаҳзодам! - Элдегиз Жалолиддинга лутф ичида сўзлади.-Ихтиёр этсангиз машғулотни бошласак! Жалолиддин тавозеда бош эгиб: - Маъқул!-деди. - Букун чапдастликда куч синашгаймиз! -Уқдим! - Қани унда ялангликка ўтгаймиз. Улар майсалар сабза уриб чиққан ялангликка етиб тўхтади. Қиличини қинидан чиқарган шаҳзода рўпарасида турган устозига таъзим қилиб машғулотга киришди. Кесгир шамшир қуёш жилоларида кўзни қамаштириб, дами ҳаво оқимини кесди. - Шаҳзодам сўлдан, сўлдан ҳаракат қилинг. - Уқдим. - Қиличбоз ҳам ўнг қўлида, ҳам чапдастида қилич ўйнатмоқни билмоғи даркордур! Чап қўлида қилич тутган шаҳзода рақибини мўлжалга олиб яқинлашди. Аммо Элдегиз қўлидаги шамшир нақ мўлжалига бориб тегди. Рақиб зарби тезда унинг шамширини қайирди. Сўнг қиличбозлар яна қилич қайратиб, саваш майдонида кезинишди. - Аввал мўлжалга олинг. Мўлжалга олинг, шаҳзодам! Уста ортига тисарилди. Жалолиддин Элдегиз томон эниб ҳаракат қилди. - Тўғри ва баайни вақтида олинган мўлжал саваш майдонида муҳим омил бўлгай.- уқтирди уста қиличбоз. Чап дастида қилич тутган шаҳзода дафъатан Элдегизнинг қиличини қайириб, қуйига эгди, аммо ўзини ўнглаб олган устоз қиличини яна ҳавода ўйнатди. Жалолиддин сўнгги шиддатли зарби билан рақиб қиличнинг дамини кесиб, қайирди. - Аъло! – Олқишлади устоз.- Энди ҳамлага ўтгайсиз. Баайни вақтида мўлжалга олиб ҳаракат қилган шаҳзода ўзининг қиличига қарата қадалган шамшир дамини сўнгги зарби билан қайирди, энди ҳужумга ўтмоғи даркор эди. Айни бу чоғ, рўпарасида қалқон кўтарган Элдегиз шаҳзоданинг нақ кўксига қилич тирамоқ пайига тушди. Жалолиддин қилич зарбини қайтарди. - Офарин!- Олқишлади уста. Сўнг яна қиличлар ҳавода ўйнади. Жалолиддин рақибини мўлжалга олиб, ҳужумга ўтди. - Бале, бале шаҳзодам! Мўлжал баайни вақтида олинди! Бу гал қиличбоз шамширини Элдегизнинг нақ кўксига тиради. Уста тишларини тишларига қўйди. Шунда унинг жағи бўртиб чиқиб, пешонаси тиришди. Юзидаги ажинлари қуюқлашиб, ўзини ҳимоя қилмоққа куч топа билмади. Сўнг кўзларида саноқсиз юлдузчалар чақнаб чиқди ва у чорасиз ерга қулади. Кўрдики, шогирдининг билагида ёшлик шижоати қайнаб тошаётир. Англадики, бу билаги йўғон қиличбоз энди бу ҳамласини жонли савашда қўлласа арзирди. Рақиб қиличини қайириб, шиддатли кучи билан нарига улоқтирган шаҳзода нафасини рослади. Элдегизнинг бўш қўллари эса ҳавони сермалар эди. - Офарин! Шаҳзодам, олқишларим сизгадир. Шогирд устани енгмиш! Илло бу ҳамлани энди ҳарб юришларида қўллагайсиз! Қиличингиз мудом кесгир, зарбингиз шиддатли бўлсин, шаҳзодам! - Омин!

59

Жалолиддин қуёш жилоларида тобланган кесгир қиличи учига бармоқларини олиб борди. Бу чоғ қалбида муқаддас туйғу юксалди. Бу боболари бунёд этган Она Ватанига сўнгсиз муҳаббат, бурч туйғуси эди. У қиличини сопига солиб, қирғоқ бўйига йўналди. Соҳил лабига етиб келган шаҳзода енг шимариб, қўлини оқаётган сувга солди. Муздек сув оқими унинг ҳозиргина қилич тутган қайноқ кафтига келиб урилди. У покиза ихлос билан юз-кўзини Жайҳун сувлари билан чайди. Сўнг ортига қайтиб, ўзига қуллиқда бош эгиб турган хос навкарга қарата буюрди: - От келтирилсин! Шаҳзода Жайҳун қайирининг сўл этагига қараб от сурди. Бир муддат тизгинсиз, икки қулочини ёйиб от чоптирди. Сўнг ниҳоят отнинг тизгинини қўлида тутган Жалолиддин ўзига тикилиб қолган уста Элдегиз томон қайрилиб ҳайқирди ва тағин икки қулочини озод ёйиб, тизгинсиз олисларга қараб от суриб кетди. Бу унинг қайтмаслигидан далолат эди. Жайҳун этагида уни кузатиб қолган Элдегизнинг қулоғи остида тизгинсиз, қулочларини ёйиб от сурган Жалолиддиннинг озод ҳайқириғи муаллақ қотди:

“Алҳамдулиллоҳ! Аллоҳ, Аллоҳ!”

Жалолиддин баайни балоғатга етиб, ҳарб санъатини пухта ва мукаммал ўзлаштирган эди. Энди бу маҳоратини ҳарб юришларида, жанг мужодалаларида қўлламоғи даркор эди.

60

Кенг ва муаззам кошонага қуёш нурлари сирғалиб тушган чоғ эшик оғасининг қалқони ярқираб кетди. Ўктам қадам эшитилди. Хоснавкар дафъатан сергак тортди. - Шаҳзодам! – Эшик оғаси бошини эгиб,-қадамларига ҳасанотлар бўлсин!-деди тавозе ичида. Жалолиддин мамнун бош силкиб: - Тилагим шаҳаншоҳимизни кўрмоқдир! - деди. - Англадим, шаҳзодам! - Эшик оғаси таъзим қилиб, кейин кошона эшигини очиб ичкарига кирди. Тахтда ўтирган Хоразмшоҳ ичкарига кирган хос навкарга қаради. - Онҳазратим! - Таъзим қилди эшик оғаси. - Яқинлаш! Навкар яқинлашиб, қуйи эгилган бошини бироз кўтариб сўзланди. - Шаҳаншоҳим! - Cўзла! - Шаҳзода Жалолиддин ҳузурингизга кирмоқ тилагидадир! - Чорла, кирсин! Қуллиқда боши эгик хоснавкар ортига тисарилиб, эшик ташқарисига чиқди. Фурсат ўтиб, ичкарига шаҳзода Жалолиддин кирди. У шаҳаншоҳ бузруквори Хоразмшоҳнинг ёнига тавозе ичида қуллиқ қилиб тўхтади, сўнг тиз чўкиб, қиблагоҳининг этагидан ўпди: - Онҳазрат қиблагоҳим! - Шаҳзодам! Марҳабо, хуш келдинг!- Хоразмшоҳ ёнидаги ўриндиққа ишорат этиб ўғлига деди,- қани, марҳабо! - Қуллиқ, шаҳаншоҳим! Бироз қуллиқда чекинган шаҳзода, ўриндиққа бориб ўтирди. - Омонмисан, шаҳзодам?!- Ҳол-аҳвол сўраган бўлиб савол қотди султон. - Иншаоллоҳ омонман!- Миннатдор оҳангда жавоб қайтарди у. Сўнг ўнг қўлини тиззасига олиб бориб, индамай қолди. - Ҳоли ўйингдин англадимки, ниманидир гапирмоқ илинжидасан, аммо сўзламоққа журъат топмаётирсан.-Хоразмшоҳ унга теран нигоҳларини қадади. Шаҳзода шаҳаншоҳга деди: - Бир масалада шаҳзода ўғлингиз сизнинг дуойи йўлловингизни истаб, ҳузурингизга бош уриб кирмиш! - Дуоларим сенгадир! - Қуллиқ. - Аммо не тиловлигин билмаётирман! - Маълумингиз, Еттисув Гўрхон қўлинда парокандадир. Эрта-индин сиз зоти олийнинг лашкарлари у ёнга қўшин тортиш ниятиндадир! - Маълум! - Бул мужодалада шаҳзода ўғлингиз ҳам иштироқ этмоқ ниятинда ҳукми олийнинг фармонига шайдир. Хоразмшоҳнинг аввал тепа кўтарилган қошлари чимирилиб, сўнг ўртасига қуюқ чизиқ тортилди. Унинг бу ҳоли шаҳзода тиловини ўйлаб кўрмоқликка бир ишорат эди. Султон тахтдан пастга тушди. Жалолиддин ўтирган жойидан туриб бузрукворига қуллиқда бош эгди. Хоразмшоҳ ўғлининг кўркам елкасига қўлини олиб борар экан, билагига куч, тафаккурига ақл инганига ишонч ҳосил қилди. Кейин ўзига боқиб турган фарзандига қараб айтди: - Шаҳзодам, бул бир муҳим тиловдир! - На қарорингиз бўлса, амр этинг шаҳаншоҳим! - Қани, синов майдонига марҳабо унда! Шаҳзоданинг шодликдан кўзлари чақин чақди. - Буюринг, шаҳаншоҳ! - Чорбоғ майдонига ўтгаймиз! Чорбоғга ўтилгач, баҳодирлар орасида ўзаро курашлар авжига чиқди ва Хоразмшоҳнинг дилини яйратиб, Жалолиддин барча рақибларини енгиб, шаҳаншоҳнинг чинакам вориси эканини бузруквори кўз ўнгида тўкис исботлаган эди.

63

Орадан икки кун ўтгач, Хоразмшоҳ ҳузурига шаҳзодаларни чорлади. Шунда шаҳзодалар унинг қабулига биттадан киритилди. - Шаҳзодам Жалолиддин! -Хоразмшоҳнинг овози жаранглаб, шифтларга урилиб қайтди. - Буюринг, шаҳаншоҳим! Хоразмшоҳ тахтдан тушиб, қуйига одимлади. У баайни отаси шавкатли Текиш нигоҳлари муҳрланган теран кўзларини шаҳзодага тикиб, ёнидаги қиличини тўғирлаб савол қотди: - Cаваш майдонида кимдан қўрқурсан! - Оллоҳдан қўрқурман! - Офарин! - Қуллиқ, шаҳаншоҳим! Хоразмшоҳ бармоғидаги сариқ лаъл кўзли узукни суғуриб, аржумандига тутди. Шаҳзода шоҳ қаршисида тиз чўкиб, унинг этагини ўпди. Сўнг ўрнидан туриб, шавкатли падарининг теран боққучи кўзларига ғурурланиб боқди. Хоразмшоҳ тутқазган узук Жалолиддин бармоғида ярқираб кўзни қамаштирди. - Шараф туйдим, шаҳаншоҳ!- У ғурурланиб боз қайта Хоразмшоҳдан азмойиш олди, сўнг бироз ортига чекиниб, – Мамнунмен, миннатдормен!-деди. - Шаҳзодам, рухсат сенга, энди кета билурсен!

64

Сўнг қолган шаҳзодалар бирин-кетин султон ҳузурида ҳозир бўлди. - Шаҳзодам Қутбиддин Ўзлоқшоҳ! - Чорловингизга кўра ҳузурингизда ҳозирмен, Шаҳаншоҳим! Хоразмшоҳ тахти равонда виқор билан ўтирар экан, фарзандига савол назари билан боқди. Фурсат ўтгач, гап бошлади. - Яқинлаш. - Амр этганингиздек. - Ўзлоқшоҳ, сенга саволим бордур! Ўзлоқшоҳ қуйи эгилган бошини хиёл кўтариб, нигоҳларини падарига қадади. - Савол этинг, Шаҳаншоҳим! - Cаваш майдонида кимдан қўрқурсан?! - Жалолиддиндан!

65

Бу гал шоҳнинг ҳузурига шаҳзода Ғиёсиддин Пиршоҳ киритилди. - Шаҳзодам Пиршоҳ! - Амрингизга мунтазирман, Шаҳаншоҳ! - Шаҳзодам айт, муҳораба майдонида кимдан қўрқурсан! - Жалолиддиндан! Сўнг шоҳ ҳузурига Оқшоҳ, Рукниддин, Гурсанжти, Ҳуршоҳ киритилди. Шаҳзодаларнинг барчаси Хоразмшоҳнинг “Саваш майдонида кимдан қўрқурсан”, деган саволига “Жалолиддиндан” деган жавоб қайтарди.

66

Ҳисобсиз қўшин Еттисув томон йўналди. Еттисув учун бошланган жанг беаёв кечди. Ўшанда Жалолиддин муҳораба майдонида мислсиз жасорат кўрсатиб, музаффарият байроғини қучиб қайтди. Сўнг Хуросонда кўтарилган бошбошдоқликни бартараф этмоқ учун Афғон заминига йўл олди. Хуросонда осойишта ҳаёт ўрнатилгач, Жалолиддин тағин Мовароуннаҳрга қайтди. Мужодала майдонида баайни шер ҳамласини қўллаган Жалолиддин ғанимлари кўнглига таҳлика ва қутқу солиб, жангга беомон киришар эди. *** Манкбурни ташқаридан саломхонага сирғалиб тушган бир тутам зариф зиёга нигоҳини қадади. У ўрнидан туриб, кошонани бир айланиб чиқди. Атроф осойишта, фақат сарой маҳрамлари ўз юмушлари билан тинмай куймаланар эди.

67

Нишопур янги кунга юз тутган, бу муборак жума кундузи эди. Султон Жалолиддин қудратга келган кун эди бу кун! Ёрқин хабар тарқалди. Сарой аъёнлари ҳамда Хуронсон беклари, амиру нойиблари Мовароуннаҳр Султони Жалолиддин Манкбурнига содиқ хизмат этмоқ учун унинг ҳузурида ҳозир эди. Жарчи ширали ва бағоят мафтункор овозда жар солди: - Диққатли бўлинг, Султон Жалал ад Дунйа ва-Дин Абдул Музаффар Манкбурни ибн Муҳаммад онҳазратлари! Жарчи навкарнинг ширали овози саройни тутиб кетди. Барча ҳушёр тортиб, қуллиқда тек қотишди. Султон Жалолиддин Манкбурни Хоразмшоҳ қадамлари зарбидан сарой ларзага келди. Султон шамшод қаддига ярашиқли, хоразмшоҳларга хос виқор билан тахтга бориб ўтирди. Жарчининг жарангдор овози тағин янгради. - Шаҳаншоҳим, бутун Мовароуннаҳр ҳамда жумлайи Хуросон, Эрон Сиз зоти олийларини муборакбод этиб, Сизга содиқ хизмат этмоқ учун қасамёд этмоққа шайдур! Султон маъқул маъносида бош чайқади. Жарчи яна жар солди. - Шайхул Ислом Абдул Жаъфар Муҳаммад ҳазратлари. Шайхул Ислом Яратган Эгамга ҳамд сано ўқиб, сўнг Султонни муборакбод этди. Тахтдан пастга тушиб, қуйига қараб йўналган шаҳаншоҳ Шайхул Ислом қаршисида тўхтаб, унинг муборак қўлини юзига суртди. Кейин дуойи саломлар ичида яна тахтга бориб ўтирди. Муборак жума кундузи қилинган дуолар ижобат бўлгуси онлар яқинлашмоқда эди. Шайхул Ислом хутбада Султон Жалолиддин Хоразмшоҳ номини ўқиб эшиттирди. Вазири аъзам Султоннинг этагини ўпиб онт ичди: - Қодир Оллоҳга онтким, сўнгги томчи қоним қолгунга қадар аҳдимга содиқ қолиб, Сиз зоти олий ва Мовароуннаҳр учун хизмат қилмоққа қасамёд этурман! Сўнг бирин-кетин сарой аъёнлари, амирлар, ҳокимлар, Хуросон беклари Хоразмшоҳ Жалолиддин қаршисида тиз чўкиб, буюк Мовароуннаҳр учун содиқ хизмат қилмоққа қасамёд этишди. Султон сарой аъёнлари ва барча вилоят ҳокимларини бирдамликка даъват этиб, оташин нутқ сўзлади: - Аҳли Мовароуннаҳр ва жумлаи Хуросон, Эрон! Тингланг, букун бутун Мовароуннаҳр таҳлика ичинда. Ва бунда биз музаффарлик туғини сарбаланд кўтариб, ғолиб чиқмоқликни тажалли этишини Қодир Эгамдан ўтиниб сўраймиз. - Омин! – шафоату қўллов сўради аъёнлар. Хоразмшоҳ матлаи саодат билан нутқида давом этди: - Модомики бутун мамлакат ҳалокат ёқасида экан, бирлашиб мўғул таҳликасини бартараф этгаймиз ва зафар қучгаймиз. Қиличимиз кесгир бўлсин, қадамимиз залвори эса ғанимлар кўнглига қутқу, таҳлика солсин! Бизким Мовароуннаҳрнинг асл ворислари Ватан учун курашиб, Ватан учун жон тикайлик! Бу саваш майдонида не-не жўмард баҳодирлар юрт учун жон фидо қилмаган? Не-не мард паҳлавонлар қон тўкиб шаҳид бўлмаган? Бу жангу жадал тамойилидур, кимдир саваш майдонида ҳалок бўлар, аммо Ватан учун ҳалок бўлмоқлик йигит учун шарафдир! Қурбонлар хотираси илло авлодлар қалбида мангу яшаяжак, шаҳидлар номи шараф билан албат тилга олинажак. Султон даъвати барчани тўлқинлантирди. Она Ватан туйғуси, юрт озодлиги, қадр-қиммат ва шаънини ҳимоя қилмоқ ҳисси билан ёнган мовароуннаҳрликлар чиндан қўзғолган эди. Ҳукмдор бир ой ичида анча куч тўплашга муваффақ бўлади. Ҳирот волийси – Аминал Мулк ўн минг лашкари билан келиб унга қўшилди. Вилоят ҳокимлари ва амирлари кун сайин саркарда Жалолиддин сафини тўлдириб борди.

68

Эшик туйқус очилгач, Султон ортига бурилиб қаради. - Шаҳаншоҳим! - Эшик оғаси яқинлашиб, султонга тавозе билан бош эгди. - Cўзла. - Ҳузурингизга олис йўл босиб, Жалойир Ўзлоқ келмишдир! - Жалойир Ўзлоқ?! - Шундоқ, шаҳаншоҳим! - Дарҳол чорла, кирсин! - Амр этганингиздек онҳазратим! - Эшик оғаси ортига тисарилиб, ташқарига чиқиб кетди. Фурсат ўтиб, ичкарига Ўзлоқ кирди. - Шаҳаншоҳим! - Жалойир Ўзлоқ ҳазратлари! Султон юриб бориб Жалойир Ўзлоқ қаршисида тўхтади. Аммо қуллиқда турган Ўзлоқ бошини кўтармай ҳамон тек қотиб турар эди. Султоннинг нечундир кўнгли бузилди. Бир умр отасининг хизматида бўлган бу закий, аҳли дониш инсон Жалолиддин учун чиндан дилга яқин, қадрли кимсага айланган эди. Хоразмшоҳ уни қучоқлаб: - Бошингизни кўтаринг.-деди. Ўзлоқ эгик бошини кўтарди. Юзи сўлғин, нигоҳи эса вазмин, кўзларининг шишаси ёшдан намланган эди. Султоннинг тағин кўнгли бузилди. Ўзлоқ ҳасратли сўзланди: - Кўнглимда бир гудук бордур. Ичим-ичимга сиғмайдур! - Омондир? Хайрдир? - Хайрдан дарак йўқдур! Маъзур тутгайсиз шаҳаншоҳ онҳазратлари, сизга совуқ хабар келтирдим. Манкбурнининг шундоғам ғаш бўлган кўнгли баттар ғашланиб сўради: - Қандоқ хабар эмиш? - Шаҳаншоҳимиз Султон Алоуддин Муҳаммад ибн Текиш онҳазратлари Ҳақнинг муборак исмини тилида ва дилида ёд этиб, пок руҳлари Хўжа Роббимнинг чексиз раҳматига қовушмишдир, илло! Совуқ хабар Манкбурнини ларзага солди. У ғафлат ичида сўради: - Қачон? - Олти юз ўн еттинчи йил, шаввол ойининг ўнинчи, муборак жума кунинда. Бу чиндан мелодий 1220 йил декабрининг 10-жума кунида содир бўлган эди.

69

Хоразмшоҳ юриб бориб кошона поёнида тўхтади. Унинг аҳволи танг эди. Тобора синиқиб кетаётган юзига назар солган Жалойир ҳали ҳам турган жойида тек қотган эди. Энди унинг кўнгли бузилди. Султоннинг юзи қум сингари тусини йўқотди. Кўзлари эса атрофга вазмин боқарди. Унинг нигоҳлари кошона ичида дарбадар кезинарди. Ўртага бир мудҳиш парда тортилган эди, султоннинг кўзлари шу парда ортидан нарига алам ва ситам ичида ҳасрат-ла боқиб турарди гўё. Жалойир мудҳиш хабар сўнгги Хоразмшоҳнинг ҳувиллаб ётган дарбадар қалбига нақадар шафқатсиз таъсир этганини ўз кўзлари билан кўрди. Жалолиддиннинг кулфати мислсиз эди. - Жалойир ҳазратлари. - Буюринг, шаҳаншоҳим. - Бузрукворимнинг жасади қаерга кўмилди? - Ашур ада оролчасига, шаҳаншоҳим. – Ўзлоқ оғриниб ютунди. У пешонасида униб чиққан терларини сидириб артди. Кейин ғам ичида яна сўзланди.- Ҳасратда қолдим. Аммо бу Ҳақнинг ҳаёт ўлчови эди. Жонсиз жасадни қучоқлаб қолдим. Мени ёлғиз ташламанг, дея нидо этдим. Аммо жавоб олмадим. Сўнг ноилож шаҳаншоҳни тупроққа топширдим. Оролчага кўмдим. “Бу ерга шоҳлар шоҳи кўмилган” деган ёзувни қолдирдим. Мотам ичида беаёв ёндим, Хоразмшоҳ Султон Муҳаммад ибн Текишни чорасиз, ўзи кийиб юрган кийимида дафн этдим.- дея хотималади у. Султоннинг мушти беомон тугилди. Тишларини тишларига қўйган чоғ унинг жағи бўртиб чиқди. Кеча ўзини дунёга устун билган Муҳаммад Хоразмшоҳнинг бу тақлид ғариб заволи ўғли Жалолиддинни мислсиз азоб комига улоқтирганди.

70

Нишопур саройидан от суриб чиққан Султон хос лашкарлари қуршовида эди. Аҳли Нушопур султонга таъзимда бош эгиб ортда қолди. Олдинда эса яна бир туман оломон тек қотиб, шаҳаншоҳга тавозеда эгилишди. Кимлардир девор оша, яна кимлардир эшик тирқишидан мўралаб, яна кимлардир султон ва унинг навкарларига қуллиқ қилган ҳолида ортда қолиб кетишди.

71. Жайҳун эпкинлари

Шомон Турфон “Турфонденгиз” лақабини олган. Бу афсунгар сеҳр-жодуни қўзғашда устаси фаранг шайтон малайларидан бири эди. У Чингиз чорловига кўра хон ҳузурига етиб келганди. Жоду китобини варақламоқ билан машғул бўлган шомонга хон қисиқ кўзларини қадаб амр этди: - Cеҳр-жодуингни ишга сол, Турфон! Магар Жалолиддин кучини қирқиб берсанг, дастурхонинг зардан, еган таоминг олтиндан бўлгай. Умр бўйи роҳат-фароғатда яшагайсан! Турфонденгиз жоду сеҳрини қўзғаб, ўрнидан турди. Унга яланғоч, фақат уят жойлари латтада тўсилган, кўзлари сузик мўғулий аёл кумуш табоқда қуён суягини тутди. Турфон табоқдаги қуён суякларини ўтда айлантириб афсун ўқиди. Сўнг афсунгар тиз чўкиб, табоқни Чингизхонга узатди. Хон ўтирган ерида қўзғалмасдан суякларни олови кўкка ўрлаётган гулханга ташлади. Суяклар оловда чарсиллаб куйди. Атрофда ачимсиқ куйинди иси анқиди. Дуддан нафас олган хон ижирғаниб бурнини жийирди, сўнг тобора алангаланаётган гулханга тик қараган кўйи гўё келажак саваш майдонини кўз ўнгида тасаввур этиб, сўйлоқ тишларини кўрсатиб “хо-хо”лаб кулди. Олов атрофида шомонлар шайтон куйини чалиб, рақс тушишди. Шомонлар қулочларини озод ёйиб “ҳув-ҳув”лаб афсун қўшиғини айтдилар. Бўйнига қора, катта-катта шода қаҳрабо мунчоқ тақиб олган Турфон яна олдинга чиқди. Бошидаги темир қалпоғига қўнғироқлар осиб, жаранг чиқараётган жодугар бу гал тош косага солинган тузни оловга сочди. Сўнг гулхан теграсида айланиб, муттасил афсун ўқигач, оловга сув сочди. Кейин тағин афсун ўқиди...

72

Ялангликни тарк этган Хон ўтов томон йўналди. Кетидан қуллиқда бош эгиб кирган сипоҳга амр этди: - Олиб киринглар! Фурсат ўтгач, ўтовга хуфя кирди. - Улуғ хон, амрингизга кўра... - Cўйла... - Жалолиддин Қандаҳорга отланмиш. Чингиз бошини қимирлатди: танқайган пучуқ бурнининг катаклари очилиб-ёпилиб, чуқур нафас олди. -Аъло!- Миннатдор илжайди хон. - Ҳузурингизга Ялавоч тавсия этган Шайбонни олиб келдим. Чингиз “тўхтаб тур” деган ишорада ўнг қўлини кўтарди. Хуфя маълумот йиғишда устаси фаранг айғоқчи эди, у хиёнаткор кўзлари билан хонга тикилиб, унинг ишоратини уқиб, тек қотди. Сўнг икки қўлини кўксига қўйиб: - Ишоратингизни уқдим, ҳукмдор.- деган кўйи ортига тисарилиб, эшик ёнида тўхтади-да, яна бир бор қуллиқда эгилгач, ташқарига чиқиб кетди. - Зудлик билан Жалолиддин кетидан ҳисобсиз лашкарни жўнатгайсан! - Совуқ нигоҳларини ўғли Тўлийхонга қадаб буюрди хон. У юриб бориб, эшик поёнида тўхтади, кейин ортига қайтиб, чайла ичини айланиб чиқди. Ниҳоят, Тўлийхон қаршисида тўхтаб яна уқтирди: - Ялавоч тавсияси ҳали бизга кўп асқотгай. Анга қўз-қулоқ бўлинг. Ул бандайи шайтон Жалолиддин лашкарларига қора ажал уруғини сочгай! Ва Манкбурни лашкарлари бу ажал ўтида беомон қовурилгай! Тўлийхон отасиники каби танқайган бурнини жийирди. Хон аталмиш отасидан у ҳар не кутса-да, бу разилликни кутмаган эди. Ахир бу хавфли қора ажал ўзларини ҳам заҳарлаши, ўзларини ҳам ўлим тўшагига михлаши мумкин-ку! Хуфялари унга яқин кунларда Дажла соҳилларида қора ажал тарқалганини етказишди. Дажла бандаргоҳида хасталанган кемирувчилар ўзларидан ажал уруғини сочиб, кўпларнинг ёстиғини қуритганди. Куни кеча Чингиз фармонига кўра Дажла бандаргоҳидан оғзи берк катта сопол кўза ичига қамалган каламуш олиб келган хуяфлар бугун хон ҳузурида ўзларини қандай ўлат кутаётганидан бехабар қолишди. Орадан икки кун ўтди. Сипоҳ олиб кирган хабар унга қамчи саваламоқ фурсати етганига бир туртки бўлди. Хон ҳузурида турган сипоҳ нигоҳини Чингизга қадади. - Cўзла!- Тахтда ўтирган хон ўктам овозда хитоб этди. - Шайбон иситма оташида куймоқда. Чингизнинг кўзга ташланар-ташланмас сийрак, малла қошлари учиб, лаби кибрла буришди. - Яъни? - Боши оғриб, аъзойи бадани қақшаётганидан шикоят этмиш. Хон “хо-хо“лаб сохтакор кулди, кейин сипоҳга қараб: - Аъло!-деди. - Қўлтиғи шишиб, яраси йиринг бойлаганини ўз кўзларим ила кўрдим!-Маълумот берди сипоҳ. - Дарҳол бул таҳликали муждани Жалолиддинга жўнатгайсизлар! Ул мохов қора ажал уруғини энди Манкбурни ҳузурига бориб сочгай! Бу амрдан сипоҳлар оёққа турди.

73

Афғон этагида жойлашган Қандаҳор бу кун таҳликадан ҳоли, сакинат оғушида уйғонди. Бу чиндан ҳукмдорнинг Нисо таҳликасидан кейин сокин ва осойиш кечган кунларидан бири эди. Аммо шаҳаншоҳнинг осойиш кўнглини бир совуқ хабар вайрон қилганди. Эшик оғаси султонга ҳожиб ул-кабир - Хонберди Сарухон кирмоқ учун изн сўраётганини билдирди. Ўшанда Сарухон Манкбурнига хос навкарлардан бири мохов касаллигига чалингани ҳақида хабар етказди.

74

Ўшанда навкар шеригининг ҳолсизланаётганини кўриб : - Оғам, иситманг борга ўхшайдур, бетобмисан ?- дея ҳол сўради ундан. Навкар шеригига боши оғриб, аъзойи бадани қақшаётганидан шикоят этди: - Cўрама! Бошим лўқиллаб оғриётир, магар аъзойи баданим қакшаб кетаётганини тасаввур эта билмассен. Оғриқ азобидан мижжа қоқмай, тонг отгунга қадар қақшаб чиқдим.-деди зорланиб. У сўл қўлини ўнг қўлтиғиига олиб борди. Беморнинг оғриқ азобида елкалари баттар қисилиб, юзидаги ажинлари қуюқлашди. - Бу кун тонгда қўлтиғим остида шиш пайдо бўлмишдир, қўлимни кўтарсам, зирқираб оғрийди, кўтармасам, яраси баттар ачишади!.. Азоб ичида қолдим. Аввалига бу қандай кулфат экани ҳеч кимсанинг хаёлига-да келмади. Аслида бу қора ажал аломатлари эди. Мохов касаллигига чалинган бемор зудлик билан сарой шифохонасига жўнатилди. Кун пешинга қараб оғди, аммо оғриқ азобидан ҳаловат нелигини унутган хаста навкар буткул ҳолдан тойган эди. У иситма оташида беомон куйиб, нажот истаб тинмай ингранар эди. Исломни қабул қилган яҳудий ҳаким беморнинг қошига етиб келди. Хаста эса ётоқда ҳали ҳам ҳолсизланиб ётар, азбаройи иситма оташи кучлилигидан, ҳолсираб, пешонасида униб чиқаётган терларини зўрға сидириб гапирди. - Аъзойи баданим зирқираб кетаётир! - Иситма қачондан чиқмиш? - Кеча шомда бошланмиш, ҳаким ҳазратлари! - Ҳим. Тағин не ҳол юз бермиш? Бемор сўл қўлини ўнг қўлтиғига олиб бориб зорланди. - Қўлтиғимда бир шиш бордур! Ҳаким ёрдамчиларига беморнинг кийимини ечишни буюрди. Кўрдики, чиндан беморнинг қўлтиғи шишган, баъзи қабариқ шишлар ярага айланиб, усти йирингли потос бойлаган эди. Ҳаким бунда юқумли мохов хасталигининг бошқа аломатларини ҳам кўрди: хусусан, беморнинг сони қорайиб, оёқларида қора доғлар пайдо бўлганди. Бу шаксиз мохов касаллигининг аломатлари эди. - Дарҳол анинг чоралари кўрилсун! Бошқаларда ҳам бул аломат борму-йўқлиги аниқлансун. Хасталик билан оғриган бемор шаҳардан чекка бўлган кимсасиз гўшага олиб борилсун! Токи бу ўлат бошқаларга юқмасин. Хоразмшоҳ хасталикка чалинган кимса то ўлимига қадар қора ажал офатидан қутула олмаслигини билар эди. Зотан, бу хасталикнинг олдини олиш чоралари кўрилмаса, ажал уруғи кўпнинг ёстиғини қуритиши тайин эди...

75

Жалолиддиннинг кетидан қувиб, Қандаҳорга етиб келган мўғуллар қалъа атрофини гўё ўлжасига қутқу солган оч қузғунлар каби ўраб олишди. Қандаҳор қалъаси қамал ичида қолди. Ва бу қамал беаёв кечди. Силлиқ тош йўлакда туйқус тойиниб кетган Сафартош зўрға мувозанатини сақлаб қолди. У барча ором олар маҳал, шериги Сорлочин билан тил бириктириб, яширин йўллар орқали шаҳзода Салоҳиддинни ўғирлаб, ташқарига олиб чиқиб кетган эди. Ўғирланган шаҳзода ва хуфялар сарбозлар қуршовида зудлик билан Чингиз ҳузурига жўнатилди. Тунда заҳарланган жориялар тонгда ҳушига келгач, сарой оғасини машъум воқеадан хабардор этишди. Қалъа ичидагилар асирга тушиш нақадар аянчли эканини англаб етган, бунинг устига шаҳзода Салоҳиддининг ғойиб бўлиши барчани довдиратиб қўйди. Ошёна ичида дарбадар кезинган волида Ойчечак азбаройи нима қиларини билмай, меҳроб қаршисида тўхтади. Унинг ақли шошган эди. Волида қалтираган бармоқлари билан шашқатор ёшларини сидирди. Ичкарига юрак ҳовучлаб кирган бекачи маликага қуллиқ қилиб, тавозе билан бош эгди. У паст овозда маликадан изн сўради: - Волидам, Элтўриқ ҳузурингизга кирмоқ учун изн сўрамоқда. - Дарҳол кирсин!-Ойчечакбегим тоқатсизланиб ўрнидан турди. Эшик очилиб, волида Ойчечак ортига бурилиб қаради. Элтўриқнинг қораси кўринди. - Маликам! - Cўзла! - Барчаси маълум бўлмиш! Шаҳзода Салоҳиддин эшик оғалари Ҳолидпошшо ва Тархон томонидан ўғирланмиш! Аларга Сафартош ва Сорлочин кўмакда бўлган. Ойчечак Султонбегим титради. Сўнг қалтироқ қўлларини оғриқли пешонасига олиб бориб, “Эй воҳлар бўлсин!” дея нидо этди. - Ул хиёнаткорларни дарҳол ҳузуримга чорланг! - Ул сотқинлар изсиз йўқолмишлар! - Қайга изсиз йўқолмишлар?! - Ғойиб бўлмишлар! - Бекалар-чи? - Тунда ҳар иккиси ҳам заҳарланмишлар! - Ўғирланмиш, бекачилар заҳарланмиш! - Зарда қилди малика. Элтўриқ тили кесилиб, жимиб қолди. Унга нигоҳларини қадаб турган малика тағин зардали овозда бақирди. - Cен қай юмуш ила машғулсан! - Бир қошиқ қонимдан кечинг, маликам! - Шаҳзодамни қўримоқ сенинг зиммангдамасму? - Менинг, менинг зиммамдадур! Қўрий билмадим! Бир қошиқ қонимдан кечинг. - Cасингни кес! Бир қошиқ қонинг асло кечилмагай! Элтўриқ малика қаршисига келиб тиз чўкди. У нажот истаб нола қилди. - Маликам, менинг бир қабоҳатим йўқдур. Магар бошимга оғир нимарса текканини билурман, бошқа воқедин хабарим йўқдур! Ҳушимга келсам, эшик ёпиқ. Ичкарига мўраласам, бекачининг ҳар иккиси оғанаб ётмишдур! Шаҳзодам, Шаҳзодам дея чақирган кўйи ғафлатда қолиб кетдим. Нола қилдим! Аммо шаҳзодадан дарак бўлмади. Шаҳзода Салоҳиддин ўғирланмишдур! Менинг ул шарҳриёрга бир қабоҳатим йўқдур! - Тек тур, сасингни кес дейман. Сенинг юрагингни қўпортиргум! Ойчечак эшик оғаларини чақирди: - Оғалар! Эшик нарида шай турган оғалар ичкарига киришди. Малика уларга қараб амр этди - Кетиринг! – у жирканган каби ижирғаниб, нигоҳлари билан Элтўриқни кўрсатди. Кетиринг, олиб кетинг шуни кўзимдан!- дея буйруқ берди.

76

Ташқарида эса беаёв жанг кечмоқда эди. Бу саваш майдони эди: бу уруш майдони шуни тақозо қилади - кимдир ер тишлайди, кимдир зафар қучади. Мужодала якуни қандай хотима топишини ҳеч кимса олдиндан белгилаб бера олмасди. Султон қоронғу зулмат тунни бедор ўтказган, зотан атрофида содир бўлаётган воқеалар уни уйғоқликка мубтало этганди. Шуҳратпараст момоси Чингизхонга калака бўлди! Cинглиси аччиқ қисматга гирифтор этилди? Қаттол қўлида жони қонаган шаҳзода иниларининг қонли заволи уни баттар сиқувга олди. Бузруквори Хоарзмшоҳ ҳалокати-чи? Сўнг жигарбанди Салоҳиддиннинг ғойиб кетиши... ўғирланиши... Буларнинг барчаси унинг кўнглида даҳшат ва ваҳшат шамолини қўзғади... Аммо бу кўргуликлар кечмиш ҳодисанинг кўнгилда яширин кечган акси эди, холос! “Cуриндим, аммо йиқилмадим!” - Деди султон ўзига-ўзи. “Йўқ, йиқилдинг!” - Ногаҳоний овоз Султон қулоқлари остида муаллақ қотиб, муттасил янграб турди. “Йўқ,- дея наъра этди у. - Суриндим, аммо кучли бўлиб оёққа қалқдим. Йиқилдим, аммо қудратли бўлиб ўрнимдан турдим. Мен давомий Ануштегиний, мен хонадону Хоразмшоҳларнинг еттинчи вакили Жалолиддин Манкбурни ёвни шаксиз енгажам! Қирғий чангалим ила ёвни бўғажам!” У меҳроб қаршисида тўхтади. “Ёғийни қирғий чангалим ила янчиб ташлажам! Сўнг озод ўлажам! Эшит, тебранаётган дунё, қалқиган олам! Ёвни Хоразмшоҳ қирғий чангалим бирла янчиб ташлажам, сўнг ҳайқириб озод ўлажам!” - Оғалар!-Чақирди Хоразмшоҳ. Зулмат чимматига ўралган қаролиғ кечада, бир қўлида қилич, бир қўлида қалқон тутиб бедор турган оғалар ичкарига жонсарак киришди. - Барча оёққа турсин! Ва дарҳол ҳузуримда ҳозир бўлишсин! Тун иккинчи ярмига қараб оғар маҳал бойўғлининг ҳасратли хониши эшитилди. Хоснавкар бойўғли тилида тиним билмай нола қиларди. Бу ҳарбий ҳушёрликка чорловчи чақириқ эди. Лашкарбошилар, беклар, амирлар ва жамики сарой аъёнлари султоннинг ҳузурида ҳозир бўлишди. Тун зулматида султон ҳузури шамлар ёғдусида заъфарон эди. - Душманнинг ҳамласи кучимизни асло қирқолмагай! Жонимиз шул ожиз вужуд ичра омонат қамалгандир! Ва биз барчамиз бир кун ўлгаймиз, ва ле озод руҳимиз илло Ҳақнинг раҳматига қовушгай! Ўлсак қурбон ўлайлик! Ватан учун қон тўкайлик! Жиҳод! – дея ҳайқирди у. - Жиҳод!-Жўр бўлди жамики сарой дастури. Бу субҳи содиқ жангнинг учинчи тонги эди. Атрофда тўзғиган мўғулларнинг олатасири оламни тутиб, яна улар қузғун каби қалъани ўраб олишди. - Бир зарбимиз ила даф қилгаймиз! Жиҳод! Жиҳод! Жиҳод!-дея ҳайқирди саркарда. - Жиҳод!-Шамширни озод кўтарган сарбозлар ҳайқириғи Хуросон заминини титратди. Шер наъраси мўғул шоқолларини ҳушёр тортирди. Улкан темир дарвозалар очилиб, саркарда Жалолиддин бошлиқ отлиқ лашкарлар қўлларида олов тутиб, ташқарига отилди. Саркарда ва унинг сарбозлари шер каби ўкириб, ёғийлар устига беомон ташланди. Султоннинг чап қанотида турган Аминалмулк сарбозлари тўзон каби душман устига ҳужумга ўтди. Ўнг қанотда эса Соҳиби Жайиш уларни қувватлаб турди. Саваш майдони султон лашкарларининг ҳайқириқларига тўлиб кетди. Мўғуллар саросима ичида ортига чекина бошлади. Ҳал қилувчи онлар яқинлашганди. Жалолиддининг сўнгги шиддатли зарбига дош бера олмаган мўғуллар буткул тор-мор этилди. Жалолиддин ва қайнотаси Аминалмулк иштирокидаги Қандаҳор қамали жанги шу тариқа якун топди. Жалолиддин чиндан Муҳаммад Хоразмшоҳ арслонлари ичидаги шер эди. Бу шер ҳамласи шоқоллар рақсини бир зарбда даф этиб, уларни ортга улоқтириб ташлаган эди. Шу тариқа осмон денгизида ҳарб юлдузи чарақлаб чиқди.

Давоми бор.

Бу мавзуда батафсилроқ