Гулнора Каримованинг яқинлари прокуратурага мажбуран олиб келинган

Ўзбекистон Бош прокуратураси тарқатган хабарга кўра, “Terra group” “Prime Media” ва “Gamma promotion” масъулияти чекланган жамиятлари раҳбарларига нисбатан очилган жиноий иш доирасида Рустам Мадумаров, Гайане Авакян ва Е. Клюевалар мажбуран суриштирувга олиб келинган.

Гайане Авакян Гулнора Каримова билан боғлиқ машмашаларда номи кўп бора тилга олина бошлаган.

Би-би-си мухбири Наталья Антелаванинг ёзишича, Гулнорага яқин шахсларга кўра, Авакян йигирма нечадир ёшда ва Каримованинг дўконларидан бирида ишлаган.

Бир муддат Москвада Гулноранинг модалар кўргазмасини ташкиллаштириш учун ишга олинган.

Жуда тез орада эса Гулноранинг энг ишончли ёрдамчиларидан бирига айланган ва 2013 йилда Швециядаги энг йирик коррупция можароларининг марказига тушиб қолган.

Teliasonera ширкати Президент Каримовнинг қизи Гулнора Каримовага яқин Гаяне Авакян раҳбарлик қилувчи Такилантга Ўзбекистондаги лицензияси учун қарийб 300 миллион доллар тўлагани борасидаги айбловлар янграганди.

Прокурор Гуннар Стетлер ана шу порахўрлик иши бўйича раҳбар ва унинг айтишича, TeliaSonera ширкати мулозимлари Ўзбекистон ҳукумати мулозимларига пора берганлигига шубҳа йўқ.

Мақсад Ўзбекистон бозорига кириш бўлган, дейди у.

Аммо бу иш анчайин мураккаб ва 10 та Оврўпо давлатлари аралашган.

Ўзбекистон прокуратурасига мажбуран келтирилган шахслардан яна бири Рустам Мадумаровнинг ҳам Гулнора Каримова билан жуда яқинлиги айтилади.

Ўзбекистондаги Nirvana савдо дўконлари ва мусиқа соҳасидаги бир неча ширкатлар Рустам Мадумаровга тегишли эканлиги ишонилади.

Швеция журналистлари олиб борган изланишларда Ўзбекистон бозорига кирмоқчи бўлган мобил операторлари Рустам Мадумарга тегишли ширкат орқали олди берди қилган бўлиши мумкинлиги маълум бўлганди.

Журналистлар даъво қилишларича, Россиянинг МТС, "ВымпелКом" ширкатлари ҳам Ўзбекистон мобил алоқа бозорига кириш учун Гибралтарда рўйхатдан ўтган Takilant ва Swissdorn ширкатлари билан олди-берди қилишган.

Швед журналистлари қўлга киритган "ВымпелКом" йиллик ҳисоботларидан бирида Takilant ҳам, Swissdorn ҳам Гибралтарда бир манзилда рўйхатдан ўтгани кўрсатилган.

"Swissdorn" ширкатининг раҳбари деб Рустам Мадумаров кўрсатилган.

У, ишонишларича, Гулнора Каримованинг энг яқин одамларидан бўлиб, "Дадо" поп-гуруҳининг мусиқачисидир.

Ўзбекистонда Гулнора Каримовага тегишли деб айтиладиган медия империяга қарши ҳуқуқ тартибот органларининг текширувлари 2013 йилнинг октябр ойида бошланган эди.

Каримовага тегишли бўлган ёки у билан яқин ҳамкорликда ишлаган радио, теле ва журналларининг фаолияти тўхтатилган.

Бу мавзуда батафсилроқ