Ўзбекистонлик нега асосий жиноятчилар қаторида?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Агар, россиялик масъулларнинг маълумотларига таянилса, ўтган йили пойтахт Москвада хорижликлар томонидан содир этилган жиноятлар кўлами қарийб ярмига ортган.

Асосий жиноятчилар эса, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқароларидир.

Маҳаллий масъулларга кўра, улар Россияда меҳнат муҳожири ёки фуқаролиги йўқ шахс мақомида бўлишган.

Пойтахт Москвада содир этган турли кўринишдаги жиноятларига эса, асосан мавқеъларининг ноқонуний экани сабаб қўл уришган.

Ўтган яқин йиллар таҳлилидан келиб чиқиб айтилса, сўнгги пайтларда Россияда бу ҳақда бот-бот гапиришга ўтилган.

Яқинда эса, Россияда меҳнат муҳожирлигига оид қатор қонунлар ҳам кучайтирилган.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Турли сабаблар билан уларни юзлаб сонда ҳибсга олиш ва ортга депортация қилиш ҳоллари кескин ортган.

Четдан келган меҳнат муҳожирларига қарши махсус рейдлар ва таъқиб кампаниялари ҳам одатий тус олган.

Агар, расмий маълумотларга таянилса, ўтган йили биргина пойтахт Москвадан 13 мингдан ортиқ меҳнат муҳожири ўз ватанларига қайтарилган.

Муҳожирлик тартиб-қоидаларини бузган деб, 42 мингдан зиёд хорижлик Россияга киритилмаган.

Россия, йилларки, аксариятининг иқтисоди ночор аҳволда бўлган собиқ Шўро давлатлари фуқаролари учун асосий тирикчилик манбаи бўлиб келади.

Маҳаллий кузатувчилар эса, айнан Россиядан юборилаётган пуллар меҳнат муҳожирларининг она Ватанларида ижтимоий портлашнинг олдини олиб, ҳимоя камари вазифасини ўтаб турганлигини алоҳида таъкидлашади.

Турли манбаларга таяниб, Россияда 5 миллионгача ўзбекистонлик меҳнат муҳожири борлиги тахмин қилинади.

Улардан аксарияти мавқеи ноқонуний экани боис, Россияда турли хил мавсумий ва қора ишларда банд бўлишади.

Ўзбекистонлик нега жиноятчи?

Москвадаги "Муҳожирлик ва қонун" ташкилотининг етакчи вакиласи Юлдуз Аминова Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида бунинг сабабини энг аввало Россиядаги хос қонунларга киритилган қатор тузатишлар билан изоҳлайди.

"Ўтган йилнинг июл ойидан октябр ойигача 18 та ўзгартириш киритилган. Мисол учун, Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон фуқаролари Россияга битта қонун билан кирган бўлишса, чиқадиган пайтида энди бошқа қонунга қарашлари керак бўлади. Бу пайтга келиб, бу қонунлар бир-бирига ҳеч қандай мос келмай қолади-да", - дейди у.

Суҳбатдошимиз россиялик масъулларнинг пойтахт Москвада аксарият жиноятларни Марказий Осиё вакиллари содир этишади, деган хулосаларига ҳам тўлиқ қўшилишини айтади.

"Тўғри, бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас. Нега десангиз, украиналик меҳнат муҳожирларининг кўпчилиги аллоқачон чиқиб кетишган. Қолганлари Россияда савдо соҳасида банд. Пулини тўлаб, лозим пайтда қутулиб кетади. Молдоволик меҳнат муҳожирлари хусусий секторда банд. Беларус Россия билан Божхона иттифоқига киради. Шу сабаб, меҳнат муҳожирларига Россия ҳудудида рухсатнома керак эмас. Қолганлари эса, қонуннинг орқасида қолаяпти. Ҳеч қандай ҳуқуқлари йўқ. Ҳуқуқ бўлмагандан кейин, албатта, жиноят бўлади", - дейди "Муҳожирлик ва Қонун" ташкилоти вакиласи.

Аксарият меҳнат муҳожирларининг мавқеълари нега ноқонуний экани сабабини эса, суҳбатдошимиз ҳозир Россияда бу ишни қонуний йўл билан амалга ошириш имконсиз бўлиб колгани билан тушунтиради.

Бироқ, унинг эътироф этишича, мавжуд барча муаммолар манзарасида четдан келган катта сондаги ишчи кучига эҳтиёжи бўлган Россияда меҳнат муҳожирлигини қонуний йўлда тартибга солишга жиддий зарурат бор.

Фақат бугунга келиб, Россия ҳукумати ҳам буни англаб етди, аммо кўраётган чора-тадбирлари билан ҳозирча бунга муваффақ бўлаётгани йўқ, дейди суҳбатдошимиз.

Унинг айтишича, вақти келиб, Россиядаги меҳнат муҳожирлиги муаммоси ҳукуматлараро миқёсда ҳал этилади.

Айрим манбаларда Россияда турли мавқеъда бўлган 10 миллиондан ортиқ четдан келган меҳнат муҳожирининг борлиги айтилади.

Сўров ва кайфият

Фаоллар сўнгги йилларда Россияда миллатчилик кайфиятлари янада кучайиб бораётганини таъкидлашади

Агар, яқинда "Левада" омма фикрини ўрганиш маркази томонидан олиб борилган сўров натижаларига қаралса, Россия аҳолисининг аксарияти меҳнат муҳожирлари сонининг камайтирилиши ва уларни ортга қайтариш йўлида кескин чоралар кўрилишини исташади.

Марказ раҳбари муовини Алексей Гражданкинга кўра, Россиядаги кўпчилик ҳукуматнинг меҳнат муҳожирларини жамиятга мослаштириш масаласига етарлича эътибор бермаётганидан хавотирда.

Унинг айтишича, худди шу сабабдан ҳам, сўров иштирокчиларининг аксари меҳнат муҳожирлари Россияда жиноятчилик ҳолларининг ортишига олиб келмоқда, деган фикрда.

Россия аҳолиси кўпчилигининг наздида мавқеъларининг ноқонуний экани ва жамиятга аралашиб кета олмаганликлари сабаб, меҳнат муҳожирлари ўзларига таҳдид солишади.

Бултурги йил Россия фуқароларининг норозиликлари тарихда кузатилмаган бир даражага етган, 70 фоизга яқин аҳоли ҳукумат меҳнат муҳожирлиги оқимининг олдини олиши шарт, деган фикрни билдиришганди.

Жаноб Гражданкиннинг айтишича эса, меҳнат муҳожирларининг ўз оилалари ва маданиятларидан узилиб қолганликлари уларнинг жиноийлашувларига йўл очади.

Сўров иштирокчиларининг ярмидан кўпроғига кўра, кучли ватанпарварлик туйғуларигина Россиянинг яхлитлигини сақлашга кўмак беради.

Улардан яна ярмининг фикрича, худди ана шу ватанпарварлик туйғусининг юзага чиқиши меҳнат муҳожирларига қарши ёвқарашликни кучайтиради.