АҚШ: "Дрон ҳужумлари Ўзбекистондан амалга оширилиши мумкин"

Image caption Дронлар узоқ масофадан бошқарилиши мумкин

Америка матбуотидаги хабарга кўра, Обама маъмурияти агар АҚШ қўшинлари йил охиригача бутунлай Афғонистондан чиқиб кетишларига мажбурланса, ўзининг дрон ҳужумларини Ўзбекистондан бошқариш эҳтимолини кўриб чиқаяпти.

Бу ҳақида хозирча расмий маълумот йўқ.

Дрон учоқлари учувчисиз ҳарбий учоқлар бўлиб, улар аниқ нишонга ҳаводан ҳужум қилади. Афғон Президенти Ҳомид Карзай ва Покистон ҳукумати эса бу ҳужумлар кўп ҳолларда оддий аҳолини ўлдирганидан норози бўлиб келганлар.

Дрон учоқлари қўшинлар кириб бориши қийин бўлган Покистоннинг шимоли-ғарбидаги қабила ҳудудларида Ал-Қоида ва Толибон жангариларига қарши тез-тез амалга оширилади, бироқ йилдан йилга бу каби ҳужумлар сони камайиб бормоқда.

Хўш, Ўзбекистон бу каби зиддиятли ҳужумларни амалга ошириш учун нақадар қулай мезбон? Би-би-си бу ҳақида россиялик ҳарбий мутахассис, Голос России радиостанциясининг ҳарбий шарҳловчиси Иля Крамникдан сўради.

Крамник: Аслини олганда, буни амалга ошириш учун техник муаммолар йўқ. Чунки учувчисиз учоқлар, яъни дронларни ҳар қандай масофадан учирса бўлади. Бу ерда асосийси - шу дрон билан алоқанинг бор ё йўқлиги. Масалан, Покистон ё Афғонистон узра учадиган дронни Нью-Йоркда ўтириб ҳам бошқариш мумкин. Айни вазиятни оладиган бўлсак, албатта, дронларни Нью-Йоркдан кўра Ўзбекистондаги Хонободдан бошқариш қулайроқ, чунки қўмондонлик яқинроқ жойлашгани мақсадга мувофиқ бўлади. Бу каби режаларнинг ҳисобга олинаётгани АҚШнинг Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш йўлидаги тайёргарликларига боғлиқ. Ўзбекистон ҳарбий нақлиёт учун қулай, ва у нисбатан паст террор хавфларига эга. Шу жиҳатдан у мазкур вазифага мос тушади. Ҳозирча очиқ қолаётган савол, Ўзбекистон ва АҚШ бу борада қандай келишиб оладилар? Ва ундан ташқари, бунга Россиянинг муносабати қандай бўлади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Покистонда дрон ҳужумларига қарши норозилик намойишлари бўлиб туради

Би-би-си: Бу каби дрон ҳужумлари АҚШ қўшинлари Ўзбекистондан чиқариб юборилишидан аввал, яъни 2005 йилгача Хонобод базасидан амалга ошириб келинган экан. Лекин, ундан бери дрон ҳужумлари анча зиддиятли аҳамият касб эта бошлади, кўп танқидларга учради. Шу жиҳатдан қаралса, Ўзбекистондан дрон ҳужумларини бошқариш учун жой ажратиб беришни сўраш қанчалар осон кечади деб ўйлайсиз?

Крамник: Албатта, улар кўп қарама-қаршиликларга сабаб бўлади. Лекин, келишувларга келадиган бўлсак, афсуски, ўзбек ҳукумати бу борада қандай фикрга эга эканини билмайман. Бу, албатта, Ўзбекистон тарафи ўзи учун қандай манфаатни кўзлашига боғлиқ бўлади. Менимча, Ўзбекистон ҳукумати ва хусусан Ислом Каримовни дрон ҳужумлари нақадар мубоҳасали экани, ёки бу борадаги мустақил матбуотдаги қарашлар унчалик ҳам безовта қилмайди. Ғарбона андозаларни назарда тутиб айтадиган бўлсак, Каримов эркин сайловларда ғолиб чиқишига ҳам хожат йўқ. Шундай экан, Каримов жаноблари омма фикрига қараб ўтирмай, ўзи учун манфаатли деб кўрадиган ҳар қандай қарорни қабул қилиши мумкин. Агар яқин келажакда АҚШ билан янада яқинроқ ҳарбий ҳамкорлик қилиш унинг ўз қудрати учун кўпроқ барқарорликни таъминлаб беришига ишонч ҳосил қилса, у дрон ҳужумларига йўл очиб бериши эҳтимоли бор. Лекин, ҳали айтганимдек, бунга Москванинг муносабати қандай бўлиши ҳам муҳим жиҳат. Мана шу соҳада Москва ва Вашингтон ўртасида қандайдир мувозанатга эришилиши лозим бўлади.

Би-би-си: Сиз техник жиҳатдан дрон ҳужумларини амалга ошириш қийин эмаслиги, ва уни ҳар қандай масофадан, масалан Нью-Йоркдан туриб ҳам Покистонда амалга ошириш мумкинлигини айтдингиз. Лекин дрон ҳужумларининг ерда амалга оширилиши керак бўлган жиҳатлари ҳам бор. Масалан Покистон чегарасига яқин жойлашган АҚШ Марказий Разведка Бошқармаси зобитлари покистонлик айғоқчилар билан юзма-юз учрашишлари керак, улардан маълумотни қабул қилиб олишлари керак, ёки GPS мосламаларини нишон машина ёки уйга бориб ёпиштириб қўйишни сўрашлари керак. Ўзбекистонда туриб, буларни амалга ошириш осон бўлмаса керак?

Крамник: Биласизми, Ўзбекистонга ҳамма ресурслар кўчириб ўтилади деб айтиб бўлмайди, чунки афтидан Марказий Разведканинг агентлари ўз жойларида қоладилар, Ўзбекистонга эса дронларни бошқарувчи техник ва ҳарбий бошқарув кўчирилиши мумкин, холос. Яъни дронларнинг ўзи ва уларни техник таъминлаш Ўзбекистонда амалга оширилиши мумкин. Маълумот йиғиш ва дронни сақлаш ё бошқариш битта жойда бўлиши шарт эмас. Дронни бошқарувчилар бир жойда, нишонни аниқлаб берувчилар эса нишон майдонида бўлишлари мумкин.