Толибон вазири билан учрашган Ўзбек ҳикояси

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди
Image caption Мавлавий Абдул Рақиб Афғонистондаги собиқ Толибон тузумининг Ўзбек вазири бўлган.

Сарлавҳани ўқибоқ, "Толибон вазири билан?! Ўзбек?!", дея саволларни қаторлаштириб ташлашингиз тайин.

Ҳа, Толибоннинг ягона Ўзбек вазири кеча душанба куни Покистоннинг Пешовар шаҳрида суиқасд қурбони бўлган Мавлавий Абдул Рақиб бўлса, у билан кўришган Ўзбек Би-би-си Марказий Осиё Хизматининг раҳбари Абдулҳамид Исмоил бўлади.

Аён бўлишича, ҳаммаси қўшни Афғонистонда Толибон тузуми қудратда бўлган ва Мавлавий Абдул Рақиб толибларнинг Шаҳидлар, Ногиронлар ҳамда Қочқинлар масалалари бўйича вазири сифатида ишлаган 90-йиллар охирларида юз беради.

"Толибон қудратга келгандан кейин Би-би-си Афғон Хизмати уларнинг ҳукумати таркибида бир Ўзбек борлигини айтиб қолди. Ўша Ўзбекни қидира бошладик. Охири топдик ва телефон орқали гаплашдик. Унинг исми Мавлавий Абдул Рақиб, ўзи асли тахорлик ўзбеклардан экан", - дейди ўша кунларни хотирларкан Абдулҳамид ака.

У кишининг сўзларидан аён бўлишича, илк телефон суҳбати ортидан Мавлавий Абдул Рақиб ташаббусни ўз қўлига олади ва ўзини қайта-қайта Толибон Афғонистонига таклиф этишни бошлайди.

"Келинг, ўз кўзингиз билан кўринг. Толибон ҳақида турли ёлғон-яшиқлар юрибди. Мана, сиз Ғарб журналисти экансиз, келинг-да, бир кўриб кетинг деди. Унинг ана шу даъватидан сўнг 99-йиллар охири 2000 йиллар бошларида Толибон Афғонистонига сафар қилганман", - дейди у киши.

Учрашув

Фото муаллифлик ҳуқуқи b
Image caption Абдулҳамид Исмоил Мавлавий Абдул Рақиб ўзида ҳокисор ва сулҳпарвар инсондек таассурот қолдирганини айтади

Қўшни Афғонистонда 1996-2001 йиллар оралиғида қудратда бўлган, аммо ҳукумати халқаро ҳамжамият томонидан расман тан олинмаган Толибон тузуми ташқи дунёда ўзининг шафқатсизлиги ва қаттиққўллиги билан ном чиқарган.

Суҳбатдошимиз биргина учрашуви ортидан, бутун Толибон ҳаракатига аниқ баҳо бера олмаслиги, аммо Мавлавий Абдул Рақиб ўзида, "жуда ҳокисор ва халқчил инсон сифатида таассурот қолдиргани"ни айтади.

"Масалан, эсимда бор, уни кўргани вазирлигига борганимда, олдида бир 30-40 тача одам, эргашиб, тўғридан-тўғри унинг хонасига кириб кетишган. Ўша ногиронлар, майиблар, шаҳидларнинг оилалари...Уларнинг орасида аралашиб-қуралашиб юрган бир одам эди", - дейди Абдулҳамид ака.

У киши, ўз ўрнида, иш тажрибасидан келиб чиқиб, ўзи бўлган дунёнинг аксарият давлатлари вазирликларида бу каби ҳолатга дуч келмаганлигини ҳам эътироф этади.

Мавлавий Абдул Рақибнинг Толибон мулозими сифатида ўша пайтдаги ғоялари, қарашларига тўхталаркан, суҳбатдошимиз у ўзида бир Ўзбек сифатида сулҳпарвар одамдек таассурот қолдирганини алоҳида таъкидлайди.

Унинг ўша пайтда менга айтишича, айнан ўзбекларнинг ғамини егани учун ҳам толиблар сафига кирган, уларнинг орасида ўсиб, улғайган, дейди Абдулҳамид ака.

Суҳбатдошимиз Мавлавий Абдул Рақибнинг суиқасд қурбонига айланишига ҳам айнан сулҳпарварлиги сабаб бўлди, деган фикрда.

Покистондан олинган сўнгги хабарларга кўра, Мавлавий Абдул Рақиб сўнгги кунларда қатор Толибон лидерлари билан ҳаракат раҳбари Мулла Муҳаммад Умарнинг буйруғига зид бир равишда Афғонистон Тинчлик Олий кенгаши вакиллари билан Дўбайда музокаралар олиб бориш ҳаракатида бўлган.

Таназзул

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Толибон ҳаракати 2001 йил Америка бошчилиги остидаги иттифоқ кучлари томонидан ағдарилганди

Абдулҳамид ака Исмоилов Толибон ҳаракатини ичдан шахсан ўзи кўрган инсон сифатида уларнинг таназзулига сиёсий ғўрликлари сабаб бўлди, дейди.

"Улар менда бир сиёсий ўсмирлар сифатида таассурот қолдиришди. Сиёсий ўсмирлар, одатда, жуда идеалист бўлишади. Ўзларининг ғояларини ҳаётдан ҳам юқорироқ қўйишади. Ҳаётнинг ўзининг прагматик ҳақиқатлари бор. Улар ана шу ҳақиқатларга кўп ҳам бўйсинишгани йўқ. Ўзларининг ғоявий дунёларини ерда ўрнатишмоқчи бўлишди. Шу нуқтаи назардан, албатта, улар ютқазишга маҳкум бўлишган", - дейди суҳбатдошимиз ўз сўнггида.

Афғонистондаги ҳокимияти халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаслиги ортидан, "Ал-Қоида" жангари тармоғига Афғонистондан жой бериб, улар билан яқин иттифоқчиликка киришган Толибон ҳаракати 2001 йил Америка бошчилиги остидаги иттифоқ кучлари томонидан ағдарилганди.

Ўшандан буён ҳаракат раҳбари Мулла Муҳаммад Умар ва бошқа юқори мартабали мулозиму қўмондонларининг қўшни Покистонда жон сақлаб юрганликлари ишонилади.

Аммо орадан 13 йил ўтиб, Толибон ҳаракати яна Афғонистоннинг қатор минтақаларида фаоллашишга муваффақ бўлган.

Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари ортга оммавий сафарбарликларини бошлаган бир манзарада Толибон яна Афғонистон тўқнаш келиб турган йирик таҳдид экани бугун барча давраларда бирдек эътироф этилади.