"Қамоқхонадаги сил маҳбусларнинг ҳаётини сақлашга ёрдам беринг!"

Image caption Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган тутқунларнинг аҳволи оғир.

Шундай мурожаат билан чиққан Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Алянсиига кўра, Ўзбекистон қамоқхоналарида сил билан оғриган маҳбусларнинг аҳволи оғирлигача қолмоқда.

Алянс халқаро ҳамжамиятни, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаётган тутқунларнинг аҳволига эътибор қаратишга чақиради.

Алянс фаоли Елена Урлаеванинг айтишича, шундай маҳбуслардан бири, Навоийдаги 36 қамоқхонада ётган Сайфиддин Қурбоновнинг ҳаёти хавф остида.

Елена Урлаева Сайфиддин Қурбоновнинг онасига иқтибосан келтиришича, оғир аҳволдаги ўғли текширилганда, бир ўпкаси рентген суратида кўринмаган.

Тўхтовсиз оғриқ, юқори ҳарорат, қон қайт қилаётганига қарамасдан, қамоқхона шифокорлари унга шошилинч ёрдам кўрсатишмаяпти. Бунинг ўрнига шифокорлар Сайфиддиннинг онаси Сайёра Қурбоновага ўғлининг аҳволи яхшилигини айтишган.

Қамоқхонада ўғлини кўриб қайтган Сайёра Қурбонова силга чалинган маҳбуслар "ётоқ режими" ўрнига нозирлар томонидан ҳар куни юришга, оғир юкларни кўтариш, ҳожатхона тозалашга мажбурланиши, бундан ташқари уларни очлик ва совуқ билан қийноққа солинаётганини маълум қилади.

Сайёра Қурбонованинг сўзларига қараганда, унинг ўғли қамоқхона нозирлари кўрсатмаси билан бошқа маҳбус томонидан жинсий зўрланмоқчи бўлган.

"Қамоқхонада силга чалинган шу қадар маҳбус борлигидан даҳшатга тушдим. Улар кўп ва жуда оғир аҳволда. Мен ўғлим ва бошқа маҳбусларнинг аҳволидан жуда хавотирдаман. Маҳбусларнинг соғлиги яхши бўлишига умуман ҳаракат қилинмайди. Аксинча уларнинг эрта ёшда ўлиб кетишлари учун атайлаб ҳаракат қилиняпти. Улар сақланаётган шароитда соғайиш мумкин эмас".

"Маҳбусларнинг сўзларига кўра, Сангородда силга чалинганлар вафот этгач, назоратчилар маҳбусларнинг ўзларига мурдаларни кўтариб, моргга олиб бориш ёки марҳумнинг қариндошига олиб чиқишга мажбурланади. Суд тиббий экспертизаси ходимлари мурдаларни тўғридан-тўғри маҳбусларнинг олдида ёриб, уларга кўрсатиши яна ҳам ортиб тушади. Бу уларнинг руҳий ҳолатига қаттиқ таъсир кўрсатади. Бундан ташқари маҳбусларнинг ҳамширалар юзига тик қараши мумкин эмас экан. Улар муолажа пайтида ҳам бошларини пастга эгиб ўтиришларини талаб қилиш ҳақоратли. Нозирлар томонидан калтакланган маҳбуслар "ўзим йиқилиб тушдим" деб ёзишга мажбурланганлар", дейди Сайёра Қурбонова.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Алянси қамоқхоналардаги маҳбусларга қарши қўлланилаётган қийноқларга барҳам беришга чақириб, Тошкентда Ички Ишлар вазирлиги ва Жиноий ишлари бош бошқармаси бинолари одида пикет уюштиришни режалаштирган.