Гулнора Каримованинг одамлари пул ювишда айбланишмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг расман билдиришича, "Terra group" "Prime Media" ва "Gamma promotion" масъулияти чекланган жамиятлари раҳбарларига нисбатан очилган жиноий иш доирасида тергов ҳануз давом этмоқда.

Бу ҳақда Бош прокуратуранинг расмий веб саҳифасида бугун 19 феврал куни чоп этилган хабарда айтилади.

Янги хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, устларидан тергов давом этаётган "гуруҳ қалбакичилик ва ноқонуний йўллар билан Ўзбекистон ичкариси ва ташқарисида турли сохта ташкилотларни қайддан ўтказишган".

"Солиқ тўлашдан бўйин товлаб, хорижий валюталарни яшириб, ноқонуний йўллар билан даромад топиш ва жиноий маблағларни қонунийлаштириш билан шуғулланишган".

Ўзбекистон Бош прокуратураси расмий хабарига таянилса, жорий пайтда 10 кишига нисбатан тергов жараёни давом этмоқда.

Аммо хабарда бу шахсларнинг ким эканликлари тафсилотлари келтирилмаган.

Шу ҳафта душанба куни Бош прокуратура Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқин деб кўрилган шахслар - Рустам Мадумаров, Гайане Авакян ва Екатерина Клюеваларнинг мажбуран суриштирувга олиб келинганликларини маълум қилганди.

Сешанба кунги хабарларда ҳам учовлоннинг ҳамон Ўзбекистон Бош прокуратурасида қолаётганликлари айтилганди.

Аммо сўнгги жиноий иш доирасида олиб борилаётган тергов ҳақида кундалик хабар берилаётган Бош прокуратура расмий веб саҳифасида уларга қарши қўлланган эҳтиёт чораси очиқланмаган.

Яъни, прокуратурага мажбуран келтирилган шахсларнинг тергов ортидан ҳибсда қолиш-қолмасликлари маълум эмас.

Сўнгги расмий хабар тафсилотларидан маълум бўлишича, терговга тортилган шахслар томонидан давлат ва муайян ширкатларга ўта катта миқдорда зарар етказилган.

Ўзбекистон Бош прокуратурасига кўра, мазкур тергов ортидан ҳеч кимнинг масъулиятдан қочиб қутула олмаслиги ва барчанинг қонун олдида тенг эканига эришилади.

'Қонун олдида ҳамма тенг'ми?

Гулнора Каримованинг ўзи ҳозирга қадар сўнгги ҳодисалар юзасидан Твиттерда бирон-бир шарҳ бергани йўқ.

Унга энг яқин экани айтилган шахсларнинг мажбуран терговга олиб келиниши эса, таҳлилчилар орасида Президент Ислом Каримовнинг эҳтимолий меросхўри сифатида кўриб келинган Гулнора Каримовага қарши навбатдаги зарба сифатида талқин қилинмоқда.

Ўз ўрнида қайд этиб ўтиш жоиз, Ўзбекистондаги воқеаларнинг бу каби ривожи президентлик сайловларига бир йил қолган бир манзарада кузатилмоқда.

Худди шу боис ҳам, президент Ислом Каримовнинг тўнғичи ва унинг яқинлари билан боғлиқ сўнгги ҳодисаларни ҳокимият учун кураш сифатида баҳолаётган таҳлилчилар ҳам йўқ эмас.

Тошкентдан келаётган хабарлар йирик халқаро нашрларнинг эътиборидан ҳам четда қолмаган.

"Гулнора Каримованинг иттифоқчилари Ўзбекистонда ҳибсга олинди", "Ўзбекистон биринчи қизининг ҳамкорлари терговга юз тутишмоқда" номи остида хабару мақолаларга сабаб бўлган.

Бошқа бир тергов

Ўтган йил августида Францияда Ўзбекистон Президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳамда яна бир неча шахсни нишонга олган ноқонуний пулларни ювиш билан боғлиқ текширув бошланганди.

Ундан сал аввал Франциядаги манбаълар Би-би-сига Гулнора Каримовага тегишли икки кўчмас мулк хатланганини тасдиқлаган эди.

"Франс-Пресс" агентлигининг терговга яқин манбаъдан иқтибос келтиришича, француз расмийлари "уюшган жиноий гуруҳ томонидан ноқонуний пулларни ювиш" ҳамда " хорижий расмийга пора бериш" каби ҳолатларни текширишмоқда.

Англашилишича, жиноят иши марказида Франция жанубидаги вилла дохил, кўчмас мулк масаласи турибди.

Дастлабки хабарларда француз полицияси Швеция ҳуқуқ-тартибот идораларининг сўрови асосида амал қилгани айтилган.

Швецияда мамлакатдаги энг йирик телеком ширкати - TeliaSonera-га қарши очилган жиноий ишда ҳозирда Гулнора Каримованинг ўзи ҳам гумонланувчи шахс сифатида кўрилмоқда.

Каримова хонимга яқин тўрт шахс эса Швейцария банкидаги пуллар билан боғлиқ жиноий терговда расман гумондор ҳисобланади.

Швейцария жамоатчилик телевидениеси RTS нинг ахборотича, Швейцария ушбу жиноят иши доирасида ҳозирга қадар 800 миллион швейцар франки ёки 845 миллион доллар маблағни музлатган.

Аммо Францияда олиб борилаётган терговда Каримова хонимнинг мақоми аниқ эмас.

Швед журналистларининг ишонишларича, Гулнора Каримова Парижда қимматбаҳо квартира ва Ривиера оромгоҳида жойлашган беш юлдузли меҳмонхонага эгалик қилади.

Гулнора Каримованинг ўзи пул ювиш ва коррупция даъволарини рад этган ва ғарб матбуотидаги чиқишларни ўзини ёмонотлиқ қилиш кампаниясининг бир қисми, деб атаган.

Uzmetronom.com интернет нашрининг ёзишича эса, Ўзбекистон Бош прокуратурасининг хабари, "қатор юқори мартабали шахслар президент тўнғич қизининг номидан ўзларининг қинғир мақсадлари йўлида фойдаланишгани"га оид аввалроқ Россиянинг "Интерфакс" ахборот агентлиги тарқатган хабарларни тасдиқлайди.

Ҳаммаси қандай бошланди?

Айни мавзуни чуқур ўрганган Би-би-си мухбири Наталья Антелаванинг ёзишича, Гулнора Каримованинг муаммолари яқинда Оврўпода коррупцияга доир иш қўзғатилгани билан бошланган.

2012 йилда бир гуруҳ швед журналистлари Финландия-Швеция Телекоммуникацион ширкати TeliaSoneraни текширишди ва бу ширкат Ўзбекистонга кириш учун 300 миллион тўлаганини ошкор қилдилар.

Айни маблағ Гибралтарда рўйхатдан ўтган кичик ширкатнинг ҳисобига тушган.

Бу ширкат Гайане Авакян номига расмийлаштирилган экан.

У телекоммуникация соҳасига умуман алоқасиз бир шахслиги маълум бўлди.

Гулнорага яқин шахсларга кўра, Авакян йигирма нечадир ёшда ва Каримованинг дўконларидан бирида ишлаган.

Бир муддат Москвада Гулноранинг модалар кўргазмасини ташкиллаштириш учун ишга олинган.

Жуда тез орада эса Гулноранинг энг ишончли ёрдамчиларидан бирига айланган ва 2013 йилда Швециядаги энг йирик коррупция можароларининг марказига тушиб қолган.

Прокурор Гуннар Стетлер ана шу порахўрлик иши бўйича раҳбар ва унинг айтишича, TeliaSonera ширкати мулозимлари Ўзбекистон ҳукумати мулозимларига пора берганлигига шубҳа йўқ.

Мақсад Ўзбекистон бозорига кириш бўлган, дейди у.

Аммо бу иш анчайин мураккаб ва 10 та Оврўпо давлатлари аралашган.

Швециянинг ўзида ширкат иш бошқарувчиларидан тўрт нафарини "рисоладагидай бизнес аҳлоқ қоидаларига" амал қилмагани учун вазифасидан четлаштирди.

Ширкат Бош Бошқарувчи Офицери истеъфо берди.