Бокс: Ўзбекистон ҳам Россия ва ҳам Британияни мағлуб этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи olympicboxing.uz
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бокс бўйича дунёнинг бу икки кучли жамоаси устидан эришган йирик ҳисобдаги ғалабаси ортидан, ўзбекистонлик боксчилар Қозоғистон пойтахти Остонада бўлиб ўтган халқаро турнирда иккинчи ўринни эгаллашди.

Ушбу йиллик турнир бундан тўрт йил муқаддам Қозоғистон Бокс Федерацияси ташаббуси билан йўлга қўйилган.

Унда анъанавий равишда дунё бокс оламида ўз ўрнига эга тўрт давлат: Қозоғистон, Ўзбекистон, Россия ва Буюк Британия вакиллари иштирок этиб келишади.

Мазкур турнирда бу тўрт давлатнинг энг кучли боксчилари билан иштирок этишлари тақозо этилади.

Таъкидлаб ўтиш жоиз, бу йилги мусобақаларда ўндан ортиқ боксчиси билан қатнашган Ўзбекистон фақат мезбон Қозоғистонга енгилди, холос.

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Бош мураббийи Марс Қўчқоров Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида Остонадаги турнир ўзлари учун энг аввало бўлажак Осиё Ўйинлари олдидан муҳим синов вазифасини ўтаганини айтади.

Image caption Бош мураббий Марс Қўчқоровнинг айтишича, шогирдлари бўлажак Осиё Ўйинларида фақат олтин медали учун рингга чиқишади

Бу йилги Осиё Ўйинлари эса, сентябр ойининг охири ва октябр ойининг бошларида Жанубий Кореяда бўлиб ўтади.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Ўйинларда 10 боксчилари иштирок этадиган бўлса, уларнинг барчаси олтин медал учун рингга чиқишади.

Халқаро бокс оламида таниқли мутахассислардан бири сифатида эътироф этилувчи Марс Қўчқоров яқинда Ўзбекистон миллий терма жамоасига Бош мураббий этиб тайинланган. Спорт устаси, Ўзбекистонда Хизмат кўрсатган мураббий.

Ҳаваскор ва профессионал боксда жаҳон чемпионлари Руслан Чагаев, Муҳаммадқодир Абдуллаев, Ўткир Ҳайдаров ва Тимур Туляков каби номдор боксчиларга устозлик қилган.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, ўзбекистонлик ёш боксчилар яқинда жаъми 8 та медал билан Осиё чемпионатини ҳам нуфузли иккинчи ўрин билан якунлашганди.

Ўтган йил қўшни Қозоғистонда бўлиб ўтган сўнгги жаҳон чемпионатининг кумуш ва бронза медалларини қўлга киритишганди.

Шундай экан, Остонадаги халқаро турнирда қайд этган ютуқлари Ўзбекистон терма жамоаси учун нимани англатади?

Жамоа Бош мураббийи Марс Қўчқоров билан суҳбатимизда тингланг.