Ўзбекистонда даҳшатли қийноқларга солинган Қаюм Ортиқов Америкага жўнаб кетган

Image caption Британия ҳукумати Ортиқов иши юзасидан танқид остига олинганди

Human Rights Watch Қаюм Ортиқов Ўзбекистонда қайд этилган энг даҳшатли шаклда қийноқлар остида қолганини айтган.

Унга кўра, жаноб Ортиқов калтакланган, ўз камераси шифтига осиб қўйилган ва жинсий аъзолари куйдирилган.

Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари уни аввалига Британ жосуси дея айблашган, сўнгра уларга ишлашга ундаганлар.

Бироқ Қаюм Ортиқов улар қўйган талабларга рози бўлмаган.

Британия элчихонасининг собиқ ходими алал- оқибат оиласи билан Ўзбекистондан чиқиб кетишга муваффақ бўлар экан, Британиядан бошпана олишга умид қилганди.

Қаюм Ортиқов бу умид билар Украинада икки йил яшади, бироқ жавоб бўлавермагач, Қўшма Штатларга жойлашиш таклифини қабул қилди.

Британия Ташқи ишлар вазирлиги бу борада баёнот чиқариб, Ўзбекистондаги элчихонаси ўзбек расмийлари диққатига қийноқ даъволарини етказгани ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қочқинлар Агентлиги Ортиқовнинг бошпана олиш ҳақидаги аризасини кўриб чиқаётганини билдирган эди.

Аммо жараён жуда узоққа чўзилди ва Британия ҳукумати халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг аёвсиз танқидлари остида қолди.

Би-би-си мухбири Ричард Галпин Ҳюман Райтс Воч ташкилотининг Буюк Британиядаги вакилларидан бири Девид Мепҳам билан Қаюм Ортиқов тақдири борасида суҳбатлашди.

Ричанд Галпин, Би-би-си: Қаюм Ортиқов қийноққа солингани ҳақида сизга нималарни гапириб берди?

Девид Мепҳам, Ҳюман Райтс Воч: Ўзбекистонда Ортиқовнинг иши Ҳюман Райтс Воч томонидан ҳужжатлаштирилган даҳшатли қийноқ қўлланишларига доир яна бир исботдир. Ўзбекистон мисли кўрилмаган қийноқ усуллари қўллаши билан машҳурдир. Британия элчихонасининг қўриқчиларидан бўлиб ишлаган Ортиқов бир неча бор калтакланган, яланғоч ҳолатда совуқ хонада асралган, уни ўз хонасида шифта осиб қўйганлар ва жинсий аъзоларини куйдирганлар...Бу қийноқлар шу қадар даҳшатли бўлганки, у томирларини тишлаб ўз жонига қасд қилишга ҳам уринган.

Ричанд Галпин, Би-би-си: Сиз Ортиқов жаноблари иши билан шуғуллангансиз, уни озод этиш ҳаракатларида фаол бўлгансиз…Британия ҳукуматининг Қаюм Ортиқов ишига муносабатидан кўнглингиз тўлганми?

Девид Мепҳам, Ҳюман Райтс Воч: Биз жуда ҳайратга тушдик ва ҳафсаланимиз пир бўлди Британия ҳукуматининг муносабатидан...Тошкентдаги Британия элчихонаси ва Лондондаги Ташқи ишлар вазирлигининг муносабати лол қолдирди бизни...бизга нима учун улар бу каби бефарқ муносабатда бўлишгани қоронғу. Биз Ортиқов иши бўйича Британия ҳукуматига бир неча бор саволлар йўлладик, парламентда ҳам унинг масаласи кўтарилди... Аммо жавоб бўлгани йўқ. Улар эҳтимол Ўзбекистон ҳукумати билан муносабатлар ёмонлашишидан хавотирдадирлар, балки ўзларининг Ортиқов иши бўйича ҳеч нарса қилмаганликларидан изза бўлишгандир...Биз Британия ҳукуматининг бу ҳаракатсизлигидан ўта афсусдамиз.

Ричанд Галпин, Би-би-си: Ортиқов жаноблари кейин Киевга кетади ва у ерда бошпана сўрайди. Британия ҳукумати яна бу масалага кўз юмади, шундайми?

Девид Мепҳам, Ҳюман Райтс Воч: Британия ҳукумати яна ўта сусткашлик билан иш тутди. Ортиқовлар оиласи албатта бу каби муносабатдан ҳафсалалари пир бўлган. У мисли кўрилмаган қийноқларни бошидан кечирди. Унга руҳий мадад керак эди. Ёрдам лозим эди. Британиянинг Киевдаги элчихонаси ана шу ёрдамларни бериши мумкин эди. Аммо бундай бўлмади. Алал-оқибат Америка Қўшма Штатлари Ортиқов ва унинг оиласига бошпана берди. Биз бундан мамнунмиз. Унинг оиласи ҳам хурсанд. Лекин нима учун Британия элчихонасининг собиқ ишчиси бўлган Ортиқовга Британия ҳукумати бошпана бермагани мен учун ҳамон қоронғу қолмоқда. Айни ҳолат Британия ҳукуматининг обрўсига доғ туширади.

Бу мавзуда батафсилроқ