Ўзбек қизлари нега худкушликка қўл уришмоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Агар, маҳаллий фаолларнинг сўзларига таянилса, камбағаллик, отаси тенги кишига мажбуран узатилиш, эркак яқинлари томонидан таҳқирланиш, дўппосланиш, Ғарб қадриятлари ва урф-одатларнинг тўқнашуви сабаб. Ўзини ўлдирган қизларнинг сони эса, ўнлабдир.

Сўз ўзбек қиз-жувонлари ҳақида кетаётган бўлса, бу каби хавотирли вазият қўшни Афғонистоннинг шундоққина Ўзбекистон биқинидаги шимолий минтақаларида кузатилмоқда.

Агар, расмий хабарларга таянилса ҳам, биргина ўзбеклар зич яшовчи Жаузжон вилоятида ўтган икки ойнинг ўзида 30 га яқин худкушлик ҳолати қайд этилган.

Маҳаллий инсон ҳуқуқлари фаоллари эса, ҳақиқий рақамларнинг расмийсидан анча юқори эканини тахмин этишади.

Устига устак, ўз жонига қасд қилиш ҳолларининг аксарият аҳолиси мусулмон ва исломий бир жамиятда юз бераётгани ҳозир кўпчиликни ўйлантириб қўйган.

"Кечки овқат пайтида яхшигина ўтирувди. Кулишиб, бошқа қилиб...Кейин ухлагани кетдик. Қизим туриб Хуфтон намозини ҳам ўқиди. "Она, бизлар ётдик", - деди. Сўнгра ҳаммамиз кириб ухладик. Эрталаб туриб, намозимни ўқиб, уйга кирсам, онанг ўлсин болам, шундоққина осилиб ётибди. Билмай қолдим, мени ғафлатда қолдириб кетди", - дейди яқинда ўсмир қизи ўз жонига қасд қилган онахон биз билан суҳбатида.

Бирталай муаммолар

Маҳаллий кузатувчиларга кўра, мавжуд ҳолат бугун қўшни Афғонистонда ижтимоий, иқтисодий ва маиший муаммоларнинг қанчалик жиддий эканига далолат қилади.

Айрим маълумотларга таянилса, худди ана шу қийинчиликлар сабаб, бугун икки миллионга яқин афғон аёллари депрессиядан азоб чекишади.

Аммо, мавжуд рақамларнинг қанчалик юқори эканига қарамай, уларга руҳий мадад кўрсатиши мумкин бўлган хос марказларнинг сони бармоқ билан санарли.

Мутахассисларга кўра, бу каби ҳолат уларни ўз жонларига қасд қилишга мойил қилиб қўяди.

Агар, имконли бўлган маълумотлардан хулоса қилинадиган бўлса, хотин-қизлар осиш, ўт қўйиш ва заҳар ичиш билан ўз ҳаётларига нуқта қўйишга уринишади.

Уларнинг худкушлик учун танлаётган усулларини таҳлил этган мутахассислар эса, буни ўша хотин-қизларнинг ўзлари тушиб қолган шароитга нисбатан бир исёни сифатида талқин этишади.

Аммо, маҳаллий фаолларга кўра, худкушлик ҳолларининг аксарияти охиригача ўрганилмайди, биров нима бўлди, деб қизиқиб ҳам кўрмайди ва хотин-қизларнинг ўз жонига қасд қилишларига бевосита сабабчи бўлган шахслар деярли жавобгарликки тортилмайди.

Ҳимоя?..

Афғонистондаги маиший зўравонликларнинг бугунги кўриниши эса, сўнгги йилларда эркакларнинг ўз хотинларининг бурун, лабларини кесиб ташлаш, чопқи билан чопиб ташлаш даражасига етган.

Хотин-қизларни турли кўринишдаги маиший зўравонликлардан ҳимоя этиши лозим бўлган янги таҳрирдаги қонун лойиҳаси, ойларки, муҳокамада. Ҳалиям кучга кирмаган.

Маҳаллий фаолларнинг айтишларича, худкушлик муаммосининг сабаблари озмунча эмаслиги боис, унга ёндашув ҳам кенг қамровли бўлмоғи лозим.

Одамларнинг иқтисодий аҳволларини яхшилаш, маиший зўравонлик ҳолларига чек қўйиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий саводхонликларини ошириш, оммавий-ахборот воситалари, уламою масжидларни ҳам ишга солиш тақозо этилади.

Аммо мавжуд вазият 13 йиллик ҳозирликлари ортидан хорижий иттифоқ қўшинлари Афғонистондан оммавий сафарбарликни бошлаган ва ўзининг кескин шаръий қонунлари билан танилган толиблар мамлакатда қайта фаоллашаётган бир манзарада кузатилмоқда.