Ўзбекистонда Миллий Академик театр 100 йиллиги нишонланади

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов собиқ Ҳамза театрининг 100 йиллигини нишонлаш ҳақидаги қарорни имзолаган.

Президент қарорига биноан Ўзбек Миллий академик драма театрининг биноси яна қайта таъмирланади, театр тарихига бағишланган китоб-альбом нашр қилинади, ҳужжатли фильм тасвирга олинади.

Бутун мамлакат бўйлаб Миллий академик драма театрининг бир асрлик санасига бағишланган тадбирлар ўтказилади.

Бугунги кунда ҳам кўпчилик машҳур Ҳамза театри деб биладиган Тошкент марказидаги театр Марказий Осиёда ташкил қилинган илк театр бўлган.

Атоқли жадид зиёлиси, маърифатпарвар ва педагог, ёзувчи ва драматург Абдулла Авлоний 1913 йил охирида Тошкентда "Турон" деб номланган театр труппасини ташкил этган.

Бу театрда яна бир фидойи маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг "Падаркуш" пьесаси томошага қўйилган.

"Турон" труппаси 1917 йилгача фаолият юритган.

Кейин унинг ўрнида профессионал драма театр барпо этилган.

1937 йилда ҳукумат қарори билан театрга Академик драма театри мақоми берилган.

Ҳамза номидаги драма театрининг узоқ йиллар мобайнидаги режиссёри Маннон Уйғур бўлган.

Маннон Уйғур театрда Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон ва бошқа ижодкорларнинг асарларини саҳналаштирган.

Илк бор Чўлпон таржимасидаги "Ҳамлет" томошага қўйилган.

Аброр Ҳидоятов ижросидаги Отелло роли дунё театрлари орасида энг мукаммал ижро этилган Отелло деб топилган.

Театрда Ўзбек маданияти ва санъатининг фахри ҳисобланган кўплаб актёр ва актрисалар ижод қилганлар.

Улар орасида Аброр Ҳидоятов, Сора Эшонтўраева, Шукур Бурҳонов, Наби Раҳимов, Зайнаб Садриева ва бошқалар бўлганлар.

Ўзбекистон мустақиллигидан кейин театрни Ўзбек Миллий академик драма театридеб номлашга қарор қилинди.

Бугунги кунда ҳам театрда қатор истеъдодли ижодкорлар фаолият юритадилар.