Ўзбекистон: қизларингизни эрта турмушга берманг!

Image caption Вилоятларда қизларни ёш эрга бериш кўп учрамоқда.

Ўзбекистондаги интернет нашрларига кўра, мамлакатда никоҳ ёшига етмаган қизларни эрта турмушга бериш ҳолларига эътибор кучайтирилган.

Хусусан, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, жойлардаги маҳалла фаоллари, тегишли идоралар ёрдамида шундай ҳоллар аниқланиб, камида 160 тўй тўхтатилган.

Хотин-қизлар қўмитаси вакили ЎзА мухбирига билдиришича, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга "Никоҳ ёши тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш" деб номланган янги модда киритилгани вояга етмаган қизларнинг вақтли турмуш қуришининг олдини олишга ёрдам бермоқда.

Шу мақсадда ўқув юртлари, маҳаллаларда ота-оналар ва ёшлар билан ташкил қилинган учрашувларда бундай турмуш қуришнинг зарарлари тушунтирилган.

Тошкент шаҳрилик уй бекаси Гулноранинг Би-би-си айтишича, олиб борилаётган чора-тадбирлар бироз иш беряпти. "Тошкентда эрта қиз узатиш бор гап. Ўқийдиган қизлар ҳам тез узатиларди. Ҳозир ўқийдиган қизлар шартномада ўқиса куёв томон бироз чўчийди. Ҳозир у қадар эрта берилмаяпти ўзи. Домларда қизлар туриб қолишади. Ота-оналар шундан қўрқиб, тез бериб юборишади", деди у.

Айни пайтда вилоятларда қизларни жуда ёш эрга бериш кўп учраётгани айтилмоқда.

Сурхондарёдаги маҳалла қўмиталаридан бирида маслаҳатчи бўлган аёл бу масала жуда нозик эканлигини тушунтиради.

"Ота-оналар билан жанжал қилишимизга ҳам тўғри келади. Биз қизингизни эрта узатманг десак, бақириб кетадиганлари бор. Бир хиллар хўп дейдию, билганини қилади. Кейин Загсдан ўтмайди. Барибир ёш-ёш узатиляпти қизлар. Бу бир томондан балки яхшидир, лекин ажралиб кетадиганлар кўп. Кейин уларни яраштирамиз деб ҳалак бўламиз".

Маълумотларга қараганда, вилоятларда қиз узатиш анча қийинлашган. Қизнинг ота-онаси қуда томонга тўлиқ бош-оёқ сарпо қилишдан ташқари, мебел олиб бориши ҳам урфга кирган.

Илгари бундай одат кўпроқ Тошкентда кузатилган.

17 ёшли қизини эрга бераётган самарқандлик Мавлуда исмли аёл баҳорга белгиланган тўй учун ҳали мебел олишга улгурмабди:

"Куёв бўлмиш Россияда ишлаб келди. Уйланиб, қизимни ҳам Россияга олиб кетмоқчи. Лекин мен тайёр эмасман", дейди у.

Унда нега тўй бошлагани ҳақида сўралганда, яхши жойдан чиққанда бермаса, кейин қийин бўлиши, қизи ўтириб қолиши мумкинлигини айтди.

"Қизимни сўраб келувчилар кўп. Лекин ўқиши шартномада эканини билиб, қайтиб келишмаяпти", дейди қизи 22 га кириб "катта" бўлиб қолганидан хавотирланаётган кейинги суҳбатдошимиз.

Кузатувчиларнинг фикрига қараганда, Ўзбекистонда эрта ёшда турмушга беришнинг асосий сабабларини аввало маориф тизимидан қидириш керак.

"Илгари 11 йиллик ўрта таълимнинг 9 йилга туширилиши ва уни битирган ўқувчилар коллежларга юборилиши бу масалага кучли таъсир кўрсатган".

Қашқадарёлик ўқитувчи аёлнинг айтишича, маорифда кўзланган тизим ишламаяпти. Унинг коллежида ҳам дарслар номига ўтилади. "Ойлаб келмайдиган, ҳатто йилда бир кўриниб кетадиганлари ҳам бор. Ҳужжатлари ётгани қанча", дейди у.- Шу боисдан 9 синфни битирган ўсмир қизлар вояга етган ҳисобланиб, эрга бериб юбориляпти".

Расмийларга кўра, 2012-2013 ўқув йилида Ўзбекистондаги лицей ва коллежларда таълим олаётган 2114 нафар қизлар турмушга узатилган.