Би-би-сига айтаман: Андижонда гўшт нархи нега қиммат?

Андижондан мактуб йўллаган BBCUzbek.com ўқувчиси вилоятда гўшт нархининг қимматлигидан ёзғиради.

Андижонда бир килограмм мол гўшти суяги билан ҳозир 22 минг сумга чиккан. Талиқ гўштнинг нархи эса 26 минг сўм.

Қўй гўшти 24 минг сўм. Пластик картага гўшт олишни айтмаса ҳам бўлади.

Бу гўшт нақд пулга бериладиган гўштдан анча фарқ қилади, сифати ва суягининг оғирлиги билан.

Ҳозир гўшт нархи ошишининг сабабини сўрасангиз, қорамол камайиб кетган экан.

Фермерлар қорамол ҳам топширишлари керак. Улар қорамолни фермадан эмас, балки аҳоли қорамолини арзон-гаровга тортиб олиб, қайта халкнинг ўзига етказиб бераётир.

Ҳозир аҳоли ҳам ўз қорамолини зўрға боқаётган вақтда, уни арзон-гаровга бериб юбориши жуда қийин бўлаяпти.

Республикада чорвачиликни ривожлантириш тўғрисида ва қорамолга етказиб бериладиган беда ва бошқа омухта ем маҳсулотлар тўғрисида бир қанча қарор ва қонунлар чиқишига қарамай, гўштнинг нархи ошиб бораяпти.

Вилоятда 90 та атрофида сунъий қочириш пунктлари бор. Лекин улар кўнгилгидагидек ишламайди. Масалан, бир йилда 50 минг 900 бош сигир ва урғочи таналарни сунъий уруғлантириш топшириғи белгиланган бўлса, ўрта ҳисобда 9 минг 700 бош сунъий уруғлантирилган бўлади.

Бу кетишда албатта қорамол камайиб кетади-да.

Бу ҳолни фақат кўзбуямачиликка йиғилишларда айтилади, аммо кескин чоралар курилмайди.

Бундан ташқари, яйловлар ҳам қисқариб кетаяпти. Масалан, Улуғнор туманида ўртача 5 гектарча, Бўз туманида 18-20 гектар, Жалолқудуқда 60 гектарча бедазорлар қолган.

Беда аслида озуқа экинларининг 50 фоизини ташкил этиши керак.

Яна бир йилда вилоятда макка силоси учун жами 7000 гектарча жойга маккажўхори экиш режалаштирилган бўлса, бор-йўғи бу кўрсаткич 25-30 фоизга бажарилди, холос.

Туман ҳокимлари озуқа экин майдонларининг ҳакикий ҳисобини ҳам билишмайди.

Шунинг учун қорамоллар ахлатхоналарда, айрим вақтларда пахта далаларида боқилмоқда.

Озуқа таннархи жуда киммат.