Ўзбекистонлик фаол Елена Урлаева руҳий касалхонага ётқизилган

Image caption Елена Урлаева 2012 йил апрелида ҳам ушбу шифохонага ётқизилганди.

Норасмий Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари алянси раҳбари Елена Урлаева 21 февралда Тошкентдаги руҳий шифохонага ётқизилган.

Урлаеванинг ҳолидан хабар олиш учун касалхонага борган Алянс фаоли Шуҳрат Рустамовнинг Би-би-сига айтишича, у ва икки ҳамкасби Урлаеванинг олдига киритилмаган.

Шуҳрат Рустамовга кўра, Урлаевани оила аъзолари касалхонага олиб боришган.

"Даволовчи шифокордан Урлаева ёнида маҳкама қоғози бор эдими деб сўрадим. Йўқ, уйидагилар ўзлари олиб келиб, жойлаштириб кетишди, деб жавоб берди. Ҳаддан ташқари ҳолдан тойган, дам олиши керак. Бир ҳафтадан кейин борсак, кўришга рухсат берар экан. Урлаевага фақат суюқлик мумкин дейишди, қўлимиздаги нарсаларимизни олишмади",- дейди Шуҳрат Рустамов.

Яқинлари Урлаевга нимадир ичирилган бўлишидан ҳам хавотирда. Кейинги пайтларда Урлаеванинг атрофида шубҳали одамлар пайдо бўлганини, улар билан учрашиб қайтгач, ҳолсизланиб ётиб қолганини айтишган улар. Урлаеванинг ҳолатида қаерга мурожаат қилишни билмай, аввал ётқизилган Тошкентдаги 3-руҳий шифохонага олиб боришларига тўғри келган.

Шуҳрат Рустамов Урлаева эртаю кеч ишлагани учун, ҳолдан тойган бўлиши мумкинлигини ҳам истисно қилмади.

"Тинмай ишлайди. Кечқурун ёзади, кундузи шикоят билан келган одамларни эшитади, югур-югур. Бундай шароитда менинг ўзимда ҳатто 400 дан ортиқ шикоят бор. Кечаси билан ўтириб ишласам ҳам вақт етмайди. Урлаева жуда қаттиқ ишлади охирги пайтда. Ўзи фақат бизнинг Алянс ишлаяпти ҳозир одамлар билан",- деб айтди Рустамов.

2012 йил апрелида ҳам Елена Урлаева руҳий шифохонада даволаниб чиққанди.

Оила аъзоларининг айтишича, Елена Урлаева Туркия сафаридан сўнг, уйдагилари билан ўзини ёмон тутгани натижасида "Тез тиббий ёрдам" чақиришга мажбур бўлганлар.

Елена Урлаева шунингдек, 2000 йилда ўз ихтиёрига қарши руҳий шифохонага ётқизилган.

Мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари қўпол поймол этилиши ҳолларини ўрганиб келадиган 53 ёшли Елена Урлаева Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан таъқиб этиб келинади.

Тошкент шаҳар маҳкамаси 2000 йилда инсон ҳуқуқлари ҳимоячисини мажбурий даволаш ҳақида қарор чиқарган.

Лекин шифохонадан чиққанидан кейин Елена Урлаева ўзининг руҳий саломатлигини Москвадаги мутахассислар ҳайъати кўригидан ўтказган ва 2003 йилда москвалик мутахассислар уни руҳий соғлом деб топгандилар.

Бу мавзуда батафсилроқ