Россияда теракт ҳақида ёлғон хабар берган ўзбек ушланган

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Россия интернет сайтлари хабар беришича, ўзбекистонлик меҳнат муҳожири полицияга телефон қилиб, аёл киши Санкт-Петербург - Тошкент йўналишли учоғини портлатмоқчилигини айтган.

Бунга асосан, полиция исковуч итлар билан Пулководаги барча аэровокзаллар ва айнан Петербург - Тошкент учоғини терактга қарши текширган, бироқ хабар исботланмаган.

Полиция билан бир вақтда қидирувни бошлаган ҳуқуқ тартибот ходимлари телефон қилган номаълум кишини турар жойидан ва гумонланган йўловчи аёлни аэропортдан топишади.

Маълум бўлишича, полицияни "теракт" хавфидан огоҳлантирган ўзбекистонлик муҳожир бўлиб, ўз хотини ҳақида шундай ёлғон хабар берган экан.

Санкт-Петербург - Тошкент йўналиши билан Ўзбекистонга учиб кетаётган аёл полицияга оилавий муносабатлари ёмонлиги ва эри қаттиқ калтаклаганини айтади.

Унинг сўзлашича, охирги жанжалдан сўнг эрининг қаршилигига қарамай, уйдан чиқиб кетгани учун турмуш ўртоғи ўзи ҳақида полицияга ёлғон хабар қилган бўлиши мумкин.

Полиция бўлинмасида ўзбекистонлик аёл эрига қарши ариза ёзган.

Меҳнат муҳожирига нисбатан Жиноят кодексининг "терроризм ҳақида ёлғон хабар бериш" ва "қасддан тан жароҳати етказиш" бандлари бўйича жиноий иш очилган.

Полицияга кўра, ўзбекистонлик муҳожир ватанида ҳам муқаддам ўғрилик ва товламачиликда айбланиб судлангани аниқланган.