"Охирги концертимни кўриб кўзимга ёш олдим. Залда ота-онам фахрланиб ўтиришганди"

Би-би-си меҳмони - ўзбекистонлик истеъдодли хонанда Сарвара.

Сарвара 2002 йилда ўзининг қатор хит қўшиқлари билан мухлислар олқишига сазовор бўлди. Унинг "Муҳаббат сен чиройлисан" номли дебют қўшиғи ортидан "Олмача", "Айб мендами, айб сендами?" номли қўшиқлари хитга айланди.

Сарвара ҳам поп йўналишида, ва ҳам анъанавий ўзбек мусиқий йўналишларида маҳорат билан куйлайди. Унинг аксар қўшиқлари эса аёлларнинг жамиятдаги ўрнига бағишланган.

"Айб мендами, айб сендами?" номли дард ва изтиробга тўла қўшиғида хонанда фарзандсизлик доғида қоврилган, ўз жуфти-ҳалолига содиқ аёлнинг кўнгил фарёдини етказиб берган.

"Излаб қоласиз" қўшиғида эса у гўёки қабр ортидан куйлаб, оиладаги аёлларга қарши зўравонлик мавзусини кўтаради.

У, шунингдек, "Афсуски", "Ёр дема", "Айрилиқ", "Сан дўст", "Атиргулга айланаман", "Чимилдиқ", "Қиш" ва яна кўплаб бошқа сермазмун қўшиқлари билан танилган.

Сарвара Тошкент Давлат Санъат Институтининг Мусиқий драма ва Режиссёрлик факультетларини битириши ортидан, Тошкент Давлат Иқтисодиёт Университетининг Халқаро иқтисодий алоқалар факультетини ҳам якунлади.

Охирги етти йил давомида Сарвара телевидение орқали кўринмай қолар экан, ижоддан танаффусга чиққандек туюлди. Бироқ, у қўшиқлар ёзиб, концертларда иштирок этиб ижодини давом эттириб келганини айтади.

Сарвара сайтимиз ўқувчилари ва тингловчилар саволларига жавоб берди.

Салом Сарвара! Нега йўқ бўлиб кетдингиз? Қаердадир отангиз вафоти сабаб деб эшитгандим. Ашаддий мухлисингизман.Манзура Ҳамидова, Лафборо

Ҳозирда энг кўп эшитадиган саволим шу - Нимага йўқ бўлиб кетдингиз? Балки қўшиқларим эфирга узатилмагани сабаб бўлгандир. Лекин, аслида, ҳеч қачон ижоддан тўхтаганим йўқ. Ҳозирги кайфиятим, ҳудди саҳнадан тушиб, яна саҳнага кўтарилаётгандек сезаяпман ўзимни. Манзурахон тўғри эшитган эканлар, ҳақиқатдан ҳам, дадам менинг биринчи устозим эдилар, ҳаётда мен энг биринчи деб кўрган, энг яқин инсоним қўлимда жон бердилар. Бу менга жуда қаттиқ таъсир қилди. Отамнинг вафоти, ундан ташқари, инсоннинг қисмати бориб нима билан якун топишини кўз олдимда яққол кўрдим. Бу менга катта зарба бўлди, ва қаттиқ ўйлантириб қўйди. Дадамдан ажралганимдан кейин беш йил қўшиқ эшитмадим.

Қайси қўшиқчи қўшиқлари сизнинг қалбингизга яқин?Манзура Ҳамидова, Лафборо

Кўпинча қўшиқчи танламайман, қўшиқ танлайман. Ким айтганидан қатъий назар, яхши айтилган қўшиқдан жуда таъсирланаман. Энг яхши кўрган хонандам - Крейг Дейвид. Жуда яхши кўраман, овозида сеҳри бор. Ҳар бир қўшиғига лол қоламан. Менга қўшиқчилардаги оригиналлик, ҳеч кимга ўхшамаган овозга эга бўлишдек хусусиятлар ёқади. Ўзбек қўшиқчиларидан Ғайрат Усмоновни севиб тинглайман. Унинг овозини истасангиз ҳам қайтара олмайсиз, у бетакрор қўшиқчи. Шундай бетакрорлик сифатини ёқтираман ижодкорларда.

Ассалом-алайкум ҳурматли Севара, менимча тенгдошмиз, "Олмача" деган ашулангиз учун катта раҳматлар, чунки бу ашулангиз чиққан даврда мен бўлажак умр йўлдошим билан энди учрашгандим, соф муҳаббатни эслатадиган ашула, жуда ёқтираман. Саволим - нега бошқа ашулаларингиз жуда мунгли, қайғули, бу шахсий ҳаёт ё тажрибангиз билан боғлиқми? Шундан келиб чиққанмисиз? Обид қизиқчи бир марта бепуштлик ҳақида айтган ашулангиз устидан кулганди "дўхтирга бориб кўрин" деб, шу сизга қаттиқ ботганми?Юлдуз Парпи, Туркия

Қўшиқларим ҳаётий тажрибаларим билан боғлиқ эмас. Шўх қўшиқларим ҳам жуда кўп. Ўнта қўшиқ ёзсам, биттаси мунгли бўлади, ва ана ўша мунгли қўшиқни нимагадир тингловчилар танлаб олишади. Мухлисларим яхши кутиб олишади уларни. Репертуаримда 100та қўшиқ бўлса, 90таси шўх, 10таси мунгли, лекин, айтганимдек, ўша 10таси тез ўз мухлисларини топади. Менга кўпинча шундай саволлар беришади. Балки мен мунгли қўшиқларни яхши етказиб бероларман? Яна билмадим... Оригинал мавзулар ёқади менга. Мисол учун, "Айб мендами, айб сендами" деган қўшиғим фарзанд кўра олмаган аёл ҳақидаги қўшиқ, ва бундай мавзу куйга солинганини мен аввал эшитмагандим. Шу мавзуда қўшиқ айтишга қарор қилганимда, биттада мусиқаси ҳам ҳаёлимга келган, тез яралган. Лекин, тўғрисини айтсам, Обид Асомов бу ҳақида аския қилганларини эшитмаган ҳам эканман. Кейин анча йиллардан кейин эшитиб қолдим. Менимча, бу ҳам оддий ҳолат, бу ҳам бир эътиборга тушиш дегандек нарса. Ҳафа бўлиш ҳаёлимга келмаган.

Сиз ўзингиз айтган энг севимли қўшиғингиз қайси ва нима учун?Самарқанд

Ҳеч иккиланмасдан айта оламан, энг севган қўшиғим - "Афсуски". Танаффусга чиққанимда кўп қўшиқлар ёздим, шу қўшиқлар ичида яна мени саҳнага қайтишимга сабаб бўлган ва мени "сен қўшиқ айта оласан" деб ишонтира олган қўшиғим шу "Афсуски" қўшиғим бўлди. Шунинг учун уни севаман. Олдинги қўшиқларим ҳақида бундай деб айта олмасдим.

Ҳозир ҳамма ашулачилар группаларга бўлиниб олишган, Озодбекка яқинлар кўтарилади. Шунга қандай қарайсиз? Сиз қайси қўшиқчилар билан дўстсиз?Самарқанд

Мен билмайман. Тўғрисини айтсам, ундай жиҳатларга қарамайман, кимгадир яқин бўлсам нимагадир эришиш мумкинлиги мени қизиқтирмайди. Бу ҳаёлимга ҳам келмайди. Саҳна бу бир майдон. Ичида дарди бўлган, айтадиган гапи бўлган одам шу майдонга чиқиши керак. Менинг ҳам санъатга қайтишимга ҳали ичимда айтмоқчи бўлган гапларим борлигини англаб етганим сабаб бўлди. Шу ерда бир нарсани айтиб бермоқчи эдим. Кўп йиллар ўтганидан кейин мен аввал "Халқлар дўстлиги", ҳозир "Санъат саройи" деб номланган саройда берган концертимни кўрдим. Ўша менинг охирги концертим эди, чунки ундан икки-уч ой ўтиб дадам оламдан ўтгандилар. Хуллас, йиллар ўтиб, ўзимнинг концертимни кўрсам, ота-онам, устозларим, мен билан фахрланган одамлар залда ўтиришган экан. Концерт якунида Сарвара деб мени эълон қилишди, олқишлашди. У ерда мен билан баравар, менинг ортимда мени қўллаб-қувватлаб турган устозларим, балейтмейстерлар, вокалистларни кўриб, ўзимдан уялдим. Мен ўйлаган эканманки, санъат фақат бир ўзимники, мен ўзим Сарвара бўлиб етишган эканман деб. Лекин бу ундай эмас экан. Хоҳлаган вақтимда уни улоқтиришга ҳаққим йўқ экан. Мен учун хизмат қилган инсонлар, мен билан теппа-тенг қўл ушлашиб олға қадам босишимга ёрдам берган одамлар бор экан. Уларнинг меҳнатини увол қилаётгандек сездим ўзимни. Шундан уялдим, кўзларимга ёш келди. Ота-онам мен билан фахрланиб туришганди. Шу ҳиссиётлар менга туртки бўлди ва санъатга қайта чорлади, отам ҳаёт бўлганларида қароримдан хурсанд бўлган бўлардилар деган хулосага келдим.

Би-би-си: Отам устозим бўлган деб айтдингиз биринчи жавобингизда. Шу ҳақида батафсил сўзлаб беринг, улар хофизмидилар?

Дадамлар Маданият институтида актёрлик маҳоратидан дарс берардилар. Кўп шогирдлари бор, масалан, Толиб ака Исроилов ҳам "устозимнинг қизи" деб чақирадилар. Кўплар, айниқса қизлар, санъатга ота-онасидан беркиниб кирса, менда бунинг акси бўлган. Менинг ота-онам санъаткор бўлишимни хоҳлашган. Дадам биринчи бўлиб қўлимга дутор тутқазганлар ва дутор билан Нурхон ариясидан "Сизнинг айвон бизнинг айвон эмасми?" деган қўшиқни ўргатганлар. Ўқишга имтиҳонларга тайёрланаётганимда ҳам дадамлар менга ҳамма нарсани ўргатганлар, ана шу қўшиқни айтиб санъат институтига талаба сифатида қабул қилинганман.

Бировга тақлид қилишга қандай қарайсиз? Ўзбекистон эстрадасида тақлид кўпми? Менга Шахзода, Лола ва Райҳонлар бир хил кўринади. Нега рангбаранглик, турли-туманлик кам?Шуҳрат, Лондон

Ҳар бир ижодкорнинг ўз услуби, ўз қарашлари бор. Менинг бировни муҳокама қилиш ниятим йўқ. Мен бир нарсани айта оламанки, ҳар қандай инсон дунёга келар экан, ўз яшаб турган жамиятига ўзлигини намоён қилиши керак ва ўз меҳнати билан ҳисса қўшиши керак. Бир олим бошқа олимнинг кашфиётини қайта кашф қила олмайди. Шахсий фикрим бу, ҳар бир ижодкорнинг ўз овози, ўз услуби бўлгани яхшироқ. Авваллари қўшиқ бошланса, мусиқасидан уни ким ижро этганини билиш мумкин эди, лекин ҳозир эса қўшиқ айтилиб тугаб бўлганидан кейин ҳам хонанда кимлигини била олмай қоласиз. Бу ўша ижодкорнинг ўзи учун ёқимсиз ҳолат бўлса керак.

Қўшиқчиларнинг ижодини давлат идоралари назорат этгани яхшими ёки халқ ўзи саралаб олади деб ҳаммасига йўл очиб бериш керакми?Шуҳрат, Лондон

Униси ҳам, буниси ҳам яхши. Кимдир назорат қилгани яхши. Тасаввур қилинг, кўчада инсонлар ҳаракатини йўл ҳаракати қоидалари бошқаради, агар бу қоидалар бўлмаса, тартиб бузилади. Қўшиқчиликда ҳам шундай, менимча, назорат яхши. Лекин, ҳеч қайси назоратчи назорат қилгани билан бировни қайсидир қўшиқни эшитишга мажбурлай олмайди. Мана шу жойда халқнинг диди, халқнинг танлови ҳал қилувчи бўлади. Хулоса шуки, ким қанча назорат қилганидан қатъий назар, халқ ўз севган қўшиғини эшитади. Буларнинг иккаласи ҳам табиий ҳол. Биринчидан, тартибни бузмасликка, тақиқловга учрамасликка ҳаракат қилиш керак. Қонун-қоидасиз яшаб бўлмайди.

Истеъдодли деганда сиз қандай одамни тасаввур қиласиз? Сиз истеъдодлимисиз?Гўзалбегим, Тошкент

Бир хил қўшиқчилар бор - улар қўшиқ айтмасдан яшай олмайди. Агар улар қўшиқ айтмаса, ўзбек санъатими, дунё санъатами, ниманидир йўқотади. Лекин яна бошқа тоифа қўшиқчилар бор - улар қўшиқ айтишга қизиқадиган одамлар. Уларнинг қўшиғини кимдир эшитади, кимдир эшитмайди. Мен қўшиқчиларни ана шу икки тоифага бўлгар бўлардим. Мен учун биринчи тоифадаги қўшиқчилар истеъдодлидир. Улар қўшиқ куйлаши керак, куйламаса тура олмайди. Энди мени қайси тоифага киритишади, билмайман, бу тингловчиларимга ҳавола.

Иқтисодиёт университетидан олган дипломингизни келажакда нима ишлар қилиш учун ишлатмоқчисиз?Улуғбек

(Кулади) Тўғрисини айтсам, ижодимда танаффусга чиққанимда, "балки кўшиқ айтмасман энди" деган фикр ҳам бўлди, лекин энг кўп қўшиқларимни ўша даврда ёздим. Шундай кўп қўшиқки, ҳали уларни айтиб улгуришим керак. Улар ҳар хил мавзулар, ҳар хил йўналишларда. Бастакорларим олдига бориб "қайси бирини биринчи ёзамиз" деб мияларини айнитганман. Вақт етмайди. Лекин, шу қўшиқларни ёзаётганимда Иқтисод университетида ҳам ўқидим. Шоу-бизнес бу ҳам бир бизнес. Иккала соҳанинг ҳам мутахассиси бўлишни хоҳладим, шекилли. (Кулади) Бу ҳазил, албатта. Санъатни бизнес деб айта олмайман. Мен минг бизнес қилган билан, қалбларга мажбуран кириб бўлмайди. Лекин, иштиёқ билан ўқидим, ўқиганимдан афсусда эмасман, аксинча, хурсандман. Бешикдан то қабргача илм ахтар дейишади. Санъат институтида ҳам мусиқий драма, ҳам кинорежиссёрлик бўлимларини тугатганман. Агар имконият бўлса, яна бирон университетга кириб ўқирдим. Масалан, кийим дизайнери бўлишни жуда хоҳлардим.

Би-би-си: Кинорежиссёрлик дипломи сизга келажакда қандай асқотиши мумкин?

Бир нарсани айтай. Қўшиқни истаган одам айтиши мумкин. Микрофонни хоҳлаган одамга тутсангиз, қўшиқ айтиб бериши мумкин. Лекин, қўшиқ яратиш учун одам етарлича билимга эга бўлиши керак. Футболчига ҳам футбол ҳақида билим керак. Бизнинг соҳа ҳам шундай. Ҳамма олган билимларим, ўша режиссёрлик борасидаги билимларим ҳам, мен яратаётган қўшиқларимга боғлиқ. Бу билимлар менинг яратувчанлигимга ёрдам беради. Кўпинча менинг олдимга "шогирдликка олинг" деб келишади, мен уларни қабул қила олмайман. Чунки мен уларга етарлича таълим бера олмайман. Институтда ҳам рақс, ҳам саҳна нутқи, саҳна ҳаракати, мусиқий назариялар, ҳаттоки фалсафа, вокал - ҳаммасини комплекс тарзда ўргатишади. Шунинг учун мавжуд бу билимгоҳлар. Мана шу билимгоҳларда мен қўшиқ яратиш ниятимни амалга оширишга ёрдам берадиган билимга эга бўлдим деб ўйлайман. Бу таълимни алоҳида "кино оламан" деган ниятда қабул қилганим йўқ. Балки бу ҳам бўлиши мумкиндир. Буни олдиндан айтолмайман, режалаштира олмайман.

Қўшиқчи дегани жонли айта олиши керакми ёки бу ҳар доим ҳам шарт эмасми? Ўзингиз жонли айта оласизми? Чунки адашмасам, Абдурайим Абдуваҳобовнинг кўрсатувида тўрт қатор ҳам айтолмагандингиз.Зафар, Анқара

Абдурайим Абдуваҳобов ким? Мен умуман ундай кўрсатувда чиқмаганман. Ҳайрон бўлдим... Жонли ижрога келсак, ўзини ҳурмат қилган санъаткор шоу бизнеснинг барча андозаларига жавоб бериши керак. Мен Профессор Шерзод Пирматовдан беш йил давомида вокал сабоқларини олганман. Раҳматли устозим Орифхожи Ҳотамовдан мақом илмларини олганман. Етарлича олганман деб ҳисоблайман. Мана шу билимларни олгандан кейин мен қўшиқ айтишни бошлаганман. Мендан бирон жойда сўраб қолишса, бажонидил, истаган қўшиқларини жонли айтиб бера оламан.

Гастролларга чет элларга бориб турасизми?Манзура Ҳамидова, Лафборо

Ҳар бир давлатнинг ўзига яраша талаблари, тартиби бор. Худо хоҳласа, бу йил режаларимда бор чет эл сафарларига чиқиш. Режаларим, ҳаёлларим менинг орқамдан чопаётганга ўхшайди. Санъатга иштиёқим, меҳрим жуда катта. Ичимда йиғилиб қолган қўшиқларимни ҳозир кетма-кет ёзаяпман. Худо хоҳласа, чет давлатларда ҳам мухлисларим билан дийдорлашиб, улар учун куйлаш ниятим, албатта, бор.

Би-би-си: Мароқли суҳбат учун раҳмат, Сарвара. Мухлисларингизга, тингловчиларимизга тилакларингиз борми?

Тилакларимни тилак деб қабул қиладиларми, тингловчилар ўзлари қарор қилишсин. Ўйладимки, агар менга яна бир бор танаффус қилиш керак бўлса, ижод чўққиларини эмас, танаффусни танлаган бўлардим. Чунки мен ўзим учун кўп нарсаларни ўргандим. Тақдир тақозоси билан инсонлар ҳар қандай ўзга юртларда яшайдилар, лекин мен бир ўзбек қадриятини кўриб лол қолдим, у ҳам бўлса, инсонларнинг бир-бирига эътиборли бўлиши. Ўзингиз фақат ўзингизники эмаслигингизни англадим. Мен инсон бўлиб яралибманки, саҳнага чиқишим шахсан менинг фарзандлик бурчим деб биламан. Ундан ташқари, мен шу жамиятнинг бир қисмиман, шундай экан, шу жамиятга ўз қилган ишим, ижодим билан фойдали бўлишни истайман. Бу шарт. Ҳозир кўп одамлар гиёҳвандликка берилиб кетган, ё оқимларга қўшилиб кетган. Мен шу одамлар мен ҳис қилган масъулиятни ҳис қилишларини хоҳлардим. Уйда фарзандларимиз, ота-онамиз кутаётганини билайлик. Тенгдошларимга, опаларимга, укаларимга улар керакли инсон эканларини англаб етишларини тилаган бўлардим. Яхши дўст, яхши фарзанд, яхши ота, яхши она бўлиш бахтини тилаган бўлардим мени эшитаётганларга. Сизга ҳам раҳмат эътиборингиз учун. Бу мен керакли эканимни ҳис қилишга, янада ижод қилиб, қўшиқлар яратишимга ёрдам беради. Жудаям хурсанд бўлдим.

Бу мавзуда батафсилроқ