Таҳлил: АҚШ Афғонистонни буткул тарк этса, Ўзбекистонга нима бўлади?

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Етакчи минтақавий таҳлилчиларга кўра, Афғонистоннинг қайтаттан қайноқ нуқтага айланиш эҳтимоли жуда кучаяди. Ва айнан афғон можароси соясида Ўзбекистон дохил Марказий Осиё давлатлари Ғарб билан янада яқинлашади. Бунга Россиянинг муносабати ва бунинг минтақадаги вазиятга таъсири қандай бўлади?:

Куни-кеча Америка Президенти Барак Обама афғонистонлик ҳамкасби Ҳомид Карзайни худди шундай эҳтимол билан огоҳлантириб чиқди.

Жаноб Обаманинг айтишича, агар, Афғонистон президенти ўзлари билан муҳим хавфсизлик шартномасини имзоламаса, афғон тупроғида келаси йилгача бирор бир ҳарбийси қолмайди.

Унинг худди шу сўзлари манзарасида Кобулга сафар қилган АҚШ Қуролли Кучлари Бош қўмондони ҳам мамлакати шу йил охиригача Афғонистонни буткул тарк этиш дохил бошқа танловларни кўриб чиқиш нуқтасига етганини баён қилди.

Айни ўринда эслатиб ўтиш жоиз, имзоланган тақдирда, мазкур битим бу йилги оммавий сафарбарлик ортидан ҳам, хорижий қўшинларнинг Афғонистондаги ҳарбий ҳозирликларига расман изн беради.

15 мингтагача чет эл аскари ва қатор ҳарбий базаларининг афғон тупроғида қолишига замин яратади.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, АҚШ томонининг сўнгги огоҳлантириши афғон можароси ҳануз бирор бир ечимини топмаган ва Ўзбекистоннинг шундоққина биқинида Толибон дохил бошқа экстремистик гуруҳлар қайта фаоллашаётган бир манзарада кузатилмоқда.

Устига устак, расмий Вашингтон ва расмий Кобул ўртасида хавфсизлик битимининг имзоланмаслиги Афғонистонга берилиши кўзда тутилган йирик миқдордаги йиллик халқаро молиявий ёрдамларнинг ҳам кесилишини англатади.

Таъкидлаш жоиз, халқаро ҳамжамият томонидан ўтган 13 йил давомида берилган миллиардлаб доллар кўмакларга қарамай, Афғонистон ҳануз дунёнинг энг қашшоқ давлатларидан бири саналади ва уларнинг кесилиши мамлакат иқтисодининг буткул таназзулини англатади.

Минтақавий таҳлилчилар барчасининг бирдек эътироф этишларича, воқеаларнинг бу каби ривожи Афғонистонда исёнчиликнинг барқ уришига замин яратади.

Хўш, буёғи нима бўлади?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида мавжуд вазиятни таҳлил этган минтақавий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, Афғонистон масаласида ҳозир Вашингтонда нималар ҳақида ўйланаётгани ва айнан қандай қарорга келинганини аниқ айтиш қийин:

Аммо суҳбатдошимиз АҚШ президентининг сўнгги сўзлари афғон раҳбари учун жиддий бир таҳдид эканини эътироф этса-да, Ғарб, барибир, Афғонистонни буткул ташлаб қўймайди деган фикрда.

Унинг айтишича, Ғарб бунинг Афғонистондаги оқибатлари шабадаси яна бир кун келиб ўзларига етиб боришини яхши англайди.

"Афғонистонда толиблар бу - мафкуравий ҳаракат, жиҳодчилар ҳаракати ва минтақа учун ҳам, глобал хавфсизлик учун ҳам жудаям катта муаммо ҳисобланади. Шу боис, Ғарб бу ердаги масъулиятини яхши англайди. Иккинчи томондан, бу муаммо қанчалик чуқур эканини ҳам яхши билади”, - дейди таҳлилчи.

Аммо, худди шу ўринда суҳбатдошимиз ўзининг ҳам тан олишича, буларнинг барчаси манзарасида энг асосийси - ҳозир Ғарб нима қилишни ҳам билмайди.

Суҳбатдошимизга кўра, бугунга келиб, Вашингтондаги айрим экспертлар, Афғонистондаги толибларни йўқотиб бўлмас экан, вазиятни ўз ҳолига қўйиш керак, деган тўхтамга ҳам келишган.

"Толиблар Афғонистонда ҳокимиятга келадими, келмайдими, агар, ҳокимиятга келадиган бўлса, айтайлик, 10 йил, 15 йил, 20 йил ичида улар ўша жамиятнинг муаммоларини англай бошлаши ва жамиятдаги муаммолар босими остида уларнинг тафаккури, хатти-ҳаракатлари трансформация бўлиши керак, биз аралашувни имкон қадар пасайтиришимиз лозим, биз куч-қувватимизни сарфлаб эмас, толиблар жамият билан тўқнашадими-йўқми, бундан кейин бу - Афғонистоннинг ички иши бўлиши керак, деган баҳолар ҳам бор. Аммо Обама маъмурияти айнан қайси позицияда тўхтаяпти, Ҳомид Карзай ва ундан кейинги президент билан бу масалада келиша оладими-йўқми, ҳозир бир нарса дейиш қийин", - дейди таҳлилчи Камолиддин Раббимов.

Унинг ишонишича, ҳозир вужудга келган вазиятнинг қанчалик чигаллиги ва АҚШ бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг буткул сафарбарлиги Афғонистон учун жудаям жиддий бир муаммо бўлиши сабаб, расмий Вашингтон ва Кобул, алал-оқибат, хавфсизлик битими борасида бир тўхтамга келишади.

"Президент Ҳомид Карзай ҳам, ундан кейин қудратга келажак афғонистонлик мутасаддилар ҳам прагматик шахслар, деб ўйлайман. Ҳозир ташқи дунёга жуда ҳам ғалати кўринаётган вазиятнинг ички элементлари бор ва уни кўпчилик, масалан, биз ҳам билмаслигимиз мумкин. Баъзи экспертлар ва кузатувчиларнинг фикрларича, толиблар билан яширинча музокаралар кетаётган пайтда Америка билан хавфсизлик битимини имзолаш ушбу жараёнга салбий таъсир қилиши мумкин", - дейди у.

Обаманинг таҳдиди ва Марказий Осиё

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Минтақавий таҳлилчи Камолиддин Раббимовнинг айтишича, агар, Ғарб ўз айтганини қилиб, Афғонистондан буткул чиқиб кетгудек бўлса, бунинг оқибатларини Марказий Осиё учун икки нуқтада таҳлил қилиш лозим бўлади:

“Биринчидан, Ўзбекистон учун муаммоли вазият ёки таҳдидлар кучаяди. Яъни, Афғонистон қайтаттан қайноқ нуқтага айланиши эҳтимоли жудаям кучайиб кетади. Бу – биринчиси. Иккинчиси – Ғарбнинг Афғонистон атрофидаги давлатларга ёрдам бериш ва улар билан хавфсизлик коалицияларини қайтаттан тузиш ёки мавжуд иттифоқчилигини кучайтириши – давр тақозо қиладиган омилга айланади”, - дейди у.

Суҳбатдошимиз наздида, 2009 йилдан кейин Вашингтон-Тошкент яқинлашувининг замирида ҳам иккита катта нуқта турибди: Биринчиси, Афғонистон. Иккинчиси, Россия Президенти Владимир Путиннинг Оврўосиё Иттифоқи ғоясини мажруҳлантириш.

Айни ўринда таҳлилчи Камолиддин Раббимов Украина ҳодисаларидан кейин Россиянинг Марказий Осиёга эътибори кучаяди, деган фикрда.

Унинг айтишича, худди шу манзарада қўшни Афғонистондаги вазият ҳам мураккаблашиб бормоқда.

Буларнинг барчасидан келиб чиқиб, таҳлилчи, бу яқин ўртада Ўзбекистон-Америка муносабатлари, айниқса, Афғонистон масаласида кучайиб боради, деган фикрда.

Суҳбатдошимизга кўра, мавжуд вазиятда, айрим таҳлилчилар наздларида, “ўзининг томорқаси”, деб билган ҳудудда Вашингтоннинг ҳозирлигига кескин қарши бўлган Россиянинг босими ҳам Марказий Осиё давлатлари учун у қадар қўрқинчли бўлмайди. Ва, шунинг баробарида, ташқи дунёдаги муаммолар ҳам, Афғонистон таҳдиди ҳам минтақа давлатларини бирлаштира олмайди.

“Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги чигаллик шу қадар кучлики, Афғонистон масаласида бўлсин, бошқа масалаларда бўлсин, ҳозирги кўринишдаги ҳеч қандай муаммолар уларни бирлаштира олмайди. Яъни, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари орасидаги муносабатлар шаклланиб бўлган”.

Камолиддин Раббимовнинг энг сўнггида айтишича, бу каби шароитда минтақа мамлакатлари учун асосий ҳамкорлик вектори Ғарб бўлиб қолаверади.

“Чунки Ғарб Афғонистондаги вазият учун ўзининг маълум бир, ҳатто, каттагина масъулияти борлигини англайди. Ва Ғарбда Марказий Осиё давлатларига, биринчи ўринда Ўзбекистон, қолаверса Тожикистон ва охирги ўринда Туркманистонга маълум бир ёрдамлар, кредитлар ва ҳарбий-сиёсий кўмаклар бериш имконияти мавжуд. Марказий Осиёдаги давлатлар ҳам айнан Ғарбдан бу каби ёрдамлар олиши мумкинлигини билади. Ва айнан Афғонистон муаммоси соясида бу давлатларнинг Ғарб билан янада яқинлашувини кутиб қолишимиз мумкин”, - дейди энг сўнггида суҳбатдошимиз.

Ўзбекистон ва афғон можароси

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўтган йил хорижий иттифоқ қўшинларининг бу йилги оммавий сафарбарликлари ортидан, Афғонистонда фуқаролар уруши бошланиб кетиши хавфидан огоҳлантирганди.

Ўз ўрнида, Ўзбекистон раҳбари Афғонистонда террорчилик, гиёҳванд моддалар, диний ва этник зиддиятларнинг кучайишидан ҳам ўз хавотирларини изҳор этганди.

Ўзбекистон томони 2014 йилдан Афғонистондаги вазият жиддий издан чиқиши ҳақидаги ташвишларини юқори минбарлардан ҳам ошкора изҳор этиб келган, аммо давлат раҳбари илк бор фуқаролар уруши хавфи билан огоҳлантирганди.

Сўнгги йилларда Афғонистон масаласига бир неча бор тўхталиб ўтган президент Каримов, ҳатто, энг қудратли давлатлар бўлмайдими, ҳозир дунёда ҳеч ким афғон можаросининг эртанги ечими нима бўлишини билмаслиги, мавжуд вазият ўзларини жиддий ташвишга солаётганини ҳам таъкидлаганди.

Ўзбекистон раҳбари, ўз ўрнида, айнан афғон можаросида мамлакати ҳеч кимнинг тарафида бўлмаслиги ва ўзининг ақли билан иш юритишини ҳам баён қилиб ўтганди.

Ўзбекистон томонига кўра, қўшни Афғонистон билан муносабатларини ўзаро миллий манфаатларидан келиб чиққан ҳолда икки томонлама асосда қуради.

Расмий Тошкентнинг наздида, Афғонистон муаммосига ҳарбий йўл билан барҳам бериб бўлмаслиги йил сайин аёнлашиб бораркан, унга муқобил ечим топиш масаласи ҳозирги кунда катта аҳамият касб этган.

Уларнинг баён қилишларича, бунинг учун Афғонистондаги хавфсизликдан манфаатдор томонларнинг сиёсий музокараларидан ташқари, ўзларига бевосита қўшни бу давлатга иқтисодий, инсонпарварлик ва ижтимоий жиҳатдан кўмак бериш, қашшоқликка қарши курашишга катта эътибор бериш лозим.

Айни ўринда таъкидлаб ўтиш жоиз, 1999 йили Афғонистон масаласи бўйича президент Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил қилинган 6+2 мулоқот гуруҳи фаолияти икки йилдан узоқроққа чўзилмаганди.

Ўзбекистон 2001 йилдан буён АҚШ бошчилигидаги ҳарбий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондаги амалиётлари учун муҳим таъминот йўли вазифасини бажариб келган.

Ҳозир эса, қўшни Афғонистонни ташқи дунё билан ягона темир йўл ёрдамида боғлаётган ва ўнғай автомобил йўлига эга Ўзбекистон хорижий иттифоқ қўшинларининг оммавий сафарбарликлари ортидан ҳам муҳим мамлакат бўлиб қолиши кутилмоқда.

Яқинда Ўзбекистон орқали Нато юкларини олиб чиқиш бошлангани хабар берилган, АҚШ Афғонистондаги ҳарбий жиҳозларининг маълум қисмини Ўзбекистонга қолдириши ҳам айтилганди.

Ўз ўрнида, шуни ҳам таъкидлаб ўтиш керакки, ўтган 10 йилдан ортиқроқ вақт давомида Покистон ва Афғонистоннинг муайян минтақаларида фаолият юритиб келаётган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси сифатида кўрилади.

Шу боис ҳам, таҳлилчиларнинг эътироф этишларича, толиблар ҳам, уларнинг иттифоқчиси бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ҳам Ўзбекистон учун безовталик омили сифатида сақланиб қолаверади.

Аммо айрим ғарблик таҳлилчилар президент Каримовни сиёсий репрессияларни оқлаш учун Афғонистондан келаётган хавфни бўрттириб кўрсатишда айблашлари ҳам бор гап.