UzWebiston:'Шам ва уяли телефон ёруғида' туғилаётган чақалоқлар

Image caption Шифохоналар ҳам электр муаммоси қаршисида қолган

Тошкентнинг айрим туғруқхоналарида чақалоқлар шам ва уяли телефон ёруғида дунёга келмоқда

Бу ҳақда Фейсбук ижтимоий тармоғидаги потрибитель.уз гуруҳи иштирокчилари ёзиб қолдирган. Электр энергиянинг тез тез узилиш муаммоси пойтахт Тошкентга ҳам етиб келаркан, айрим туғруқхоналарда генераторларнинг йўқлиги фарзанд дунёга келишида муаммоларга сабаб бўлган.

Chaknona Miledi, исмли фойдаланувчи Сирғали туманида туғруқхонада ётганини ва 4 соат чироқ бўлмаганини ёзган. Унинг айтишича, фарзанди маълум сабабларга кўра махсус, электр воситасида ишловчи вакуумда ётибди.

“Бугун тахминан 16:00 да чироқни ўчиришди. Мен 18:30 да 1055 га қўнғироқ қилиб нима бўлганини сўрадим. Авария ҳолати юзага келганини айтишди ва ярим соатдан кейин чироқ беришларини билдиришди. Нақд бир соат кутдим ва чироқ ўчганига 4 соат бўлганини ҳамда бу ерда аппаратга солинган болалар борлигини тушунтирдим”, - деб ёзади Chaknona Miledi.

Электр таъминотидагилар аввалига яна бир соат кутиш кераклигини айтишган, аммо икки дақиқадан сўнг чироқ ёнган.

“Туғруқхонада генератор йўқ экан. Нимага йўқ? Ким таъминлаши керак – давлатми ёки туғруқхонанинг ўзи”, - дея савол беради у.

“Шифохонада заҳира таъминоти бўлиши керак, жонлантириш бўлимлари электрсиз қандай ишлаши мумкин? Кесарево амалиётини чироқсиз, пайпаслаб қилишадими”, - дейди Muzaffar Mahkamov.

Бунга жавобан бир неча киши туғруқхонада чақалоқларнинг чироқсиз шам ёруғида дунёга келганига гувоҳ бўлганини ёзишган.

“Мен охирги марта туғруқхонада бўлганимда кечги пайт чироқни узиб қўйишди. Бечора аёллар шам ёруғида туғишга мажбур бўлишди. Ўшанда ҳам генератор йўқлигига ажаблангандим”, - деб ёзади Zilola Rakhimova.

Фойдаланувчилар ўтган асрда яшаётгандек, тасаввур пайдо бўлаётганини айтишган. Бундай ҳолатни жиноятга тенглаштиришган.

Lo La исмли фойдаланувчи ҳаттоки Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳам тўлиқ генераторлар билан таъминланмаганини ва унинг фарзанди дунёга келаётганда уяли телефон ёруғидан фойдаланишганини ёзади.

“Узоққа бориб нима қиламиз, айнан АиГ (акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази. Изоҳ Би-би-си.) да генератор бор бўлсада чироқ бир туғруқ залида бўлса, иккинчисида йўқ. Менга айнан чироқ бўлмаган туғруқ зали тўғри келиб қолди. Аввалига уяли телефон билан ёритиб туришди. Кейин қўшни туғуруқ залига олиб ўтишди. Бу вақтда давомида менда тўлғоқ тутиб турди”, - дейди Lo La.

Гуруҳ аъзолари пойтахтдаги 12 рақамли туғруқхонада ҳам чироқ ўчиш муаммоси ва шам ёқиш ҳолатлари учраб туришини билдиришган.

Фойдаланувчилар чироқ ўчиши билан юзага келадиган муаммолар фақат туғруқхонада эмас, балки жонлантириш бўлимларида учрашини ёзишган.

Гуруҳ иштирокчилари Тиббиёт вазирлиги ва my.gov.uz портали орқали оммавий равишда шикоят ёзиш лозимлигини айтишган.

“Бу каби мактублар қанча кўп бўлса, улар шунча тезлик билан муносабат билдиришади. Бу даҳшат!”, - деб ёзади Olesya Romashko.

Бу мавзуда батафсилроқ