Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Украинадаги ҳодисаларга илк муносабат билдирди

Украинадаги воқеаларга илк бор муносабат билдирган Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳодисалардан чуқур хавотир ва ташвишда эканини айтган.

Вазирликнинг "Жаҳон" ахборот агентлиги томонидан тарқатилган баёнотида айтилишича, "Украинада рўй бераётган воқеалар... мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига жиддий хавф солиши мумкин".

Ўзбекистон Украинада юзага келган зиддиятни халқаро ҳуқуқ доирасида тинч йўл билан ҳал қилишга чақирган.

"Ўзбекистон Украинадаги муамммоли жараёнга аралашган томонлар босиқлик кўрсатиб, тез орада келишувга эришилишига умид билдиради", дейилади "Жаҳон" агентлиги мурожаатида.

Украинада ўтган йилдан буён давом этиб келаётган норозилик чиқишлари, қурбонлар берилиши, ниҳоят президент Януковичнинг ҳокимиятдан ағдарилишига муносабатини айтмаган Ўзбекистон воқеаларнинг янада ривожланиши манзарасида Қозоғистондан кейин бунга журъат қилган.

Лекин бунда ҳам баёнотни Ўзбекистон Ташқи Ишлар вазирлигининг ўзи эмас, "Жаҳон"ахборот агентлиги тарқатган.

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги кеча берган баёнотда Россия ва Украинани муаммони куч ишлатмай музокаралар орқали ечишга чақирган эди.

Қозоғистонлик бир гуруҳ фаоллар эса Россия элчихонаси олдида норозиклик акцияси ўтказиб агрессияни тўхтатишни талаб қилишган.

Ўзбекистондаги бошқа оммавий ахборот воситаларида Украина ҳодисаларига муносабат ҳануз кўринмайди.

Ўзбекистонликларнинг Украина воқеаларидан қанчалик хабардор ва қандай фикрда эканлигини ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалардан кузатиш мумкин.

Тошкент ва вилоятдаги аксарият аҳоли Украинада нималар бўлаётганини Россия каналлари орқали кузатаётганларини айтишади.

Баъзи таҳлилчиларга кўра, Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон ҳам Россиянинг аралашувисиз муаммоларни еча олишга кўзлари етмагани боис, бундай нозик мавзуларда фикр билдиришни хоҳлашмайди.

Феврал ойида Украина Майдонидагиларни ёқлаб Тошкент кўчасига чиққан бир неча фаоллар милиция томондан тўхтатилиб, маҳкама орқали жазога тортилганди.