Келиннинг яхшисини ким билади: Бўлажак куёв болами ёки ота-она?

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Агар, Шарқдагисига ўхшаб, ота-она розилиги билан қурилувчи оилаларга ақли етмай, унинг сир-синоатини ўрганиш учун бутун умрларини сарфлаб, сочларини оқартирган ғарблик олиму олималарнинг хулосаларига таянилса, барибир, ёшларни бир-биричалик ҳеч ким билолмайди ва бир-бирини яхши билмай туриб қурилган оиланинг таги ҳам бўш бўлади.

Халқининг донишмандлиги, “қари билганини пари билмаслиги”ни даъво қилувчи Шарқ дунёси вакилу вакилаларига кўра эса, боланинг тенгини ота-онасичалик ҳеч ким тўғри тополмайди: Яъни, "Тенг тенги билан!..."

Худди шу боисми, асрларки, “ризоликлари Аллоҳнинг рози”лигига тенглаштирилган Ўзбекистондагиси каби анъанадор жамиятларда, яқин-яқингача бу савол, “ота-она”, деб жавоб топиб келгани бор гап.

Ҳатто, биз университетда олий таҳсил олган 90-йиллар бошларида ҳам ёшларнинг севишиб, ўз истаклари билан оила қуришлари, агар, таъбир жоиз бўлса, ўзига хос “қаҳрамонлик” сифатида кўриларди.

Дейлик, биргина ўша пайтлардан ҳам йигирма йилдан кўпроқ вақт ўтди.

Буёғи глобализация жараёни эмасми, Ўзбекистон ташқи дунёга очилиб бораётгани баробарида, ғарбона қадриятлар ҳам, қанчалик анъанадор бўлмасин, Ўзбек жамиятига кириб бораётгани бугун инкор этиб бўлмас ҳақиқат.

Шундай экан, қадимий урф-одатлару замонавий ғарбона қадриятлар тўқнашувида бугун қай бир тараф “ғолиб”: Ўзбек ота-оналарими ёки болалари?

Бугунги Ўзбекистонда бўлажак оиланинг бахти ота-онанинг танловига боғлиқ, деб кўриладими ёки ўғилми-қизми, боланинг?

Биз худди шу саволларга жавоб топишга уриниб, вақтида ўзлари ота-оналарининг розиликлари билан турмуш қурган, аммо тақдир тақазоси билан, бир неча йилдан буён оилалари билан бирга Лондонда истиқомат қилаётган Машҳура, Фарход ва ҳозир Вашингтонда бўлган ўзбекистонлик етакчи социолог Сухроб Исмоиловларни давра суҳбатига чорладик.

Агар, уларнинг қарийб 11 дақиқалик фикрларини бир жойга жамлайдиган бўлсак, давра суҳбатимизни бошлаб берган Фарҳодга кўра, барибир, оила қуриш масаласида ҳеч нарса ота-онанинг тажрибаси ва ризолигига тенг келолмайди.

Машҳуранинг айтишича, агар, бу иш ота-онанинг ихтиёрига қўйиб берилса, буёғи ҳақиқий “кўрик” ёки ишга кириш учун берилаётган “суҳбат”га айланиб кетади. У кишининг таъкидлашича, бу масалада боланинг кўнглига қараш муҳим.

Социолог суҳбатдошимиз Сухроб Исмоиловнинг энг сўнггида хулоса қилишича эса, бу каби ҳассос масалада сих ҳам, кабоб ҳам куймайдиган “олтин нуқта”ни топиш ниҳоятда муҳим бўлади: Яъни ота-онанинг ризолиги билан бирга фарзанднинг фикри билан ҳам албатта қизиқилса, бўлажак оила бахтли бўлади.

Сиз ҳам давра суҳбатимизга қулоқ тутиб кўринг-чи, хулосангиз қандай бўларкин?