"Қонунни бузиб ишлаганларга биз қонун доирасида ёрдам бера олмаймиз"

Марказий Осиё республикаларидаги миллионлаб одамларнинг ҳаёти хорижга, хусусан Россияга иш излаб кетган меҳнат муҳожирларининг юборадиган пулларига боғлиқ бўлиб қолгани сир эмас ҳозир.

Лекин кўплаб муҳожирлар ҳалол ишлаб топган пулларини ололмай Россия кўчаларида қийин аҳволда қолиши ҳам бор гап.

Москвадаги "Муҳожирлар ва қонун" марказининг раҳбари Юлдуз Отаниёзованинг айтишича, шу ойнинг бошида ўзбекистонлик 17 меҳнат муҳожири мушкули осон бўлиб, иш ҳақларини олиб уйига қайтган.

"1 мартда катта кампания бўлиб, 17 муҳожирга 1 миллион 105 минг рубл иш ҳақи ундириб берилди. 6 мартда мен яна 6 меҳнат муҳожири номидан бошқа қурилиш ширкатига ариза ёзиб бердим. Уларга ҳам 245 минг рубл тўлашди. Меҳнат муҳожирларининг қувончини кўрсангиз, менга раҳмат айтиб, байрам билан табриклаб, уйларига жўнаб кетишди. Албатта бу айнан шу муаммо билан тўқнаш келган юзлаб муҳожирлар олдида ҳеч нарса эмасдек, лекин 25 оила яқинлари билан учрашишди, ота-оналари олдига кетишди. Шу ҳам мен учун катта натижа",- дейди Юлдуз Отаниёзова.

"Қайта-қайта айтилган билан бундай ҳол такрорланаверади. Қонунни билишмайди йигитлар. Оддийгина ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиб, талаб қилишолмайди. Визасиз тартибдан фойдаланиб Россияга бориб олсам бўлди, кейин бир гап бўлар деб келишади. Лекин уларга керак бўлганда, биз ҳам ёрдам бера олмай қоламиз. Ҳамон ноқонуний ишлаб, озгина кўпроқ пул жамғарай деган одамларнинг сони мингта. Қонунни бузиб ишлаганларга биз кейин қонун доирасида ёрдам бера олмаймиз. Ҳаммасини депортацияга бериб юборади", деб айтади Муҳожирлик марказининг ходими.

Россияда айни пайтда тахминан 11 миллион меҳнат муҳожири борлиги, ундан аксарияти Ўзбекистонлик фуқаролар экани айтилади.

Россия Федерал Миграция хизмати раҳбари Анатолий Фоменкога кўра, ўтган йилларда мамлакатга кириб келаётган меҳнат муҳожирларининг сони янада ошган.

Миграция хизмати 2010 йилдан 2013 йилгача Россияга келган меҳнат муҳожирларининг сонини таққослаб, ана шундай хулосага келган.

Фоменконинг айтишича, айни пайтда Россиядаги 11 миллион миллион хорижий меҳнат муҳожирининг 2,5 миллиони Ўзбекистон, 1,1 миллиони Тожикистон, 500 минги Қирғизистон фуқароларидир.

"Фоменко келтирган рақамлар муҳожирларнинг умумий сонига таалуқли, - дейди Юлдуз Отаниёзова - Лекин буни аниқ рақамлар деб бўлмайди. Миграция хизмати ўз имкониятидан келиб ҳисоблаб чиққан. Булар қонуний ва ноқонуний муҳожирларнинг тахминий сони ҳисобланади".

Юлдуз Отаниёзова ўзи ишлаётган марказга мурожаат қиладиган муҳожирларнинг катта қисми аввало иш ҳақини ололмаган одамлар эканини айтади.