Ўзбеклар Россияга қўшилишни истайдими?

Image caption Ислом Каримов даврида миллионлаб ўзбеклар Россияда мардикорга айланди.

Украина инқирози масаласида ўзбекзабон интернет тармоқларида фикрлар иккига бўлинганини кўриш мумкин.

Фикр билдирувчиларнинг кўпчилиги Россиянинг тутган позициясини қўллаб қувватлашига гувоҳ бўласиз.

Кузатувчилар бундай ҳолатни миллионлаб ўзбекистонликларнинг россияда нон топаётгани ва Ўзбекистонда оддий одамларга нисбатан давлат бошқарув органи ходимларининг ноинсоний муносабатлари асосий сабаб қилиб кўрсатмоқда.

Ўзбек ижтимоий тармоқлар Россиянинг Украинага тутган позициясини оқловчи фикрларга тўла дейиш мумкин.

Фикр билдирувчилар, Россиянинг ғарбга кўрсатиб қўйиб тўғри қилганини ва жоиз бўлса ушбу давлатнинг паспортини олишга тайёр эканлигини билдиришган.

Франциядан сиёсатшунос Камоллиддин Раббимов бу каби қарашларни бошқа Марказий Осиё ўлкалари каби Ўзекистоннинг ҳам Россия оммавий ахборот воситалари таъсиридан чиқиб кета олмагани билан изоҳлайди.

"Менимча, бу ерда ажабланадиган жойи йўқ. Бу қонуният. Қонуниятлиги шундан иборатки, 30 миллиондан ошган ўзбек жамияти бутун Марказий Осиё сингари Россия ахборот ҳудуди орқали озиқланади", - дейди Камолиддин Раббимов.

Унга кўра, Ўзбекистонда цензуранинг кучлилиги сабабли, Россия матбуоти орқали хабар олиш анча қулай ҳисобланади.

Иккинчидан тил муаммоси йўқ.

Риштондан мустақил журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳодир Элибоев Ўзбекистондан миллионлаб одамларнинг меҳнат муҳожири сифатида Россияда нон топиши уларнинг дунёқарашига таъсир ўтказганини айтади.

"Биз томонларда жуда кўпчилик Россияда ризқини теради. Русийзабон мамлакатларга боргандан кейин, улар билан яшагандан кейин, уларнинг мафкурасини ўзларига қабул қилишади", - Баҳодир Элибоев.

У ўзи истиқомат қилаётган туманда одамлар орасида Россия билан иттифоқдош бўлиш масаласи сўнгги вақтларда кўпроқ муҳокама қилинаётган мавзу эканини айтади.

Кузатувчилар мустақил бўлганига энди 23 йил бўлаётган Ўзбекистондаги эски авлод эски кунларни қўмсаётганини айтишса, мустақиллик арафасида ва ундан кейин туғилган авлод турмушдаги қийинчиликлар ва Россиядан бир икки сўм пул топиш ортидан ушбу давлатнинг сиёсатини қўллаб қувватлаши мумкинлигини таъкидлашади.

"Халқ учун биринчи ўринда нон муҳим. Нонни Россия беряптими, демак, у Россияга хайрихоҳ. Таълим тарбиядан ҳам олдин нон туради. Бу ерда ишсизлик авж олиб кетди. Ишсизликдан бошқа муаммолар, жиноятчилик, фаҳш ҳолатлари авж олиб кетаверади", - дейди Баҳодир Элибоев.

Ҳукуматнинг ўз халқига нисбатан ўта қаттиққўл сиёсати, раҳбарларнинг ўз қўли остидагиларни таҳқирлаши, қулдорона муносабат ва ҳуқуқсизлик Россияга нисбатан халоскор бир давлатни шакллантирган бўлиши мумкин.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов бу каби ҳолатларнинг мавжудлиги Ўзбекистонда давлатчилик инқирозидан далолат беришини айтади.

"Ўзбекистонда давлатчилик инқирози шу қадар кучлики, 23 йил ўтаётиб ўзининг 30 миллионлик фуқаролари ва Марказий осиёликларга жозибадор сиёсий тизим шакллантира олмади," - дейди Камолиддин Раббимов - "Ўзбекистонда гапирса битта одам гапиради, инкор қилса айнан ўша одамнинг ўзи инкор қилади. 30 миллион аҳоли битта одамнинг, битта сиёсий режимнинг роҳат фароғати учун яратилгандек. Ўзбекистоннинг жамияти ва давлатчилигида жиддий муаммолар бор."

Камолиддин Раббимовга кўра, ушбу муаммолар вақти келиб ечилиши мумкин.

Бироқ ушбу ижтимоий-сиёсий қийинчиликлар сабаб давлат мустақиллигидан воз кечиш катта хато бўлади.

Сиёсатшунос авторитар тизим бўлмиш Россияда ҳам эмин эркин ҳаёт суриб бўлмаслигини таъкидлайди.

"Россия ҳам авторитар давлат. Россиянинг иқтисодий фаровонлиги замирида бу мамлакатда йўлга қўйилган сиёсий тизим, инсон потенциалини амалга ошириш орқаи эмас. Аксинча, дунёда кейинги 4,5 – 5 йилда нефтнинг нархи мисли кўрилмаган қиммат туриши ва унинг асосида россияда мисли кўрилмаган катта бойлик пайдо бўлди. Агар нефт нархи тушиб кетадиган бўлса, Россиядаги ижтимоий иқтисодий фаровонлик ярим йилнинг ичида пароканда бўлади. Шунинг учун Ўзбекистон жамияти ҳозирги Россияга ҳавас билан қараши ва миллий ғурури ва ўзлиги ҳамда давлат мустақиллигига шубҳа билан қараши, ўйлайманки, жуда ҳам катта хато", - дейди сиёсатшунос Камолиддин Раббимов.