Тошкентда шартнома пулини тўлай олмаган талабага ўқитувчиси пул йиғди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Тошкентда шартнома пулини тўлай олмаган талабага ўқитувчиси твиттер орқали пул йиғди

Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Хушнуд Худойбердиев твиттер орқали қийналиб қолган талабасига пул йиғиш ҳашарини ўтказди. Қисқа муддатнинг ичида шов шувга сабаб бўлган твитга ёрдам қўлини чўзувчилар кўп бўлди.

“Дўстлар! Битта ёрдам керак. Бизда ўқийдиган 1 чи курс талабасининг контрактини тўлашга ёрдам қила оламизми? Очислен бўлса қайта тикланмайди” , - деб ёзган Хушнуд Худойбердиев.

Тошкент давлат юридик университети ўқитувчисининг ёзишича, талабанинг моддий аҳволи ёмон бўлгани сабаб, ўз хоҳишига кўра талабалар сафидан чиқишга ариза ёзмоқчи бўлган.

Ярим йиллик ўқишга 3 миллион 300 минг сўм ёки Марказий банк курси бўйича 1471 доллар йиғиш керак бўлган.

Ўқитувчи талабасига яхши ўқийди дея тасниф берган, унинг исм фамилиясини келтирмаган.

“Яхши бола, зўр бола. Оилада 8 та фарзанд. Ота-онаси пенсионер. Битта катта опаси ўқитувчи, қолгани кичкина. Ўқиган бола”, - деб ёзди университет ўқитувчиси.

Худойбердиевнинг ёрдам сўраб ёзган твити тез орада 32 та ретвит қилинди, яъни бошқалар томонидан кўчириб босилди.

Ўзбекзабон твиттер фойдаланувчилари ушбу талабага 100 минг сўмдан йиғишни бошлаб юборган. Акция бошланишидан 2 соат ҳам ўтмасдан 2,5 миллион сўм пул йиғилган.

Айрим фойдаланувчилар хориждан 100 доллар юборишини маълум қилган.

Акция ташаббусчиси, ушбу моддий ҳашар фақат твиттерда ўтказилганини маълум қилган.

“Қолган ижтимоий тармоқларга ўтишимиз учун эҳтиёж йўқ деб ўйлаб турибман”, - деган у.

Ўзбекзабон интернет фойдаланувчиларнинг ижтимоий тармоқ орқали муҳтож бўлиб қолган оғир хасталарга пул йиғиш амалиёти аввал ҳам кузатилган.

Бироқ твиттер орқали бу каби кенг амалиёт биринчи марта ўтказилмоқда.

Ушбу акцияни ўтказган Хушнуд Худойбердиевнинг твиттерда 2300 дан ортиқ фалловерлари, яъни ўқувчилари бор.

Бу мавзуда батафсилроқ