Евгений Дяконов: Китобим бошқа тилларда ҳам нашр қилинишини хоҳлайман

Image caption Za-Za Verlag нашриёти Евгений Дяконовни Ўзбек ГУЛАГларини тасвирлаб берган ижодкор деб тақдим этган.

Шу кунларда Олмониядаги Za-Za Verlag нашриёти ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Евгений Дяконовнинг "UZ зонасида. Озодликни яхши кўрганлар учун" деб номланган китобини нашр қилди.

Китоб рус тилида эълон қилинган.

Унда Ўзбекистон қамоқхоналаридаги вазият ҳақида ҳикоя қилинади.

Евгений Дяконов Ўзбекистондаги тутқунлик мавзусини "ичидан" чуқур биладиган ёзувчи.

У 1997 йилда ҳибсга олинган ва ўзининг айбсизлигини исботлаш учун кўп ҳаракат қилганини айтади.

Олмон нашри Евгений Дяконов китобининг сўзбошисида уни жазо лагерлари ва қийноқларни бошидан кечириб, Ўзбек ГУЛАГларини тасвирлаб берган ижодкор деб тақдим этади.

Евгений Дяконов озодликка чиққанидан кейин инсон ҳуқуқларига бағишланган zona.uz ва mazlum веб-сайтларини ташкил қилиш ва фаолият юритишида кўмаклашган.

У Ўзбекистонни тарк этган, 2003 йилдан буён Норвегияда муҳожирликда яшайди.

"Оврўпога келиб қолиб, Оврўпони танқид қилишни бошлади", дейилади Za-Za Verlag сўзбошисида.

Евгений Дяконов айрим халқаро ташкилотларни икки хил андозачиликда айблайди.

Ўзбекистонлик сиёсий муҳожир, "UZ зонасида. Озодликни яхши кўрганлар учун" китоби муаллифи Евгений Дяконовнинг Би-би-си ўқувчилари саволларига жавоблари

Би-би-си: Евгений, суҳбатимизни янги китобингиздан бошласак. Бир неча ўқувчимиз, хусусан Рустам Насимий, шу ҳақда савол беришган.

Евгений Дяконов: Менинг китобим қамоққа тушиб қолган инсоннинг қиссаси. Бу инсон мутлақ қонунга бўйсунувчан эканига қарамасдан, тасодифат тутқунликка тушиб қолган. Бу асарда мен ҳар қандай одам бу тизимга тушиб қолиши мумкинлиги ҳақида ёзганман ва ўзимнинг холис фикримни билдирганман.

Китобингиз кимга мўлжалланган, деб сўраган Рустам Насимий.

Евгений Дяконов: Менинг китобим қаерда бўлишларидан қатъи назар, Мустақил Давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатларида бўладими, Оврўпо ёки Америка қитъасида бўладими, яшаётган барча маърифатпарвар одамларга мўлжалланган. Мен барча одамларнинг Ўзбекистон қамоқхоналарида ҳозир рўй бераётган даҳшатлар ҳақида хабардор бўлишларини хоҳлаганман.

Китобингизни "озодликни севганлар учун" деб номлагансиз, бу дегани кимдир эркинликни яхши кўради, кимдир ёмон кўради, деганини англатадими?, деб сўраган Би-би-си ўқувчиси.

Евгений Дяконов: Гап шундаки, қамоқхонада шундай шиор бор: "Биз ҳаммамиз озодликни яхши кўрамиз". Шунинг учун мен китобимнинг биринчи боби учун ана шу шиорни танладим. "Озодликни севганлар учун". Ким Ўзбекистон қамоқхоналарида бўлган бўлса, гап дарҳол UZ зонаси ҳақида бораётганини англайди.

Сиз бу биринчи китобингиз эканини ва унинг давоми - иккинчи ва учинчи қисмларини ҳам эълон қилиш режангиз борлигини айтгансиз? Китобингиз давоми нима ҳақда?

Евгений Дяконов: Китобимнинг биринчи боби нафақат қонунга итоаткор бўлган, балки Ислом Каримов режимининг ашаддий тарафдори бўлган одамнинг панжара ортига тушиб қолиши, оммавий қатағон ғилдирагининг остида қолгани ҳақида ҳикоя қилинади. Иккинчи боб бу одамнинг тутқунликдан озодликка чиққани ва бу жамиятга бошқача кўз билан қарай бошлаганига бағишланади. Асарим қаҳрамони инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бел боғлайди. Ана шундан кейин ҳукмрон режим Ўзбекистон ва Марказий Осиё халқига қарши содир этаётган жиноятлари тафсилоти тасвирлаб берилади.

Сизни 1997 йилда нима учун ҳибсга олишган?

Евгений Дяконов: Расман мени гиёҳванд модда ва қурол-яроғни ноқонуний асраш, ҳукуматга қарши варақаларни тарқатиш, конституцион тузумни ағдаришга чақириқларда айблаб қамашган. Булар менга нисбатан расман илгари сурилган жиноий бандлар эди. Асл сабаби эса бошқа бўлган. Тошкентда менинг "Рок-клуб" деган хусусий ташкилоти бор эди. Бу ташкилот фаолияти билан мен "катта одамларнинг йўлини кесиб ўтиб қўйганман". Бу одамлар ҳукуматпараст "Камолот" ташкилотида эдилар. "Камолот" нима эканини билмайдиганлар шуни эслатиб қўйиш керак: "Камолот" - собиқ Комсомол. Хуллас, бизнинг ташкилот билан "Камолот" ўртасида қарама-қаршилик юзага келди. Бунинг ортидан мендан "қутулишга" қарор қилдилар. Қутулиш учун эса менинг ёнимга наркотик, қурол ва варақа ташлаб қўйишди. Агар адашмасам, ўша пайтда мен конституцион тузумга тажовуз деган Ўзбекистоннинг 159-моддаси бўйича қамалган ягона ўрус мен бўлганман. Мени шу пайтгача ҳам ҳеч ким ўз кўзи билан кўрмаган "Ваҳҳобий"лар билан бир "эшелон"да олиб кетишган.

Сизнинг асарингизни китоб сифатида нашр қилиш мушкул бўлгани ҳақида ёзгансиз. Бунинг сабаби, сизнингча, нимада булган?

Евгений Дяконов: Мен китобимни нашр қилишга 8 йил ҳаракат қилдим. Мен гапимни инсон ҳақлари ҳимоячилари тинглашларини истаб қоқмаган эшигим қолмади. Бироқ бу ёрдам бермади. Биринчи сабаби, мени кўпчилик яхши билмагани бўлса керак. Тўғри келган ташкилотга бориб, "мен яхши одамман, китоб ёзганман, китобимни нашр этишда ёрдам беринг", дейишнинг ўзи етарли бўлмайди. Иккинчи сабаби, мен билан инсон ҳуқуқлари фаоллари ўртасида кичкина можаро келиб чиққанидир. Чунки мен инсон ҳақлари ташкилотларининг айрим акцияларида қатнашишдан бош тортдим. Янада очиқроқ айтсам, менга таклиф қилишган гей-парадга чиқмадим. Чиқмаганим сабаби, менинг бесоқолбозларни ёмон кўришимдан эмас, менга чиқишни таклиф қилишган куни менинг бошқа ишларим бор эди. Ҳозир мен бундай тадбирларга фотосуратчи, видеотасвирчи сифатида бораман ва ёритаман. Хуллас, ўша рад жавобимдан кейин менга толерант эмас, деган ёрлиқ ёпиштиришди ва муносабатлари ёмонлашди. Шундан кейин менда турли хил муаммолар пайдо бўлди.

Бир неча ўқувчимиз сизнинг китобингизни қаердан, қандай қилиб олиб ўқиш мумкинлиги ҳақида сўрашган.

Сиз китобингизни Ўзбек тилида нашр қилишни режалаяпсизми?

Евгений Дяконов: Албатта, агар муносиб таржимон ва китобни нашр қилишга рози бўладиган нашриёт топилса, нима учун чиқармаслик керак? Мен китобимнинг нафақат Ўзбек, Қозоқ тилида, дунёнинг бошқа тилларида ҳам нашр этилишини хоҳлардим. Фақат бунинг учун менинг ўзимнинг маблағим йўқ.

Ўқувчимиз Ҳожиаҳмад сўраган: Жаноб Дьяконов, айтингчи Ғарбнинг айнан "иккиюзламалик" ёки "икки хил" муносабати айнан нималарда сезилади?

Евгений Дяконов: Уларнинг иккиюзламачилиги ўзларининг манфаати бор ёки йўқлигига боғлиқ. Ҳар ким ўзининг манфаатини кўзлайди. Агар қайсидир нарсага кўз юмиш керак бўлиб қолса, улар ўзининг мақсадига етиш учун инсон ҳуқуқларининг даҳшатли поймол этилишига кўз юмадилар. Мисол учун, Ўзбек режими мамлакат ҳудудида Америка Қўшма Штатларининг ҳарбий авиабазасини жойлаштиришга рухсат берганидан кейин танқидлар тўхтатилди. Буларнинг ҳаммаси тахминан 60 йилча олдин айтилган битта иборани ифодалайди: "У албатта итвачча, лекин ўзимизнинг итвачча". Ислом Каримов ўзининг ғарбдаги шериклари, хусусан, АҚШ ва НАТОнинг иродасини ифодалар экан, у танқид ва турли ҳужумлардан муҳофазада бўлади. У ўз бўйнига олган мажбуриятларини адо этишдан воз кечиши билан инсон ҳуқуқлари, қийноқлар масалалари кўтарилиши, ҳатто биз Сурия, Ливия ёки Ироқда кўрганимиздек ҳужумлар ҳам юз бериши мумкин. Биз худди шундай муносабатнинг Россия томонидан ҳам гувоҳи бўлаяпмиз. Бу Россиянинг МДҲдаги шерикларига нисбатан кўзга ташланади. Хусусан, Беларус президенти ўз мажбуриятини бажараётган бўлса, биз Россия томонидан ҳеч қандай танқидни кўрмаймиз. Афсуски, мана шу ўз манфаатига асосланган бу иккиюзламачилик сақланиб қолаяпти. Уни ўзгартиришнинг ҳозир имкони йўқ.

Бироқ сизни танқид қилишлари мумкин: мана халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳар йили йиллик ҳисобот чиқаришади ва Ўзбекистондаги инсон ҳақларининг поймол этилиши билан боғлиқ вазиятни батафсил ёритишади-ку, деб.

Евгений Дяконов: Бу танқидлар етарли эмас. Ва бу эълон қилинадиган танқидий чораларнинг ҳаммаси тавсиялар, холос. Улар бажариш учун лозим бўлган чоралар эмас. Гап шундаки, Ўзбекистон ҳукумати бу халқаро минбарлардаги танқидларга чап беришнинг усулларини яхши "ўзлаштирди". Илгари Ўзбек режими "бу гапларнинг ҳаммаси ёлғон, бўҳтон" деб келган бўлса, ҳозир "афсуски, бизда бундай камчиликлар бор. Бироқ бизнинг ҳукуматимиз, шахсан президент Ислом Каримов инсон ҳуқуқлари поймол этилиши билан боғлиқ мана шук камчиликларни бартараф қилиш учун қўлидан келган ҳамма ишни қилаяпти. Шунинг учун биз сизнинг танқидингизни қабул қиламиз ва бу йўналишда ишлаймиз", дейдиган бўлган. Агар Ўзбекистон ҳукумати танқидларга қарши Александр Лукашенкодек "ташланганида" эди, танқидлар янада кўпроқ бўларди. Мен ўйлайманки, бу танқидлар етарли, самарали эмас. Ўзбекистондаги инсон ҳақлари вазиятини яхшилаш учун янада радикалроқ амаллар зарур. Мисол учун, болалар қуллиги. Менинг ўзим 4-синфдан Сирдарё вилояти далаларига пахта териш учун чиққанман ва болалар меҳнати нима эканини жуда яхши тушунаман. Шундай экан, агар бутун Оврўпо ҳамжамияти Ўзбекистон далаларида етиштирилган пахтадан умуман фойдаланилмасин, деган ягона резолюция қабул қилса, Ўзбекистондаги болалар меҳнати билан боғлиқ аҳвол бир зумда ўзгаради. Ҳозир эса улар қуруқ протокол, ҳеч нарсага мажбурламайдиган оддий ҳужжатларни қабул қилишаяпти. Бу қоғозларнинг Ўзбек режими учун ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Танқидми-танқид, бир марта эшитдингми, бўлди-шу билан ҳамма нарса ёддан кўтарилди. Тамом-вассалом.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси сифатида сиз ҳозир нималар билан машғулсиз?

Евгений Дяконов: Охирги 2 йил мобайнида мен инсон ҳуқуқлари муҳофазаси билан шуғулланмаяпман. Бир неча можароли ишдан кейин мендан хушмомалалик билан бу билан шуғулланмасликни сўрашди. Менинг ўзим ҳам хоҳламаяпман. Бу ердаги менинг юртдошларим бундай муҳофазага муҳтож эмаслар. Чунки бу ерга келганларнинг 90 фоизи гастарбайтерлар. Улар бу ерга ишлаб пул топиш ва сўнг ватанга қайтиб кетиш мақсадида келганлар. Бу ерда яна диктаторлик режимидан қочиб келганлар ҳам бор. Лекин уларга менинг ёрдамим зарур эмас. Яна бошқа бир гуруҳдагилар борки, улар турли ёлғон-яшиқларни тўқиб чиқаришади. Мен улар билан ишлашни, номимни ёмонотлиқ қилишни истамайман.

Сиз Ўзбекистондаги "Мазлум" инсон ҳақлари ташкилотининг веб-сайтини ташкил қилишда ёрдамлашгансиз. Тўғрими?

Евгений Дяконов: Ҳа, мен бу сайтнинг асосчиси, муҳаррири бўлганман. Мен бу сайтни 2002 йилда ташкил қилганман. 2002 йил охирида Ўзбекистондан қочиб Норвегияга кетишга мажбур бўлганман. "Мазлум" веб-сайтининг ғояси ва ундаги барча материаллар жуда таниқли ҳурматли инсон, менинг устозим Отаназар ака Ориповга тегишли бўлган. Мен у кишининг олдида доим таъзим қиламан. Мен бу веб-сайтнинг фақат техник ижрочиси ва веб-дизайнери бўлганман, десам тўғри бўлади. Қолган барча нарсалар Отаназар акага тегишли бўлган.

Бу мавзуда батафсилроқ