Ўзбекистон хорижда банк ҳисоби очишни қийинлаштирмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Гулнора Каримовага яқин шахслар хорижда ноқонуний банк ҳисоблари очишда айбланган

Ўзбекистон ҳукумати юридик шахсларнинг хорижда банк ҳисоблари очишни қийинлаштирувчи қарорни қабул қилган.

Риа-Новости агентлигининг қарордан иқтибос келтиришича,бундан буён Ўзбекистон резиденти бўлган юридик шахслар фақат Марказий Банкнинг махсус рухсати билангина хориж банкларида ҳиcоб рақамларини очишлари мумкин.

Янги тартиб Ўзбекистон Бош прокуратураси хориждаги оффшор банкларида ўз ҳисобларига эга бўлган қатор шахсларга нисбатан тергов ишларини олиб бораётган пайтга тўғри келган.

Президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага яқинлиги айтилган 10 киши Ўзбекистон ташқарисида сохта ширкатларни қайддан ўтказиш ва пул ювишда айбланади.

Айни пайтда душанба куни Швеция Гулнора Каримованинг расман пора олишда гумонланаётганини тасдиқлаган.

Бу ҳақда Телиасонеранинг ўзбек лицензияси билан боғлиқ ишини тергов қилаётган прокурорлар маълум қилишган.

Аввалроқ Швейцария давлат прокурори Гулнора Каримованинг ноқонуний пулларни ўзлаштиришда гумон қилаётганини маълум қилган эди.

'Оффшорга қарши кураш'

Янги қарорда "оффшор" ибораси тилга олинмаган, аммо иқтисодий таҳлилчи Анвар Ҳусайиновнинг фикрича, қарордан кўзланган мақсад айнан "оффшорга қарши кураш" бўлиши мумкин.

"Ўзбекистоннинг хорижда фаолият кўрсатаётган ширкатлари кўп эмас. Нари борса, 100 та бўлиши мумкин. Уларнинг номини ҳамма билади. Янги тартиб бу ширкатларни нишонга олиши мумкин эмас, чунки улар ҳукуматнинг рухсати билан очилган ширкат ҳамда ваколатхоналардир. Мақсад айнан оффшорга қарши кураш", - дейди таҳлилчи.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда оффшор ҳисобига эга бўлганлар оз эмас ва улар асосан ҳукумат доираларига яқин шахслардир.

"Улар ўзлари, кўпинча тайинланган шахслар номига хорижда банк ҳисоблари ва корхоналарни очишади ва Ўзбекистондан туриб, ўзларига тегишли корхоналардан ускуналар ёки бошқа нарсаларни сотиб оладилар. Ўзбекистондаги кўпгина завод, корхоналарни сотиб олганлар ҳам оффшордаги ҳисоблардан худди чет эллик сармоядор каби фойдаланганлар. Масалан, Хитойдан мол, жумладан катта-катта озиқ-овқат маҳсулотларини олиб кирадиганлар орасида ҳам оффшор ҳисобларидан фойдаланиш кенг тарқалган", - дейди Анвар Ҳусайинов.

Унга кўра, ҳозирга қадар Ўзбекистонда оффшор ҳисоблари очишни таъқиқловчи қонун ёки қонуности актлар, йўриқномалар бўлмаган.

"Ўзбекистондаги мавжуд иқтисодий шароитларда оффшор тизими иқтисодиётни озгина бўлса ҳам ҳаракатга келтириб турган, тадбиркорнинг эҳтиёжларини қоплашга имкон бериб турган бир тизим эди", - дейди таҳлилчи.

Анвар Ҳусайиновнинг айтишича, оффшордан фойдаланаётганларни "иқтисодиётдаги охирги фаол қатлам" деб аташ мумкин.

"Янги қарорнинг кучга кириши ортидан ҳукумат уларнинг фаолиятини қонунга зид, деб баҳолаб, ҳар-хил солиқ ва бошқа ишларни қўзғатиши мумкин.

Анвар Ҳусайинов сўнгги қарор билан Президентнинг аввалроқ эълон қилинган мансабдор шахсларнинг хорижга сафар қилишларини чекловчи фармойиш ўртасида боғлиқлик бор, деб ҳисоблайди.

"Мақсад иқтисодиётда ҳам фаол бўлган мансабдор шахслар ва уларнинг маблағларини назорат остига олишдир", - дейди у.

Бу мавзуда батафсилроқ