Депортация сабабини Ўзбек чегарачиларининг ўзлари ҳам билмайдилар

Image caption Фотожурналист Константин Саломатин меҳнат муҳожирлари мавзусида кўплаб материаллар эълон қилган.

Яна бир хорижлик журналист Ўзбекистонга киритилмасдан, Тошкент аэропортидан депортация қилинган.

Россиялик фотожурналист Константин Саломатиннинг айтишича, Тошкент аэропортидаги чегарачиларнинг ўзлари ҳам нега унинг Ўзбекистонга киритилиши тақиқланган шахсларнинг "қора рўйхати"га киритилганини тушунтириб бера олмаганлар.

Бундан олдин Би-би-си мухбири Наталя Антелава, таниқли Қирғиз инсон ҳақлари фаоли Толекан Исмоилова ва қатор россиялик журналистлар Тошкент аэропортидан ортга қайтарилганлар.

Биз Константин Саломатиндан Ўзбекистонга киритилмагани тафсилотини сўрадик.

Константин Саломатин: Учоқдан тушганимиздан кейин ҳамма навбатга турди. Мендан олдин гастарбайтерлар оломони турарди. Мен уларнинг охирида навбатга туриб кута бошладим. Ниҳоят навбатим келди. Мен паспортимни узатдим. Одатда одамлар паспортини узатишади, унга муҳр ургандан кейин қайтариб беришади. Менинг паспортимни эса олиб сканнердан ўтказишди. Ундан кейин яна бир бор скан қилишди. Кейин қаергадир қўнғироқ қилишди. Хушмуомалалик билан, "кечирасиз, бир четга чиқиб кутиб турасизми?", деб сўрашди. Кутиб турдим. Учоқдан тушган бирорта ҳам йўловчи қолмади. Ёнимга икки чегарачи келиб, "биз билан бирга юринг", дейишди. Мен тушундимки, мени ортга қайтариб юборишмоқчи. "Нима гап?", деб сўрадим. Менга эса "сиз олдин Ўзбекистонда бўлганмисиз", деган саволни беришди. Мен айтдим: "ҳа, Совет замонида бўлганман". "Нима қилгансиз?". "1-синфни тугатганман". "Ундан кейин?" "1998 йилда сайёҳ сифатида келганман". "Ноқонуний иш қилмаганмисиз?" "Йўқ". Мени стюардессанинг олдига олиб келишди. Паспортимни стюардессага бериб, "бу киши Россияга депортация қилинади", деб айтишди. Мен сўрадим: "Нима учун?" "Бизнинг ўзимиз билмаймиз. Бизга тақиқланган одамларнинг рўйхатини беришади. Номингиз рўйхатда бўлса, киритилмайсиз. Нима учун сизни бу рўйхатга киритишган, хабаримиз йўқ", дейишди. Яна учоққа чиқиб Москвага қайтиб келдим. Ана ўшанда "Домодедово" аэропортидаги рус чегарачиси паспортимни қўлимга тутқазди.

Би-би-си: Ўзбекистонга қандай мақсадда борган эдингиз?

Константин Саломатин: Ҳозир мен бир катта лойиҳа устида ишлаяпман. Бу лойиҳа этнография мавзусида. Бунинг асосида биз фотокўргазма ташкил қилмоқчимиз, кейин электрон китоб чиқармоқчимиз. Ана шу проект доирасида мен Ўзбекистондаги тўй маросимини суратга олиш мақсадида борган эдим.

Би-би-си: Бадарға қилинганингиздан кейин сиз ўзингиз нима дейсиз, сизни нима учун Ўзбекистонга киритмасликка қарор қилишган?

Константин Саломатин: Билмадим. Балки улар Интернетни кузатиб бориб, журналистларнинг рўйхатини тузишар. Чунки меҳнат муҳожирларига бағишланган менинг фоторепортажларим Eurasia.net сайтида эълон қилинган. "Огонёк", "Русский репортёр" ва яна кўп жойларда менинг материалларим эълон қилинган. Балки бу менинг диссидент дўстларим Умида Аҳмедова, Вика Ивлевалар билан дўстлигимиз учундир. Балки бу жуда кўп меҳнат муҳожирлари билан мулоқот қилганим учундир. Балки менинг Фейсбукдаги бошқалар билан ёзишмаларим мени Ўзбекистонга китирилмайдиганларнинг қора рўйхатига киритилишимга сабаб бўлгандир. Ўзбек чегарачиларининг ўзлари ҳам билмадилар, мен энди фақат тахмин қилишим мумкин, холос.

Бу мавзуда батафсилроқ