Ўзбекистон Украина борасида қатъий баёнот билан чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Президент Каримов ҳозиргача Украина борасида очиқ баёнот бермаган

Ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган баёнотда Ўзбекистоннинг Украина борасидаги мавқеъи ўзгаришсиз қолаётгани таъкидланган.

Шу йилнинг 4 март куни вазирликнинг "Жаҳон" агентлиги тарқатган хабарда расмий Тошкент Украинанинг "суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига жиддий хавф" пайдо бўлганидан "чуқур хавотир ва ташвишда" экани айтилганди.

Душанба кунги баёнот ҳам вазирлик матбуот хизмати номидан эълон қилинган, аммо унинг оҳанги аввалгисидан қатъийроқдир.

Унда Ўзбекистон Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва сиёсий мустақиллиги тамойилига содиқ қолиши урғуланган.

"Ўзбекистон Республикасининг БМТ Низоми асосий тамойиллари ва халқаро ҳуқуқий меъёрлардан келиб чиққан ҳолда “юзага келадиган халқаро баҳсларни тинч воситалар билан ҳал этиш, халқаро муносабатларда ҳар қандай давлатнинг ҳудудий дахлсизлигига ёҳуд сиёсий мустақиллигига қарши куч билан таҳдид қилиш ёки уни қўллашдан тийилиш” борасидаги позицияси қатъий ва ўзгармасдир", - дейилади баёнотда.

Тошкент ва Киев собиқ совет ҳудудида Москвадан кейинги икки йирик сиёсий марказ сифатида кўрилади.

Ўзбекистон ўтмишда Украина билан бир қаторда Москва таъсирини жиловлашга қаратилган, деб ишониладиган ГУУАМ ташкилотининг таъсисчиларидан бўлган.

'Иккинчи ватан'

Бу Ўзбекистоннинг Қрим ярим оролидаги зиддиятли референдумдан сўнг илк баёнотидир.

Гарчи баёнотда референдум тилга олинмаган бўлса-да, унинг мазмунидан расмий Тошкент Москва томонидан "Қрим халқининг хоҳиш-иродаси" дея тақдим этилган овоз бериш жараёнини тан олмаслиги англашилади.

Ўзбекистон Қрим ярим оролидан сўнг энг кўп сондаги - 100 мингдан кўпроқ қрим татарлари яшайдиган давлатдир.

Қрим татарларининг кўпчилиги Ўзбекистонни ўзларининг иккинчи ватанлари ҳисоблашади.

Ўзбекистон, шунингдек, Украина ва Қримдаги зиддиятнинг ёйилиш эҳтимолидан хавотир изҳор қилган.

Расмий Тошкентга кўра, "Украина ва Қримда содир бўлаётган воқеаларнинг оқибатларини олдиндан айтиш мушкул".

Ўзбекистон Москва ҳамда Киевни зиддиятни тўғридан-тўғри музокаралар йўли билан ечишга чақирган.

"Украин ва рус халқларининг асрий яқинлигидан, маънавий ва маданий қадриятларининг, улар ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг тарихан шаклланган муштараклигидан келиб чиқиб, юзага келган муаммоларни ўзаро мақбул муросали ҳал этиш чорасини топишнинг ягона тўғри йўли бевосита икки томонлама музокаралар олиб боришдир", - дейилади баёнотда.

Унда айтилишича, "вақт қанча кўп ўтса, шунча кўп қарама-қаршиликлар юзага келади ва вазият мураккаблашади".

Бўлинишлар

Ўтмишда Москванинг вассали бўлган Марказий Осиё давлатлари Украинадаги воқеаларни хавотир билан кузатаётгани айтилади.

Аммо украин инқирози минтақа давлатлари ўртасидаги бўлинишларни яна бир марта юзага чиқарган.

1991 йилда бирин-кетин мустақиллик эълон қилганига қарамай, минтақадаги барча давлатлар Россия билан сиёсий ва иқтисодий ришталар орқали боғланган.

Ўзбекистон МДҲ ва Россия етакчигидаги бошқа тузилмаларда иқтисодий ҳамкорлик биринчи ўринда туриши кераклиги ва сиёсий муносабатлар ўзаро тенг ҳуқуқлилик асосига қурилиши лозимлигини урғулаб келган.

Марказий Осиёда аҳолиси энг кўп ва катта сондаги армияга эга бўлган Ўзбекистон ғарбда Россиянинг минтақадаги таъсирига қаршилик кўрсата оладиган давлат сифатида кўрилади.

Сўнгги йилларда расмий Тошкент Россия ва ғарб манфаатлари орасида мувозанат сақлашга уриниб келган.

Аммо мамлакатдаги аянчли иқтисодий аҳвол ва юз минглаб ўзбек оилаларининг тирикчилик ўтказиш учун Россиядан келадиган маблағларга қарамлиги, таҳлилчилар назарида Тошкентнинг мавқеъини анча заифлаштирган.

Бундан ташқари, минтақадаги кичикроқ Қирғизистон ва Тожикистон Россиядан кўра Ўзбекистонни ўзларига хавф деб кўрадилар.

Президент Каримов ўтмишда Россиянинг бу икки давлат ҳудудидаги ҳарбий базалари "кимни нишонга олиши"дан хавотир билдирган.

Қирғизистон Москванинг иродасига қарши Украинадаги ҳокимият ўзгаришини олқишлаган бўлса-да, айни пайтда Қримдаги референдум натижаларини ҳам тан олган.

Тожикистон ва Туркманистон эса Украинадаги воқеалар борасида сукут сақламоқда.

Москва етакчилигидаги Божхона Иттифоқига аъзо ва катта сондаги русийзабон аҳолига эга бўлган Қозоғистон эса Россиянинг Украинадаги ҳаракатларини "тушунишини" айтган ва Қримдаги референдум "халқнинг хоҳиш-иродасини акс эттирганлиги"ни билдирган.