Ўзбекистондаги қийноқларга чек қўйиш мақсадида янги ташкилот тузилди

Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот тизимлари ходимлари томонидан қийноқларга тутилган ва мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган уч оила "Қийноқларсиз ҳаёт" деб номланган янги ташкилот тузишга қарор қилганлар.

Jarayon.com веб-саҳифаси хабар қилишича, "Қийноқларсиз ҳаёт" ташаббус гуруҳи Франциядаги "Ўтюраклар клуби" ташкилоти қошида фаолият юритади.

Янги ташкилот ташаббускорлари Франциядан Тожибоевлар оиласи, АҚШдан Ортиқовлар ва Ҳолландиядан Рўзиевлар оиласи экани хабар қилинган.

"Қийноқларсиз ҳаёт" ташкилотини 24 март - Инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилиши ва қийноқ қурбонлари қадр-қиммати таҳқирланишига нисбатан ҳақиқатни қарор топтириш кунида барпо этишга қарор қилингани хабар берилган.

Ўзбекистон қийноқлар мунтазам қўлланадиган мамлакат деб эътироф этилган.

Узоқ йиллар давомида Ўзбекистоннинг айнан ҳуқуқни муҳофаза қилиш идора-ташкилотлари ходимлари шафқатсиз, ноинсоний амалларга қўл уришлари, ҳатто ҳибсда тутқунларни ўлдиришлари Ўзбекистон ҳукумати томонидан тан олинмай келди.

Бироқ 2003 йилда БМТнинг Қийноқлар бўйича махсус маърузачиси Тео ван Бовеннинг мамлакатдаги қийноқлар билан боғлиқ ҳақиқий вазият ҳақидаги ҳисоботидан кейин Ўзбекистон ҳукумати қийноқларга чек қўйиш мақсади кўзланган махсус дастур қабул қилиши ва бу дастурни ҳаётга татбиқ этиш устида ишлаши ҳақида эълон қилди.

2003 йил майида Тошкентда ўтган Оврўпо Қайта тиклаш ва Тараққиёт банкининг йиллик анжуманида Президент Каримовдан Ўзбекистонда қийноқлар мавжудлигини расман эътироф этиш талаб қилинди.

Бироқ бу талаб Президент Каримовни ғазабга келтирган, орадан 11 йил ўтганидан кейин ҳам Ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятида бу идоралар истаган иқрорлик ҳужжатини қўлга киритиш мақсадида инсонга шафқатсиз муомала қилиш амалиёти тўхтамаган.

Энг сўнгги мисол - Президент Каримов тўнғич қизи Гулнора Каримованики деб ишонилган мактубдаги қийноқ мисоллари.

Мамлакатда инсон ҳақлари вазиятини яхшилаш мақсадида турли қонун ва меъёрий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритилаётгани хабар қилинади.

Бироқ Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён кун тартибига олиб чиқилган "Милиция ҳақидаги" қонун қабул қилинмай келинаяпти.

2012 йилда Ўзбекистон парламенти қонун лойиҳасини муҳокама этишни бошлагани хабар қилинган, бироқ орадан 2 йил ўтган бўлса ҳам бу мууҳокама якунига етгани хабар қилингани йўқ.

Айнан бу қонунда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи ходимининг асосий вазифаси ҳуқуқни поймол этиш эмас, ҳимоя қилиш лозимлиги таъкидланиши талаб қилинади ва ана шу қонун ҳокимиятнинг қийноқларни тўхтатиш сиёсий иродаси бор ёки йўқлигини намойиш этади.

Бу мавзуда батафсилроқ