'Агар мен президент бўлганимда...'

Иқтисодни кўтарган, чуқур илдиз отган коррупцияга қарши курашган, мамлакат табиий бойликларини фақат халқ учун сарфлаган, камбағалликни аритган, кўплаб янги иш ўринлари яратган ва таниш-билишчиликка барҳам берган бўлардим...

Бунча гапни ишонч билан ким айтаётган экан десангиз, бугун қўшни Афғонистондек нотинч бир давлатда катта қудратга эришган ва бир қанчаси, ҳатто, вазирлик лавозимларига қадар кўтарила олган Ўзбек аёл сиёсатчилари. Аммо, алоҳида таъкидлаш жоиз, уларнинг бу каби сўзлари ўтган икки галгисидан фарқли тарзда бу гал президентлик учун фақат эркак номзодлар беллашаётган сайловлар арафасида янграмоқда. Афғонистон учун тарихийси бўлиши кутилаётган президентлик сайловлари эса, шу йилнинг 5 апрел кунига режаланган. Би-би-си Ўзбек Хизмати худди шу манзарада махсус лойиҳага қўл уриб, қудратли Ўзбек аёл сиёсатчиларининг бўлажак сайловлар ҳақидаги ўй-фикрлари билан қизиққан:

Хадича Ғазнавий

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Президентликка ягона аёл номзод бўлган, аммо расман қайддан ўта олмаган:

"Мен, агар, Афғонистон президенти бўлганимда, энг аввало барча учун таълим олишни шарт қилардим. Чунки Афғонистонда ҳануз саводхонлик даражаси паст. Чунки ҳар бир фуқаро Афғонистон ўзининг давлати эканини англаб етиши ва унинг тараққиёти йўлида хизмат қилиши керак. Иккинчидан, биз бир бой мамлакатмиз. Иқтисодимизни кучайтирардик. Нефтимиз, газимиз, яна бошқа кўплаб захираларимиз ва корхоналаримиз бор. Уларнинг ҳаммасидан унумли фойдаланардим. Хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлардим. Чиройли бир мамлакатни дунёга кўрсатардимки, бир хотин келиб, Афғонистонни гулистон қилди, дейишарди. Институтлар, мактаблар, фабрикалар, заводлар, ҳаммасини ўз ишининг кўзини биладиган одамларга берардим. Ҳозир Афғонистонда ҳар ким турли йўллар билан истаган жойини эгаллаб олган, кўнгли тусаган ишини қилаяпти...Аммо, келажакда президент бўлганимда, мен бу каби ҳолларга чек қўйган бўлардим",- дейди Хадича Ғазнавий:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Суҳбатдошимиз Хадича Ғазнавий хонимларининг айтишича, ҳалиям президент бўлиш ниятидан воз кечгани йўқ: “Худо хоҳласа, Аллоҳ насиб қилса, мен бутун дунёга Афғонистон хотинларининг кучли экани, чин дилдан ишлай олишларини, албатта, кўрсатаман. Жамият анъанадор бўлгани учун ҳозир аёлларга бироз йўл беришмайди. Буни ҳамма билади. Кейин кенг илдиз отган коррупция, порахўрлик муаммоси ҳам бор”, - дейди у киши.

Осиё Ойжамол Дўстум

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Афғонистон шимолидаги энг қудратли сиёсатчилардан бири ва президентликка асосий номзодлардан Ашраф Ғани Аҳмадзайга 1-муовин генерал Абдулрашид Дўстумнинг қизи:

Осиё Ойжамол хонимнинг айтишича, келажакда катта сиёсат билан шуғулланиш ва Афғонистон президенти бўлиш нияти йўқ. Аммо, суҳбатдошимизга кўра, бу – она Ватани ва миллатига хизмат қилиш мақсадида эмаслигини умуман англатмайди. Унинг айтишича, бу ишни сиёсат эмас, таълим-тарбия йўлидан амалга оширмоқчи. Аммо шунда ҳам, бизнинг “Афғонистон президенти бўлиб қолганингизда, энг аввало қандай ишларни амалга оширган бўлардингиз?”, - деган саволимизга: “Бугунги Афғонистон билан келажакдаги Афғонистон бир хил бўлмайди, албатта. Бугунги Афғонистоннинг кўплаб жиддий муаммолари бор - Толибон, террорчилик...Берилган қурбонлар, тўкилган қонларнинг ҳисоби йўқ. Хотин демайди, бола демайди, чақа демайди. Қўлида қуроли бўлмаган бегуноҳ инсонларни ўлдириб кетаверади. Ислом динидан тортиб, бирор бир қонун бунга изн бермайди. Агар, келажакда мен Афғонистон президенти бўлсам ва бу муаммолар ҳануз барҳам топмаган бўлса, бир давлат учун тинчлик кўп муҳим масала. Бошини ёстиққа қўйган фарзандлар бўлсин, оилалар бўлсин, тинч ётмоғи учун мамлакат ором бўлмоғи шарт. Мен худди шу йўлда қўлимдан келган барча ишни қилардим. Акс ҳолда, ҳеч бир олдинга силжиш бўлмайди. Шифохоналар, мактаблар қад ростлаши, таълим гуркираб ривожланиши мумкин. Аммо шундоқ ёнгинангизда толиб сизни ўлдираман, ҳукуматга келаман, деб ўтирса, буларнинг ҳеч бир фойдаси йўқ. Энг аввало Афғонистонда террорчилик ва толибларнинг ўзини йўқ қилиш керак”, - дейди Осиё Ойжамол Дўстум:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Суҳбатдошимизнинг айтишича, вақти келиб, Афғонистонни аёл президент бошқаришига, сўзсиз, ишонади: “Кўплаб хорижий давлатлар ва минтақа мамлакатлари билан солиштирганда ҳам, Афғонистонда аёллар сиёсатда ҳақиқатан ҳам фаоллар. Шунинг учун ҳам, узоққа бориб ётиш шарт эмас, ҳатто, шу яқин йилларнинг ўзида Афғонистонда аёл киши президент бўлиши мумкин”, - дейди у.

Сурайё Далил

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Афғонистон Соғлиқни сақлаш вазири:

“Тўғри, бу йил номзодлар орасида бирор бир аёл сиёсатчи йўқ. Аммо номзодларнинг муовинлари орасида аёлларни кўрамиз. Бу – бизлар учун умид ва ифтихор. Албатта, номзодлар орасида бир хоними бўлганида, бизлар ҳам кўп қувонардик. Аммо мен Афғонистон, афғонлар ва ўзимнинг ҳам қизларим бор, уларнинг ҳам келажагини назарда тутиб фикр юритаман. Худди шу боис ҳам, мен учун бу номзодларнинг дастурлари қанчалик хотин-қизларга мос ва тўғри келиши муҳим. Нега ўз номзодимни илгари сурмаганим саволига келсак, вазирлик қилишга кўпроқ қизиқишим бор. Чунки ижроий одамман. Ижрочилик масъулиятини яхши уддалайман, деган фикрдаман. Чунки тўрт йиллик вазирлик фаолиятим давомида ҳам бунга амин бўлдим”, - дейди суҳбатдошимиз:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Аммо, Сурайё Далил хонимлари, ўз ўрнида, вақти келиб Афғонистон президентлигига ўз номзодини илгари суриш эҳтимолини ҳам назардан соқит этмайди: “Аммо, сизга шуни ҳам айтишим керакки, ҳали ёшим унча катта ҳам эмас. Агар, насиб қилса ва Афғонистон халқи қўллаб-қувватласа, шояд, яқин келажакда, келаётган йилларда президентликка ўз номзодимни илгари сурсам. Сиёсат мен учун бир сафар. Мен сиёсат йўлига бел боғлаганман. Иншаллоҳ, мен бу сафаримни давом эттираман. Мен Афғонистон фарзандиман. Афғонистон менинг Ватаним. Балки 10 ёки 20 йилдан кейин Афғонистон президенти бўлиб қолгудек бўлсам, мамлакатда адолат ва қонунни таъминлаш истагим бор. Демократик ва халқпарвар бир давлат барпо этмоқчиман”, - дейди у киши.

Ҳуснбону Ғазанфар

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Афғонистон Хотин-қизлар масалалари бўйича вазири:

“Мен ўз номзодимни президентликка илгари сурган бўлардим. Аммо етарлича овоз олишга ишончим комил бўлмаган бир шароитда буни лозим, деб кўрмайман. Чунки ҳозир Афғонистонда аёлларга раъй бериладан бир муҳит йўқ. Аммо етарлича замина ва шарт-шароит бўлган пайтда, албатта, мен президентликка ўз номзодимни илгари сураман. Афғонистон президенти бўлган одам кўп ишларни амалга ошириши керак. Фақат биттасини алоҳида олиб кўрсата олмайман. Энг аввало ночорликни аритиш учун бор куч-қувватини сарфлаши керак, деб ўйлайман. Чунки бизнинг кўп табиий захираларимиз бор: сув, нефть, газ...Агар улардан унумли фойдалана олса, Афғонистон дунёдаги энг ривожланган давлатлардан бирига айлана олади. Одамларнинг нони бўлгандан кейингина, фикри ором бўлиб, таълим олади, таҳсил олади, бир касбли бўлади, кейин бошқа ҳар қандай ишни қилса бўлади. Кейин кўпроқ адолатга нимам бор. Одам раҳбарлик қилса, адолат ва инсоф билан раҳбарлик қилиши керак. Шунинг баробарида таълим, тарбия, маслак ҳам жуда муҳимки, бизларда кадрлар ҳам унча кўп эмас”, - дейди суҳбатдошимиз:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ҳуснбону Ғазанфар хонимлари, ўз ўрнида, Афғонистонни аёл президент бошқара олишига юз фоиз ишонишини айтади:“Чунки, биз ҳозир Вазирлар Маҳкамасида аёл ва эркак вазирларнинг бир хил савияда ишлаётганликларини кўриб турибмиз. Демак, аёллар бемалол президентлик ҳам қила олишади. Бизларнинг тарихимизда аёл вазирлар, аёл подшоҳлар ва маликалар сиёсатга интилиб, сиёсатни бошқариб ўтганлар. Шунга ишончим комилки, ҳатто ҳозир ҳам ичимизда мамлакатни бошқаришга қодир жуда кўп аёлларимиз бор. Лекин шу мамлакатнинг ўзи ҳозир бунга тайёр эмас”, - дейди у киши.

Шукрия Пайкон

Фото муаллифлик ҳуқуқи

8 йилдирки, Афғонистоннинг шимолдаги энг беқарор ва сўнгги йилларда Ўзбекистон Исломий Ҳаракати жуда фаоллашгани айтилувчи Қундуз вилоятидан парламент вакиласи:

“Афғонистонда бир олам мушкулотлар бор. Яхши, яхши барномалар ишлаб чиққан бўлардим. Чунки президентликка ўз номзодингизни илгари сурдингизми, одамда энг аввало халқнинг эҳтиёжларини инобатга олган режаю дастур бўлиши керак. Оддий халқнинг нималарга эҳтиёжи бор: Биринчи навбатда хавфсизлик, кейин иқтисодни юксалатириш. Одамларнинг иқтисодий аҳволларини яхшилаш. Халқни алдамаса, уларга садоқат билан хизмат қилса, уларнинг барча эҳтиёжларини қондирган тақдирдагина, одам яхши хизмат қилолади”, - дейди суҳбатдошимиз:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ҳозирда парламент вакиласи бўлган Шукрия Пайкон хоним ҳам Афғонистон президенти бўлиш учун ўз курашларини давом эттириш аҳдида қатъий эканини таъкидлайди: "Аёлларнинг катта, катта сиёсат билан шуғулланишлари учун Афғонистонда ҳалиям етарлича шарт-шароит йўқ. Вазият хароб, бунга имкон бермайди. Аммо аёллар роса ҳаракат қилишаяпти. Балки келажакда бунга имконли бўлишар. Чунки биз президентликка ўз номзодимизни илгари суриш ва ҳатто, президент бўлиш учун ўз курашимизни давом эттирамиз. Ўзим эса, парламент вакиласи сифатида ваколатимнинг иккинчи муддати ҳали ниҳоя топмагани учун бу галги президентлик сайловларида номзодимни илгари сура олмадим. Бошқа томондан, номзод бўлиш осон иш эмас. Бунинг учун иқтисодий жиҳатдан ҳам имкониятингиз бўлиши керак. Менда эса, ундай имконият йўқ эди. Аммо халқнинг етарлича дастагига эга эдим”, - дейди у киши.

Сайёра Шикиб Саодат

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Афғонистон тарихида ва ўзбеклар яшовчи туманда ҳокимлик лавозимини эгаллаган илк аёл сиёсатчи бўлади. У ҳокимлик қилувчи Хўжа Дўккоҳ туманида афғон ўзбеклари етакчиси сифатида кўрилувчи генерал Абдулрашид Дўстум таваллуд топган:

“Агар, мен Афғонистон президенти бўлганимда, энг аввало жангпараст, қўмондону қўмондонпарастликни йўқ қилардим. Иккинчидан, ўз имкониятимдан фойдаланиб, бутун Афғонистонни электрлаштиришга ҳаракат қилардим. Кейин мамлакат иқтисодини юксалтиришга эътибор қаратардим. Ёшларга кенг йўл очардим. Хуллас, келажакда Афғонистон ўз оёғига туриб, халқи бундан манфаатдор бўлиши учун жуда кўплаб ишларни амалга оширардим. Айниқса, порахўрлик ва коррупция ҳолларига қарши кескин кураш олиб борардим. Бу ишга ёшларни жалб қилардим. Чунки бугунги афғон ёшларининг мафкураси бутунлай бошқача. Улар порахўрлик муаммосига буткул қарши мавқеъда. Шунинг учун ҳам, келажакда янги ва яхшироқ Афғонистонни барпо этиш учун замонавий ёшлар билан кўпроқ ҳамкорлик қилиб, янгича фикрлар ва ғоялардан фойдаланардим”, - дейди суҳбатдошимиз:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Сайёра Шикиб Саодат хонимлари ҳам вақти келиб, албатта, Афғонистон президентлигига ўз номзодини илгари суриш ниятида эканини айтади: “Иншаллаҳ, агар, халқимга содиқона хизмат қилолсам, уларни ўз хизматимдан рози қилолсам, албатта, бундай истагим бор. Нима учун бўлмасин?!.Афғонистонда президент бўлиш учун 34 вилоятдан овоз олишингиз керак. Шунинг учун ҳам, аввал афғонистоншумул бўлишимиз керак. Бутун халқ бизга мойиллик кўрсатгандан кейингина, президентлик сайловларида иштирок этиб, халқнинг овозини олишимиз мумкин бўлади. Чунки бир-икки вилоятнинг овози билан президент бўлолмайсиз-ку”, - дейди у киши.