'Марказий Жосуслик Хизмати тергов дастури юзасидан ёлғон гапирган'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Марказий Жосуслик Бюроси номақбул амаллари тарихи собиқ президент Жорж Буш даврига бориб тақалади

Вашингтон Постнинг хабар қилишича, Марказий Жосуслик Бюроси ўзининг қаттиққўл тергов усули ва унинг самараси юзасидан АҚШ ҳукуматига нотўғри маълумот бериб келган.

Америка Сенатининг узоқ кутилган ҳисоботида айтилишича, Марказий Жосуслик Бюроси маҳбусларни тергов қилиш учун "қора манзиллар"дан фойдаланган.

Шунингдек, ҳисоботга кўра, гумондорлардан маълумот олиш учун уларни муздек совуқ сувга бўктириш, бошларини деворга уриш каби номақбул усуллар қўлланилган.

Мазкур амаллар тарихи собиқ президент Жорж Буш даврига бориб тақалади.

Махфий ҳужжат билан таниш расмийларнинг айтишларича, Марказий Жосуслик Бюроси ушбу тергов дастури у қадар иш бермаган, бу йўл билан жуда кам фойдали маълумотлар олишга муваффақ бўлинган. Дастурни самарали кўрсатиш учун эса, мазкур маълумотлар бўрттирилган.

Ҳисобот Сенат жосуслик қўмитаси томонидан Марказий Жосуслик Бюроси амалиётлари бўйича 2009 йил бошланган кенг кўламли текширувлар натижасидир.

Қўмита пайшанба куни йиғин ўтказади ва хулосаларни оммага ошкор қилиши учун ҳисоботнинг умумлаштирилган шаклини Президент Обамага йўллаш масаласини муҳокама қилади.

Ички бўлинишлар

Вашингтон Постнинг хабарига кўра, Марказий Жосуслик Бюроси бош қароргоҳидаги расмийлар ўз зобитларига маҳбуслардан олиш мумкин бўлган маълумот қолмаганига ишонч ҳосил қилганларидан кейин ҳам қаттиққўл терговни давом эттиришга буйруқ беришган.

Мулозимлардан бирининг айтишича, Ал-Қоида гумондори Абу Зубайдага нисбатан 83 марта "сувга бўктириш" деб номланган қийноқ усули қўлланган.

Шунингдек, ҳисоботда маҳбуслар бошига солинаётган кўргуликлар юзасидан жосуслик хизмати зобитлари орасида норозилик бўлгани ҳақида сўз боради.

Марказий Жосуслик Бюроси воизи Вашингтон Постга гапираркан, агентлик ҳали ҳисоботнинг якуний шаклини олмагани ва у тафсилотлар хусусида изоҳ беролмаслигини айтган.

Бироқ, жорий ва собиқ расмийлар газетага 6, 300 саҳифалик тадқиқотда далилий хатолар ва нотўғри хулосалар борлигини айтишган.

Март ойи бошларида Сенат жосуслик қўмитаси Марказий Жосуслик Бюросини текширувлар давомида уларнинг компютерларига ноўрин киришга уринганликда айблаганди.

"Қора манзиллар"

Бундан олдин 2001 йил 11 сентябрь ҳужумлари ортидан АҚШ жосуслик хизматлари ва 54 мамлакат орасида кечган махфий ҳамкорликлар кечганига оид айбловлар янграганди.

Булар орасида Эрон ва собиқ иттифоқ давлатларидан Литва ҳамда Ўзбекистон борлиги ҳам айтилган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон ушбу ҳамкорлик давомида ўз қамоқхоналари ва ҳаво қўналғаларидан фойдаланишга рухсат берган.

АҚШ Марказий Жосуслик Хизмати маҳбусларга нисбатан қўллайдиган тергов усулларини инсон ҳуқуқлари фаоллари қийноққа тенглаштиришган.

Бу борада чиқарилган ҳисоботлардан бирида Марказий Жосуслик Хизмати шу боис ҳам қийноқ кенг қўлланадиган мамлакатларни танлаган бўлиши мумкинлиги айтилганди.

Нью-Йорк Таймс нашри ҳали 9 йил олдин собиқ жосуслик зобитлари сўзларига таянган ҳолда, террорда айбланган одамларнинг тергов учун Ўзбекистонга жўнатилгани ҳақида ёзганди.

Бу мавзуда батафсилроқ