Тошкент: "Paynetларда тўлов нақд пул билан амалга ошади"

Хабарларга кўра, UZPAYNET ширкатининг Paynet тизими мижозлардан фақат нақд пул билан тўлов ўтказиш мумкинлигини айтган.

Ойлик маошлар асосан пластик карточкаларга туширилиб, нақд пул кўпинча муаммо бўлган жойларда бу нарса муаммо туғдираётгани билдирилади.

Тошкентлик талаба Сардорнинг айтишича, у фойдаланадиган Paynetлар ҳар доим нақд пулга ишлаган.

Шаҳар марказидаги аксарият Paynet хизматлари ҳам пластик карточка орқали тўлов қилинишини рад қилмоқда.

"Ҳозир қанча пул ташласангиз, шунча тушади телефонингизга. Аввал 1000 сўмга 40-60 сўм олиб қоларди. Шунинг учун йўлимдаги бир қанча Пайнетлар коммиссион хизмат пули олиб ташлангач, ёпилган" дейди у.

Бугун Юнусободдаги пайнетга кириб сўрасам, карточкага ишламас экан, дейди бошқа тошкентлик.

Баъзи ўқувчиларимизнинг айтишича, фақат Тошкентда эмас, вилоятларда ҳам бу муаммо юзага келган. Пайнетчилар уларга нақд пул билан муомала қилинишини айтганлар.

Айни пайтда UzPaynetнинг Тошкентдаги оффиси вакили фақат нақд пул орқали тўлов қабул қилиш ҳақида кўрсатма берилмаганини, агар жойлардаги агентлар шундай талаб қўяётган бўлса, бу мижозларни алдаш ва чалғитиш эканини билдиради Фергана.ру агентлигига.

Шунингдек, у кўп Paynet тизимларида тўловларни қай тарзда ўтказиш агентнинг ўзининг хоҳиши эканини ҳам қайд этган. Мижозларнинг қайси тўлов турига кўпроқ талаби бўлса, шунга қараб терминаллар ўрнатилиши мумкин, дейди UzPaynet расмийси.

UzPaynet ширкати 2005 йилдан буён Ўзбекистонда фаолият юритади. Мамлакат бўйлаб 25 мингдан ортиқ тўлов бўлимлари бўлиб, икки миллиондан ортиқ фойдаланувчи унинг хизматидан фойдаланиб келган.

Ўтган ойда UZPAYNET ширкати фаолияти текширила бошлагани, ширкат Гулнора Каримовага яқин Гаяне Авакян назоратида бўлиб келгани айтилганди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Авакян ҳамда ўнга яқин шахсга нисбатан солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш айбловлари бўйича жиноят иши очилганини маълум қилган.

Баъзи кузатувчиларга кўра, Paynetларга тегишли янги муаммолар Гулнора Каримова ва унинг яқин ҳамкорларига алоқадор текширувлар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Шунингдек, март ойида UCell ва Beeline телефон операторлари ўз хизмат ҳақларини оширишга қарор қилган.

Бунга ҳам Paynetларга тўланадиган комиссион ҳақ хизмат кўрсатувчи ширкатлар зиммасига юклангани сабаб бўлгани айтилади.

Бу мавзуда батафсилроқ