Афғонистон сайловларида Абдулло Абдулло етакчилик қилмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи n

Афғонистондаги президентлик сайловларининг натижалари қисман эълон қилинган.

Унга мувофиқ, собиқ ташқи ишлар вазири Абдулло Абдулло собиқ молия вазири Ашраф Ғанидан жузъий фарқ билан олдинда бормоқда.

Ҳозиргача 26 вилоятдан ярим миллион овозлар санаб бўлинган.

Доктор Абдуллоҳ 41.9 фоиз, жаноб Ғани эса 37.6 фоиз овоз олганлар.

5 апрел кунги сайловларда Афғонистоннинг 34 вилоятида жаъми 7 миллион сайловчилар овоз беришган.

Дастлабки натижалар тўлалигича 24 апрел куни эълон қилиниши кутилмоқда.

Image caption Ашраф Ғани ўзбек генерал Дўстимни вице-президент номзоди этиб танлаган

Афғонистон Мустақил сайлов комиссияси келаётган кунларда овозларни санаш давом этаркан, сайловда етакчилик қилаётган номзод тезда ўзгариши мумкинлигини айтган.

Натижалар кундалик эълон қилиб борилади.

Би-би-си мухбири Дэвид Лойннинг хабар қилишича, айрим овоз қутилари хали пойтахт Кобулга етиб келмаган.

Улар олис тоғли минтақалардан эшакларга юклаб олиб келинади.

Тўлиқ бўлмаган натижаларга кўра, жорий Президент Ҳомид Карзайнинг одами деб ишонилган Залмай Расул 9.8 фоиз овоз билан учинчи ўринда бормоқда.