Би-би-си меҳмони - 'Озодлик' радиосининг мухбири Садриддин Ашурга савол беринг

Image caption Садриддин Ашурнинг турли мавзудаги қатор мақола ва суҳбатлари тингловчиларга яхши маълум.

Таниқли журналист Садриддин Ашур 1961 йилда Тожикистондаги Оржоникидзеобод туманининг икки дарё оралиғидаги Мулладавлат қишлоғида туғилган.

"Дадам асли андижонлик, бувам эса Қўқонга 20 чақирим келадиган Ўқчи қишлоғидан бўлган. Бобом, бувамнинг дадаси, мактабдор домла ва "босмачи" бўлганлиги учун қизиллар томонидан қатл қилинган. Ўтган асрнинг 30 йилларида бувам ва тоғам "халқ душмани"нинг болалари сифатида қулоқ қилиниб, Тожикистонга сургун қилинган. Раҳматли дадам ҳам китобдор домла бўлганлиги учун ҳамма у кишини Охун бобо (ўзларининг исми Музаффар) деб чақирган", дейди ижодкор оиласи ҳақида. Садриддин Ашур 1981 йилда Ленинобод Давлат педагогика институтининг Ўзбек филологияси факультетини битирган.

У олий даргоҳда истеъдодли шоирлар - марҳум Асқар Маҳкам, Одил Икром, Абдулла Зуҳур ва ёзувчи Ҳофиз Мирзо билан бирга таҳсил олган.

1983 йилдан 1994 йилгача Тожикистонда ўзбек тилидаги "Халқ овози" ("Совет Тожикистони") газетасининг мухбири бўлган.

2002 йилдан буён "Озодлик" радиоси Ўзбек хизматида ишлайди.

Садриддин Ашур оилали, тўрт нафар фарзанди ва икки невараси бор.

Садриддин Ашурга саволларингизни саҳифамизнинг ўнг томонидаги махсус форма орқали ёки uzbek@bbc.co.uk электрон манзилимизга йўлланг.

Би-би-си меҳмони саволларингизга ҳам Интернет ва ҳам радио орқали жавоб беради.

Суҳбатнинг радио версиясини шанба кунги "Дараклар" дастурида тинглай оласиз.

Саволларини радио учун ўз овозлари билан беришни истаган тингловчиларимиздан ўзларининг телефон рақамларини ҳам ёзиб юборишни сўраймиз.

Рукнимизнинг кейинги меҳмонлари кимлар бўлишини истайсиз?

Бу ҳақдаги фикрларингизни кутиб қоламиз.

Бу мавзуда батафсилроқ