Баронесса Варси яна Ўзбекистонга сафар қилади

Image caption Бу Варси хонимнинг Ўзбекистонга учинчи сафаридир

Буюк Британиянинг Ташқи ишлар бўйича катта давлат вазири баронесса Варси 15 апрел куни Ўзбекистонга сафар қилади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг билдиришича, Саида Варсининг Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси, Ташқи ишлар, Ташқи иқтисодий алоқалар вазирликлари, шунингдек, Олий Мажлис Сенатида музокаралар олиб бориши кутилмоқда.

Ўзбек томонига кўра, британ мулозимининг навбатдаги ташрифи Ўзбекистон ва Британия ўртасида кечаётган доимий мулоқотларнинг бир қисмидир.

Бу Британия ҳукуматида биринчи мусулмон аёл вазир бўлган Баронесса Варсининг охирги икки йилда Ўзбекистонга учинчи сафаридир.

Лондон ва Тошкент ўртасидаги дипломатик мулоқотларнинг фаоллашувига Афғонистондан британ қўшинларини олиб чиқиш режаси сабаб бўлган.

Ўзбекистон темир йўллари ғарб қўшинлари ва ҳарбий техникасининг Афғонистондан олиб чиқилишида муҳим рол ўйнаши кутилади.

Афғонистонни ташқи дунё билан боғловчи ягона темир йўли Амударё устида барпо этилган.

2015 йилгача Британия Афғонистондаги тўрт миллиардга яқин ҳарбий ва ноҳарбий жиҳозларини олиб чиқиб кетиши керак.

Ўзбекистон ўз ҳудудидан хавфсиз йўлак яратиб бериши эвазига Британия 700 минг долларлик техника ҳамда жиҳозларини совға қилиши хабар қилинган.

Аввалроқ Британия матбуоти расмий Тошкент ҳамкорлик эвазига Лондон олдига мушкул талабларни қўйгани ҳақида ёзган.

Жумладан, "Индепендент" рўзномасининг маълумотича, ўзбек томони Бош вазир Дэвид Камэроннинг Тошкентга сафари ва Президент Каримовнинг давлат ташрифи билан Британияга келишини талаб қилган.

Инсон ҳуқуқлари гуруҳлари Камерон ҳукуматини дунёдаги энг репрессив тузумлардан бири бўлган Президент Каримов ҳукумати билан яқин ҳамкорликдан тийилишга чақирганлар.

Ички репрессиялар хавфи

Ҳозирга қадар Баронесса Варси Британия ҳукуматининг Тошкентга сафар қилган энг юқори мартабали мулозимидир.

Аввалроқ Британия парламенти Варси хонимдан Ўзбекистонга совға қилиниши кутилаётган ҳарбий жиҳозлар Президент Каримовнинг мухолифларига қарши қўлланмаслиги борасида кафолат талаб қилган.

Ўтган йил 9 июл куни британ парламентида кечган мунозаралар чоғида Варси хоним ҳарбий жиҳозларнинг Ўзбекистондаги ички репрессияларда қўлланмаслиги, улар совға қилинадими ёки сотиладими, асосий меъзонлардан экани ва буни жуда жиддий қабул қилишларини айтган.

Баронесса Варсига кўра, агар айни жиҳозлардан биронтасининг ўтмишда Ўзбекистондаги тартибсизликлар чоғида ишлатилгани тасдиқланса ёки ишлатилиши мумкинлигига доир ишоралар бўлса, улар Ўзбекистонга берилмайди.

"Менинг ўзим ўтмишда Ўзбекистон бу жиҳозлардан қанчасини сотиб олгани, қаердан сотиб олгани ва қандай мақсадларда ишлатгани борасида жуда кўп тафсилотларни ўрганиб чиқдим", -деб айтган Британия ҳукумати мулозими.

2005 йил майида Андижонда намойишчиларни ўлдирган ҳукумат аскарлари Британиянинг Land Rover машиналаридан фойдалангани ҳақидаги иддаолар ортидан Британия парламенти текширув ўтказишни талаб қилган эди.

Кейинроқ бу машиналарнинг Туркиядан экспорт қилингани маълум бўлган ва британиялик депутатлар экспорт тартибини кучайтиришни талаб қилганлар.

Баронесса Варси Британия Ташқи ишлар вазирлигида Афғонистон, Покистон, Бангладеш ва Марказий Осиё давлатлари билан бирга БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан алоқалар, шунингдек, инсон ҳуқуқлари учун масъул мулозим ҳисобланади.

Аммо унинг Ўзбекистонга ташрифлари чоғида ҳукумат мулозимлари олдига инсон ҳуқуқлари масаласини қанчалик қатъий бир шаклда қўйгани ё-да маҳаллий ҳуқуқ фаоллари билан мулоқот олиб боргани маълум эмас.

Варси хоним ўтган йили Тошкентга сафари тафсилотлари ҳақида Би-би-сига гапиришдан бош тортган эди.

Британия мулозимлари Ўзбекистон ҳукумати билан жорий ҳамкорлик биринчи навбатда Афғонистондан қўшинларни олиб чиқиш эҳтиёжи билан боғлиқ эканини эътироф этишади.

Бу мавзуда батафсилроқ