Тошкентда ноқонуний киракашлар устидан назорат кучайтирилади

Шу мақсадда Давлат солиқ қўмитасида “Тошкентдаги нолегал таксилар устидан назоратни кучайтириш бўйича” ҳужжат лойиҳаси тайёрланмоқда. Назоратчилар ва жарима миқдори кўпайтирилади. Бу ҳақда anhor.uz сайти маълум қилган.

Тошкент шаҳар йўловчи ташиш транспорти департаменти линиядаги таксиларнинг фаолиятини мониторинг ва мувофиқлаштириш бўлими раҳбари Руслан Сулаймановга кўра, агар ҳужжат тасдиқланса пойтахтда ҳар куни 22 одам фақат автомобилдан йўловчи ташишда ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш билан шуғулланади.

Масъулнинг таъкидлашича, ноқонуний киракашлик учун жарима миқдори янада кўтарилади ва қоидабузарлар ҳайдовчилик гувоҳномасидан 3 ойдан 6 ойгача маҳрум қилинади. Мана шундай чоралар кўрилган тақдирда ҳам киракашлик билан ноқонуний шуғулланиш 20-30 фоизга камайиши мумкин.

Рустам Сулаймонов Тошкентда нолегал киракашларнинг кўплигини легал таксиларнинг камлиги билан изоҳлаган.

Пойтахтда 9000 атрофида таксига эҳтиёж бор, лицензияга эга таксилар эса 2300 тани ташкил қилади.

Вазирлар маҳкамасининг 2012 йил январ ойидаги қарорига асосан пойтахт Тошкент ва вилоятларда йўналишли таксиларга лицензия олиш ва машинани белгиланган рангга бўяш шарт қилиб қўйилган эди.

Киракашларнинг якка тартибда фаолият юритиши тақиқланиб, бирор ташкилотга бириккан ҳолда иш юритиши белгиланганди.

Қарор бўйича 2014 йилгача мамлакатдаги барча йўналишли таксилар қарорда белгилангандек фаолият юритишга ўтиши, унга амал қилмаган киркашлар аввалига катта жаримага тортилиши кейинчалик яна қоидани бузган тақдирда машинасидан маҳрум қилиш кўзда тутилган.

Вазирлар маҳкамасининг қарори барча жойда кўнгилдагидек бажарилмади. Ҳаттоки тартиб қоида анча кучли бўлган пойтахт Тошкентда ҳам қарор ижроси таъминланмади.

Тошкент шаҳар йўловчи ташиш транспорти департаменти линиядаги таксиларнинг фаолиятини мониторинг ва мувофиқлаштириш бўлими раҳбари Руслан Сулаймановнинг anhor.uz га таъкидлашича қарорнинг тўлиқ ишламаслигига бир неча омиллар бор.

“Қонунни бажармасликка биринчи сабаб – транспорт воситасининг легаллаштириш учун талаб қилинадиган катта маблағ. Битта машинанини Вазирлар маҳкамасининг қарорида кўрсатилганидек ҳолга келтириш учун тахминан 3,5 миллион сўм (1540 доллар, Би-би-си) сарфлаш керак бўлади”, - дейди Руслан Сулайманов.

Масъулга кўра бундан ташқари легал таксиларга навбатсиз ёнилғи қуйиш, машинани бўяшнинг ўрнига керакли рангни ёпиштириш каби имтиёзларнинг йўқлиги ҳам киракашларнинг лицензия олиб ишлашига рағбатни сўндирмоқда.

Учинчи сабаб қилиб эса ноқонуний киракашларни қайд этиш жараёнининг қийинлиги ва назоратчиларнинг етишмаслиги билан изоҳланган.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари киракашлар билан курашиши ўрнига бошқа муҳим масалаларни ҳал қилиш кераклиги ҳақида ёзишган.

“Оддий фуқароларга ҳалол меҳнати билан пул ишлашига ҳам қўйишмайди. Ундан кўра мансабдор шахсларнинг порахўрлиги ва ўғирликларини олдини олувчи қонун ўйлаб топишмайдими. Фақат камбағалларни эзадиган қанақ мамлакат бу? Оилани ким боқади”, - дея ёзади Баҳодир Ортиқов.

Марина Ким исмли фэйбук фойдаланувчиси пул топиш учун имконият берилаётганини ёзади.

“Пул топишга имкон беришяпти. Фақатгина лицензия олиб солиқ тўлаш керак. Нолегал такси билан эса курашиш керак. Улар сифатли хизмат кўрсатиш учун барча керакли жараёнлардан ўтиши керак”, - дейди Марина Ким.

Ўзбекистон маошларнинг камлиги боис ишдан бўш вақтда киракашлик қилувчи қатлам ҳам борлиги айтилади.

Улар киракашлик билан муттасил шуғулланмаганлиги учун ҳам давлат томонидан қўйилаётган талабларни айланиб ўтишни афзал билади.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ