UzWebiston: ‘Реал’ ғалабаси Тошкент бозорида 'ғирт ўзбекча'сига нишонланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Сурат UZ24.uz ахборот портали веб саҳифасига тегишли

Бу ҳақда Ўзбекистондаги қатор интернет нашрлари UZ24.uz ахборот порталига таяниб хабар тарқатишган.

Қироллик клуби 16 апрел куни Испания Кубоги финалида азалий ва ашаддий рақиби “Барселона”га қарши майдонга тушган, минг наҳанг бўлмайдими, уларни 2:1 ҳисобида мағлуб этганди.

Устига устак, "Реал" юлдузи Криштиану Рональду майдонга тушмай, бунинг аксига 90 дақиқа тўп сурган кимсан Лионель Мессининг ҳеч нарса қила олмагани мухлислар завқини янада жўшитган.

Ҳам “Реал”(Мадрид) ва ҳам “Барселона” катта сондаги ўзбекистонлик футбол ишқибозлари жон куйдириб мухлислик қиладиган саноқли хорижий клублардан бўлади.

Маҳаллий футбол ишқибозлари бу икки жамоа иштирокидаги ўйинларни деярли қолдирмай кузатиб боришади.

Испания Ла Лигасидаги пичоққа илингудек ҳеч бир хабар ҳам Ўзбекистондаги футболга ихтисослашган бирор бир нашр эътиборидан четда қолмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Икки наҳанг жамоа ўртасидаги Испания Кубоги финал учрашуви 1:2 ҳисобида "Реал" (Мадрид)нинг ғалабаси билан якунланганди

Жумладан, Испания Кубоги финал беллашуви ҳам Ўзбекистонга тўғридан-тўғри олиб узатилганди.

Айни ўринда шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, Фонд Форум 2009 йилда ўша пайтда Испаниянинг “Барселона” клубида тўп сурган юлдуз футболчи Самуэл Это’O ва “Реал”(Мадрид)нинг суянган тоғи Криштиану Рональдоларни Тошкентга таклиф этиб, улар билан ҳамкорликка оид меморандумлар имзолашга ҳам муваффақ бўлганини маълум қилганди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова эса, Фонд Форум Васийлик кенгаши раиси ҳисобланади.

Жамғарма буни Ўзбекистондаги ёш спортчиларнинг маҳоратларини ошириш мақсадида қилганини айтганди.

Ундан аввалроқ эса, Карлес Пуйол, Андрес Иньеста, Францеск Фабрегас ва Лионел Месси каби жаҳон ва Испания футболи юлдузлари ҳам Ўзбекистонга келиб, маҳорат дарслари ўтказиб кетишгани хабар берилганди.

Футбол бозорида миллионлаб долларга баҳоланувчи жаҳон футболи юлдузлари билан боғлиқ Ўзбекистондаги шов-шувли хабарлар эса, маҳаллий футбол ишқибозлари ва жамоатчилиги томонидан бир хилда қарши олинмаган.

Улар масаланинг айнан молиявий томонини назарда тутиб, бу каби келишувлар осонлик билан қўлга киритилмаслигига ўз эътиборларини қаратишганди.

Испаниянинг Қироллик клуби бўлмиш "Реал" эса, яқинда Ўзбекистонда ўзининг Марказий Осиёдаги илк футбол академиясини очиш истагида эканини ҳам маълум қилганди.

Аммо...

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Сурат UZ24.uz ахборот портали веб саҳифасига тегишли

UZ24.uz интернет нашрининг ёзишича, ўзбекистонлик айрим футбол мухлислари севимли жамоаларининг чоршанба кунги ғалабасини “ғирт ўзбекчаси”га нишонлашган.

Агар, хабарларга таянилса, бутун шодиёналар қурилиш моллари сотилувчи ва маҳаллий аҳоли орасида “Тахта бозор” номи билан маълум бозорда бўлиб ўтган.

Улар бозорга хосан созандалар гуруҳини таклиф қилиб, “Реал”нинг ғалабаси шарафига бутун бозорни карнай-сурнай садоларига тўлдиришган.

UZ24.uz интернет нашри ўз ўқувчилари бири томонидан юборилганини айтиб, чоп этган сурат ва жойлаштирган видеолавҳада мухлислардан бирининг қўлида Испания Қироллик клуби байроғи ҳилпираб тургани ва созандалар гуруҳи тепасида, шундоққина тахлаб қўйилган тахталарга финал учрашуви ҳисоби битилган плакат ўрнатилганини ҳам кўриш мумкин.

Шу пайтгача ҳам ўзбекистонлик футбол мухлислари ўз севимли клублари ёки турли ёшдаги миллий терма жамоалар ютуқларини ҳар хил кўринишда байрам қилиб келишган.

Аммо ҳамма жой қолиб, бозорда, устига устак созандалар гуруҳи ижросидаги карнай-сурнайлар билан нишонлаш ҳолати деярли кузатилмаган.

Бу мавзуда батафсилроқ