Яманда ўғирланган ўзбек шифокор озод қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Яманда одам ўғирланиши тез-тез учраб турадиган ҳол

Рейтерс хабар агентлиги маълумотига кўра, бир ҳафта аввал Яманда ўғирлаб кетилган ўзбекистонлик шифокор озод қилинган.

Яман пойтахти Сана шарқидаги Маъриб вилояти касалхонасида ишлаб келган ўзбек шифокор 13 апрелда олти қуролли кишилар томонидан ўғирлаб кетилганди.

Шифокорнинг исми-шарифи ошкор қилинмаган.

"У аввало Маърибдаги воситачилар қўлига, сўнгра маҳаллий расмийлар қўлига топширилди", - деб айтган ўз исмини беришни истамаган расмий Рейтерсга.

Расмий, шунингдек, ўғирланган шифокор учун товон пули тўлангани ё тўланмагани ҳақида гапиришдан бош тортди.

Жума куни Yemen Times рўзномаси мамлакат ҳарбий ва хавфсизлик кучлари ўзбек шифокорни озод қилиш бўйича Маъриб вилоятининг Серва туманида махсус амалиёт бошлаганини хабар қилганди.

Мақолада Маъриб хавфсизлик идораси раҳбари Эмад Хатимнинг ҳудудга зирҳли автомобиллар жўнатилгани борасида иқтибоси келтирилганди.

Маъриб вилоятидаги энг йирик қавм ҳисобланган Мурод қабиласи раҳбари шайх Абшал Абдуллоҳ ал-Фатиний хавфсизлик кучлари билан одам ўғирловчилар ўртасида воситачиликни таклиф қилиб чиққанди.

Шифокор воситачилик ёки ҳарбий ҳужум йўли билан озод қилингани борасида хабар берилмаган.

Жума куни ўзбекистонлик шифокор ишлаган касалхона олдида маҳаллий инсон ҳақлари фаоллари норозилик намойиши ташкил қилганлар, Ўзбекистон фуқароси ва бундан олдин рўй берган одам ўғирлаш ҳодисаларини қоралаганлар.

Намойиш ташкилотчиларига кўра, одам ўғирлашлар Маъриб вилояти обрўсини тўкаяпти.

Одам ўғирлаш хавфсизлик муаммолари, хусусан ал-Қоидага алоқадор исёнчилик, жанубдаги бўлгинчилик, қуролли қавмлар билан жанглар гирдобида қолган Яман учун оддий ҳолдир.

Шанба куни Яман марказида ҳаводан ҳужумлар ал-Қоидага алоқадор экани ишонилган 10 жангчи ва уч оддий фуқарони ўлдирди.

Your contact details
Disclaimer