Президент Каримов Испанияга таклиф этилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Ўзбекистоннинг Испаниядаги собиқ элчиси Гулнора Каримованинг "уй қамоғида" экани хабар қилинган

Бу ҳақда Испания ташқи ишлар вазирининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида эълон қилинган.

Президент Каримовнинг таклифни қабул қилиб-қилмагани номаълум.

Душанба куни Оқсаройда қабул қилинган Хосе Мануэл Гарсиа-Маргальони Президент Каримовга Испания бош вазири Мариано Рахой Брейнинг ушбу давлатга расмий ташриф билан бориш бориш таклифини етказгани хабар қилинади.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги давлат раҳбарининг Испанияга эҳтимолий ташрифи ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган.

Бу жаноб Каримовнинг шу йил февралида Чехияга амалга ошмаган ташрифидан буён илк бор Оврўпо давлатига таклиф этилиши.

Испания ташқи ишлар вазири Президент Каримов билан икки томонлама ҳамкорлик ва минтақавий хавфсизлик масалаларини муҳокама қилгани билдирилган.

Ўзбекистон матбуоти Тошкентдаги музокараларни "очиқ сиёсий мулоқот" дея тасвирлаган.

Президент Каримов Испания Ўзбекистоннинг Оврўпо Иттифоқидаги "етакчи ва ишончли ҳамкори" эканини таъкидлаган.

Яқин алоқалар

Испания ғарбий Оврўподаги Ўзбекистон билан яқин алоқаларга эга саноқли давлатлардан.

2005 йил майидаги Андижон воқеалари ортидан Оврўпо Иттифоқи Ўзбекистонга киритган жазо чоралари Мадрид ва Тошкент ўртасидаги алоқаларга деярли таъсир кўрсатмагани айтилади.

Ушбу воқеалардан кўп ўтмай Президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси этиб тайинланган эди.

Испания ташқи ишлар вазирининг Тошкентга сафари ўзбек-испан бизнес форуми билан бир вақтга тўғри келган.

Ўзбек матбуотига кўра, Испания Ўзбекистонга юқори технологиялар соҳасида сармоя киритишни режаламоқда.

Оврўпо Иттифоқининг тўртинчи йирик иқтисоди бўлган Испания ўтган йил охирида инқироздан чиқишни бошлаган.

Таҳлилчиларга кўра, инқироз йилларида савдо дефицити ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизини ташкил этган Испания ҳозирда савдо ҳажмини орттириш учун янги бозорларга кўз тикмоқда.

Ўтган йили Испаниянинг фуқаро муҳандислиги соҳасидаги ширкатлари дунё бўйлаб 40 миллиард еврога тенг шартномаларни имзолаган.

Испания ташқи ишлар вазирига Тошкентга сафарида испаниялик ишбилармонлар ҳамкорлик қилаётгани айтилади.

Тошкентлик иқтисодчи Анвар Ҳусайиновга кўра, сўнгги пайтларда сайёҳлик инфратузилмасини ривожлантиришга уринаётган Ўзбекистонга Испания тажрибаси ва сармоялари қўл келиши мумкин.

Дунёнинг сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган учинчи давлати бўлган Испания Жаҳон Сайёҳлик Ташкилотига ҳам мезбонлик қилади.