Учоқда жой етишмаслиги сабаб 45 йўловчи Тошкентдан Москвага учолмаган

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Ўзбекистон ҳаво йўлларининг 603 рейси бўйича Тошкент-Москва йўналишидан 45 нафар йўловчи учоққа сиғмагани учун қолиб кетган. Бу ҳақда ушбу рейс йўловчиси фэйсбук ижтимоий тармоғида маълум қилди. Тошкент аэропорти масъули эса бундай ҳолатни чипталарнинг керагидан кўпроқ сотилгани билан изоҳлади.

“Аэропортда ўтирибман. Менга учоқда жой етмай қолди. Фақат бизда шунақа. “Истеъмолчилар” гуруҳида шунақа ҳолат бўлаётганини ўқигандим, лекин рўйхатдан ўтишга 2,5 соат қолганда келиб 40 киши жой етишмасдан қолиб кетишимизни ўйламагандим”, - деб ёзади Анастасия Ли.

Маъмурият йўловчиларни кечки рейс билан учиб кетишига ваъда берган. Юзага келган ноқулайчиликни эса бир кун олдинги рейсда жой етмай қолгани сабаб ўша рейсдаги йўловчиларни бугунги рейс билан юборишгани билан изоҳлашган.

Тошкент халқаро аэропорти директорининг муовини Равшан Тўлаганов Би-би-си билан суҳбатда йўловчиларнинг учоққа сиғмай қолганини тасдиқлади.

“Ҳаво йўллари ҳақиқатдан ҳам 45 та кўп билет сотиб юборган. Ҳаво йўлариинг рейсга 10 фоиз ортиқча чипта сотиш ҳаққи бор”, - дейди Равшан Тўлаганов.

Масъул, юзага келган ҳолат бўйича Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкати жавобгар эканлигини билдирди. Тўлаганов жаноблари Ҳаво йўлларининг айби билан йўловчиларнинг ўз рейси билан учолмай қолиш ҳолати олдин ҳам бўлганини ва ушбу масала юзасидан ширкатга шикоят қилмоқчи эканлигини билдирди.

“Эртага шу масала бўйича, мен Ҳаво йўлларига шикоят қилмоқчиман. Олдин ҳам шикоят қилганмиз. Олдин шу масалаларнинг олдини олишган эди, камайганди. Ҳамма рейслар яхши кетаётганди. Бугун анча одам жойсиз қолиб кетди”, - дейди Равшан Тўлаганов.

Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкати матбуот котиби Феруза Қурбонова Би-би-сининг сўрови билан ушбу масалани ўрганди ва йўловчиларнинг учолмай қолишида компаниянинг айби йўқлигини билдирди.

“Бу авиакомпаниямизнинг айби билан эмас экан. Сайёҳлик агентликлари бизнинг Ҳаво алоқалари Бош агентлигимиз билан шартнома асосида ишлашади. Лекин ортиқча ўринларга, йўқ жойларга сотаётганда ёки брон қилгани ҳақида системага тезкор маълумот киритиши керак. Кўп агентликлар ана шу системага маълумот киритмаслиги оқибатида йўловчилар рейсга келганда қолиб кетишади. Чунки улар асосий системада йўқ бўлади”, - дейди Феруза Қурбонова

Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкатида ушбу муаммони ҳал этиш бўйича махсус комиссия ишламоқда. Ширкатнинг тижорат департаменти ва Ҳаво алоқалари Бош агентлигидан ташкил топган комиссия жойлардаги авиакассаларда текширув ишлари олиб бораётгани ҳамда назорат қилаётгани билдирилди.

Феруза Қурбонова Республикадаги Ҳаво йўллари билан шартнома тузган агентликларнинг лаёқатсизлиги орқали шунақа ҳолатлар кўп бўлиб туришини маълум қилди.

Матбуот котиби кўра, Тошкент-Москва рейсидан қолиб кетган йўловчилар кейинги рейс орқали манзилига юборилади. Уларга ҳеч қандай товон пули тўланмайди.

Бироқ ўз рейи билан учолмаган йўловчилар 36 572 сўмдан товон пули олганини ёзди.

“Авиакассаларда айб йўқ”

Бироқ авиакасса ходимлари кўп чипта сотиш ва йўловчиларнинг ўз рейсидан қолиб кетиши каби муаммоларда ўзларининг айби йўқлигини таъкидлашмоқда. Тошкентдаги авикассаларнинг биридан кассир, агар авиакассалар чипта олди соттисини ўз вақтида системага киритмаса жой борлиги системада кўринмаслигини билдирди.

“Биз системадан жой оламиз. Системага ҳаво йўллари жой ташлаб беради. Улар 10 фоиз ортиғи билан сотишади. Бу одатий жараён. Мисол учун самолётнинг борти алмаштирилса , кичкина самолёт қолдирилиб чипталар бошқа рейсга жаримасиз расмийлаштирилади. Авиакассаларнинг ўзи чипта сотишига ҳаққи йўқ. Системадан оламиз. Жой бўлса сотаверамиз. Учоққа аэропортда қандай чиқарилиши бу авиакомпанияга билдириладиган эътироз”, - дейди номини ошкор қилишни истамаган чипта сотувчилардан бири.

Фэйсбук ижтимоий тармоғида фикр қолдирган йўловчилар Ўзбекистон ҳаво йўллари рейсидан қолиб кетиш одатга айлангани, ушбу рейс билан хориждан Тошкентга учаётганда ҳам шунақа муаммо келиб чиқиши ҳақида ёзган.

Бир фойдаланувчининг ёзишича, белгиланганидан ортиқ чипта сотган Ҳаво йўллари компанияси ушбу муаммо келиб чиқмаслиги учун борти каттароқ учоқни рейсга қўйиш керак, бироқ кўп ҳолларда бу содир бўлмайди ва айрим йўловчиларнинг кейинги рейсга қолиши, кейинги рейсдагиларнинг эса ундан кейингисига қолиб кетиши занжир каби давом этаверади.

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ