Отаназар Матёқубов: Хоразм мусиқасининг баланд руҳияти, қуввати йўқолиб кетмайди деб ўйлайман

Професссор Отаназар Матёқубов 1946 йилда Хевада туғилган.

Мактабнинг 7-синфини тугатиб, Бухоро музика ўқув юртига кирган.

1964 йилда ўқув юртини битириб, Тошкент Консерваториясига ўқишга кирган.

Отаназар Матёқубов 1970 йилда консерваториядаги таҳсилини тугатган.

Сўнг аспиратурага кирган ва уч йилдан кейин уни якунлаган.

Ёш мусиқашуноснинг илмий тадқиқот мавзуси Хоразм мақомларига бағишланган.

У 1976 йилда Ленинградда номзодлик диссертациясини ёқлаган.

Кўпчилик Отаназар Матёқубов 1980-йилларда телевидениеда олиб борган Ўзбек мумтоз куй ва қўшиқларига бағишланган "Барҳаёт наволар" кўрсатувини яхши эслайди.

У 1986 йилда Хизмат кўрсатган санъат арбоби унвони билан тақдирланган.

Отаназар Матёқубов Ўзбекистон президенти девони, Ташқи ишлар вазирлигидаги масъул лавозимларда ишлаган, Ўзбекистон Маданият вазирининг 1-ўринбосари бўлган йилларда ҳам ўзининг илмий-тадқиқот фаолиятини тўхтатмаган.

Олимнинг 10 та китоби нашр этилган, ҳозир ҳам мумтоз Ўзбек мусиқасига бағишланган асарлари устида ишламоқда.

Отаназар ака, "мумтоз Ўзбек музикаси" деган таъриф нотўғри, дейди ва мумтоз музика орасидан фақат мақом танланишини ҳам нотўғри ёндашув, деб ҳисоблайди.

Отаназар Матёқубовнинг Би-би-си ўқувчилари саволларига жавоблари

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Алишер: Сиз нима учун мусиқа назариясини ўзгартириш тарафдорисиз? Масалан, фақат ўзбек милллий мумтоз мусиқаси эмас, ўзбек мусиқаси деган атама тарафдорисиз. Ҳозир қандай китоб устида ишлаяпсиз?

Отаназар Матёқубов: Энди бу ҳақиқатдан бизнинг янги даврда, мустақиллик даври, янги мафкура даврида пайдо бўлган тушунча. Олдинлари ўзбек мусиқаси деган пайтда биз энг аввало ўша бастакорлар уюшмаси томонидан расмий тарқатиладиган, композитор бўлган одамларнинг музикасини ўзбек музикаси дедик. Ўзимизни музикамизни унга бир қўшимча ўзбек миллий музикаси дедик. Бу ўша европацентризм тизимидан қолган бир сарқит, биласизми. Энди ўзбек музикасини биз қўшимча ўзбек миллий мусиқаси, деб атай бошладик. Немис миллий мусиқаси дейилмайдику. Бах бўлса немис композитори дейилади, Бетховен ҳам шундай. Ёки бўлмаса, Шопен. Бу поляк миллий музикаси демайдику. Миллий композитори демайдику. Полякнинг ўзи ўша миллатнинг номи. Бу деган нарса биз ҳам одаммиз, биз туямасмиз, деган гапга ўхшайдиган нарса. Шунинг учун мен ишлатаётган ибора-ўзбек музикаси деганим, биз ўзбек музикаси деганга одатланганмиз. Демак унинг назарияси, қонун-қоидалари биринчи навбатда бизнинг миллий музикамизга тегишли. Лекин миллий деган сўзни бу ерга қўшиш, менинг назаримда ортиқча. Шунга одатланишимиз керак. Мен ҳозир "Ўзбек музикаси" деган китоб ёздим. Уни рус тилида ҳам ёзганман, сабаби рус китобхонлари ҳали бунга ўрганмаган. Мен айтдимки, "Узбекская классическая музика" -бу руслар учун. Лекин ўзбекларга уни ўзбек мумтоз музика деб тушунтириб ўтиришни ортиқча деб биламан. Ўзбекни ўзбек дейиш керак. Масалан, ўзбек мумтоз адабиёти дейилади. Чунки мумтоз адабиётдан ташқари халқ оғзаки ижоди бор. У ерда унинг одати бор. Музикада қўшимча сифат, қўштирноқ ичига олишнинг кераги йўқ. Бу энди менинг таклифим. Мен ўзимнинг ишлаётган китобимни Худо хоҳласа, келаси йил тамом қиламан. "Ўзбек музикаси"да тарих ҳам бор, иккинчи жилди назарий асосларга бағишланади. Учинчи жилди амалиётга бағишланади. Тўртинчи жилди намуналарга, хрестоматияга бағишланади. Ва унинг нота ёзувлари бор, овоз ёзувлари бор. Мана биз ҳозир интернетга чиқсак ёки бир ёқдан топмоқчи бўлсак, нотасини бир жойдан, овозини бир жойдан олишимиз керак. Шунга ўхшаб ҳамма нарсаси ҳар жойда бўлмаслиги керак. Бир жойда мужассам бўлиши керак. Ва охирги бешинчи жилдида мен қомусини ишламоқчиман. Яъни ҳамма шу эски, янги ибораларни тушунтириб олиш керак. Ўрганмоқчи бўлган одам топиб олади. Композиция деган сўз ўзимизда ҳам бўлган. Уни тасниф дейилган. Лекин биз уни одат қилмаганмиз, ўрганмаганмиз. Аста секин ўрганилади.

Буюк Юритания, Стакпорт, Аҳмад ҳожи Хоразмий: Муҳтарам Отаназар ака, Ассалому алайкум! Хоразмлик адиб ва олим (мусиқа илми билимдони ҳам) Комил Аваз билан мусиқашунос Озод Бобоназаровлар "Танбур чизиғи" борасида тадқиқотлар олиб бориб яхши натижаларга эришгандилар. Булар ҳақида Комилжон аканинг "Олис оҳанглар"ида (Тошкент-1997)ҳам баён қилинган. Ўрни келганида айтсам, Комилжон аканинг бу китоби инглиз тилида ҳам бўлганлиги учун, инглиз мусиқашунослари ҳам мендан олиб қизиқиб ўқишган у китобни. "Танбур чизиғи"нинг ҳозирги аҳволи қай даражада?

Отаназар Матёқубов: Мен ўзим ҳам хоразмликман. Комилжон акани ҳам, Озод Бобоназаровни ҳам биламан. Ўша "Танбур чизиғи" нусхасини Озод Бобоназаровга мен обориб берганман. Комилжон ака яхши шоир, яхши журналист, лекин Комилжон аканинг музикашунослигига мен қойил эмасман. Чунки чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин, деган гап бор. "Олис оҳанглар" китоби ҳаммаси олди-қочди гаплар, ривоятлар, у илмдан ниҳоятда узоқдаги нарса. Мени кечиринглар. Мен ҳозир бировни у илмга ундай, бу бундай демоқчи ёки ўзимни мақтамоқчи эмасман. Лекин мени ўз шогирдларим билан чиқарган китобим бор. Бу ўша "Танбур чизиғи"га бағишланган китоб. Унинг номи "Хоразм танбур чизиғи". У 64 босма табоқдан иборат. Мен ва икки шогирдим муаллиф бўлганмиз. У кўп нусхада тираж қилинмаган. Чунки ҳажми катта. Лекин инглиз ва рус тилида қисқача шарҳи бор. Менинг яна бир асарим нашр бўлди июл ойида. У ҳам оз нусхада.

Англияда Оувен Райт деган 80 ёшлардан ошган ажойиб олим, чуқур назариётчи бор. Ўтган асрнинг 70 йиллари бошларида "Шарқ музикасининг модал системалари" деган китоб ёзган. Ундан олдин инглиз олими, Оврўпода мусиқий шарқшуносликнинг отаси десак ҳам бўлади- Жорж Хармер 50 йилларда вафот қилган. Мен унинг шогирди Хаммер билан Мўғулистонда учрашганман. Ниҳоятда билимдон одам. Улар ўзи кўриб, манбаларни ўрганиб, жумладан Хоразм танбур чизиғи тўғрисида ҳам ёзганлар. Лекин бунақа олди-қочди гаплар эмас. Энди сиз айтган "Олис оҳанглар"ни кимдир инглиз тилига таржима қилгандир. Бўлсин, у ҳам маълумот, лекин илмий нуқтаи назардан ўзига яраша. Биз шогирдларим билан чиқарган китобни Фридрик Спар деган катта бир америкалик олим, Хопкинс институтининг Марказий Осиё бўйича бўлими бошлиғи таржима қилмоқчи. Унинг ўзи Ўзбекистонга келган, келиб қизиқиб қолди. Улар ҳозир ўша китобимни Америкада инглиз тилига таржима қилиб, нашр қилмоқчи. Шунинг учун мен рус тилидагисини ишладим, ўзбек тилидан таржима қилиш қийин. Мен уларга ихчамроқ, 150 бетлар атрофида ижролари билан бирга ишлаб бердим. Чунки бу Хоразм танбур чизиғи фақатгина Хоразм мусиқаси, ўзбек мусиқаси учун эмас, жаҳоншумул аҳамиятга эга. Бутун Ислом дунёсининг мусиқасида таъсуротларни тубдан ўзгартирадиган асар бу. Чунки 19 асрда мақомлар мажмуаси, Хоразм мақомлари тўлалигича нотага ёзиб олинган. Ва унинг сифати кейинги ноталардан баланд бўлса баландки, паст эмас. Лекин бизда уни Шўро даврида гўё Комил Хоразмий Петербургга борганмиш, рус музикачиларини нотага қараб турганини кўрганмиш, у қилганмиш, миш-миш гаплар. Петербургга Комил Хоразмий 83 йилда борган, "Танбур чизиғи"нинг биринчи нусхалари 81 йилда ёзилган. Демак уни тушида кўриб ёзганми Комил Хоразмий? Бунинг негизи ўша Шарқ илмига бориб тақалади, Петербургга эмас. Шунинг учун бизда ўзбек одати бўйича ўзидан катта одамларни унақа танқид қилиб гапириш русум эмас. Улар ҳам омон бўлсин, соғ бўлсин, шунча маълумот берибди. Ҳар бир нарсага тарихнинг ўзи жавоб беради.

Odiljon Maxdumiy, O'sh: Muhtaram Otanazar aka! O'zbek mumtoz musiqasi durdonalaridan biri bo'lgan "Andijon polkasi" musiqiy asari muallifi kim? Aytishlaricha, bu musiqiy asar muallifi O'shlik sozanda va bastakor Ziyomiddin Shokirov (ya'ni,Muhammad garmonning otasi) e'kan. Shu iddao tan olinganmi?

Отаназар Матёқубов: Энди шу айтилган саволнинг ўзида жавоб бор. Жуда тўғри. Биласизми, Андижон бу мусиқа соҳасида алоҳида бир ўринда туради. Афсуски, ҳали Андижон мусиқаси деган нарсанинг таги, томири тўлиқ илмий тадқиқ қилинмаган. Мен сизга, яъни савол берган оғайнимга айрим бир маълумотларни айтаман. Ҳазрат Алишер Навоийнинг мусиқий устози ким бўлган? Буни ўзлари ҳам айтадилар- Ҳожи Юсуф Бурҳон бўлганлар. У киши андижонлик. Энди Бобурмирзо, Андижонда туғилганми, Намангонда туғилганми, бошқа гап, лекин у киши ҳам ниҳоятда созпарвар инсон бўлганлар. Энг яхши кўрадиган, завқ оладиган соҳаси ашула эмас, мусиқа бўлган. Энди бизнинг давримизга етиб келса, биринчи ўзбек саҳна асарларини қўйган одам Тўхтасин Жалилов ҳам андижонлик. У киши 40 йилларда "Тоҳир ва Зуҳра" операсини яратганлар. Оддий қилиб айтсак, сўз, диалогларни қўшганлар. Лекин ўша замонларда сиёсат, Сталиннинг 1948 йилда чиққан "Анна Ахматова формализмга қарши кураш қарори"нинг зарбаси Ўзбекистонга келиб Тўхтасин Жалиловнинг бошига теккан. Лекин бу шундай операки, одамлар кўчаларда ариясини айтиб юришган. Мана ҳозиргача, "Отмагай тонг", "Тўйлар муборак" деган қўшиқлар ўша Тўхтасин Жалиловнинг операсидан қолган. Лекин уни э, у опера эмас, мусиқали драма деб четга суриб қўйганлар, бир оғиз сўз, қарор билан. Бироқ уни тагини кўра билиш керак. Энди Андижонда мусиқанинг устозлари ниҳоятда зўр бўлган. Қаранг Ғанижон Тошматов ҳам андижонлик, Ғуломжон Хожиқулов, яқинда оламдан ўтдилар, у киши ҳам андижонлик. Ҳамма ҳам камон тортади, лекин у Ғанижон аканинг, Ғуломжон аканинг камони бошқача. Оҳанги бошқача. Тўхтасин Жалилов ҳам ғижжакчи бўлганлар. Полками, валсми, нима бўлса ҳам Худо берган истеъдод бўлгандан кейин яратади. Энди бизнинг эски "Тановор" "Роҳат" "Жонон" деган ўйинларининг ўрнига "Андижон полкаси" бўлсин, йигитлар чиқиб шахдам қадамлар билан мушакларини ўйнатиб, оёғига чиройли этикларни кийиб ўйнасин дейишган. Лекин Ориф гармон тўғрисида мен бир илмий ҳужжат кўрмаганман. Ғанижон акам айтардилар, Ориф гармон чапани одам бўлган, бўлмайдиганни ҳам бўлдирадиган инсон бўлган деб. Бир расм бор Ботир Зокиров Москвага фестивалга борганлар, Андижон полкасини ўйнаганлар ўша ерда. Чунки ўша Карим акалар, у кишининг отаси Тўхтасин аканинг таълимини олган одамлар. Демак тарихимизнинг мана шундай воқеаларини ҳужжат асосида ўрганиш керак. Мана алифбо, нима асосида яратилган, математика асосида. Ҳамма нарса ҳисобга олинган. Ота-боболаримизнинг тилини топиш, тушуниш керак.

Shomurot Qayroq, California: Otanazar aka, men asli Urganchdan. Kichkinaligimda musiqa maktabiga borganman. Ukangiz Ozod aka Matyoqubuv menga musiqadan dars bergan. Sizni otangiz Matyoqub Rahim Horazm mumtoz qo'shiqchiligini asoschilaridan ekanini bilaman. Lekin bugun horazm qo'shiqchiligi hususiyatini yo'qotib, bachkanalashib ketmayaptimi Sizningcha. Langir-lungir, bir nima qilgim kep ketdi degan qo'shiqlar.

Отаназар Матёқубов: Раҳмат, акамни эслабдилар, бултур оламдан ўтдилар. Отамни эсладилар, раҳмат. Савол берган оғайнимиз ҳам омон бўлсинлар.

Хоразм мусиқасининг таърифини ҳазрат Алишер Навоий берганлар. Менки тушмуш буён гузор манга Мулки Хоразм эрур диёр манга. Санъатим анда соз чалмоқ киши Билмайин мен каби ишининг киши( "Сабъаи Сайёр"дан) Буни устоз санъаткор, созандаларнинг устозларнинг устози айтаяпти- мен хоразмликман, деб. Мен олимман, олимдан чиққан санъаткорман деб. Энди Хоразм мусиқасининг ўзига бўлган талаблари баланд. Мени ўз олдимда қарзим бор. "Хоразм соз васфи" деган бир китоб ёзиш ниятим бор. Бу Хоразм мусиқасига бағишланган бўлади. Созандалардан пир чиққанми? Шарқда, Хоразмда очиқ-ойдин пир чиққан. қаранг "Ошиқ Ғариб Шоҳсанам", "Ошиқ Маҳмуд" достонлари ўша 9-10 асрда бўлган. Хоразмшоҳ Тақаш ўзи ёнида бўлган устозидан мусиқадан таълим олган. Ўзи соатлаб уд чалган дейилади. Уд эмас, дутор чалган. Уни арабчалаштириб уд деганлар. Мақом-навба чалган. 9-13 асрларда мақом- навба дейилган. Мана Бунётовнинг китобида бор бу нарсалар. Тарих олдида қарзларимиз жуда катта. Ўрганиш, ўргатишимиз керак. Энди обрўйи тушди деганда нима дейиш мумкин? Тўғри Комилжон акалар, Отажон Худойшукуров, Матёқуб Раҳимов, буларга мос келадиган ҳозирги ёшлар бор, овозлари йўқ эмас. Мана яқинда бир ой олдин Хоразмга бордим. Шуҳрат деган йигитни эшитдим, овози, айтадиган йўллари, ҳеч ками йўқ Отажондан. Демак бор нарса ҳеч қачон йўқолмайди. Лекин албатта ҳозир енгил-елпи қўшиқлар кўп. Бу ҳам бўлса, ўша тўқчиликнинг шарофати. Ўрганганмиз, э, бу енгилидан бўлсин, шўхидан бўлсин деб. Дарров давра бир ерга ўтирганича бўлмай, Лазгидан бошламоқчи бўлади. У ёғи кейин тўполонга айланиб кетадиган нарса бўлади. Энди соз эшитишнинг ўзининг одоби бўлган, ҳолатига кирилади. Барибир йигирма йил олдинги ҳаёт билан ҳозирги ҳаётни тенглаб бўладими? Технологиялар... Мана ўша йигитнинг ўзи ҳам Америкада яшаб юрибдику, инглиз тилида гапирадиган, компютерда ишлаётган бўлса, ота-боболарининг тушига кирмаган албатта бу. Демак замон ўзгарди, талаб ўзгарди. Демак нимадир пастга тушади, нимадир юқорилайди. Лекин барибир Хоразм мусиқасининг баланд руҳияти, қуввати иншааллоҳ, йўқолиб кетмайди деб ўйлайман.

Бахтиёр: Халқимизнинг кўп асрлик куй ва қўшиқларини ёш авлодга ўргатиш ишларини сиз қандай баҳолайсиз? Етарли даражада қадрига етаяпмизми? Мумтоз куй ва қўшиқларимизни пухта биладиган ва ёшларга ўргатадиган устозлар етарлими? Ўзбекистонимизда миллий мусиқа асбобларимизни ясаш ишлари қандай аҳволда? Мисол учун, бугун чанг ясашни биладиган усталар кўпми? Бундай усталарни тайёрлаб етиштириш аҳволи-чи? Чанг, танбур ва сетор чаладиган созандаларни етиштирииш ишлари-чи?

Отаназар Матёқубов: Энди савол ўринли. Бахтиёржонга мени жавобим шундай бўладики, албатта бизда масалан ўша 60-70 йилларга қараганда мутахассислар кам. Чангни чаладиган Фахриддин Содиқов бўлганлар. У кишидай чанг чалиш албатта қийин, йўқ ҳам дейиш мумкин ҳозир. Масалан Фозил Харратов деган чангчи бўлган. У киши ўша оврўпоча мусиқаларни чангда чалган. Ҳозир ҳам ажойиб чангчиларимиз бор. Мана Абдураҳмон Холтожиев деган чангчи, жуда маҳоратли. Лекин у нарсаларни талаб-эҳтиёжи сал пасайгандай. Мана айтдикку, компютер технологияларига ўтдик. Олдин у чангни чалиш учун, уни торларини созлагунча одамнинг эси чиқиб кетади- ундан мураккаб асбоб йўқ. Ҳозир нима компютерга мана бундай флешкани тиқиб қўйадида, минусовка-пилюсовка қилиб, осонгина чалади. Усул ҳам керак эмас, ҳеч нарса керак эмас. Нариги кнопкасини босса, ўзи усул бериб тураверади. Лекин бу албатта электрон усул, формуласини чиқариб бериши мумкин. Программачиларга айтсангиз, уларни ўзи ош қилиб беради, лекин мазаси қандай бўлади? Мазасини татолмайсиз. Шунинг учун яшаш учун доим кураш бўлади. Бир вақтлар танбур-дутор ясаб тирикчилик қиладиган усталар жуда кўп эди. Ҳозир ҳам бор усталар. Лекин хослари ҳам бор барибир. Танбурлар ҳам бор, ўқитувчилар ҳам бор. Лекин тизим ўша, мусиқий таълим тизими эскидан янгига ҳали ўтгани йўқ. Эскини ҳам тўлиқ тамом қилгани йўқ- ҳайбараколласида ўтирибди. Мана ҳозир Консерваторияда ҳам катта ўзгаришлар, аттестациялар қилиняпти. Олдин мусиқа мактаблари, билим юртларида ўқитиларди. Ҳозир унинг тизими бутунлай бошқача бўлди. Лекин ҳаммаси ҳаётдан олинади. Ҳаётий эҳтиёжлардан олиниши керак. Мана эрталабки ошларда ёш-ёш йигитлар танбур-дуторларда ажойиб айтишади. Баъзи бир жойларга борсангиз эса бақираверади, овозини баланд қилиб қўяди. Бу ҳам одобнинг бир тури. Қонимизда бор, ёшларни тарбиялаш керак шунга, бу кўпчиликнинг иши. Битта ўқитувчилар тайёрлайдию, булар мусиқа йўлидан кетаверади деб ўйлаш нотўғри.

Отабек, Тошкент: Баъзи биродарларимиз билан давраларда ўтирганда, интернетда ҳам кўп ўқиб қоламан, Исломда қўшиқ айтиш, мусиқа чалиш шариатга зид, ҳаром деган сўзларни айтишади. Шу қанчалар асосли?

Отаназар Матёқубов: Энди Исломда мусиқани тўғридан-тўғри инкор қилган жойи йўқ. Масалан ҳазрат Навоий айтадики, мусиқа бу руҳий озуқа дейди. Ҳазрат Навоийнинг устозлари ҳазрати Жомий мусиқий рисолани шундай бошлайдилар. "Нафас, тан , жон бердинг Худованд, қилиб жонларни танлар билан пайванд. Агар айтувчи деса бепарво там-там, куйда ушбу танлар айридир жондан". Куй ҳам ўша там-тамлардан тузиладию, лекин жонсиз бўлади, қуруқ бўлади.. Жомий бундай танларни олиб бориб кўмиш керак дейди. Тириклар ундан пок бўлса яхши, дейди. Чунки тирикнинг ичида руҳ бор, руҳи шу мусиқа. Бу рисолани ҳам Навоий ўзлари сўраганлар устоздан. Рассом Беҳзод, Қулмуҳаммад каби созанда, бошқа ақлли ёшларнинг тарбиясига Навоийнинг ўзлари мутасадди бўлганлар, дарс берганлар мадрасада. Ва албатта мусиқани улар ўрганишган. Энди Исломда буни тушуниш учун учта даражага бўлиш керак. Буни имом Ғаззолий айтадики, мусиқанинг бири бу вожиб, қилиш керак. Масалан, тўйда куй-рақс қилинади. Ҳатто шундай ривоятлар бор, пайғамбаримиз(с.а.в)ҳам қизларини турмушга узатганда, шодлик воситаларидан фойдаланганлар. Иккинчиси ихтиёрий бўлади, мубоҳ. Яъни, ихтиёрий, гуноҳи ҳам савоби ҳам ўзингда. Биласан, қанча савоби бор, қанча гуноҳи бўлади. Шуни доирасидан чиқмагин. Бўлмаса, мана мақомларимиз бор. Мақом айтганларнинг калласини кесиб ташламасмиди, агар ҳаром бўлганда? Минг йиллардан бери яшаб келяптику мақомлар. Учинчиси, ҳаром амаллар. Одамларни ёвузликка, бошқа бир иллатларга бошлайдиган куйлар, қўшиқлар. Мана қаранг, баъзида аёллар чиқишади ҳамма ёқларини ўйнатиб, силкиниб, худди жиннига ўхшаб, албатта у ҳаром ҳисобланади. Лекин уни мақомга тенглаш керак эмас. Шунинг учун Ислом билан тушунтирганда бир томонлама, исломнинг номидан у ҳаром, бу ёмон дейиш керак эмас. Ёмон музикани тақиқлайди ислом, лекин айтдикку, нафас, тан, жон бердинг худованд кўп танларни жонлар бирлан пайванд қил. Қаранг жон билан танни бирлаштириб Худо яратдику, руҳ билан танни пайванд қилди, қайси бир жойда у руҳи, қайси бир жойда тани эканлигини ким ажрата олади? Шунинг учун мусиқа тўғрисида гапирганда, ўйлаб, тушуниб гапириш керак. Қориларимиз ҳам ваъз қилганда мусиқани ҳеч қачон ҳаром демаганлар. Машрабнинг шундай сўзлари бор: Дема танбур ноласин қўл ташлаганда тордин, балки келмиш бу тарона суннати жаббордин. Шунинг учун бу соҳада ўзининг илмига эга бўлган одам, Ислом илмини мукаммал ўрганганлар бу ҳақда қатъий бир фикрни айтиши керак. Ҳар ким оғзига келганини, Исломда бу ҳаром, бу мумкин эмас, деб айтишга ҳаққи йўқ, уни эгаси гапирсин.

Ўз навбатида айтмоқчиман, бизни мусиқаларимиздек, куйларимиздек азизу мукаррам бўлинглар. Уни ижро этганлар ҳам, эшитганлар, ундан завқлана олганлар ҳам ҳурматли инсонлар бўлишсин!

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002

Бу мавзуда батафсилроқ